Энергия инсоният ҳаётида муҳим ўрин тутишини ҳаммамиз биламиз. Айниқса, сўнгги 40 йил мобайнида унга бўлган талаб сезиларли даражада ортди. Ҳозирги ҳисоб-китобларга қараганда йилига табиий ёқилғи ишлатиш миқдори дунё бўйича 12 миллиард тонна нефт эквивалентига тўғри келмоқда.
Айни дамда нефт, табиий газ, кўмир ва уран асосий энергия манбаи ҳисобланади. Маълумотларга кўра, агар ишлаб чиқариш шу суръатда давом этса, жаҳондаги нефт захиралари 40-50 йилга, табиий газ 70-75 йилга, тошкўмир 165-170 йилга, қўнғир кўмир эса 450-500 йилга етиши мумкин, холос. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, инсоният келгусида энергиянинг янги манбаларидан самарали фойдаланиш йўлларини излаб топиши даркор. Шу боис, бугун кўплаб мамлакатларда чекланган энергетик ресурсларга муқобил тарзда қайта тикланувчи энергия манбалари (қуёш, шамол, сув ресурслари, геотермал манбалар ҳамда маиший чиқиндилардан олинган биогаз)дан фойдаланишга ўтиш ҳажмини ошириш йўлида қизғин иш олиб борилмоқда. Зеро, энергия балансига экологик тоза қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жалб қилиш атроф-муҳитга техноген таъсирларнинг камайишида, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омиллардан биридир.
Таъкидлаш керакки, углеводород ресурсларини тежашда, мамлакатнинг энергия хавфсизлигини таъминлашда қайта тикланувчи энергия манбалари муҳим ўрин тутади. Улардан олис ҳудудлар — тоғ ва чўлларда, мавсумий ишларда ёки иссиқлик ва ичимлик сувига бўлган талабни қондиришда фойдаланиш қулай.
Қайта тикланувчи энергия манбалари афзалликларидан яна бири у — электр энергиясини ишлаб чиқаришда углеводородли энергия манбаларини тежайди. Уларни хомашё сифатида сақлаб қолиш имконини беради. Юртимизнинг экологик ноқулай ҳудудларида, ўзига хос иқлим шароитида ҚТEМни қўллаш порлоқ истиқболга эга, бу эса юқори экологик, ижтимоий, иқтисодий самара бериши турган гап. Айниқса, юртимизда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш учун ниҳоятда қулай шароит мавжуд. Биргина қуёш энергиясининг ялпи салоҳияти 50973 миллион тонна нефт эквивалентига тенг. Мамлакатимиз шимолида йилига 2000 соат (4800МД/метр квадрат нурланиш), жанубида эса 3000 соат (6500 МД/метр квадрат нурланиш) қуёш ҳукмрон. Бу республикамиздаги мавжуд барча қайта тикланувчи энергия манбаларининг 99,7 фоизи демакдир. Табиатнинг ушбу бебаҳо инъомидан фойдаланиш эса ўзимизнинг қўлимизда.
Яна бир қайта тикланувчи энергия манбаларидан бири шамолдир. Унинг юртимиздаги ялпи салоҳияти 2,2 миллион тонна шартли ёқилғи миқдорига тенг. Шу қаторда геотермал ресурсларнинг ялпи салоҳияти 244,2 минг тонна шартли ёқилғи деб баҳоланиб, уларнинг 8 та гидротермал ҳавзаси аниқланган.
Eкологик тоза энергия манбаларини кенг тарғиб-ташвиқ қилиш ва амалга татбиқ этиш мақсадида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузурида ихтисослашган “Eко-енергия” илмий-тадқиқот маркази ташкил этилган. Марказ раҳбари Мажид Хўжаевнинг маълум қилишича, республикамизнинг барча ҳудудларида қишлоқ врачлик пунктларига, даволаш марказларига ва шу каби зарур эҳтиёжли жойларга қуёш фотоелектр стантсиялари (ёритиш, телевизор, радио, алоқа, қудуқлардан сув тортиш каби ишларни амалга ошириш учун), гелиосувиситгичлар, биоўғитдан биогаз, саноат, қишлоқ хўжалиги ва маиший чиқиндилардан энергия олиш қурилмалари, микро ГEСлар ўрнатилиб, ишга туширилмоқда. Бундай эзгу ишлар вилоятларимизнинг чекка ҳудудларида ҳам изчил давом эттирилмоқда.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2012).