2013 йилнинг 20 январида дунё халқлари АҚШни Барак Обаманинг яна 4 йил муддатга Оқ Уйга қайтадан кириб келиши ва қайта президент бўлиб сайланиши билан табриклади. Жаҳон аҳли демократия ва эзгулик сари яна бир қутлуғ қадам бўлади, дея умид билдирмоқда.
АҚШда мамлакат президентининг умумхалқ сайлови тўрт йилда бир марта, доим аниқ бир кунда – ноябрь ойи илк ҳафтасининг биринчи сешанбасида ўтказилади. 2012 йилги сайлов кампаниясида бу кун 6 ноябрга тўғри келди. Америка оммавий ахборот воситаларининг дастлабки сайловолди рейтинги бўйича президентликка кўрсатилган тўрт номзоддан икки нафари – Барак Обама ҳамда Мит Ромнининг имкониятлари салмоқли бўлиб, бунда икковининг ҳам ғалаба қилиш эҳтимоли тенг эди. Шунга қарамай, амалдаги президент республикачилар партияси номзоди Мит Ромни устидан катта устунлик билан ғалаба қозонди. Сайловнинг охирги онларигача Обаманинг ғалабаси аниқ бўлмай турди. Ниҳоят, “тебранаётган штатлар” – Огайо, Флорида, Виржиния ва Орегонда сайлов ҳисоботлари эълон қилингачгина бу масалага ойдинлик киритилди. Ажабланарли томони шундаки, Мит Ромнининг ватани бўлмиш Мичиган штатида ҳам Обама ўз рақибидан устун келганди.
Сайлов кампаниясида ҳаммаси бўлиб 5,9 миллиард доллар маблағ сарфланган бўлиб, бу ҳар бир сайловчига салкам 50 доллардан тўғри келади, деганидир. Президентликка номзодлар рўйхатида Либертариан партияси томонидан кўрсатилган Гэри Жонсон ҳамда Яшиллар партияси кўрсатган Жилл Стайн жуда оз овоз олган. Уларга АҚШнинг 50 штати бўйича жами 1,3 млн ёки 1,0 % сайловчи овоз берган.
Америкада сайловлар “Ғолиб барчасини олади” шиори остида ўтади, яъни бундай тизимга асосан маълум штатдаги сайловчилар (электорат)нинг нисбатан кўпроқ овозини олишга муваффақ бўлган номзод ушбу штатда унга қарши овоз берганларнинг овозини ҳам ўзига қўшиб олади. (Айтайлик, бир штатдаги 51 электоратдан 25 таси Обамага, 26 таси Ромнига овоз берган бўлса, у ҳолда Ромни ушбу штатдаги 51 электорат овознинг барисини олган ҳисобланади.) Ҳаммаси бўлиб камида 270 электорал овоз олишга муяссар бўлган номзод ғолиб деб топилади.
Рақиби Мит Ромнининг овоз олиш бўйича орқада қолиб кетгани аниқ бўлгач, Обама Twitterда: “Яна тўрт йил” деган сўзларини ёзди ва “Биз янги ўрта синфни қурамиз, ишчи ўринларини яратамиз, бунга биргаликда эришамиз. Бизлар – қизил ва кўк штатларнинг оддий мажмуаси эмасмиз, биз – Америка Қўшма Штатларимиз. Биз оламга энг буюк мамлакатда яшаётганимизни эслатиб қўямиз”, деган мазмунда нутқ сўзлади.
Мит Ромни ўз сайлов кампаниясида “Обаманинг айби Америка иқтисодиётидаги кемтиклардир ва уни тажрибали президентгина тузата олади”, деган биргина даъвога асосланган дастурини туза олди, холос. Сайловчиларни бу даъво-дастур асосидаги ваъдалар қаноатлантирмади ва бу нарса сайлов натижаларида яққол кўринди.
Енгилган рақиб Мит Ромни Аляскадаги сайлов участкалари (экзит-поллар) ёпилиши билан, биринчилар қаторида Обамани телефон орқали табриклади. “Президент мамлакатни бошқаришида унга муваффақиятлар ёр бўлишини Худодан тилайман”, – дея омма олдида нутқ сўзлади. У ўз нутқини “Американи ўзинг асра, Парвардигорим!” деган сўзлар билан якунлади.
Ўз навбатида Барак Обама Мит Ромни ҳамда бошқа республикачилар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини изҳор қилди. Аслида Ромни ва Обама сайловолди кампанияси тортишувларида фақат бир масалада, яъни солиқ сиёсати бўйичагина якдил фикр билдиришган эди, холос. Иккала номзод ҳам аҳолининг ночор қатламлари учун солиқни камайтириш борасида курашишни ваъда қилиб, бунда Обама камбағаллар учун маблағни бойлардан ундириб олишини маълум қилганди. Шунга қарамай, миллиардер Жорж Сорос биринчилар қаторида Обамани ғалаба билан табриклагани диққатга сазовордир.
АҚШ конституциясига киритилган айрим тузатишларга биноан Обаманинг ҳозирги даврдаги президентлик ваколати жорий йилнинг 20 январ куни туш пайтида ўз кучини йўқотиб, шундан сўнг унинг янги президентлик ваколати даври бошланди. Анъанага биноан, Барак Обама 20 январь куни тантанавор равишда қасамёд қилди.
Дастлаб вице-президент Жозеф Байден қасамёд қилди. Маросим Жозеф Байденнинг Вашингтондаги қароргоҳида бўлиб ўтди. АҚШ Олий Суди судьяси Соня Сотамайор Байденни қасамёд қилдирди. У АҚШ тарихида президентни ёки вице-президентни қасамёд қилдирган биринчи лотинамерикалик ҳамда тўртинчи аёл бўлди.
Байден қасамёдидан кейин бир неча соат ўтгач, Оқ Уйнинг Зангори залида АҚШ президенти Обама қасамёд қилди. Обама қасамёд қилиб бўлгач, Конгресснинг Ғарбий зиналарида туриб сўзлаган нутқи байрам шодиёналарининг энг кўтаринки онлари бўлди.
АҚШ президенти Вашингтоннинг бош хиёбони – Эспланадада тўпланган салкам бир миллионлик аҳолига қарата “Американинг имкониятлари чекланмаган, чунки бизлар муваффақиятга эришмоғимиз учун ҳамма нарса бор”, – дея тантанали равишда мурожаат қилди. У ўз нутқида асосий эътиборни ахлоқий принциплар ва умуминсоний қадриятларга қаратди. Обаманинг инаугурация нутқи 15 дақиқа давом этди ва 25 бора қарсаклар билан бўлиниб турди.
АҚШ – бу қачонлардир мустақил бўлган штатларнинг иҳтиёрий бирлашмасидир. Бу штатларнинг ҳар бири мустақил давлат бўлиб қолиши мумкин эди. Сайловларнинг босқичма-босқич боришига сабаб ҳам шу. Ҳар бир штат ўз ғолибига эга. АҚШ сайловларида анъанага мувофиқ жуда ҳам кўп одамлар олдиндан овоз беришлари мумкин. Шундай ҳуқуқдан 2012 йил тахминан умумий сайловчиларнинг 40%дан ортиғи фойдаланди, бу салкам 50 млн. сайловчи демакдир. Америкада муддатидан олдин овоз бериш сайлов кунидан икки ой олдин бошланади. Америкада сайлов – телевизион шоу – томоша ҳамдир. Шу боис 2012 йилги президент сайлови телевидениенинг энг оммалашган дастурига айланди. “New York Times” газетасининг ёзишича, АҚШ президентини сайлаш глобал телетомошага айланиб кетган.
Обама ғолиб келди, хўш, энди бу ёғи нима бўлади? Эндиликда Обамадан барча америкаликлар сайловолди ваъдаларининг уддасидан чиқишини кутади, албатта. Обама нималарни ваъда қилган эдики, америкаликларнинг аксарияти уни Мит Ромнидан афзал билишди? Биринчидан, ишлаб чиқариш секторида келгуси тўрт йил давомида ўсишга эришиш ҳамда 2016 йилгача ушбу йўналишда 10 млн. қўшимча иш ўринлари бўлишига эришишдир. Бадавлатлар учун солиқни ошириш ҳамда ўрта синф учун имтиёзларни сақлаб қолиш иқтисодиёт учун ЯИМнинг 2013 йили 1,3% ортишига ҳамда 1,6 миллион қўшимча иш ўрни яратилишига олиб келишини Конгресснинг бюжет комиссияси ҳисоблаб чиққан. 2012 йили жаҳонда ишсизлик даражаси 197 миллион кишига етган (бу меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлган одамларнинг 5,9% идир) ва мутахассисларнинг фикрича, ишсизлик кейинги йилларда ҳам ўсишда давом этишига шубҳа йўқ. Бултур ишсизлар сафига яна 4,2 миллион одам қўшилган. Бинобарин, тараққий этган давлатларга уларнинг фақат чорак қисмигина тегишли бўлиб, қолган қисми эса тараққиёт йўлидаги давлатлар фуқароларидир. Жаҳонда 2007 йилга нисбатан ишсизлар сони 28 миллионга ошган. (Ўзбекистон ҳукумати 2012 йили 973,5 минг янги иш ўринларини ташкил қилганлигини ҳамда 2013 йили эса 1.000.000 янги иш ўринлари яратишни олдига мақсад қилиб қўйганини ушбу ўринда эслаб ўтишни ўринли деб биламан.) Сайловчиларни жалб қилган иккинчи жиҳат бу: Обама корпоратив солиқларни камайтиришга ваъда берганди. Ҳозирги пайтда у 35% га тенг, лекин давлат ишлаб чиқарувчилари учун 26,25% бўлади. Солиқдан тушадиган маблағларни президент биринчи навбатда таълим соҳасига, юқори технологик секторга ҳамда экологик тоза энергия учун сарфлашни мақсад қилиб олган. Лекин Обама учун соғлиқни сақлаш ва тиббий кафолатни ислоҳ этиш ҳал қилувчи лойиҳа бўлиб қола- веради. Обама яна қуйидагиларни ваъда қилган: қўшимча ходимларни ишга қабул қилувчи ёки ходимлари маошини оширувчи корхоналарга нисбатан солиқ имтиёзларини қўллаш; ўрта синф оилалари учун солиқларни пасайтиришни давом эттириш; Ироқ ҳамда Афғонистонда ҳарбий мақсадлар учун сарфланмай қолган пулларни Америка инфраструктураси равнақига сарфлаш: йўллар, кўприклар, аэропортлар қуриш ёки таъмирлаш; Хитой билан бўладиган савдо-сотиқ тамойилларига ўзгартиришлар киритиш ва ҳ.к. Бу масалалар бўйича якуний лойиҳа 2016 йилда тайёр бўлади.
“Америка ўзини Ромни орқали ХXI асрнинг “ваҳший капитализми” сари бошқаришга рози бўлмади. Америка Европа қадриятлари ҳамда ижтимоий адолат учун овоз берди. Америка ХХI асрда яшамоқда” деган қарашлар ҳам Ғарб матбуотларидан жой олгани диққатга сазовордир.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, АҚШда мамлакат президентининг умумхалқ сайлови ҳар кабиса йили – тўрт йилда бир марта доимо аниқ бир кунда – ноябр ойининг сешанбасида ўтказилади. Мутараққий давлатлардагидек каби иккинчи тур ёки учинчи тур сайловлари каби ҳолатлар мутлақо четлаб ўтилади. Бунда узоқ муддатли халқ норозилик намойишлари, очлик эълон қилишлар, охири кўринмайдиган суд жараёнлари юзага келмайди. Сайловларда бирор муаммоли ҳолат юз бергани тақдирда жаҳон оммавий ахборот воситалари ҳар қанча уринмасинлар, Америка халқининг юз йиллар оша ўзини оқлаб келаётган анъанавий сайлов тизимига бўлган ишончини йўқ қила олмайди. АҚШ тарихида президентларни ёки президентликка давогарларни отиб ўлдириш ҳолатлари юз берган бўлиши мумкин (Авраам Линкольн, Жон Кеннеди ва унинг оила аъзоларининг тақдири бунга яққол мисол бўла олади), лекин президент сайлови натижаларини қалбакилаштириш ҳеч қачон бўлмаган. XVII аср охиридан бери ўтказиб келинаётган АҚШдаги умуммиллий сайловлар тизими ўзига хослиги билан ажралиб туради ва унинг натижалари сайловчилар ишончини оқлаб келмоқда. Барча мунозарали масалалар тезлик билан АҚШ Олий Суди томонидан кўриб чиқилади, ҳал қилинади ҳамда Америка халқига ҳавола қилинади.
Жаҳонда сайловни ташкил этиш ва ўтказишнинг уч модели қабул қилинган бўлиб, улар одатда Миллий сайлов комиссиялари деб номланади.
Биринчи модель (Канада, Испания ва кўпгина янги демократик давлатларда қабул қилинган): бундай ўзига хос Ташкилот буткул мустақил бўлиб, у ижродаги ҳокимият ҳамда партияларга бевосита дахлдор бўлмайди.
Иккинчи модель барча рақобатдаги сиёсий кучлар вакилларини жалб қилишга таянади – партиялар ўзаро тенг овоз ва бир хил ваколат билан сайлов комиссияларига кирадилар. АҚШда Федерал сайлов Комиссияси (Federal Election Commission) шундай ҳаракат қилади. Унинг вазифаси сайлов жараёнини молиялаштириш ҳамда сиёсатчилар ва партияларнинг харажатлари ўлчамларини кузатиб боришдир.
Учинчи моделда сайловларни ижродаги ҳокимият ташкил этади ва назорат қилади. Демократлаштириш халқаро институти ва электорал ёрдам (International Institute for Democracy and Electoral Assistance)нинг хулосасига асосан, бу тизим ҳозирги демократик мамлакатларнинг 18 фоизида, шу жумладан, АҚШда ҳам қўлланади.
АҚШда сайловда иштирок этувчиларнинг ҳисобини олиб бориш анча мураккаб. Анъанавий қатнашиш даражаси сайлов ҳуқуқига эга бўлган америкаликларнинг тахминий сонига асосланган бўлиб, ушбу миқдор онгли сайловчилар сони билан солиштирилади. Сайлаш имконияти борлар фақат ўз хоҳиши билан олдиндан маҳаллий сайлов комиссиясида рўйхатдан ўтганидан сўнггина сайлаш ҳуқуқига эга бўладилар. Бунинг учун фуқаролиги, ёши (сайловчи 18 ёшдан ошган бўлиши керак) ва шахсини тасдиқловчи, яшаш жойи кўрсатилган ҳужжат талаб этилади. Тегишли анкета ҳамда ўзининг ушбу жойда доимий яшашини исботловчи ҳужжатларини шахсан олиб бориб бериш ёки почта орқали конвертда юбориш орқали ҳам рўйхатдан ўтиш мумкин. Бундан ташқари, сайловчи рўйхатдан ўтишида қайси партияга мансуб ёки мустақил сайловчи эканини ҳам кўрсатиши керак бўлади.
Мамлакатда сайлов бюллетенининг ташқи кўриниши ва тузилиши турлича бўлиб, уларни штатлар, графликлар ва ҳатто баъзи муниципалитетларнинг қонунлари белгилайди, шунинг учун бутун давлат учун ягона кўринишдаги бюллетень мавжуд эмас. Бюллетенларда номзодларнинг қайси партияга мансублиги ёки мартабасига қараб гуруҳларга ажратишга рухсат берилади. Сўнгги йилларда АҚШда овоз бериш учун электрон машиналардан ҳам фойдаланиляпти, лекин бу ўринда кўплаб қийинчиликлар юзага келмоқда. Шунга қарамай, 2006 йили Америка сайловчиларининг 10 фоизи яшайдиган 357 та графликда АҚШ Конгрессига бўлган сайловларда овоз бериш учун электрон машиналардан фойдаланишди. (Америка Қўшма Штатлари – президентли республика. У 50 та штат ҳамда Колумбия федерал округидан иборат бўлган федератив давлатдир. Бундан ташқари АҚШ Виржиния ороллари, Шарқий Самоа, Гуам, АҚШга эркин қўшилган давлат Пуэрто-Рико ҳудудларига ҳам эгадир. Род-Айленд ва Коннектикута штатларидан ташқари барча штатлар графликларга бўлинган. АҚШда 3000 дан ортиқ графлик мавжуд.) Жонс Хопкинс университети профессори Ави Ребин овоз беришда бу технологияларнинг хавфли бўлиши мумкинлигини биринчи бўлиб исботлаб берди ва бу ҳақда “Ажиб янги бюллетень” (Brave New Ballot:The Battle to Safeguard Democracy in the Age of Electronic Voting) номли китобини чоп эттирди.
Демократия ва сайлов менежменти Маркази (Center for Democracy and Election Management) яна бир жиҳатга эътибор қаратишни лозим кўради: АҚШда сайлов комиссияларининг ходимлари кўнгиллилардан ташкил этилган бўлади.
Бу давлатда президентни сайлаш қоидалари Америка Кўшма Штатлари Конституциясига асосланади. Президентни сайлаш тўғридан -тўғри бўлмай, икки босқичли қилиб олиб борилади. Аввалига, яъни ноябр ойида бўладиган умумхалқ сайловида сайлов хуқуқига эга бўлган Америка халқи учун ҳар бир штатда сайловчилар коллегияси ташкил этилади. Умумхалқ сайловида овоз берувчи америкаликлар ушбу штат умумхалқ сайловчиларига тақдим этган президент сайловчиларининг рўйхатига (электорат рўйхатига) овоз берадилар. Илгарилари сайлов бюллетенларида электоратнинг исми шарифлари рўйхати келтирилган бўлса, сўнгги бир неча сайловларда президентликка номзодларнинггина исми шарифи келтирилаяпти.
Президентни сайловчилар сони штатларнинг Конгрессдаги делегациялари сонига (ҳар бир штатдан 2 сенатор + Вакиллар Палатасидаги конгрессменлар сони) тенг бўлади. Штатдаги президентни сайловчиларнинг сони штатдаги аҳоли сонига, яъни сайлов округлари сонига боғлиқ бўлади. АҚШ Конгресси аъзолари ёки давлат амалдорлари электоратга сайланиши мумкин эмас. Ҳаммаси бўлиб АҚШ президенти электорати сони 538 тага тенг, яъни прездентни сайловчиларнинг (Electoral College votes) умумий сони 538 (100 + 435 + 3 Колумбия федерал округи) га тенгдир. Шундай қилиб, ҳар бир штат ва ҳукуматга оид Колумбия округи (бу округ Вашингтон шаҳри ҳудудидир) ҳал қилувчи маълум овоз сонига эга. Бу овозлар “сайлов йўли билан тайинланадиган” ёки “электрал” овоз деб номланади.
Ҳар бир штат сайловчилар сонига, яъни штатдаги сайлов округлари сонига пропорционал бўлган “электорал овоз” беради. Монтана, Вайоминга, Шимолий Дакота ва Жанубий Дакота каби чўлу даштли ҳудудларда жойлашган штатлар ҳамда Аляска штати ҳаммаси бўлиб учтадан электоратга эга, холос. Штатда рўйхатдан ўтган сайловчилар сони қанча кўп бўлса, ушбу штат учун ажратилган электорал овоз сони ҳам шунча кўп бўлади, лекин АҚШ барча штатларининг умумий электорал овозлар сони ҳозирги давр учун 538 талигича қолаверади. Америка Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳар бир штатга бириктирилган электорал овознинг маълум сонигина мавжуд бўлади, холос. Бинобарин, демографик ҳолатнинг ўзгариши билан электорал овоз сони ҳам ўзгариб (ортиб ёки камайиб) туради. Хўш, бу нима дегани? Масалан, Калифорния штатини олайлик. 2000 йили президентликка давогар Альберт Гор учун Калифорнияда 5,8 млн. киши ёки сайлаш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг 53,45 фоизи овоз берган бўлса, Буш учун 4,5 млн. ёки 41,65 фоиз овоз берилган. Шундай қилиб, Гор Калифорния штатида кўп овоз олишга эришган ва Калифорниянинг барча 54 электорал овозини олишга мушарраф бўлган, яъни 54 электорал овознинг барчаси демократик партия вакиллариники бўлиб қолган. Бушга, яъни республикачилар партиясининг вакилларига эса 54 электорал овоздан биттасини ҳам олиш насиб қилмаган. Демак, бу штатдаги президентни сайлаш учун овоз берувчи 54 электорал овоз Гор тарафдорлари – демократик партия аъзолариники бўлиб қолган. Флоридада Гор 2912253, Буш эса 2912790 овоз олган. Бу сонлардаги фарқ атиги 537 тага тенг. Ушбу 537 овоз Бушнинг нафақат Флорида штатидаги, балки мамлакат бўйича ғалабасини таъминлаган. Яъни, Жорж Буш Флорида штатининг барча 25 электорал овозини олишга эришган. Горга эса битта ҳам электорал овоз олиш насиб қилмаган.
Ниҳоят, сайлов куни фуқаролар сайлов участкаларига келиб, аниқ номзод учун эмас, балки кимга овоз беришини олдиндан билиб юрган у ёки бу президент сайловчисига (электоратга) овоз беради. Агарда номзодларнинг бирортаси ҳам президент бўлиш учун етарли даражада кўп электорал овоз (270) ололмаса, у ҳолда президент парламентнинг қуйи палатаси, яъни Конгрессда бўладиган сайлов орқали танланади. Бундай ғайриоддий ҳолат АҚШ тарихида бир маротаба 1825 йили рўй берган. АҚШ президентлигига бўлган 1824 йилги сайловларда Жексон сайловчиларнинг ва электоратнинг нисбатан кўпроқ овозини олишга мушарраф бўлган, лекин абсолют кўп овоз ололмаган. Шунинг учун президентни Конгрессда вакиллар Палатаси танлаган ва у Эндрю Жексон эмас, балки Жон Куинси Адамс бўлиб чиққан.
Америка Қўшма Штатлари (АҚШ) 1776 йил 4 июл куни Буюк Британиянинг Шимолий Америкадаги 13 мустамлакаси бирлаштирилиши ва мустақиллик декларацияси эълон қилиниши билан ташкил топди. Мустақиллик учун олиб борилган уруш 1783 йилгача давом этди ва мустамлакаларнинг Британия қўшинлари устидан тўла ғалабаси билан якунланди. 1787 йили АҚШ Конституцияси қабул қилинди, 1791 йили эса америкаликларга катта кўламдаги хуқуқ ва эркинликлар тақдим этган Билль баёноти қабул қилинди. 1860 йилда қулдорликни бекор қилиш ҳақидаги фармон тўрт йиллик фуқаролар уруши бошланишига сабаб бўлди. Ушбу урушда Америка Шимолий штатларининг Жанубий штатлар устидан ғалаба қозониши мамлакатни бўлинишдан асраб қолди. Натижада бутун АҚШ бўйлаб қулдорликка барҳам берилди. Шундан сўнг Федераль Конституциянинг маъқулланиши Америка миллий давлатчилигига асос бўлди. 1787 йилнинг 21 февралида Филадельфияда бўлиб ўтган Конфедерация Конгрессида “Ягона ва аниқ мақсад билан Конфедерация Моддаларини қайта кўриб чиқиш” учун Конвент (Филадельфия Конвенти) чақириш ҳақида резолюция қабул қилинди. Аввалига Конвентнинг мақсади Конфедерация Моддаларини қайтадан кўриб чиқиш бўлиб, янги ҳужжат ишлаб чиқиш мақсад қилиб олинмаган бўлса-да, аста-секин вакиллар мавжуд федерация ҳудудлари ва ҳокимият тизими тузилишлари борасида айни вақтда мавжуд бўлганидан тубдан фарқ қилувчи янги Конституцияни ишлаб чиқиш зарурлигини ҳис қилишди. АҚШ Конституцияси 1787 йилнинг 17 сентябрида Филадельфияда бўлиб ўтган Конституцион Конвентда Жеймс Мэдисон лойиҳаси асосида қабул қилинади ва мавжуд барча ўн уч штат томонидан ратификация қилинади. Ратификация қилиш жараёнида икки партия – Александр Гамильтон раҳбарлигидаги “Федералчилар” ва “Антифедералчилар” партиялари вужудга келди. АҚШ Конституцияси замон тушунчасига мос келувчи жаҳондаги биринчи Конституциядир. У 7 Моддадан иборат бўлиб, амалда бўлган давр мобайнида унга йигирма еттита тузатиш киритилган. Биринчи миллий сайловлар ўтказилганидан сўнг ушбу Конституция кучга кирди ҳамда 1789 йили федераль ижроия, қонунчилик ва суд ҳокимиятлари фаолият кўрсата бошлади. Миллий давлатнинг пайдо бўлиши миллий сиёсий партиялар вужудга келиши учун принципиал аҳамият касб қила бошлади. Айнан ушбу икки институт – миллий давлат ва миллий сиёсий партиялар – Америка сиёсий тизимининг асосини ташкил этди ҳамда унинг ҳаётийлигини таъминлади. Бинобарин, миллий сиёсий партиялар зудлик билан ўзаро муносабатлар меъёрларини ҳамда “тутган ўринлари тақсимоти”ни ишлаб чиқишди. Америка тарихида икки партияли тизимда қатнашувчилар таркиби бир неча бора ўзгарди, лекин бошланғич пайтларда шаклланган баъзи туб тамойиллар сўнгги юз йил давомида ҳам сақланиб қолди.
АҚШнинг биринчи миллий ҳукумати партиясизлик асосида тузилган эди. Ж.Вашингтон (1732 – 1799) президентлик курсисига ўтирганида АҚШ армиясида ҳаммаси бўлиб 840 та аскар ва зобит бор эди, холос. Мамлакатнинг денгиз флоти йўқ эди. Ўша пайтларда АҚШга бирор давлат ҳужум қилиб қолса борми, мамлакатда танг аҳвол вужудга келиши ҳеч гап эмас эди. Ж.Вашингтон министрлар кабинетини тузиб, Т.Жефферсонни давлат котиби, А.Гамильтонни молия вазири, Г.Ноксни ҳарбий вазир, Ж.Жейни Олий суд раиси этиб тайинлайди. Ж.Вашингтон 1789 йилдан 1797 йилгача икки муддат президентлик вазифасида бўлди. Ж.Вашингтон президентлигининг охирги йилларида унга нисбатан матбуотда кўплаб адоватли мақолалар босилиб чиқди. Ж.Вашингтон лавозимдан озод этилгач, 1797 йилнинг 15 мартида Маунт-Вернонга кетади. У қулдорликка қарши бўлгани учун 1799 йилнинг 14 декабрида қулдорликни аста-секинлик билан йўқ қилиш кераклиги ҳақида нутқ сўзлайди ва хотини оламдан ўтгач, ўз қулларига озодлик бериш ҳақидаги буйруғини васият қилиб қолдиради.
АҚШнинг биринчи президенти Ж.Вашингтоннинг вафоти муносабати билан Франциянинг биринчи консули – Наполеон Бонапарт ўз мамлакатида ўн кунлик мотам эълон қилади. Америка армияси олти ой мобайнида қўлларига қора мато тақиб юришади, Британия флоти ўз байроғларини бир юз беш кун мобайнида мачталарининг ярим белигача тушириб қўяди. Қўшма Штатларда Ж.Вашингтоннинг президентлик вазифасини тарк этиб кетаётганидаги хайрлашув мурожаатини ҳар йили 22 феврал куни АҚШ Конгрессининг очилиши олдидан Сенат ҳамда Вакиллар Палатасида ўқиб бериш одат тусини олган.
Ж.Вашингтон президентликка қасамёд қилганидан ҳамда Вакиллар Палатаси ва Сенат иш бошлагандан сўнг кўп вақт ўтмай сиёсий фракциялар шакллана бошлади. Тақдир тақозоси билан, фракцияларга ажралишга ашаддий қарши бўлган Ж.Вашингтон (АҚШнинг 1 долларлик пулида сурати берилган), ҳукуматнинг икки ҳал қилувчи ўринини– молия вазирлиги ҳамда давлат котиблигига – бўлажак рақиб партияларнинг асосчилари 32 ёшли Александр Гамильтон (АҚШнинг 10 долларлик пулида сурати берилган) ва 46 яшар Т. Жефферсонни тайинлади.
Сиёсатчиларнинг икки гуруҳга ажралиб кетишига 1789 йилдан 1801 йилгача ҳокимият тепасида бўлган Гамильтон раҳбарлигидаги федералчилар партияси мудом нохайрихоҳ қараб келади. Вашингтон президентлик вазифасини тарк этиш олдидан миллат билан “Хайрлашув мурожаатида” “икки партиялик”ни Америка бирлигининг ёвуз душмани деб атади. Ниҳоят Ж.Адамснинг президентлик қилган даврида (1797-1801) федералчилар баъзи қонунлар орқали мухолифатда бўлган жефферсончилар партиясини чеклашга уриндилар. Бунда улар (республикачилар) “чет эл агентлари”, “француз фракцияси” сифатида (республикачилар федералчилардан фарқли равишда ташқи сиёсатда Буюк Британияга эмас, балки Францияга тақлид қилишар эди) тақдим этишади. Жефферсон АҚШда партияларга бўлинишни мутлақо маъқулламаган ва ўз ўрнида “Агарда, менга партия билан фалакка кўтарилиш насиб қиладиган бўлганда ҳам мен ушбу шарафдан воз кечган бўлар эдим”, деган эди. 1801 йили у президентлик вазифасини бажаришга киришар экан, “Бизлар барчамиз республикачилармиз, бизлар барчамиз федералчилармиз”, деган ўзининг машҳур “муросасозлик” сўзларини айтади. Ўша давр Америка республикаси раҳнамоларининг партияга ва партиявий мухолифатга нисбатан бундай муносабати натижасида партияларга бўлиниш жараёни кенг авж олмаслиги керак эди. Лекин партияларнинг шаклланиши ва икки партиявийлик тамойилларининг етилиб бориши XVIII аср охирларидаёқ равшан кўрина бошлайди. 1789-1790 йилларда АҚШ Конгрессида фракцияларга ажралиш жараёнининг белгилари кўриниб қолади ва 1792 йили Қўшма Штатлар сиёсатчиларининг икки қарама-қарши партияга ажралиши табиий тус олади. 1792 йили Гамильтон ҳукуматга мухолиф бўлган – “яхши бошқарув асосини бузувчи, мамлакат тинчлиги ва бахтига, Иттифоқ учун хавф пайдо қилувчи“ фракцияни Медисон ва Жефферсон бошқаришаётгани ҳақида қаҳру-ғазаб билан огоҳлантиради. Шу йилнинг июнь ойида Жефферсон Мэдисонга (Жеймс Мэдисон АҚШнинг 4-президенти) ғазаб аралаш ёзган хатида: “Гамильтон Республикачилар партиясини фракция деб аташга журъат қилди”, деган сўзларни ишлатади. Шу йилиёқ Мэдисоннинг бу хусусда ёзган мақоласи матбуотда эълон қилинади. Федералчилар партиясининг раҳнамоси бўлган Гамильтон ва Жефферсоннинг республикачилар партиясини тузишидаги асосий ҳамкорига айланган АҚШ Конгрессида федералчиларга раҳнамолик қилаётган Мэдисон ўртасида қаттиқ кураш бошланади. Бир пайтлар Гамильтон ва Мэдисон федераль Конституцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда яқин иттифоқчи бўлишган. 1790 йили Гамильтон Конгресс кўриб чиқиши учун ўзининг иқтисодиёт қонуни лойиҳаларини тақдим этганида ўзига мухолиф бўлганларга раҳнамо сифатида Мэдисонни кўрганида ҳайратга тушган эди… Ушбу ҳолатларнинг рўй беришида асосан уларнинг шахсий алоқалари эмас, кўпроқ сиёсий қарашларидаги кўпгина жиддий тафовутлар сабаб бўлган. Мэдисон Гамильтоннинг сиёсий оламдан узоқлашгани заҳотиёқ ўзига кўп йиллардан бери таниш бўлган Жефферсоннинг сиёсий альянсига яқинлашади. Президент Вашингтонни ҳам ўз дастурлари ва фалсафасига жалб қилолган ҳамда Американинг биринчи ҳукумати мобайнида премьер мавқейида бўлган Гамильтоннинг шижоати ҳамда ёрқин қобилияти Жефферсон ва Мэдисонни тезлик билан қарши ҳаракатлар қилиш, биринчи навбатда антигамильтон коалициясини тузишларини тақозо қилган. Натижада улар ушбу йўналишда кўп ишларнинг уддасидан чиқиш билан бир вақтда 1791 йил ўз нашрий органлари “National Gazette”ни ҳам йўлга қўйишга эришишади ҳамда Д.Клинтон, А.Бэрр каби таниқли антигамильтончиларни ўз томонларига оғдириб олишади. Тез орада Виржиния, Пенсильвания ва Нью-Йорк штатлари Демократ-республикачилар (республикачилар) партиясининг таянч марказига айланган.
Аслини олганда иккала партия ҳам федераль давлат тузилишига, 1787 йил Конституциясига ва Америка революциясининг якунланиш босқичидаги энг муҳим тамойилларига содиқлигини исбот қилган. Булар рақобатчи партияларнинг мафкурасида ҳам, сиёсий ҳаётида ҳам намоён бўлган. Икки партиянинг чиқараётган газеталари – жефферсончиларнинг Френо таҳриридаги “National Gazette” (“Миллий газета”) ва гамильтончиларнинг Фенно таҳриридаги “Gazette of the United States” (“Қўшма Штатлар газетаси”) ҳам уларнинг АҚШ давлатчилиги асосига муносабатлари ҳамоҳанг эканини кўрсатиб турган. Жефферсон республикачилари юзага келган давлат сиёсати тизимида Гамильтон федералчиларига қаршилик кўрсатишларини аввалбошданоқ маълум қилишган. Сиёсий мухолифатнинг бундай шаклини танлаб, Жефферсон ва унинг партияси АҚШнинг икки партияли тизими асосини яратди. Демократ-республикачилар партияси уларни “антифедералчилар” деб номлашларига қарши кескин кураш олиб бордилар. Улар ҳатто икки партиянинг федераль Конституцияга муносабатини солиштиришиб, ҳақиқий антифедералчилар Гамильтон ва унга эргашувчилар эканини исботлай бошлашади. Федералчилар эса ўзининг антиреспубликачиликда айбланишига қарши ўз партияларига “республикачилар” дея аниқлик киритишни таклиф этишгача боришади. Гамильтон ва Жефферсон партияларининг сиёсий қарашларида жиддий сиёсий тафовут ҳам бўлган. Гамильтон ва унинг тарафдорлари жамиятнинг юқори синфи манфаатига мансуб тамойил ва муассасаларнинг тартибланиши ва шу билан бирга Америка инқилоби демократик ўзгаришларининг консервацияланиши ёки чегараланиши сиёсатини қўллай бошлашди. Федералчилар авваламбор ўзларини тартиб партияси сифатида тақдим этишади. Жефферсон республикачилари эса, аксинча, ўзларини аҳолининг янги қатламларига демократик ҳуқуқ ва эркинлик бериш, Америка инқилобини янада демократик тараққий эттириш тарафдорлари сифатида намоён қилиб боришди. Жефферсончиларнинг сиёсий стратегияси уларни омма кўпроқ қўллашига ва Демократ-республикачилар федералчиларни мамлакат миқёсидаги сиёсий ҳукмрон мавқеларидан XIX аср бошларида сиқиб чиқара боришига асосий сабаб бўлади. Кўпчилик федералчилар демократия республиканинг кушандасидир ва зўравонлик манбаи бўлиб қолиши мумкин, деб ҳисоблашарди. Ушбу йўналишда Ж.Кэбот, Р.Кинг ва Т.Пикеринг, Г.Моррис, Ф.Эймсларнинг хат ва мақолаларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.
1793 йилнинг охирларида Жефферсон истеъфога чиқиб, Манчителлога кетади ва Вашингтон ҳамда Гамильтонга нисбатан оппозиция ташкил қилади. Жефферсон 1796 йилги президент сайловларида ўз номзодини Демократ-республикачилар партияси номидан қўяди, лекин федералчи Жон Адамсга ютқазади. Сайловчилар берган овоз унинг вице-президент бўлишигагина кифоя қиларди ва у шу лавозимни эгаллайди, ҳамда парламент ишларини қандай олиб бориш қоида ва тартибларини ишлаб чиқади, лекин Сенат раислиги лавозимини эгаллашдан бош тортади. У 1801-1809 йиллари АҚШга президентлик қилади. Президентлик даврида бирон марта ҳам Конгресс қарорларига нисбатан ўзининг вето хуқуқидан фойдаланмайди. Жефферсоннинг президентлик лавозимини эгаллаши АҚШ тарихида биринчи марта ҳокимиятнинг бир партиядан иккинчисига ўтишига намуна бўлади.
Вице-президент Аарон Бурр билан бўлган дуэлда Александр Гамильтоннинг ҳалок бўлиши федералчилар партиясинининг инқирозга юз тутишига олиб келади. Томас Жефферсон мустақиллик Декларацияси қабул қилинганидан роса эллик йил ўтгач, 1826 йил 4 июл куни сиёсий рақиби Жон Адамсдан бир неча соат олдин ўзининг Манчителло қўрғонида вафот этади. Жон Адамс сиёсий рақиби бўлган Жефферсоннинг вафот этганидан бехабар бўлгани учун ўз ўлими олдидан “Жефферсон ҳали тирик” дея оламдан ўтган экан.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, федералчилар партияси ўз фаолиятини тугатгач, Жефферсон ва Мэдисон тузган Демократ-республикачилар партияси ички интизомининг бузилиши унинг таркибида бир нечта фракцияларнинг вужудга келишига сабаб бўлади.
1828 йили Нью-Йорк шаҳрида антимасончилар партиясига асос солинди. У пайтларда судьялар, бизнесменлар, банкирлар ва сиёсатчиларнинг аксарияти масонлар бўлар эдилар. Янги партиянинг асосий ғояси масонликка оппозицияда бўлиш эди. 1831 йили антимасон партияси 1832 йили бўлиб ўтадиган президент сайловига ўз номзодини кўрсатиш учун Балтимордаги партия конвенциясида тўпланади ва илгари масон бўлган Уильям Виртни номзод қилиб кўрсатади. Демократик партия ва Миллий республикачилар партияси ҳам ўз номзодларини миллий конвенцияларда кўрсатадиган бўлишди. 1835 йиллари антимасон партияси Миллий республикачилар партияси ҳамда бошқа антижексончилар билан бирлашиб, виглар партиясини ҳосил қилишади. Вигчилар Конгресснинг ижроия ҳокимиятдан устунлиги талаби ва бошқа бир қатор ижобий қарашлар билан сиёсий саҳнага чиқишади. Вигчилар ўз номларини Британиянинг виг партияси номидан олган бўлиб, ўз пайтида сўзсиз бўйсунишга асосланган бошқарув ҳокимияти тизимига қарши кураш олиб борганлар. АҚШ виг партиясининг йирик намояндаларидан Даниэл Вебстер, Уильям Генри Гаррисон ва уларнинг доимий раҳнамоси бўлиб келган Генри Клейларни тилга олиш мумкин. Авраам Линкольн Иллинойс штати бўйича вигларнинг раҳбари бўлган. Виг партиясидан АҚШга иккита президент сайланган, лекин уларнинг иккаласи ҳам президент лавозимида узоқ ишлай олишмаган: Уильям Гаррисон (1840 йил сайловида ғолиб чиққан) ва Закари Тейлор (1848 йил сайловида ғолиб чиққан). Гарицон 1841 йилнинг апрелида бўлиб ўтган инаугурациядан бир ой ўтгач, вафот этган. Унинг ўрнини вице-президент Жон Тейлор эгаллаган, лекин президентликнинг кейинги муддати учун курашда мағлуб бўлган. Закари Тейлор эса бир йилдан сал кўпроқ вақт мобайнидагина (1849 й мартидан 1850 йилнинг июлигача) президентлик қилганидан сўнг ёруғ оламни тарк этган. Партия ичидаги қулдорчиликка бўлган муносабатдаги келишмовчиликлар асосида вигларнинг бир қисми демократлар партиясига қўшилиб кетади. Бошқа бир қисми эса Авраам Линкольн, 1854 йилнинг 28 февралида Виконсин штатининг Рипон шаҳрида тузган ва ҳозирги пайтда АҚШ сиёсатини белгилаб турган икки асосий партияларидан бири бўлган Республикачилар партияси сафига қўшилиб кетадилар. Вигларнинг қолган-қутганлари “Ҳеч нарса билмаймиз” (Know-Nothing) партиясини тузишади, лекин бу партия 1856 йилги сайловда сезиларли мағлубиятга учрагач, бошқа ўнгарила олмайди ва ўз фаолиятини тўхтатади. Авраам Линкольн асос солган Республикачилар партияси қулдорчиликнинг авж олдирилишига қарши чиқади. Ушбу партия 1860 йилдаги президентлик сайловларига Авраам Линкольн номзодини кўрсатади ва у ўша йилнинг ўзида бўлиб ўтган сайловда тўрт номзод устидан 303 электорал овоздан 180 тасини олиб, ғолиб чиқади. Жанубий 9 та штат сайлов бюллетенида қатнашмайди. Авраам Линкольн олган электорал овоз АҚШ президент сайлови тарихида юқоридан иккинчи ўринда туради.
Авраам Линкольннинг президентлик сайловида ғолиб чиқиши қулдорлик тарафдори бўлган жанубий штатларни қаттиқ ташвишга солади ва уларнинг Иттифоқ таркибидан ажраб чиқишига олиб келади.
АҚШда фуқаролар уруши бошланишидан бироз олдин президент Линкольн ўзининг шахсий котиби Френсис Блэр орқали Роберт Эдвард Лига федералларнинг барча қуруқликдаги қўшинларига қўмондонлик қилишни таклиф қилади. Лида ушбу таклифни қабул қилишга кўплаб асослар мавжуд бўлган, чунки у иттифоқ тузуми тарафдори эди, сецессия (ажралиш)ни ёқламас эди, қулдорчиликни жаҳолат деб билар ва ўзининг барча қулларини озод қилиб юборган эди. Лекин Ли Шимолга ҳам, Жанубга ҳам қўшилмаслигини, бошланаётган урушни маъқулламаслигини маълум қилади ва ҳарбий хизматдан истеъфога чиқиб, “ғам билан ўзимнинг ҳалқимга қайтиш ва қадрдон штатим тақдири билан бирга бўлиш учун” ўзига азиз бўлиб қолган Арлингтонни ташлаб кетади. Кейинчалик жанубликларнинг мағлубиятга учраётганини билгач, ўғлига “Менимча Шимол ўз хатти-ҳаракатлари билан Жанубни ҳақоратлаяпти. Мен агрессия бўлаётганини сезаяпман ва унга қарши бўладиган барча чораларни кўраман. Ушбу принципимни ўзимнинг шахсий ёки индивидуал фойдамдан буткул мустасно равишда ҳимоя қиламан. Америка фуқароси сифатида ўз мамлакатим учун, унинг равнақи учун ибодат қиламан, лекин ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлиши мумкин бўлиб қолган ҳар қандай штатни ҳимоялашга тайёрман” дея хат ёзади. Тез орада у Америка Конфедерациялари президенти Жефферсон Дэвисга ўз хизматини таклиф қилади. Жанубликларнинг мағлубиятидан сўнг Ли авф этилган ҳарбий асир сифатида Ричмондга қайтиб боради. У умрининг қолган қисмини Конфедерация собиқ ҳарбийларининг тақдирини енгиллаштиришга бағишлайди. У кўплаб юқори лавозимларни рад этиб, Вашингтон Коллежининг (ҳозирда Вашингтон ва Ли Университети) президентлиги вазифасини танлайди ва умрининг охиригача шу камтарона лавозимда қолади. У 1870 йилнинг 12 октябр куни Лексингтонда юрак хуружи туфайли ёруғ олам билан видолашади. Орадан юз йил ўтгач, президент Жеральд Форднинг бевосита аралашуви натижасидагина унинг фуқаролик хуқуқлари қайтадан тикланади.
Мансурхон Тоиров,
Физика-математика фанлари доктори, профессор
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 10-сон