Дилфуза Собирова. Йиллар таъсирини ўтказолмади… (ҳикоя)

Ишларини тугатиб газета варақлашга тушган Фариданинг диққатини бир эълон тортди: «ТДПИни … йилда битирган курсдошларимизни … куни бўладиган 10 йиллик учрашувга чорлаймиз. Манзил:…»
Оғир хўрсиниб газетани столга улоқтирди. «Беш йилликка ҳам бормагандим… ўн йилликка борсаммикан? Лекин у ярамас билан қандай юзма-юз бўламан?.. Тўхта… Нега энди мен ҳаммадан қочиб, узлатда яшашим керак. У номард уялсин! Бораман! Кўзларига тик қараб бор гапимни айтаман! Курсдошлар ҳам билиб қўйишсин, унинг асл башарасини!.. Шунча қийналганим етар!»

* * *

— Рози бўлишмайди, дегандим-ку… — ҳиқиллади Фарида.
— Нега?.. Нега доим кимдир тўсқинлик қилади? Ўз ҳолимизга қўйишса бўлмайдими… Ёш бола эмасмиз-ку!
— Дадамнинг одатларини билмайсиз..
— Э-э! Билволдим! — тўнғиллади Жамшид. — Сенга айтгандим-а, кўнмадинг! Қочиб кетайли-и-к, илтимос! Бир марта айтганимга кўнгин, кейин кечиришади, мени айтди дейсан. Меникилар қаршилик қилишмайди…
— … Қўрқаман!..
— Бўлди иккиланишларингга қулоқ солмайман энди. Тушунсанг-чи, бу охирги имкониятимиз! Кейинги душанба куни диплом олгани келганингда, бирйўла ҳужжатларингни ҳам олволгин. Ортиқча нарса олма, ҳеч ниманинг кераги йўқ… Нима керак бўлса, кейин ўзим олиб бераман! Сени соат олтида Шимолий вокзалда кутаман. Иккита чипта олиб қўяман. Келасан-а? — яна илтижоли қаради Жамшид. — Бўпти, мен шошяпман…
Фарида секингина «хайр» деди. Негадир ичидан бир нима узилгандек бўлди.
Икки қадам юрмай Жамшид яна изига қайтди.
— Менга панд бермагин, ишқилиб. Ота-онамни кўндирганман, кейин менга ишонмай қўйишади… Хўпми? Хайр… — Жамшид ҳеч ундан кўнгил узолмас, лекин шошилмаса поездга кечикяпти. У шошиб қизнинг пешанасидан сочи аралаш ўпди ва югуриб кетди. Тўсиқлардан сакраб ўтаркан, ортига ўгирилиб яна бир бор қўл силтади…
Душанбагача Фариданинг бўлари бўлди. Онаси қизининг ранги синиқиб бораётганини отасидан кўрди. «Севганига берса бўларди-ку, бу қайсар одам ҳеч ўзгармади-ўзгармади-да!» деб тўнғиллаб қўярди.
Душанба куни эрталаб у уйдагилар шубҳаланмаслиги учун кичкина сумкачасига бир-иккита зарур нарсаларини ва барча ҳужжатларини солди. Кейин онаси ва укалари билан бирма-бир хайрлашиб чиқди. Охирида отаси билан ҳам хайрлашди.
— Эҳтиёт бўлиб бориб кел. Неччида уйда бўласан? — сўради отаси ҳар доимгидек қовоғини очмай.
— К-кечга яқин қайтаман…
Онаси унга ачиниб қаради. «Шўрлик қизим юрак олдириб қўйган».
Ҳар  доим шаҳарга қувониб кетадиган қизи бугун негадир шашти пастдек туйилди.
Институтдан дипломини олгунча кун пешиндан оғди. Вақтли бўлса-да, вокзалга борди. Жамшид ҳали келмаган. У охирги марта хаёлларини йиғиб, яхшилаб ўйлаб олмоқчи бўлиб бир бурчакка бориб ўтирди. Хаёли уйда ота-онасида эди. Кечга яқин қизи қайтавермагач, хавотирга тушишади… Ярим тун бўлганда ҳам боравермагач эса отаси бақиришни бошлайди, онаси эса қизининг хонасига кириб йиғлайди. Шунда укаларидан биттаси хонасидаги хатни кўриб қолади… Кейин ҳаммаси тугайди. Отаси оқ қилади!.. Онасининг илтижоларига қулоқ солиб ўтирмайди.
Фарида уҳ тортди. Жамшид ҳаммасини ўзим ҳал қиламан, деди-ку… юрагига таскин берган бўлди. Жамшид уни биринчи курсданоқ севиб қолган. Ҳатто ота-онаси билан ҳам таништирганди. Хаёлларга берилган Фарида вақт ўтганини ҳам билмабди. Соатга қаради — 6:00. У ўрнидан сакраб туриб вокзал эшиги томон юрди. Бурчакда ўтирганим учун қидириб юргандир? Ҳеч ким кўринмагач, касса томон борди. Жамшид у ерда ҳам кўринмади. Сумкачасини бағрига босганча вокзалнинг у ёғидан бу ёғига югурар, лекин негадир Жамшиддан дарак йўқ эди. Комунтатор «Тошкент-Бухоро» йўналишидаги поезд кетаётганини эълон қилди. У эса ҳамон умид билан икки кўзини эшикдан узмай қотиб турарди… Ишонгани келмади…
Шу кеча вокзалда тунади… Ҳамон ичида нимадир Жамшид келишига ишонишга ундарди. «У ҳеч қачон мени алдамаган… Отам совчиларга рад жавобини бериб жўнатганда ҳам фикридан қайтмаган. Уйидагиларига фақат Фаридага уйланаман, деб гапига кўндирган, энди фикридан қайтармиди?.. Ўзини қанчалик овутишга уринмасин Жамшид барибир келмади… Унга ўзидан ҳам кўпроқ ишонган қизни аро йўлда қолдириб кетди…
Хаёлидаги туман тарқаб, атрофга ҳушёр қарай бошлаган Фариданинг кўзи очилгандек бўлди. Қилган ишини аниқ-тиниқ ҳис қилиб сесканиб кетди. Нима қилиб қўйганини англади. Тамом! Энди уйига қайтиб боролмайди. Отасининг феълини билади. Жамшид отасининг феълини биларди-ку… Нега келмади?! Наҳотки, адашган бўлса?!. Наҳотки, отасининг гаплари рост чиқса? Отаси ҳар доим «Бу дунёда ҳеч кимга ишонма!» дерди. Унга нима бўлди, ақлли мулоҳазали қиз эди-ку!
Лекин ҳозир ўзини айблаб, ич-этини еб ўтирадиган пайт эмас. Тезроқ бирор нима ўйлаб топиши керак. Уйига қайта олмайди. Жамшиднинг ёнига эса энди ўлиб қолса ҳам бормайди. Ақли бироз тиниқлашган Фарида ўйлай бошлади. Секин кўчага чиқди. Энди ҳаёт кўзига бошқача кўринди, бор бўйи басти, қийинчиликлари-ю, яхши-ёмон одамлари билан. У бирпас ўйланиб турди-да кейин йўлга тушди. Хаёлига қаердан келганини ўзи ҳам билмайди, лекин тўғри шаҳарнинг энг четида жойлашган «Кар-соқовлар мактаб-интернати»га кириб борди.
— Опа, кеча дипломимни олдим… Лекин борадиган жойим йўқ. Илтимос, менга иш беринг, энагалик қилишга ҳам, ҳар кун навбатчиликда туришга ҳам розиман…
Бу дунёда ҳамма ҳам Жамшидга ўхшаган эмас… Яхши одамлар ҳам бор. Директор опа Фаридага иш ҳам, болалар ётоқхонасидан жой ҳам ажратиб берди.
Ичидаги алам оловини босиш учун бош кўтармай ишлашдан бошқа чораси йўқ эди… Меҳнатлари зое кетмади. Беш йилдан кейин у интернатга илмий мудир вазифасида ишларди. Кейинчалик эса пенсияга чиққан директор опанинг тавсияси билан у интернет бошқарувини қўлига олди. Энди у Фарида Маҳмудовна эди.
Бугунги эълон уни яна олдинги, содда, ишонувчан, муҳаббат бошини айлантирган даврларига етаклади.
«Бораман! Албатта, бораман!» қарор қилди у. Хаёлан белгиланган ресторанга кириб борди. Мана дугоналари, курсдош йигитлар… Барчаси уни кўриб ҳайрон қолишади. Тортинчоқ, хушфеъл Фарида энди ўзига ишонган директор хонимга айланган! Жамшид уни кўриб довдираб қолади, кейин курсдошларнинг нигоҳи таъқибига дош беролмай келиб кўришади. У эса Жамшид билан ҳеч нима бўлмагандай кўришади ва ўтириш тугагунча унга қайтиб эътибор ҳам бермайди. Худди у йўқ, ҳаётида умуман бўлмагандек… Ҳа, худди шундай қилади! Берган ўн йиллик азоби учун назарига илмай жазолайди.
Фарида эрталабдан тайёргарликни бошлади. Сочларини турмаклатди, фирма дўконидан ўзига жуда ярашган лола ранг кўйлак харид қилди. Худди шунга мос туфли. Бир харажат қилсам қилибман-да, шунча меҳнат қилганимдан кейин арзимайманми? Кўзгуда замонавий, ўз қадрини биладиган гўзал аёл қараб турарди. Бир пайтлардаги маъсумалик, соддадиллик ўрнини қатъият ва ишонч эгаллаб, ҳуснига ҳусн қўшиб турарди.
Курсдошлари йиғилишини кутиб, атайлаб кечикди. Ресторан ёнида машинадан тушаркан, ичида титроқ турганини ҳис қилди. Лекин ўзини босди. Эшик олдида келувчиларни кутиб турган курсдош йигитлар уни танишмади. Бир қараб яна гапларида давом этишди. У эса мағрур юриб уларга яқинлашди ва:
— Салом, йигитлар! — деди.
Йигитлар унга қараб анқайиб қолишди. Бироздан кейин Аброр ўзига келиб:
— Ф-фарида! Ўзингмисан?.. Э-э , ўзингизмисиз?..
Йигитларнинг оғзи очилгани ҳолва экан, дугоналари уни кўриб қийқириб юборишди. «Бормисан, қаерларда юрибсан, чет элга кетиб қолдингми…» саволларга кўмиб ташлашди. Бир-иккитаси кўз ёши ҳам қилиб олди. У эса саволларга жавобан сирли жилмайиб қўярди. Кўзлари эса атрофга аланглаб кимнидир қидирарди. Лекин кечаси билан тузган режаларини чиппакка чиқариб ўша «кимдир» кўринмасди.
Дугоналаридан бири уни туртиб, «у ичкарида» деди. Фарида ўзини тушунмаганга солди. Ҳамма жойлашгач, залда бирдан чироқлар ўчди, ғира-шира чироқлар ёруғида майин куй янграй бошлади.
Бу бир пайтлар уларнинг севимли қўшиғи эди. Магнитофонда шу қўшиқни такрор–такрор эшитишарди. Энди эса ҳофизнинг шахсан ўзи ижро этяпти. Қўшиқ тугагач, микрофондан таниш овоз ҳофизга миннатдорчилик билдирди. Таниш овоздан Фариданинг юраги қалқиб кетди.
— Салом, азиз курсдошлар! Бу учрашувимизни ҳам севгилим Фаридага бағишлайман! Лекин у бугун ҳам келмади… Майли, лекин мен сизларни йиғишдан чарчамайман, балки ўн беш йилликда келар, балки йигирма беш йилликда… Биттасида бўлмаса биттасида дарак берар! Энди дастурхонга марҳамат… Шу гапдан кейин чироқлар бирданига ёнди. Ёруғликдан Фариданинг кўзлари қамашиб кетди, у ҳеч нимани тушунмасди. Курсдошлари ундан кўз узмай қараб туришарди. Аброр энгашиб қулоғига шивирлади:
— Ўша куни отаси дунёдан ўтиб қолган… Шундан буён сени қидиради. Курсдошларни ҳам сени кўриш умидида ресторанида йиғади. У ҳамон сени кутяпти…
Фарида беихтиёр ўрнидан турди ва саҳна томон юра бошлади. Микрофон тутган Жамшид тошдек қотди. Зал сув қуйгандек жим! Мана ўн йил деганда биринчи марта юзма-юз келишди. Кўзларда аламли саволлар, дийдор қувончи, шукроналик…
— Ўшанда нега келмадингиз?… — титради Фариданинг лаблари.
— Шунча йилдан буён нега келмадинг? — кўз ёшларини ичига ютди Жамшид.