Муҳаммаджон Имомназаров. Жомий «Хамса» ёзганми? (2005)

Баъзи адабиётларда хамсанавис шоирлар қаторида Навоийнинг пири, тасаввуф назариясини чуқур англаб етишда унга устозлик қилган улуғ форс-тожик шоири Абдураҳмон Жомий номи ҳам тилга олиб ўтилади. Шу масалага бироз аниқлик киритиш, баҳонада Навоий ва Жомий ижодидаги умумий ва фарқли томонларга дастлабки даражада эътибор қаратиш мақсадида ушбу мавзуни қаламга олдик.
Устоз — шогирд муносабатлари ҳеч қачон оддий бўлмаган. Айниқса, ижод масаласида. Аҳмад Яссавий — пир, Сулаймон Боқирғоний — мурид. Ғоявий йўналиш бир хил! Аммо бу икки шахс шеърият оламида ҳар бири ўз овозига эга. Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг бадиий олами ҳам ҳар бири — ўзга бир руҳ, ўзга бир кайфият ифодасидир.
Маълумки, Алишер Навоий «Хамса» достонларининг ҳар бирида Низомий Ганжавий ва Амир Хусрав Деҳлавий ҳақида баҳс юритгач, Жомийга ҳам алоҳида боб бағишлайди. Аммо олдинги икки салафидан фарқли ўлароқ Жомийнинг «Хамса» яратганлиги ҳақида аниқ маълумот бермайди.
Агар биринчи достон — «Ҳайрат ул-аброр» муқаддимасида «Махзан ул-асрор» ва «Матлаъ ул-анвор» билан бир қаторда «Туҳфат ул-аҳрор»ни ҳам тилга олиб ўтса-да(XIII боб), «Хамса»нинг иккинчи достони — «Фарҳод ва Ширин»даги Жомийга бағишланган VII бобда уни жуда кўтаринки руҳда мадҳ этганлигига қарамай, бирор асарини аниқ тилга олмайди. «Лайли ва Мажнун» дебочасида эса:

Гар «Хамса»ни этмай(ин) мураттаб…

(яъни, «гарчи «Хамса» ёзмаган бўлсанг-да»), деб қайд этади ва «Панж ганж» ҳисобида «Силсилат уз-заҳаб», «Туҳфат ул-аҳрор», «Субҳат ул-аброр», «Юсуф ва Зулайхо» («Аҳсан ул-қисас») ва «Девон»ни (сўз биринчи девон — «Фотиҳат уш-шабоб» устида кетган бўлса керак) санаб ўтади. Демак, Навоий «Лайли ва Мажнун»ни бошлаганда Жомий ҳали бошқа достонларини ёзиб тугатмаган экан. «Сабъаи сайёр» ибтидосида Жомийнинг «Шарҳи Рубоиёт», «Лавомеъ», «Лавойиҳ», «Ашиъат ул-ламаот», «Нафаҳот ул-унс» каби бир қанча насрий асарлари ҳамда «Туҳфат ул-аҳрор», «Субҳат ул-аброр», «Силсилат уз-заҳаб», «Ошиқу маъшуқ» («Юсуф ва Зулайхо» достонининг яна бир номланиши) достонлари, қасидалари, ғазалиёти тилга олинади. «Хамса» хусусида сўз йўқ. Охирги — «Садди Искандарий» достони муқаддимасида (VII боб) Жомий яратган маснавийлар хусусида Навоий шундай дейди:

Бўлиб жилвагар табъи кўзгусида,
Ки сабт айлади «Хамса» ўтрусида.
Эрур андин ортуқки, ўксук эмас,
Эл андин дер ортуқки, ўксук демас.

Демак, яна Жомийнинг «Хамса» яратгани хусусида эмас, балки «Хамса ўтрусида» (яъни, унга муқобил равишда) яратган маснавийлари 5тадан ошиқ, аммо кам эмас, деб таъкидлайди; «Туҳфат ул-аҳрор», «Субҳат ул-аброр», «Юсуф ва Зулайхо»га қўшимча қилиб «Лайли ва Мажнун» достони яратилгани ва «Хирадномайи Искандарий» достони эса, ёзилиш жараёнида эканлигидан хабар беради.
Алишер Навоийнинг Жомий вафотидан кейин, унинг хотирасига бағишлаб махсус ёзган «Хамсат ул-мутаҳаййирин» рисоласи «Учинчи мақолат»ида улуғ шоир ва алломанинг барча асарлари бирма-бир санаб ўтилади. Унда, жумладан, шундай сатрлар битилган:

«яна: «Ҳафт авранг»ки муштамилдур
етти китобға;
аввал:
«Силсилат уз-заҳҳаб»ки,
уч дафтардур;
иккинчи: «Саломон ва Абсол»;
учунчи: «Туҳфат ул-аҳрор»;
тўртунчи: «Субҳат ул-аброр»;
бешинчи: «Юсуф ва Зулайхо»ким
«Ошиқу маъшуқ»ға мавсумдур;
олтинчи: «Лайли ва Мажнун»;
еттинчи: «Хирадномайи Искандарий».

Шундай қилиб, Жомийнинг «Хамса» ёзганлиги хусусида Алишер Навоий аниқ гувоҳлик бермайди. Савол туғилади: нега Навоий икки салафи(Низомий ва Амир Хусрав)га ўз асари билан жавоб берган, аммо Жомийга алоҳида эҳтиром изҳор этгани ҳолда, уни хамсанавис сифатида тилга олмаган?
Бунинг биринчи сабаби — оддий, яъни Жомий ўз эпик маснавийларини Навоий билан ҳамнафасликда, яъни олдинма-кетин(бирини олдин, бирини — кейин) ёзиб борган. Аммо, бизнинг назаримизда, бунинг иккинчи — ғоявий ва мазмуний йўналишларга оид жиҳати ҳам бор.
Жомий достонлари ичида Навоий «Хамса»сидан олдин Низомий ва Деҳлавий достонларига татаббуъ йўсинида ёзилган асар юқорида кўп эслаб ўтилган «Туҳфат ул-аҳрор»дир. Нақшбандия пирлари шарафига бағишланган ушбу достон ҳам «Махзан ул-асрор» ва «Матла ул-анвор» сингари асосий қисмида 20 мақолани («мақолат» эмас) ўз ичига олади.
Улардан биринчиси Оламнинг яратилиши, иккинчиси — Одамнинг яратилиши мавзуларида бўлиб, навбатдаги 5 мақола(3 — 7-мақолалар) бирма-бир ислом арконларига(калимаи шаҳодат, намоз, рўза, закот, ҳаж амаллари) бағишланган. Кейин 2 мақола хомушлик (сукут) ва тунда бедор бўлишнинг ҳикматлари ҳақида. Ундан кейинги мақолаларда пир-шоир жамиятдаги турли тоифа ва амал эгалари — сўфийлар, уламолар, султонлар, вазир ва дабирлар(сарой мирзолари) тўғрисида ўз қарашларини баён қилади. 15 — 16-мақолалар қариб қуйилмаган кексаларга танбеҳ ва мағрур ёшларга насиҳат бўлиб, 17 — 18-мақолалар гўзаллар ҳусн-жамоли ва ишқ борасидадир. 19-мақола шоирлар тоифасига оид бўлиб, охирги мақола шоирнинг ўз фарзандига насиҳатидан иборат. Ҳар мақола сўнгида унинг мазмунига алоқадор бир ҳикоят келтирилган.
Кўриб турганимиздек, асар татаббуъ қоидаларига тўла мувофиқ ёзилган. Шу жиҳатдан, Жомий «Хамса» туркумини бошлагандек кўринади. Аммо шунга қарамай, баъзи ўзига хос принципларни ҳам кузатиш мумкин. Масалан, ислом арконлари ҳақида Низомийда алоҳида мақолат йўқ. Деҳлавий достонида ушбу мавзуга биргина мақолат(4-мақолат) ажратилган. Жомий эса, ўз достонида бу мавзуни анча батафсил ёритади. Албатта, Низомий ва Деҳлавий достонларидаги мақолатлар мундарижаси ҳам бир-биридан сезиларли фарқ қилишини назарда тутсак, бундай фарқланишларга алоҳида эътибор бермаслик ҳам мумкин. Аммо Жомий достончилигининг кейинги ривожи бундай принциплар бежиз эмаслигини кўрсатди. Низомий ва Деҳлавий изидан бориб Навоий иккинчи достонида шоҳлик ва ошиқлик нисбати мавзуини тилга олган бир пайтда, Жомий ижтимоий масалалардан буткул четланиб, соф тасаввуфий мавзуга юзланди. Унинг «Субҳат ул-аброр» достони 40 иқддан(Жомий достоннинг асосий бобларини шундай атайди) иборат бўлиб, унинг 4 — 6-иқдлари «ваҳдати вужуд» таълимоти ҳақида, 7-иқд тасаввуф шарҳида, 8 — 30-иқдлар — иродат, тавба, вараъ, зуҳд, фақр, сабр, шукр, хавфу рижо, таваккул, ризо, муҳаббат, шавқ, ғайрат, қурб, ҳаё, ҳуррият, футувват, сидқ, ихлос, саховат(базл), қаноат, тавозу каби сўфийлик мақом ва ҳолларининг тавсифига бағишланган. Кейинги иқдлар ҳам суфийлик одоблари хусусида бўлиб, фақат 33- ва 34-иқдларда Оллоҳ яратган махлуқотларга шафқат ва муҳаббат, султонлар ва аркони давлатга хайрихоҳлик билан насиҳат мавзулари тилга олинган. Бу достон мундарижаси ўз йўналишига кўра «Туҳфат ул-аҳрор» мундарижасини изчил давом эттириб, пир ва шогирд(Жомий ва Навоий) ўз достончилик анъаналарида буткул бошқа-бошқа принципларни танлаганликларига яққол гувоҳлик беради.
Навоий биринчи достонидаёқ ижтимоий таҳлил йўлини танлаганлиги ундаги мақолат мавзуларидан ҳам очиқ кўриниб туради. «Ҳайрат ул-аброр»нинг биринчи мақолати «Имон ҳақида», иккинчиси «Ислом ҳақида» бўлиб, учинчи мақолат ҳукмдорларнинг салбий хатти-ҳаракатларининг кескин танқидига ва тўртинчи мақолат сохта сўфийларни аёвсиз фош этишга қаратилган. Кейинги бир қанча мақолатлар ислом ахлоқига оид бўлиб, унинг карам, қаноат, вафо, ишқ, ростлиқ, илм каби умуминсоний қоидаларига бағишланган. Айниқса, достоннинг ўн учинчи мақолатида ўзига хос мавзу танланган бўлиб, салафлардан бирортасида бундай мавзуга алоҳида боб ажратилган эмас. «Нафърасонлар ҳақида» деб аталган ушбу мақолатда Алишер Навоий ўз ижтимоий қарашларининг бош қоидасини ифода этган:

Нафъинг агар халққа бешак дурур,
Билки бу нафъ ўзунгга кўпрак дурур.

Албатта, пир ва шогирд қарашлари орасида умумий томонлар кўп. Масалан, Навоий «Ислом ҳақида» мақолатида таҳорат, намоз, рўза, ҳаж ҳақида мукаммал тўхталиб, уларнинг ҳар бирини ҳам аҳли сунна талқинида, ҳам тасаввуфий талқинда баён қилади. Имон масаласига, юқорида эслаб ўтганимиздек, алоҳида боб ажратади.
«Маҳбуб ул-қулуб» рисоласининг «Назм гулистонининг хушовоз булбуллари» бобида Алишер Навоий шоирларни адабий йўналиш нуқтаи назаридан «ҳақиқат тариқи» ва «мажоз тариқи» намояндаларига ажратар экан, Жомий ҳақида гапириб уни ҳар икки йўналишда ҳам «вофир ва шомил» деб таърифлайди. Бундай мақтов асоссиз эмас. Жомий ўз ғазалларида ҳам, достонларида ҳам фақат ишқи илоҳий(«ишқи ҳақиқий»)ни куйлаш билан чекланмаган. Унинг соф инсоний севги(«ишқи мажозий»)ни завқ-шавқ билан тараннум этган ғазаллари девонларида кам учрамайди. Шу билан бирга пири муршиднинг «Юсуф ва Зулайҳо»(«Ошиқ ва маъшуқ»), «Лайли ва Мажнун», «Саломон ва Абсол» достонлари бир пайтнинг ўзида ҳам мажозий ишқни, ҳам ҳақ ишқининг сирру асрорини кашф этувчи мураккаб мазмунли асарлардир.
Аммо улар ичида Навоийнинг шу мавзудаги асаридан кейин яратилган «Лайли ва Мажнун» достонигина «Хамса» туркуми достонлари билан ҳам мавзу, ҳам ғоявий йўналиш жиҳатидан уйғунлашади. Қолган икки достоннинг сюжети ҳам, ғоялар олами ҳам буткул ўзига хос бўлиб, уларни на «Фарҳод ва Ширин», на «Сабъаи сайёр» билан бевосита қиёслаб бўлади. Жомийнинг «Хамса» туркуми мавзуларига бевосита алоқадор бўлган учинчи достони — «Хирадномайи Искандарий»дир.
Низомий ўз даврида Искандари Мақдуний билан боғлиқ икки алоҳида достон яратган бўлиб, уларнинг биринчиси «Шарафнома»да машҳур саркарда ва ҳукмдорнинг турли мамлакатларни фатҳ этиш учун олиб борган жангу жадаллари тасвирланган эди. Иккинчи достон — «Иқболнома» деб номланган бўлиб, унда асосан Искандарнинг буюк юнон ҳакимлари билан олиб борган фалсафий суҳбатлари баён қилинган. Бу икки асар ҳар бири алоҳида анъанавий муқаддима боблар билан таъминланган ва яхлит композицион системага эга бўлиб, уларни шоир қайта ишлаб бир достон ҳолига келтирган эмас. Демак, аслида Низомий «Хамса» (ёки «Панж ганж» — Беш хазина) ёзишни режалаштирмаган ва ижодий ҳаёти давомида 6 мустақил эпик асар яратган. Аммо кейинчалик котиблар томонидан охирги икки достон «Искандарнома» унвони билан ҳеч қандай ўзгаришсиз(ҳар иккисининг алоҳида анъанавий боблари ҳам сақланган ҳолда) бирлаштирилган ва шоирнинг 30 йиллик ижодий фаолияти самаралари туркум ҳолига келтирилиб, унга «Хамса»(Бешлик) номи берилган.
Низомий вафотидан деярли бир аср ўтиб, Амир Хусрав Деҳлавий Низомий туркумига жавобан «Хамса» яратганда унинг охирги икки достони мундарижасига бир достон билан жавоб берган. Бунинг учун у асар композициясини мураккаблаштириб, ҳар бир қисмда аввал бир боб — Искандар саргузаштларига оид лавҳа, кейин бир боб муаяйн ахлоқий-фалсафий мавзуда мулоҳазалар, охирида бир ҳикоят шаклида бериб борган. (Низомий достонларида эпик принцип изчил сақланган бўлиб, «Иқболнома»да ҳам Искандарнинг ҳаётий саргузаштлари қисман баён этилган.)
Навоий Деҳлавий анъанасини ривожлантириб, 1-боб Искандар ҳаётидан, 2-боб муайян ахлоқий-ижтимоий мавзуда мулоҳазалар, 3-боб — ибратли ҳикоят, 4-боб Искандар ва бир донишманднинг савол-жавоби шаклида 4 бобдан иборат яхлит бўлимлар тузган.
Жомий ўз асарида бу йўлдан бормаган. Аслида, «Хирадномайи Искандарий» Низомийнинг машҳур фотиҳ ҳақидаги иккинчи достони «Иқболнома»га жавобдир. Бу ҳолат достоннинг номланишидаёқ ўз аксини топган. «Иқболнома»да «Хирадномайи Арасту», «Хирадномайи Афлотун», «Хирадномайи Суқрот» деб номланган алоҳида боблар мавжуд (1746 — 2077-байтлар — жами 302 байт). Жомий айни шу боб сарлавҳаларига татаббуъ қилиб достонига ном берган.
Пири муршид достоннинг асосий қисмини бошлагач, 6 боб (410 — 618-байтлар — жами 218 байт) ўтказиб туриб, «Хирадномайи Аристотелис»га киришади. Олдинги 6 бобнинг ҳам учтаси алоҳида ҳикоятлар бўлиб, Искандар саргузаштларига аслида бори-йўғи 136 байт (410 — 455-, 477 — 529-, 563 — 599-байтлар) ажратилган, холос. Кейинги боблар машҳур (ҳақиқий ва афсонавий) юнон ҳакимлари — Афлотун, Суқрот, Буқрот, Файсоғурс, Исқалинус, Ҳермес хирадномаларидан иборат бўлиб, ҳар боб охирида алоҳида ибратли ҳикоятлар берилган. Ушбу 7 «Хираднома» (ҳикоятлари билан) 579 байтни (619 — 1197-байтлар) ташкил этган. Кейинги боб — «Достони жаҳонгирийи Искандар ва иморати шаҳрҳо ва ихтиройи корҳойи вей бар сабили ижмол»(Искандарнинг жаҳонгирлиги, шаҳарлар қуриши ва ихтиролари) деб аталган бўлиб, жуда катта мавзуни қамраб олса-да, ҳажми жуда ихчам — 45 байтдан (1198 — 1242-байтлар) иборат. Шоирнинг ўзи ҳам буни эътироф этиб «бар сабили ижмол», яъни «қисқача санаб ўтилди», деб махсус изоҳ берган. Кейинги 50 байтли (1262 — 1311-байтлар) боб — «Хирадномайи Искандар» деб номланган. Қолган боблар ҳам Низомийнинг «Иқболнома»си мазмуни билан ғоят ҳамоҳанг ва тўлиғича уларга татаббуъ йўсинида ёзилган. Уларда Искандар билан бир қанча донишмандларнинг суҳбатлари, ибратли мисоллар, Искандар ўлими ва шу муносабат билан ҳакимларнинг таъзиялари баёнидан ташкил топган. Шоир Деҳлавий ва Навоий асарларидаги мураккаб композициядан воз кечиб, ҳар боб сўнгида бир ибратли ҳикоят келтириш билан кифояланган.
Хулоса қилиб айтганда, Жомий муайян муддат «Хамса» яратиш фикрида бўлганлигидан қатъи назар(«Хирадномайи Искандарий» достони муқаддимасида шундай истак сезилади), достонлар туркумини шакллантиришда ҳам ўз ҳаёт йўлида танлаган принципларига содиқ қолган ва «Ҳафт авранг» асарини фақат ирфоний-ахлоқий ҳамда ишқий мавзулар билан чеклаб, ижтимоий-сиёсий мавзуларга чуқур кириб боришдан сақланган. Шу сабабли «Етти тахт»нинг тўрт достони ирфоний-ахлоқий мавзулардаги «Хираднома»лар ва қолган учтаси ҳам мажозий, ҳам ирфоний руҳда талқин этилган ишқий достонлардан ташкил топган.
Низомий, Деҳлавий ва Навоий яратган «Беш хазина» туркумлари эса, ўз замонасининг ахлоқий — ижтимоий — сиёсий муаммоларини яхлит ва мукаммал акс эттириб, чуқур таҳлил қилган асарлар бўлиб, бундай ёндашув ислом маънавияти такомилида янги йўналиш, ҳақли равишда айтиш мумкинки, энг олий босқични билдирар эди.

Муҳаммаджон Имомназаров,
филология фанлари доктори
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 51-сонидан олинди.