Тўлқин Тоғаев. «Иликтин ихтиёринг бермагил…» (2011)

Буюк аждодларимизнинг асрлар оша яшаб келаётган улкан маданий мероси, маънавий кадриятлари миллий тараққиётимиз ривожига, истиқлол мафкурамиз кучайишига, бугунги авлод маънавиятининг юксалишига бевосита таъсир этмоқда. Айниқса, маънавий баҳрамандлик бобида Навоий даҳосининг ўзбек халқи олдидаги хизматлари беқиёc. Наинки биз, балки бошқа эл-улус ва халққа мансуб кўплаб инсонлар бугунги кунда буюк шоир тафаккур оламидан баҳра олмоқда, ижодини ошно тутаётир.

Алишер Навоий асарлари инсон камолотига қанот берадиган таълимотга бой. Жумладан, ватанпарварлик, ахлоқийлик, она тилига муҳаббат, ишқ, одамийлик, дўстлик, ҳаё, сахийлик, қаноат, адолат, инсоф, ҳалоллик сингари ўлмас ғоялар бугунги янги жамият қурилишида бағоят қадрли. Навоий бобомиз «Маҳбуб ул-қулуб» асарида инсоннинг гўзал фазилатларидан бўлган қаноатни таърифлар экан, жумладан, шундай дейди: «Қаноат — суви олинган билан қуримас булоқ. Қаноат — сочган билан тугамайдиган хазина». Буюк мутаффаккир қолдирган бебаҳо улкан мерос ҳам аслида биз учун шундай битмас-туганмас маънавият чашмаси, адоқсиз маънавий бойликдир.

Навоий асарларининг тили ва услуби уларда учрайдиган арабий, форсий сўз ва иборалар эвазига анча мураккаб. Бу ҳол тасаввуф шеъриятида татбиқ этилган мажозий образлар, тимсол ва рамзлар, истилоҳлар, турли ифода воситалари, орифона шеърларнинг ғоявий-бадиий мазмуни билан боғлиқ, албатта. Ўзининг улуғворлиги, жозибадорлиги, фусункорлиги билан форсий адабиёт билан бўйлашиш, унинг панжасига панжа уриш талаби Навоий ҳадди аълосига чиқарган туркий сўз санъатининг шундай тил ва услубда наво топишига сабабдир. Шу жиҳатдан Навоий туркий адабиётнинг Атоий, Лутфий, Бобур каби шоирларидан ажралиб туради. Аммо жами асарлари бағрида ғоят туркона жило топган жумлалар, ифода-иборалар мўлки, бу тилни бугунги ўқувчи ҳеч бир луғатларсиз тушуна олади. Навоий ижоди шундан далолат берадики, шоир халқ оғзаки ижодига чуқур эҳтиромда бўлган, уни севган ва ардоқлаган. Даврининг ёзма адабиёти билан бир қаторда халқ донишмандлигининг битмас-туганмас маъни жавоҳирларини териб ўрганган, ўзлаштирган ва ўз асарларида санъаткорона қўллаган. Навоий асарларининг халқчиллиги уларда илгари сурилган юксак инсоний ғояларнинг халқона ифода йўсинида, шоирнинг халқ тили ва бадиий тафаккуридан тўкис баҳрамандлигида кўринади. Шулардан баъзиларига диққатни қаратмоқчимиз.

Шоир ғазалларидан бирида шундай байтни ўқиймиз:

Ҳуснидин меҳр ғараздур, эй ишқ,

Бу масалдур: «Силиғингдин илиғинг».

Байтдаги «Силиғингдин илиғинг» мақоли буюк мутасаввиф Яссавий юрти бўлган Туркистонда ҳозирда ҳам халқ тилида «Сулувингдан илувинг» шаклида учрайди. Ушбу мақол эл ичида соддароқ талқин қилинишича, «силлиқ, чиройли бўламан деб, юпқа-енгил кийиниб, совқотгандан кўра, қўполроқ кўринса-да ёки эскироқ бўлса-да, иссиқ кийиниб, соғлиқни ўйлаган афзал», деган мазмунга эга. Замонавий «Сулувингдан илувинг» ва бурунги «Силиғингдин илиғинг» шаклларига эга ушбу мақолнинг аслида маъно кўлами янада кенгроқ. Инсоннинг ташқи кўриниши, қиёфаси кўркам бўлиши билан бирга, унинг ички дунёси, одоб-ахлоқи ҳам гўзал, қилиғи илиқ, маънавияти тўкис бўлиши керак. Одамнинг суврати хунук бўлиши мумкин, балки у табиатан шундай яралгандир, аммо унинг сийрати гўзал бўлмоғи шарт. Аҳли дониш наздида шаклдан кўра маъни, сувратдан кўра сийрат устунлиги яхшидир.

Шоир байтда боғлаган «Силиғингдан илиғинг» масали, яъни мақоли орқали ёр ўз ҳусн-жамоли, «шўхи бадхў»лиги билан ошиқни азоблаб, ишқ офатларига дучор этгандан кўра, унга меҳр кўрсатиб, ўз лутф-инояти, ишқига сазовор қилгани, васлига етказгани яхшидир, деган мазмунни тасдиқлаган. Бу байтнинг мажозий талқини. Унинг тасаввуфий мазмуни ҳам бор.

Навоий ақидасича (дунёқарашича), олам ҳақнинг ўз ҳусн-жамолини томошо қилиш истагидан пайдо бўлган кўзгудир. Оллоҳдан таралган нур бу кўзгуда акс этади, яъни борлиқдаги жаъмики нарса ва жонзот шу нур билан ёритилади. Инсон ҳам ушбу кўзгунинг бир парчаси, аммо унда ҳусни мутлақнинг сифатлари энг кўп зуҳур топгандир. Ҳусн, жамол тасаввуфда «ҳақнинг лутфу эҳсон ила тажаллисидир». Шоир айтмоқчи, ҳусндан мурод меҳрдир. Меҳр кўчма маънода Қуёшни англатади. Қуёшнинг жамоли ва маҳбубанинг юз тузилишида ўхшашлик бор. Қуёш оламдаги нур таратувчи ягона хилқат. У бутун мавжудот ва махлуқот учун ҳаёт, нур, ҳарорат манбаи. Ошиқ учун шундай фазилат касб этган маъшуқанинг ҳуснидан мурод ишқ, яъни Оллоҳнинг жамолидир. Кўринадики, «Силиғингдан илиғинг» мақолининг моҳирона қўлланиши шеърнинг ҳам зоҳирий, ҳам ботиний мазмунини кучайтиришга, шеърнинг бадиийлиги ва тилини бойитишга хизмат қилган.

Навоий ғазалиёти, достонлари ва насрий асарларида учрайдиган кўплаб халқ иборалари, мақол ҳам таъбирлари бугунги кунда тилимизда унумли ишлатилмоқда. Чунончи:

Ўқларинг кўнглумга тушгач, куйди ҳам кўз, ҳам бадан,

Ким куяр ўлу қуруғ чун найситонға тушти ўт.

Яъни, муҳаббат ўқлари кўнглимга тушиб, бутун вужудимни, жумладан, кўз ва баданимни куйдирди. Бунинг ажабланарли ери йўқ, чунки тўқайга, қамишзорга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади. Ҳозирда ҳам бу мақол халқимиз тилида «Ўрмонга (Тўқайга) ўт кетса, ҳўлу куруқ баравар ёнади» шаклида ишлатилади.

«Бировга чоҳ қазисанг, ўзинг йиқиласан» мақоли шоир томонидан шундай шеърий шаклга солинган:

Ҳар кишиким бировга қозғай чоҳ,

Тушгай ул чоҳ узра ўзи ногоҳ.

Улуғ мутафаккир томонидан сўнгсиз даражада улуғланган инсон Оллоҳ яратган махлуқотлар орасида ҳар жиҳатдан энг юқори мартабага эга:

Борчасини гарчи латиф айладинг,

Борчадин инсонни шариф айладинг.

Ҳамма нарсадан азиз, шарафли қилиб яратилган инсон ақл-тафаккур бобида, албатта, тенгсиздир. Навоий Фарҳод тилидан «Деди: ҳар ишки қилмиш одамизод, тафаккур бирла билмиш одамизод» дер экан, ўз асарларида инсон ақлининг чексиз имкониятларини мадҳ этади. Ўз даври учун ғоят илгарилаб кетган баъзи кашфиётлар, мўъжизалар, фантастик хаёллар бугунги кунда аллазамонлар оддий ҳаёт ҳақиқатига айланган. Масалан, денгиз ёки уммон чуқурлигига тушириладиган батисткаф, истаган нарсани кўрсатадиган ойнаи жаҳон ёки ўша даврда ҳарбий кашфиёт саналган бомба ҳақида шундай дейиш мумкин. «Садди Искандарий» достонида Искандар қўшинлари Кашмир мамлакатини фатҳ этишда ўта мустаҳкам истеҳком қаршисида ожиз қоладилар. Бунинг чораси учун олимлар шоҳга юмалоқ, ғовак ичига қўрғошин, бронза ва турли портловчи моддалар тўлдирилган, оловлантириш учун пилиги бор бомба ясаб берадилар. Уни душман устига ирғитганда, бу қурол берадиган самаралар: баланд товуш чиқариб портлаши, олов чиқариб куйдириши, дуд ва ис чиқариб душманга зиён келтириши таърифланади. Маълумки, гўй-чавгон тўпи юмалоқ бўлади. Бу ерда бомба ҳам юмалоқлиги жиҳатдан гўй деб аталган. Минг қарғага бир кесак кифоя бўлганидек, ушбу бомба ирғитилгач, рақиб аскари ҳам тумтарақай қочишга тушади. Хуллас, бомба таърифида ҳам мақол яхши боғланган:

Ҳамул гўй отилғоч қочиб як-баяк,

Масалдурки: «Минг қарғаға бир кесак».

«Мен эдим сендек, сен ҳам бўласан мендек». Ушбу мақол шоир қалами билан қуйидагича поэтик либос кийган:

Эй, Навоий, олам аҳлидин вафо қилдинг тамаъ,

Мен эдим сенинг киби, мен янглиғ ўлгунг сен доғи.

Қаттол, бефаросат, бераҳм ижрочиларнинг ножўя, хунук иши ҳақидаги «Саллани олиб кел деса, каллани олиб келади» ёки «Салла келтир деса, калла келтиради» мақоли Навоий ғазалларидан бирида келтирилган:

Бўрк ўрнида бош элтур, нақд ўрниға олур жон,

Атфоли ғаминг ичра бас турфа ўюнлардур.

Ҳусайн Бойқаро мирзонинг фарзандлари — тахтталаб шаҳзодаларни ўз асари қаҳрамони Фарҳоддек бўлишга ундаган ва улар тарбиясида кўп меҳнат чеккан шоирнинг, айниқса, Бадиуззамондан умиди катта, кутгани зиёда эди. «Шаҳға сўзимдин бор эса эътибор, Гар санга ҳам панд десам, ери бор», деб шаҳзодага маслаҳат ва насиҳатлар берар экан, бу ўринда ибратли халқ мақоли қўлланганини кўриш мумкин:

Тутма тузуб кину адоват фани,

Ўзга киши журми билан ўзгани.

Рои эсанг тут бу нафас яхши пос,

Ҳар қўйни ўз аёғи бирла ос.

«Ҳамма қўйни ҳам ўз оёғидан осишади» мақоли ҳозирги пайтда ҳам «ҳар ким ўз қилмишига яраша жазо олади, ҳар ким ўз ишидан топади» мазмунида халқ ичида ишлатилади.

Шоир Лутфийга баҳо берганидек, ўзи ҳам «масални яхши боғлағон» байтлар шеъриятида кўп учрайди. Масалан:

Хўблар тийғи етишмастин бурун бу зор ўлар,

Чин эмишким, бўлса кўп қассоб, қўй мурдор ўлур.

(«Чўпон кўп бўлса, қўй ҳаром ўлади»).

Кошки сенсиз ўлсам эрди, эй париваш, қилма таън,

Ким, мени Мажнунға ортуқтур ўлимдин бу уёт.

(«Уят — ўлимдан қаттиқ»).

Агар тупроғ тутсанг, бўлсун олтун.

Оқизсанг қатраи хай дурри макнун.

(«Тупроқ олсанг, олтин бўлсин»).

Кўзи учмоқ, оғзини очмоқ, қўлдан бермоқ, кўз юмиб,очмоқ каби халқ иборалари ҳам шоир шеърияти бадиийлигини кучайтирган:

 

Кўзум учарки, ҳумоюн юзунгни кўргай бот,

Биайниҳ анга кирпиклар ўлмиш икки қанот.

(Кўзим учмоқдаки, сенинг қутлуғ юзингни яна кўрсам керак. Учаётган кўзимга киприкларим худди икки қанот бўлгандай).

Қолурлар оғзин очиб ишқ аҳли пўямдин,

Соғ элга кулгу эрур телба айлаган ҳаракот.

(Елиб-югуришимни кўрган ишқ аҳли оғзини очиб — анграйиб қоладилар, негаки, телбанинг хатти-ҳаракати ақли соғ кишиларга кулгулидир).

Биравни, эйки, севмак орзу қилдинг, ҳавосинда

Иликтин ихтиёринг бермагил зинҳор мен янглиғ.

(Бировни севмоқни орзу қилсанг, мен каби кўйида ихтиёрингни зинҳор қўлдан бермагин).

Тушдек эрур даҳрда нокому ком,

Кўз юмуб очқунча ўтубдур тамом.

Кўз юмиб очгунча «жуда қисқа муддатда, тезда» деган маънони англатувчи иборадир. Ҳозирда уни «кўз очиб юмгунча» тарзида нотўғри қўллаймиз, ҳатто айрим луғатларда ҳам шу шаклда учрайди. Аслида бобомиз ишлатгандек, икўз юмиб очқунча(очгунча)» дейиш тўғридир.

Ушбу мисоллар ҳам шоирнинг туркона халқ таъбирларидан самарали фойдаланганини кўрсатади:

Итик тешалариға ҳар қаро тоғ,

Пичоқ олинда андоқким, сариғ ёғ.

 

Ким бор эди бошима кўп меҳнатим,

Йўқ эди бош қошиғали фурсатим.

 

Юзу зулфингни соғиниб келмишам, эй маҳжабин,

Кечани кеча демай, кундузни кундуз демайин.

 

Эй ишқ, яна фурқат ўтин жонума урдунг,

Жисмимни кул айлаб, кулини кўкка совурдунг.

 

Неча ул кирпик синониға Навоий кўнглини

Ҳар замон илғайсен, эй бадмеҳр, ани бир кўзга ил.

(Эй, меҳри каттиқ, Навоий кўнглини киприкларинг найзасига илиб қийнаверма, унинг ўзини ҳам назарингга илгин, унга эътиборингни қарат).

Ҳусайн Бойқаро таърифидаги ушбу байт ҳам ҳозирда нодир бўлиб қолган мақол билан зийнатланган:

Улус чеҳраи оламфрузидин,

«Билур йил келишини Наврўзидин».

Хуллас, Навоий даҳоси туфайли туркий тил ва туркий адабиёт, бинобарин, ўзбек тили ва адабиёти ўзининг юксак мартабасига эришди. Ҳусайн Бойқаро унга «Туркий тилнинг ўлган жасадига жон кийурди», деб баҳо берди. Бу соҳада шоирни рағбатлантирган, унга паноҳ бўлган, тегишли фармон ва кўрсатмалар берган шоҳ ва шоир Ҳусайн Бойқаро хизматларини ҳам унутмасалик лозим.

Ўзбек халқи толеида мангу порлоқ юлдуз бўлиб чақнаган буюк мутаффакир бобомиз сўзининг мартабаси ҳеч қачон «авждан қуйи инмагай». Унинг ўлмас мероси, эзгу иш-амаллари миллатимиз шаъни, ғурури, таянчи сифатида тил ва адабиётимиз равнақига, маънавиятимиз юксалишига, қадриятларимиз бардавомлигига, инсоният тарбиясига асрлар оша хизмат қилаверади.

Тўлқин Тоғаев,

филология фанлари номзоди

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 20-сонидан олинди.