…«Боланинг бирор-бир нарсага қизиқиши қонида бўлади. Эсимни билибманки, китоб атрофида ўралашганман. Уйимизда кечалари (айниқса, узун қиш тунлари) эртак айтиб бериш, жамоа бўлиб китоб ўқиш расм бўлган. Бу нарса менга шу қадар ёқиб қолганки, эртак айтиб беришларини ортиқча инжиқлик билан талаб қилганларим эсимда . Мактабга ҳам эрта борганман. Саводим жуда тез чиққан. Ёзишни ўзлаштириб улгурмасданоқ, босма ҳарфларни ўрганиб олиб, китоб ўқишга тушиб кетганман. Ўша пайт чоп этила бошлаган халқ достонларини, катталарга тақлид қилиб, қироат билан ўқишга тутинганман. Бобом менга деярли ҳар кун достон ўқитар эди. У киши китобни очиб, кеча келиб тўхтаган жойимизни албатта бармоқлари билан кўрсатар, мен эса ўша жойдан ўқишни давом эттирар эдим.
Ўша пайтларда болаларнинг китобга яқинлашуви анча мушкул эди. Одамларнинг яшаш шароити жуда оғир: турмуш ташвишларининг бир қисми болаларнинг ҳали қотиб улгурмаган елкасида – кундузи кўпинча китобга вақт етмас, кечаси эса биргина чироқ дарс тайёрлайман деганларнинг ўртасида талаш…
Болалагимда ёзувчию шоирларни аллақандай сирли, ўзгача оламдаги одамлардай тасаввур этганман. Шу сабабданми, илк бор ўз исмимни газетада кўрганимда аллатовур ҳаяжонга кўмилиб юрганларим эсимда…
…Ижодкор ўз йўлида билимдон ва хайрихоҳ одамларни учратиши бу Оллоҳнинг ишоратидир. Истеъдодли одам билан суҳбатдош бўлмоқ ёш ижодкорни беқиёс ўстирадиган улуғ манба. Истеъдодларнинг бир-бири билан топишуви, баҳсу тортушувлар, дўстлик ва ҳатто очиқ-яширин рақобат – маълум бир даврда ижодни мукаммаллик сари етаклайдиган йўлдир. Шунинг учун адабиётда тез-тез ижодий давралар пайдо бўлиб туради ва бу давраларнинг савияси ажиб бир тарзда турфа кўриниш олади. Яъни истеъдодларининг даражаси бир-бирига яқин одамлар ҳаётда ҳам қандайдир бир тарзда сараланиб, ижодий давралар ташкил этадилар. Ижодкор учун бу ҳам бир босқич. Мен ижодкорга ўқимишли ва истеъдодли давра ҳам улкан устозлик ролини бажаради демоқчиман…
…Йигирматача китобим чоп этилган. “Юрак” ва “Фонус” деган шеърий китобларим шу кунларда нашр этилди. Биласиз, шеърий китобларнинг адади катта бўлмайди. Китобларимнинг жами адади икки юз минг атрофида бўлса кераг-ов…
Ижодкорнинг кўнгли ёзганларидан ҳеч қачон тўлмайди. Аммо ёлғон камтарликни йиғиштириб айтсам, ижодда нимагадир эришганимни ҳам англайман…
…Янгангиз Раънохон, хабардорсиз, бадиий таржима билан шуғулланади. Россия Ташқи ишлар вазирлигининг “Золотое перо” мукофоти билан тақдирланган. Жуда меҳнаткаш аёл.
Болаларим адабиётга яқин – чин маънода ўқимишли одамлар. Каттам Улуғбекнинг қўлидан ёзув-чизув келади. Аммо бу ишга жиддий қарагани йўқ. Кичкинам Шодия ҳам уқувлигина, лекин ҳозиргача аллақандай хом режалар гирдобида – насиб бўлса, бирор қарорга келар. Болаларимдан ёзишга журъат этгани Назокат – Назокат Азим тахаллуси билан эндигина адабиёт аҳлига танилиб келяпти. “Қаҳвахўр қизлар” деган китоб ҳам нашр эттирди. Айтгандай, унинг илк ҳикояси “Ёшлик”да – сизларнинг журналларингизда чоп этилган. Ҳозир бир ижодий ташкилот билан ҳамкорликда катта бир лойиҳа устида ишлаяпти.
Олтита неварам бор: Шоҳруҳмирзо, Темурмалик, Исмоилбек, Муҳаммадбобир, Сарвар, Комрон…
…Ўзбек хақининг шаклланишида, унинг ўзини англаш жараёнида Адабиёт етакчи рол ўйнади. У ҳамиша халқнинг онгини уйғотишга, унинг зўравонлар ўчириб юборишни маъқул биладиган тарихий хотирасини мустаҳкамлашга ҳаракат қилди; Одамларнинг тақдирини тасвирлаш асносида, бугуннинг суратини чизди; эртанинг орзумандалигида яшади ва бу орзуларни элнинг эрларига юқтирди. У халқнинг руҳи ва онгига айланди. Гўзалликнинг, мутаносибликнинг манбаси сифатида одамларнинг дидини – жамиятнинг дидини юксалтирди. Мен чинакам Адабиёт ҳақида гапиряпман. Адабиётнинг қай даражада тириклиги – Халқ тириклиги даражасини ўлчаб берадиган мезондир.
…Адабиёт – адабий қаллоблар ўйлаганидай, шахсий маанфаатлар дўкони эмас, балки халқи тақдирини ўйлайдиган фидокор инсонлар қалбининг ёлқинидир.
Иллатларнинг эса иккитасини санаб ўтаман. Бири, юқорида ёзганим, адабий қаллоблик – ўзини буюк адиб қилиб кўрсата билиш санъати. Бу – истеъдодсизликнинг энг хавфли кўринишидир.
Хушомадгўйлик ҳам адабий анъана сифатида шакл– ланиб бормоқда. Бу – жуда уят адабий ҳодиса. Коммунистик ва феодал ўтмишдан қолган бундай ялтоқиликдан Адабиётимиз жирканмоғи лозим деб ўйлайман. Чунки Адабиётининг ғурури бўлган халққина ор-номусли бўлади.
…Мен оқимларни жуда ёмон кўраман. Айниқса, улар сунъий равишда ташкил қилинса. Аммо ўзини “модернчиман” деб юрганларни ҳам тушунаман: тепада ёзиб ўтганим нусхаларнинг сафида бўлмоқдан улар ор-номус қилган бўлсалар ажабмас. Кейин эса бу туйғуга озгина олифтачилик аралаштириб, “модернизм” деб атаб қўя қолган бўлсалар керак. Мен аввал ҳам айтганман, бунақа шеърий машқлар жаҳон адабиётининг чўнтагидан аллақачонлар тушиб қолган. Улар ҳозир постмодернизмдан ҳам кечмоқчи бўлиб туришибди. Биздаги жуда ҳам модерн қиёфада кўрингиси келиб турганларнинг ёзиши адабиётнинг ривожи туфайли табиий ўсиб чиқадиган бир ҳолдир. Истеъдод эса ҳамиша саноқли бўлади, бир тўда бўлмайди. Бизнинг модернчиларларнинг сафида бир-икки шоир бор, қолганлари ҳали шеър ёзишни ўрганиши лозим бўлган ҳаваскорлар. Хуллас, “модернизм” сўзи менда “соцреализм” тушунчасидай ёқимсиз таассурот қолдиради. Менимча, адабиётда икки тоифа ижодкорлар бор: истеъдодлилар ва истеъдодсизлар. Тамом…
…Янги йил режалари…
«Ёзаверайлик, қолгани бир гап бўлар», деган эски иш режам бўйича бошлаб юбордим».
“Ёшлик” журнали. 2 (231)-сон. 2010