Абдулла Қодирий мамлакатининг фуқароларига бир марта учраган киши уларни эсидан чиқармайди; хотира деворига муҳрлайди. Адиб насридаги бадиий тасвирнинг жозибаси шундай. Бугун Қодирийнинг ўнлаб қаҳрамонларига такрор ва такрор назар ташлаб, уларнинг кўзларига боқиб, умрбоқийлик сирларини излаймиз. Бадиий асар қадр-қиммати, оҳанрабоси ва ўқувчига завқ бериши жуда кўп бадиий унсурларга боғлиқ. Бу маълум гап. Аммо қайсидир англанган бадиий ҳақиқатларни англатишда ва санъаткор бадиий оламига қайта мурожаатда ҳикмат бор. Абдулла Қодирий қаҳрамонларининг маънавий дунёсига нақадар эътибор берса, бевосита ўша ботиний оламни намоён этадиган ташқи омилларга ҳам, алабатта, назар ташлайди.
Нодир санъат дурдоналарида адабий қаҳрамонлар портрети тасвирида кўзлар марказий ўринни эгаллайди. Зотан, инсоннинг кўнгли, қалб ҳолати сўзи ва кўзида намоён бўлади. Бировнинг гапидан ичини билиб олиш қийин эмас. Ижод аҳли, дейлик, Қодирий қаҳрамонларини гоҳида ҳикматларга тўла гўзал нутқлари орқали юксак мақомга кўтаради. Масалан: «Бу кўнгил шу манфаатпарастлар таъсирида қорайди. Ёшим олтмиш бешга етиб бир вақт бўлсин ибодатимни жаноби Ҳаққа бевосита йўналтирганимни ва кўнгил кўзим очилиб қилғон саждамни хотирлай олмайман», (мақоладаги таъкидлар бизники — Б.К.) деган ўз-ўзига маломатли сўзлар Юсуфбек ҳожи сиймосига салобат ва донолик бағишлайди. Кўнгил кўзининг ҳолатини белгилайди. Баъзан адиб бир «чағир кўз» одамга «қўланса гаплар учун яратилган» сифатини айнан бемаъни сўзлари учун беради…
Мумтоз адабиётда кўз ва кўнгил жуфтлигининг бир байтда ёнма-ён келиши шу икки моддий ва маънавий борлиқнинг бири иккинчисини тўлдириб, бирининг бошқасига ўтиб туриши ҳолларини англатади. Шунга монанд гоҳида маълум ва машҳур мумтоз шахслар тўғрисида: «Ҳақ субҳана ул-таоло агарчи зоҳир кўзин ёпуқ яратқондур, аммо кўнгил кўзин бағоят ёруқ қилғондир» («Насойим ул-муҳаббат») тарзидаги тавсифларни ўқиймиз. Румийнинг «Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил» сатри машҳур. Айниқса, ошиқлар эътирофича, ёр жамолини кўрганда кўз равшан тортади, висолига етса кўнгил хуш бўлади. Алишер Навоий: «Кўнглума ҳажрингда жаннат гулшани зиндон эрур, Кўзима сенсиз гулафшон боғ хор афшон эрур», деган мисраларни битади.
«Кўз — кўнгил ойинаси». Гоҳида кўнгил хижиллигини кўз ошкор қилади. Баъзан маънавий тубанлик, қалб кўрлиги маънисиз кўзларда акс этади. Ҳали эслатилганидек, зоҳирдаги кўзи кўр бўлса-да, ботин кўзи очиқ инсонлар, Оллоҳнинг маърифатига, ҳақиқат мақомига етишган зотлар ўтган тарихда.
Ғоятда сирли хилқат бўлмиш кўзда забон йўқ. Аммо сўзлайди. Айниқса, бадиий асарларда эсда қоладиган моҳият билан жиддий «гапиради». Демак, кўз бу — фақатгина моддий борлиқ эмас. Ҳаётда ҳам, бадиий ижодда ҳам кўз кўнгилнинг тилмочи, таржимони. Тил яширган дил асрорини кўзлар ошкор этади. Агар кўз доимо гўзал нарсаларни кўрса, кўнгил тозаради. Кимки кўзини ёмон нарсаларга қарашдан тиядиган бўлса, у кимсанинг қалбига хушуъ фазилати берилади. Шу маънода Абдулла Қодирий қаҳрамонларининг кимлиги, дил ҳарорати ва ҳолатлари кўзларидан кўринади. Адиб асарларидаги образлар табиатига, кўнгил ҳолатларига мослаб кўзларига турлича сифатлашлар беради. Абдулла Қодирий Отабекни меҳр-мурувват билан «келишган қора кўзлик» дейди, ундан олдин эса, «оғир табиатлик, улуғ гавдалик, кўркам ва оқ юзлик» бир инсон эканини айтиб ўтади.
Алоҳида таъкидлаш керакки, Отабек иситма аралаш ўзига асир этган, «одам сувратидаги малак»ни «қаро кўзлари камон қошлари» билан туш кўради. Отабекнинг ошиқона руҳий ҳолати тасвири учун адиб бежиз кўз ила қошни келтирмайди: «бек ошиқ»! Шу боис, унинг ҳужрасидан «уфф» деган ихраш» эшитилади. Шу сабабдан хаёлга ғарқ бўлган бек «ангровлана»ди, «кўзини бир нуқтага тикиб» ўтира беради. Зотан, мумтоз шоирлар ёрнинг кўзи ошиқларни асиру мубтало этганини, қошлари вужудини қиличдек тилка-пора қилганини, киприклари эса, юрагига найзадек санчилганини кўп бора айтганлар. «Кўзим эви юзидин мусаввар бўлди, Бу важҳ била кўнгил мунаввар бўлди» — Бобурнинг шу таъбири билан айтганда, Отабекнинг кўз уйига, қалб кўзига ёрнинг суврати тушади. Шу боис у безовта, аммо кўнгли мунаввар бўлажак. Қодирий тасвирича, улар тасодифан биринчи учрашганларида: «ихтиёрий эмас, ғайриихтиёрий иккиси ҳам бир-бирисидан бирмунча вақт кўз ололма»ган эдилар. Шунда «тақдир шамоли»нинг изми билан Отабекда «иффат пардаси остида ўлтирган» «у афифага қарши бир ишқ, ҳам чин бир ишқ» пайдо бўлган эди. Қолаверса, агар Отабек шу «қаро кўзлар»га асир тушмаганида «Ўткан кунлар» можаролари содир бўлмас ҳам эди, эҳтимол…
Биз текшираётган мафҳума — тезис нуқтаи назари билан романнинг бошқа бир саҳифасига назар ташлаймиз. Романнинг «Хон қизиға лойиқ бир йигит» бўлимида Мирзакарим қутидор билан Отабек таништирилади: «Таништиришдан сўнг Отабек билан Қутидорнинг кўзлари бир-бирларига тез-тез учраша бошладилар». Бу учрашиш беҳикмат эмас. Қутидор Отабекдан ниманидир сўрмоқчи. Сўз ўнқовини пойламоқда. Ниҳоят, «уларнинг кўзи учинчи тўқнашувда Қутидор кулимсираб» ўз муддаосини айтади. Кўзларнинг бундай ҳолатида сўзсиз нигоҳлар билан сўзлашиш юз беради; бўлажак суҳбат ё савол-жавобга ҳозирлик кўрилади. Бир-икки саҳифадан кейин шу зиёфатда паришонхотир ўтирган Отабекнинг «кўзлари ихтиёрсиз равишда қаршисидаги Қутидорга қарайдилар, Қутидорнинг кўзи ўзига тушди дегунча кўзини ундан олиб дастурхондаги кўнгли тиламаган нарсаларга урина бошлайдир…». Бундай ихтиёрсизлик ҳолатини муаллиф яна бир ўринда Отабекнинг изтиробларига илова қилароқ: «Киши изтиробка тушкан кезларда тилаб эмас, ихтиёрсиз баъзи-бир ўринсиз ишларга уринадир», деб ёзади.
Адиб «Ўткан кунлар»нинг бир жойида «доғ қилинаётган зиғирёғининг ҳиди»ни ишлатганида тасвир «яна ҳам одам ишонарли» бўлиб чиққанини айтади. Шунга ўхшаш яна бир бадиий детал шуки, Офтобойимнинг эгачиси Отабекни кўриб: «Офтоб дарров исириқ ҳозирла, куявингни ёмон кўзлардан асрасин!», дейди. Халқона бир урф-удумга кўра кўз тегишидан эҳтиёт чораси кўрилади. Воқелик тасвири бу ўринда ҳақиқатан ҳам ўзгача жилоланиб реаллашади. Романнинг ана шундай инжа ва латиф нуқталарида беихтиёр Қодирийнинг инсон руҳиятининг мусаввири, халқ ҳаётининг билимдони эканига тўла-тўкис иқрор бўласиз.
Роман аввалида иккинчи бош қаҳрамон — Кумуш руҳиятида ғалати бир паришонлик, хаёлланиш кезинади. У ҳам Отабекка ўхшаб аллатавур бўлиб юради. Адиб Кумушни таништирган биринчи эпизодда ҳам айнан шу ҳолат манзарасини чизади: «Биз булар билан танишишни шу ерда қолдириб айвоннинг чап тарафидаги дарича орқали уйга кирамиз, ҳам уйнинг тўрига солинғон атлас кўрпа, парёстиқ қучоғида совуқдан эринибми ва ё бошқа бир сабаб биланми, уйғоқ ётқан бир қизни кўрамиз. Унинг қора зулфи парёстиқнинг турлик томониға тартибсиз суратда тўзғиб, қуюқ жинггила киприк остидағи тимқора кўзлари бир нуқтаға тикилган-да, нимадир бир нарсани кўрган каби… қоп-қаро камон, ўтиб кетган нафис, қийиғ қошлари чимирилган-да, нимадир бир нарсадан чўчиган каби… тўлған ойдек ғуборсиз оқ юзи бир оз қизиллиқға айланган-да, кимдандир уялған каби…». Бу кўчирмада берилган Кумушнинг кўринишини кўзсиз тасаввур қилиш мутлақо мумкин эмас. Биринчидан, бунда «уйғоқ ётқан бир қиз» бор. Унинг кўзлари очиқ, биз уни кўриб турамиз. Иккинчидан, «қуюқ жинггила киприк остидағи тимқора кўзлари бир нуқтаға тикилган»ига эътибор берамиз. Учинчидан, у «нимадир бир нарсани кўрган»га ўхшайди. Қолаверса, «нимадир бир нарсадан чўчиган»лик аломати ҳам кўзда зоҳир бўлади.
Қодирий романининг қайсики саҳифасида Кумушнинг ҳолатини берса, албатта, Отабекни мафтун этган унинг кўзлари тасвирига тўхталиб ўтади. Тасвир жараёнида «тимқора кўзлар», «жон олғучи қаро кўзлар», «қора оҳу кўзлар», «шаҳло кўзлар», «жоду кўзлар» каби эпитетли сўз бирикмаларини қўллайди. Айрим ўринларда «шу вақт уй ичидаги ситамгар пари ўзининг сиҳрлик кўзлари билан Отабекка яна кулиб қараб турар эди-да, гўёки бу кулиш билан ўз сиҳрининг қайси даражада кучлик бўлғанини сўзлаб фахрланар эди» каби жумлаларга «сиҳрлик кўзлар» жон ато этади. Шу билан бирга, сохта талоқ хатини олган Кумушдаги тушкун кайфият «унинг кўзларида доимий бир маъюсият, аримас ҳузн(мунг), ҳар онда бир энтикиб чайқалиш эди», деган ҳаққоний тасвир орқали ифода этилади. Зеро, ҳар икки кўчирмада Кумушдаги кўнгил ҳолати, яъни сурур ва ғам-қайғунинг тасвири мужассамдир. Романдаги нигоҳга энг кўп диққат қилинган эпизодлардан бири Кумушнинг ота-онаси билан Тошкентда кутиб олинишидир. Кутиб олувчиларни Кумуш қизиқтиради: «ҳамманинг кўзи аланг-жалонг»лайди. Қани Кумуш? Ана! «…Қип-қизарған ҳолда Кумуш кўринди: паранжиси қўлида, қора атлас кўйнак эгнида, зангор латта мурсак устида, оқ шоҳи рўмол бошида эди». Ушбу тасвирдан кейин, албатта, биз кутгандек адиб ёзади: «Шаҳло кўзлари кулумсирашка яқин ҳолда уятлик эдилар». Кўзларга ёлғиз бир «шаҳло» сифатини берибгина қолмасдан, ёзувчи улар учун эҳтиром маъносида «эди» тўлиқсиз феълига «-лар» қўшимчасини қўшиб қўяди. Хуллас, шу зайлда «ҳамманинг кўзи иттифоқ қилгандек Кумушка» тушади.
Кўзларда инсон руҳи акс этган бундай ўринлар «Ўткан кунлар»да талайгина. Кўз инсон вужудидан ташқи оламга, зулумот дунёсидан ёруғ оламга очилган бир жуфт дарича. Кўзнинг ички ва ташқи оламга тегишли имкониятлари бор. Инсон вужудида кўздан бошқа бундай чексиз кўп хосият ва имкониятларга эга бўлган иккинчи бир аъзо йўқ. Гоҳида бутун куч-қудратини, бутун нафратини инсон кўзига жамлайди, кўздаги бу ифода бошқага ҳар қандай ҳақоратомуз сўздан кўра кучлироқ таъсир этади. Бунда кўзлар интиқом олгувчи махсус бир қуролга айланади. Шунга монанд романдаги Отабек билан Қутидорнинг «нажот фариштасининг» ёрдами билан дор остидан қайтган жойини эсланг: «Отабекнинг қўлларини бўшатгувчи қўрбошининг бунчалик титраб, қалтирашидан ўз рақибларидан биттаси шу киши бўлғанини ўйлади. Гарчи ўзининг нажоти ҳали қоронғу эрса-да, қўрбошини бир синаб кўриш учун ҳамма кучини икки кўзига йиғди-да, унга қаради. Фавқулодда даҳшат касб эткан унинг кўзлари қаршисида қўрбошининг гуноҳкор кўзлари чидай олмадилар-да, ерга боқдилар, Отабекнинг шу синаши ўз фикрининг тўғри бўлиши билан натижаланди». Кўзлар синовчан боқади, кўзлар қаршисида турган одамни имтиҳон қилади ёки кўзлар эгасига «хиёнат қилиб» ичисини фош этиб қўяди. Гоҳида тил бир гапни гапиради, кўз эса кўнгилда кечаётган ҳақиқат алангасининг ёлқинини яшира олмай ёнади.
Абдулла Қодирий фақат бош қаҳрамонлар портретида эмас, балки иккинчи даражали образлар тасвирида ҳам кўзнинг ҳолатларини эсдан чиқармайди. Масалан, Мирзакарим қутидор «қорақош, қоракўз, кўркам юз»ли, Уста Алим «қўйкўз», Ҳасанали «тўгалак қора кўзлик», Жаннат опанинг «кўзи қоққан қозиқнинг ўрнидек чуп-чуқур», унинг ўғли Содиқ «уккикўзлик»дир. Мусулмонқулнинг кўзлари киприксиз ва қисиқ. Ҳомидга «қора чўтир юзлик» сифати берилгач, «чағир кўзли»ги айтилади. Бир жойда «Хушрўй ўзининг золим кўзини» ўйнатади, бошқа бир эпизодда «ваҳший кўзлари» билан қарайди. Бундай сифатланган кўзларда қаҳрамонларнинг кўнгли ҳам, табиати ҳам қайсидир даражада ўз ифодасини топади, албатта. Тўғриси, баъзан романнинг қайси бир ўринларида қаҳрамон учун кўзлар ҳолатининг тасвирига эҳтиёж сезилгандек ҳам бўлади. Эсланг, ўлимга ҳукм қилинган «Қутидорнинг юзига ўлик туси» киради. Шу маҳал хаёлдан: «кўзи қай ҳолда бўлган экан», саволи лип этиб ўтади. Бошқа бир ўринда «ўн етти ёшлар чамалиқ, кулча юзлик, оппоққина, ўрта ҳуснлик Зайнаб»нинг кўзини излаб қоласиз…
Юқорида айтганимиздек, «Ўткан кунлар» аввалида Кумушни уйқудан уйғонган ҳолда кўрамиз, романнинг охирги саҳифаларида вужудида безовталик ҳукм сурган Кумушнинг кўзи гоҳ юмуқ, гоҳ бесаранжом ёки бехосдан «ярқиллаб очилиб» кетиши кузатилади. Аммо, охир-оқибат, у «уялған сумол кўзини» юмади. Ҳаётдан кўз юмади. Ҳа, бу дунё ҳаёти гўё Кумушнинг киприк қоқишидек, шаҳло кўзларини очиб юмишидек қисқа ва ўткинчи бир фурсатдир. Шу маънода «Ўткан кунлар» инсоннинг ўзига, сўзига, кўнгли ҳамда кўзига қайта ва қайта назар ташлашга ундовчи ҳам ҳаёт, ҳам ишқ китобидир. Зеро, алоҳида фазилатга эга ишқ эгалари «пок кўзни пок ният билан пок юзга соладилар ва пок кўнгил у пок юзнинг завқ-шавқи билан беқарор бўлади» (Алишер Навоий таъбири). «Ўткан кунлар»да мужассам топган кўз ва юз, ният ва кўнгил поклиги образлар ҳаётини келажак кунлар сари етаклайди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 14-сонидан олинди.