Иқбол Қўшшаева. Кумушга айланган маъсума (2007)

Мунча ишқим қайга сиғади?
Ҳаммаси ҳам руҳим ичида.

Ойбек

Нега унинг овози ҳазин, табассуми синиқ эди? Ҳатто мағрур нигоҳида ҳам кишини ўйлантирадиган маъюслик яширин… Лекин ҳеч кимга ўхшамаган хокисорлик — вазминлигида қандайдир аслзодалик ҳам бор эди-ки, ҳамиша ғамгин, аммо улуғвор кўринарди.

Ҳузурига бормасимдан олдин адабиётшунос Шуҳрат Ризаевнинг:  “Ҳаётда қандай оғир, вазмин, камгап бўлса, санъатда ҳам шундай яшаб келяпти. Аммо унинг изтироб ва оғриқлар билан лиммо-лим қалбини, дод солса, исён кўтарса, дунёни бузарлик қудрати, қуввати борлигини Римма Аҳмедова санъатидан том маънода баҳра олган нозик фаҳм ва дидли ихлосмандлар ҳамиша сезиб юришади. Агар ўзбек актёрлик санъатида Римма Аҳмедованинг фақат у билангина барҳаёт ўрни бор десам ҳақиқатга яқинлашган бўламан. Билмадим, ҳар қалай менга ўтган ва ўтмаган аёл актрисаларимиз ичида Римма Аҳмедова деган ҳодиса энг маҳобатлиси бўлиб туюлади. Чунки у ҳеч қачон томошабин кетидан юрмайди, эргашмайди, балки аксинча эргаштиради, ундан баландроқ юради. …У кўп нарсага файласуф нигоҳи билан қарайди. Дунё ишларини файласуфона мушоҳада этади.”1, дея кўнглининг туб-тубидан чиққан самимий эътирофини қайта-қайта юрагимдан ўтказдим. Санъаткорнинг руҳни ибодатга келтирувчи, ҳа-ҳа, айнан ибодатга келтириб, покловчи овозини эшитиш учун баҳога ҳаддан ташқари хасис, тажанг домланинг сабоғини қолдириб, юрак ҳовучлаганча “Инсон қалби ҳақида қисса” фильмини кўрган кунимни ҳамон қўмсайман. Ўшанда мен англаган бирдан-бир ҳақиқат шу эдики, фильм қаҳрамони — туйғулар олами бой бемор шоиранинг хаста, лекин ҳассос юраги аслида биргина овози билан унинг образини яратаётган Санъаткорим кўксида уриб турарди. Шу сабаб бўлса керак, гарчи дубляж санъатида икки мингга яқин образларни яратган бўлса-да, Римма опа йиллар давомида ўзига ҳам қадрдон бўлиб қолган беғубор Наташа Ростова билан нозик қалбли ўша шоирани айрича меҳр билан эслаб келди. Чунки бу қаҳрамонларнинг дарди, шикаста туйғулари унга бегона эмас эди…

Бу Аёллар дунёсида камалакнинг турфа рангларини эслатувчи инсоний хислатлар, гоҳида ақлданда юксалган ҳиссиёт, туйғулар нафислиги билан боғлиқ ички ҳамоҳанглик мужассам. Бир неча йиллар олдин актрисанинг бетоблигини эшитишим биланоқ ўзи ардоқлаган ўша Шоиранинг дардманд юраги қулоғим остида ураётгандек бўлганди. Кўз олдимда илтижоли нигоҳларини ўзининг суюкли жарроҳидан бир зум ҳам узолмаётган, икки ўт — бурч ва муҳаббат оловида қоврилаётган, бедаво дардга йўлиққан Аёлнинг шоирона қиёфаси гавдаланганди. Нима учундир унинг ўзини  учратгунча кўпроқ шу ҳолатда таcаввур қилар эдим…

…Истараси ниҳоятда иссиқ, туйғулари паришон юзига майин қалқиб чиққан, маҳзун қиёфали, ҳар қандай ҳолдаям дилбарлигича қолган, сочлари кумушга айланган маъсума Аёл. Унинг муҳаббатга айланган маъюс кўзларида юракни уйғотадиган илиқ ҳарорат мужассам. Актрисанинг ўйчан қиёфасига ёшликка хос лирика ҳам сингиб кетган эди. Бу унинг ниҳоятда нозикхаёл эканидан дарак берарди. Мана шу ҳолатда кўнглимни найнинг дилўртар навосидек  титратди. Ва бу ҳазин куй кўмагида гўёки юрагимни кафтимга олиб томоша қилгандек бўлардим… Ҳа, аҳён-аҳёнда бу найдан кўнгил қулфини очиб ташлайдиган ўйноқи-шўх наволар янграрди. Барча истеъдодли инсонлар сингари юмор туйғуси у учун ҳам бегона эмас эди. Ўз ҳолатидан кула оларди, кулгандаям мазза қилиб, яйраганча армонсиз куларди. Баъзан биз дардидан маъюсланиб қолсак, ўзини “айбдор” сезиб хижолат чекар, “мени кечиринглар” дегандек илтижоли боқарди. Муносабатларимизда ёшимиздаги қирқ йиллик масофа ҳеч сезилмаган, олдида ўзимни ниҳоятда эркин сезардим, юрагим эрк шаробидан тўйиб ичаётгандек  бўларди. Ҳар гал суҳбатлашганда амин бўлардимки, бу аёлда камдан-кам одам эришиши мумкин бўлган, ҳар қандай чиройдан-да юксак, турмушнинг телба шамолларидан ғолиб руҳий юксаклик мавжуд эди. Актрисанинг ўй-мулоҳазалари ҳеч қачон кексалик нишонаси бўлмиш панд-насиҳатга айланмади. Ҳаётни айрича муҳаббат билан севиб, уни теран тушунар, назаримда бу туйғуни сўнгги лаҳзаcигача суҳбатдошларига ҳам юқтиргиси келарди.

Унга отасини кўриш насиб этмади. Сайрамлик Анор хола кенжатойи Ашурни урушга жўнатаётганида, ўғли вагон деразасидан бошини чиқариб: “Александрани асранглар, бўйида боласи бор!” дея овози борича бақиради. Бу ўғилнинг онага айтган охирги ўтинчи эди. Орадан ойлар ўтиб фарзанд дунёга келади. Александра қизалоққа эрта кетган дугонасининг хотираси учун Римма деб исм қўяди. Анор хола эса кенжатойининг тирик васиятини ҳеч кимга ишонмас, уни Ирисой деб чақирар, “чироғим” деб эркалатарди.

Александра турмуш ўртоғини ўн бир йил кутади. Тақдирга тан берган она: “Болам, шунча кутдинг, уволингга қолмай, турмушга чиқ,” дея келинига рухсат беради. Бироқ Ашургинасининг ёлғиз ёдгорини ўзи билан олиб қолади. Невараси кўнглининг кемтиклиги билинмасин дея эски шаҳардаги бозорда тарозибонлик қилиб неки тансиқ нарса кўрса нуридийдасига илинади. Бола онамнинг олдига бораман, деса ҳам ёлғиз юборишга кўзи қиймас эди. Негаки, бошқа турмуш қуриб, кетма-кет фарзандлик бўлган Александранинг тинч турмушига халал бергиси келмас эди. “Ўзимча ойим(бувим)дан кўп ранжирдим, — дея эслайди Римма опа. — Институтда ўқиб юрган кезларим тадбирлар — ижодий кечалар тез-тез бўлиб турарди. Шунда гоҳида кечгача қолиб кетар эдик. Уйга қайтаётганимда, қачон қарамай ойим кўчага чиқиб, мени кутиб ўтирардилар. Хоҳ қаҳратон қиш бўлсин — хоҳ ёз. Мен эса у кишини уришаман “Ойи, маҳалладаги аёлларга гап кўпайтириб нима қиласиз: “Бояқиш, кечгача Ирисхонни кутиб кўчада дийдираб ўтирибди” дейишади…”

Кунлар ойларга айланди, ойлар эса йилларга… Йигирма ёшида у ҳам бувисидан, ҳам онасидан жудо бўлди. Мана шу жудоликлардан сўнг биз учун таниш бўлган нигоҳига қайғунинг илк сояси тушди. Бора-бора бу соя чуқур мунгга айланди. Ҳатто ўзини бахтиёр санаган лаҳзаларда ҳам унинг нигоҳини тарк этиб кетолмади.

Маъракалари ўтгач, институтдан келаётсам, раҳматли ойим мунғайибгина мени кутиб ўтирадиган симёғоч остидаги курсича бир четда ағанаб ётибди. Уй қоп-қоронғи. Кўнглим каби йилт этган ёруғлик ҳам йўқ… Шунда Кимни йўқотганимни англаб етдим. У киши: “Чироғим, мендан хафа бўлма. Бир кун келиб афсусланишингни ҳеч хоҳламайман. Унда кеч бўлади. Ўз ҳолимга қўй мени. Қўшнилар гапи билан иш қилмайман-ку! Кўчага чиқиб сени кутишга кучим етяптими, бу ҳам ғанимат. Лекин, болам, шуни бил, сени мендек ҳеч ким кутмайди. Бошингга тушганида биларсан,”дер эдилар. Бувимни вафот этганларидан кейин тушундим… Энди эса ҳар тонг уйғониб у кишининг руҳидан кечирим сўрайман: “Ойижон, мен ғофилни кечиринг, мана бугун мен ҳам сизнинг аҳволингизга тушдим.” Назаримда, ҳали ҳам у киши «Ирис болам, қийналдингми”, деб мўлтираб тургандай…”

Бироқ ҳаёт довонлари Анор хола дилбандини cанъатнинг арзандасига эмас, ҳақиқий фарзанди — меҳри учун жазога маҳкум этилган жафокаш Корделиясига айлантирди. Актриса ҳам бир вақтлар саҳнада образини  яратган қаҳрамонидек туйғуларини ошкора намоён этавермас, меники-сеники дея саҳнани кураш майдонига айлантирмасдан ўз сукутига ғарқ бўлганча, ички саволларига жавоб изларди. Римма Аҳмедова саҳнада чуқур фожиавий образлар ёки ўткир драматизм руҳидаги қаҳрамонларни ҳамда комик ролларни яратаётганда фақат бир нарсани — томошабинлар актрисанинг оғзидан чиқаётган сўзларни эмас, чунки бу сўзлар муаллифники, актриса қалбига қулоқ солишини, шу сўзларни айтаётганда қандай оғриқларни ўзидан ўтказаётганини тушунишини орзу қилар эди. Умри шомида “Юлдузли тунлар” спектаклидаги Хонзодабегим қисматини кўп эслади. Яъни бу образни саҳнада қандай гавдалантирганини эмас, асло!.. Фақат яқин кишисининг бахти учун ўзининг орзуларини, келажагини қурбон қилган Аёл дардини ўйларди. Ўйлаган сари ўзи ҳам унинг дунёсига чўкиб борар эди…

Бу аёл саҳна инсон туйғуларини таҳқирламасдан, юксак маънавий идеаллар йўлида хизмат қилиши керак деб билди. Сен ундан ўзинг излаб юрган гўзалликни топ. Қаҳрамонлар фожиасида ўзингдаги кемтикликни кўр-да тиниқиб-тиниқиб йиғла, руҳан покланасан дер эди. Табиийки, бетоблиги туфайли ижодий жараёнлардан узоқлашганди. Бир куни соғиниб юрган театрига спектакл кўргани боради… “Мен спектаклнинг режиссурасию актёрлар ижроси ҳақида гапиришни ҳам хоҳламайман. Спектакл эмас! Бу томошада эркак ва аёл ўртасидаги сирли муносабат шу қадар яланғочлик билан айтиляптики,  буни санъат деб айтолмайман!”— деган эди.

Ўша куни уйига йиғлаб қайтади. Аслида,  бу кўзёшлар бир умр соф туйғулар билан севган саҳнасининг шу қадар қадрсизланганига қилолган бирдан-бир исёни эди. Шундан сўнг ўзи учун хулосага келади: гўзаллик чексиз тушунча бўлганидек, яъни унинг қиёси топилмагани учун ҳам ҳар томонлама мукаммал санъат асари бўлмайди. Шунингдек, тубанликнинг ҳам интиҳоси бўлмас экан…

Унинг Ўзбек миллий театри саҳнасида кўрган сўнгги спектакли “Дарахтлар тик туриб жон беради” саҳна асари эди. Бу пьеса актриса учун алоҳида қимматга эга. Негаки, бир умр шу асар хаёли билан яшади. “Гинзбург “Ричард III”ни фақат мен қўя оламан, бошқа ҳеч ким мендек қўя олмайди”дер эди. Буни такаббурликка йўймаслик керак. Режиссёр бир асарга қўл урар экан, ўша асар ҳақида мана шундай даъвоси бўлиши шарт. “О, классика! Жаҳон драматургиясидан албатта саҳналаштиришим лозим, деган ҳавойи хоҳишнинг ўзигина ҳеч нарса қилолмайди. Яъни етук спектакл учун яхши асарнинг фақат ўзи камлик қилади. Бунда ҳеч кимни такрорламаган режиссёр нигоҳи зарур. Асарнинг саҳнавий варианти тўлалигича хаёлда етилиб пишмасдан қўл урмаслик керак… Ҳозир мен тасаввуримда Кассонанинг бу асарини тўлиқ кўряпман. Шу асар орқали ичимда қолиб кетаётган гапларни айтмоқчи эдим. Яъни инсон энг оғир дақиқаларда ҳам қанчалик қийин бўлмасин тўғри қарор чиқара олиши шарт. Ҳеч қурса ўлаётган чоғида ҳақиқатнинг кўзига тик қарай олиш учун  ўзида куч топсин. Қанийди имкониятим бўлганда эди. Ҳали режиссурага қўл уриш учун вақт бор деб ўйлардим. Афсус кеч бўлди. Жуда кеч….”

Ўзим “Дарахтлар тик туриб жон беради” спектаклини театр саҳнасига кўрмасимданоқ, Римма опа орқали асар ҳақида тасаввурга эга эдим. У киши ҳар бир ролга алоҳида тўхталиб, ўзининг саҳнавий вариантини айтиб берган эди. У ҳолатга кирганча асардаги диалогларни менга айтиб бераётган кезда танасидаги оғриқларни тамоман унутарди, назаримда. Кейинчалик спектаклдаги бош  қаҳрамонлардан бирининг ижросидан опа жуда хафа бўлди. Куюнганча “Унинг қаҳрамонини олижаноблиги, самимияти қиёфасида акс этиб турган бўлиши керак. Бу актёр эса  ясама табассум билан саҳнага “мана мени кўриб қўйинглар” деб савлат тўкиб юради. Шунчаки матнни ёдлаб олган, холос. Қиёфаси шу қадар расмий, қуп- қуруқки, яқин кишисининг жанозасида ҳам ўз авторитетини ўйлайдиган  чиновникни эслатади”.

Актриса илк бор саҳнада 1962 йил “Океандаги фарёд” спектаклида зиддиятли лирик кечинмаларга бой соҳибжамол баронесса қиёфасида чиқади. “Бу ажойиб спектаклни Тўла акам  саҳналаштирган эдилар. Бу менинг диплом спектаклим — илк ҳайратим бўлгани учунми қайта қўйилган вариантини (Т. Азизов саҳналаштирган “Етти фарёд” спектакли назарда тутиляпти, — И.Қ) кўришга юрагим дов бермади… ”

Касалхонада бўлган сўнгги суҳбатларимиздан бирида санъаткор шу спектаклда яратган баронессасини яна бир карра эслади: “ Ниҳоятда чиройли баронессанинг ошиқлари кўп бўлади. Бой барон эса аёлнинг ҳуснидан керилганча қаергаки саёҳатга чиқса, ўзи билан олиб юрар, бироқ тунлари эса шафқатсизларча “сен фоҳишасан” дея ҳақорат қилиб, урарди. Асарнинг кулминацияси — қаҳрамонлар фожиа ёқасида қоладилар. Яшаш учун ҳеч қандай умид йўқ. Ҳамма фожиани турлича кутиб олади. Ажал рўпарасида турган барон маъшуқасига: “Нима учун мен сенга шунча азият етказсам-да, орқамдан қолмайсан, бир зум ҳам мендан айрилмайсан?” дейди. Шунда мен, яъни баронесса: “Биласанми, менга сенинг берган озорларинг ҳам ёқади, мени урган мана шу қўлларингни ҳам севаман”,  деб жавоб бераман.

Муҳаббат — шунақанги жумбоқки, сен уни тушунтириб беролмайсан. Нима учун севишингни айтолмайсан. Севасан ё севмайсан. Тамом. Мени тотганим ширин азоб бу. Негаки сен барибир қисқа бўлса-да, у билан кечган, бахтли, нурли кунларнинг хотираси учун ҳам… астойдил кечириб, уни ўйлашда яна давом этавераркансан. …Юрагинг уриб турар экан хато қилишдан ҳеч тўхтамас экансан. Гоҳида меҳринг ҳам хатоларингга айланаркан. Фақат ўлим билангина буларга нуқта қўяркансан. …Йў-ўқ, ўтган кунлардан сира афсус чекмоқчи  эмасман. Бошқача бўлолмасдим ҳам.  Лекин, аёвсиз бир шамол умримни супуриб ташлагандай… Шунга мана бу ерим(кўксини кўрсатади) ачишиб куйдиряпти-де…”

У ўқиган шеърларнинг ҳар бири қандай қилиб санъат асарига айланганини ўзимча тушуна бошлайман. Назаримда, ундаги ҳассосликнинг, улуғворликнинг ҳам калити унинг саодатманд қалбидаги жавҳарда мужассамдек.

Бугун 17 октябр.  Эртага иккинчи бор жарроҳ столига ётади… Одатдагидек ишдан вақтли чиқиб шошганча Чилонзордаги касалхонага отландим. Палата эшигини секин очган кўйи оҳиста қадам ташлайман. Ўнг қўлини пешонасига қўйганча ётарди. Назаримда ухлаётгандек. Каравот ёнидаги стулда букланган қоғоз тусида-хатчўп қистирилган китоб. Эрнест Хемингуэй: Қўнғироқлар кимга чалинади”… Эҳтиёткорлик билан бемор ёнига чўкдим. Ўзимча Унинг ҳароратини, қайноқ тафтини туйгим келар эди. Бир текис нафас оляпти. Қип-қизил яноқлари лов-лов ёнаётгандек. Тана ҳарорати кўтарилганга ўхшайди. Албатта бу операцияга кираётган пажмурда жон учун яхши аломат эмас… Кўнглим бузилди… Имкон қадар кўз ёшларни кўрсатмаслик керак. Ўн дақиқаларча унга термулиб ўтирдим. Нурли кунларга ишонишга ҳарқанча уринмай, югуриб ўтаётган бу  дақиқаларнинг ғаниматлигини бутун вужудим билан ҳис қилиб турар эдим. Ўша дамда бу лаҳзаларни тўхтатиб, уларда яшай олмаётганим алам қиларди. Илк бор одамзотнинг энг улкан, буюк ва шафқатсиз армони ҳам мана шу такрорланмас ВАҚТ — ҳаммамизни ўзи билан оқизиб олиб кетаётган онлар, бизни емираётган лаҳзалар экани юрагимни тирнади… У уйғонди. Унга томон янада яқинроқ сурилдим. Қўлларини кафтимга олдим. Ҳамишагидек ҳазин жилмаяди:

— Ёнаяпман…

Ҳамширадан термометрни олиб, иссиғини ўлчадик. Ҳарорат 37,5 даража.

— Яхши эмас… — деди хўрсинганча, — ҳечқиси йўқ. Энди буёғи таваккал… Фақат яқинларимни овора қилганим қолди.

Ишларимни сўради, бироз ҳасратлашдик… Сўнгги нафасигача, бошидаги оппоқ толалардан товонига қадар Оналик ишқи унинг бутун борлиғини ёндирар эди. Умуман муҳаббат ўтида кул бўлгунча ёниб яшаш бу Аёл ёзуғи экан… Ўшанда ўзини олдинда кутиб турган йўқлик манзили эмас, асосан боласининг мавҳум кўринаётган тақдири адоқсиз ўйга солиб, безовта қиларди…  Ҳатто суҳбат орасида ўзини тетик сезгач, латифа айтиб мени кулдирган ҳам бўлди. Унинг ҳамма оғриқларини борлигича ҳис қилиб турибман. Ночорман… Шунда бўғзимга тахирдан-тахир йиғи тиқилди… Қарасам, Унинг-да кўзларидан ёш сизиб чиқяпти. Гўёки кўзёшларни яшириш илинжида кафтимда турган қайноқ қўлларига лабимни босаман. Шунақа иродасизман… У яна ўша машъум, лекин ҳеч бир банда қочолмайдиган мавзудан гап очди.

Ўша топда унинг оғзидан айнан бу ҳақда эшитиш азоб  эди…

Менинг тентакларча ўпкаланаётганимни тушунди-да, қўлларимни кафтига олиб маҳкам қисди. Ундаги ҳарорат энди менинг вужудимга ўтгандек гўё… Танам ёқимли, бироқ ниҳоятда омонат ҳисни туйди. Бу ҳисни шууримда мангуга муҳрланиб қолишини хоҳлардим. Балки у бу сўзсиз таскини билан менга ёш бола эмассан, ўзингни қўлга ол ёки одамзод ҳаммасига чидаган, сен ҳам кўникасан, демоқчи бўлдими билмадим.

—     Менга ҳам сизларни ташлаб кетиш осон эмас. Тавба сизни кеч учратганлигимни қаранг-а! Бизларни тақдир учраштиргани сиз билан менинг бахтим, шундай экан ношукурлик қилмасдан ҳаммасига кўникиш керак. Барибир ҳаётдан тўйдим деганингда ҳам, сени бу дунёга боғлаб турадиган баъзи бир нарсалар бўлар экан…

Биз учун қанчалик оғир бўлмасин, у ўлимнинг  кўзига тик қарарди. Ўша дамда оғзидан чиқаётган ҳар бир сўз довдираганча ҳаёт чорраҳасида турган ёш биродарига айтиши зарур бўлган энг сўнгги ҳақиқати экан:

Бутун бошли ҳаётимни бир бутунликда кўраман. Бахтим ҳам, бахтсизлигим ҳам бир-бирига занжирдек уланиб кетган. Бир қарасам бахтсизлигимда бахт бор, бахтимда бахтсизлик. Шунинг учун ҳам мен буларни бир-биридан айро тасаввур қилолмайман. Ҳаммаси бир-бирига туртки бўлган…

Мени сиздан ўтинчим, юрагингиздан нафратни қувинг, юракни нафрат кемиради. Заррача бўлса-да, ҳеч кимга нисбатан юрагингизда адоват қолдирманг. Ундан кўра одамларга Аллоҳдан  инсоф сўранг. Севинг… Улар ҳам ўзича ҳақ. Ҳар ким ўз бахти учун курашади. Мен ҳаммасини астойдил кечирганман, кўнглимда кек қолмаган. Бу менинг ҳаётим эди. Шунингчун ҳеч кимни айбдор деб айтолмайман. Ҳар қандай ҳолатдаям, агар мен Ўзбекистонда эмас, бошқа мамлакатда  туғилганимдаям барибир шу қисматни яшаб ўтардим. Ҳеч ким ўзидан қочиб қутулолмаган. Эдип биз! Ҳа,  у бизнинг замондошимиз. Ундан кўра ҳаммамизнинг билиб-билмай қилган гуноҳларимиз учун Аллоҳ олдида тавба-тазарру қилиш керак. Жон болам, улар учун ҳам ибодат қилайлик…

Ҳарқанча қайғули бўлмасин, ўша дамда бахтиёр эдим. Чунки ўзим излаб юрган Одамни фақат бадиий адабиётлару тарих саҳифаларидангина эмас, мени ўз бағрида кўтариб турган шу заминда, бошим узра  айланаётган чексиз осмон остида топган эдим. Азбаройи, мана шу қисқа учрашув учун ҳам бу ҳаётни куйлаб ўтсанг арзийди.

Афсуски, иккинчи операциядан сўнг куз баргидай ҳилпираб турган умидимиз саробга айлана бошлади…

…Ўша номи совуқ касалхонанинг машъум реанимация бўлими. Елкамга оқ халат ташлаганча оёқ учида уколу дорилар  ҳиди анқиб ётган хонага кирдим. У ҳолсиз ётар эди. Секин кўзини очиб, қуруқшаган лабларини аранг жуфтлаштирганча пичирлади:

— Эй, к-е-л-дииз…

—  Ҳа  келдим, Римпоош… — кўришиш ниятида унинг заъфарон юзига энгашдим.

— Тт-ўй…

— Раҳмат, жуда яхши ўтди, ҳаммалари сизни сўрашди (акамнинг тўйини назарда тутган эди). Ҳожиакбар ака сизни кўргани келмоқчилар…

Шунда тўсатдан унсиз нигоҳидан мутлақо унга ёт бўлган, лоқайдликка айланган хотиржам сокинликни уқдим. Бу юрагимдаги хавотирни янада кучайтирди. Кўксимдан кўчганча томоғимга ачишиб тиқилган чорасизлик энгашганимда кўзим косасига қўйилди.

—  Йиғғ-ла-манг…

Нима дейишни билмайман. Фақат:

— Йў-ўқ, опажон… Сизни кўрганим учун… севинч ёшлари… сизни соғинганман… — деб ҳиққилаганча  неларнидир ўзимча алжирайман.

—  Ра-ҳҳ-маат, жоним…

Римма опамнинг шамдек сўниб бораётганини кўриб фожиа муқаррарлигига, жон танани тарк этиш учун чоғланаётганлигига ногаҳон тушуниб етдим. Наҳотки энди бариси ўтмишга айланаётган бўлса?! Зора… ноумид шайтон, дея миямдаги нохуш ўйларни қувишга қанчалик уринмай, бироқ ҳалқумимни куйдириб келаётган оташ энди унинг олдида қололмаслигимни таъкидлар эди. Бу “ўкирик”ка айланмаслиги шарт!

Сўнгги бор қайноқ пешонасига юзимни қўйганча чексиз соғинчга — эртакка айланаётган дунём билан хайрлашдим.

Ҳа, бариси чексиз соғинчга — эртакка айланди… Энди, ҳаётнинг тарсакиларидан юраги зада бўлиб кетган бўлса-да, бу оламга ва одамларга нисбатан меҳр тўла нигоҳни кўра олмайман… Кўзлари ўзгача эди. У нигоҳлар менга кўзнинг чиройи инсоннинг ботинида мужассам эканлигини англатган. Ўшанда тушунганман, дунёда фақат маъноли ва маъносиз кўзлар борлигини. Яна бошқача кўзлар бўлиши мумкин эмас!

Ўша маҳзун дам 11 ноябрнинг  шоми эди.  Ҳатто юзларимни силаб ўтаётган кеч кузнинг майин шамоли ҳам ғашимга тегар, (у бизни 2006 йилнинг 13 ноябрида мангуга тарк этди) фақат кўнглим қоронғу тезроқ тушишини, ҳеч ким мени кўрмаслигини, шу хира ёруғлик ҳам хаёлларим билан видолашишим, тўлиб кетган юрагимнинг тўкилиб олишига халал бермаслигини хоҳлар эдим. …Илк маротаба “Жудоликлардан ўзи асрасин, айнан жудоликлар бизни хор қилади” дея оҳ урган, Шамсидан айрилган мавлоно Жалолиддиннинг оғриғини ўз танамда сездим. Ва илк бор ёмғир ёғишини, ёққандаям савалаб ёғишини ич-ичимдан хоҳладим…

Опа менга “йиғламанг” дейди. Ахир, бунинг иложи борми?! …Ўлим ҳақ. У ҳамиша бизни эшик ортида кутиб тураётганлигини инкор этолмайман. Аслида опагинамнинг шикаста вужуди бу олам озорларидан озод бўлаяпти. Ўзи бу ҳақда кўп ўйлаган ва гапирган. У билан ўтган кунларимни бир-бир кўз ўнгимдан кечирсам, аллақачонлар ўлимга бош эгиб, ҳатто уни меҳр билан қабул қилишга руҳан тайёрланганлигига ҳам амин бўламан. Фақат ўша дамда бола қалбим ўзининг гўзал инсонини йўқотаётган ҳаётнинг ношудлигидан жиззиллаб чинқирарди… маҳрамидан жуда эрта жудо бўлаётган юрагим эса бу ҳақиқатга бўйсунгиси келмай иззиллаб инграрди… Борлиқ хаста кузнинг кўрпасига ўранган… Хаёлларим учун куз — ҳорғинлик, толиққанлик рамзи бўлиб қолди. Шундай бўлса-да, мен бу фаслни ёмон кўролмадим…

Воизлик унинг табиатига ёт эди. Ортиқча эътибор, бировларнинг сохта мулозаматларидан ҳамиша ўзини аяр, қандайдир оммавий-расмий йиғинлар унинг жойи эмас эди. Сўнгги нафасигача нигоҳини ўз қалбига — ички дунёсини бойитишга қаратган эди. Назаримда, у ўзининг сукунатлари ила Олам билан сирлашар, мен эса у орқали Оламни тинглар эдим.  Менимча, ундаги чексиз самимиятнинг сири ҳам шунда бўлса керак. Шу йўл билан ҳам У ҳеч кимникига ўхшамаган — мени асир этган гўзал Дунёсини ҳимоя қилгандек. Ҳаёт у учун бардош бўлса, саҳнани гўзаллик билан гўзаллик сирлашадиган даргоҳ деб билди.

Римма Аҳмедова ўзининг ўнқир-чўнқирли қуш уйқуси каби кечган  умри билан бу сарсон Дунёни фақатгина гўзаллик — эзгуликкина асраб қолиши мумкинлигига астойдил ишониб яшаганлигини исботлади. Менинг бахтим — ўзининг мўъжазгина дунёсига хиёнат қилмаган ҳақиқий Санъаткорнинг оламига сайр қилиш насиб этганлигида. Бироқ унинг бу дунёси менга яна бир азалий аччиқ ҳақиқатни — биз талпинаётган Гўзалликнинг кўзлари ҳамон ёшга тўла эканлигини эслатди. Асрлар давомида инсониятнинг барча кўргуликларига гувоҳ бўлиб келаётган, сиз билан мен сархуш бўлганча топинаётган бу соқов Дунё мана шу гўзалликнинг, покликнинг кўзларидаги тахир ёшлардан озиқланаркан. Ахир, кўзни яшнатадиган ям-яшил водийлар ҳам Улуғвор Тоғларнинг кўзёшлари — сувларидан яшаб келяпти-да!

Фақат биргина таскин бор: шундай инсонлар борлиги учун ҳам яшагинг келади…

Иқбол Қўшшаева
2007 йил, февраль

 


1 Ш. Ризаевнинг ушбу мақоласи дастлаб “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган. Кейинчалик муаллиф “Саҳна маънавияти” китобига жузъий ўзгартириш билан “Ўзни сарфлаш санъати” сарлавҳасида киритган.