“Ҳуррият”нинг шу йил 17 июндаги 25-сонида чоп этилган журналист Аҳрор Аҳмедовнинг “Энг буюк кашфиёт ёки бугунги китобхонлик ва ноширчилик хусусида” деб номланган мақоласини ўқиб, анчадан буён менинг ҳам кўнглимдан кечган гапларни, фикр-мулоҳазаларни ўқигандек бўлдим. Рост, китобни нондай азиз билиб, ардоқлаб вояга етганмиз. Ҳатто бирор газета ё журналда тўрт қатор битигимиз чиқса-ку, биздан бахтли одам йўқ эди…
Матбуотда бугун кимдир ёшлар китоб ўқияпти деб ёзса, кимдир ўқимаяпти деб ёзғиради. Хуллас, бу гаплар янгилик эмас. Кўпгина қишлоқ ёшларининг кундалик ҳаётидан бохабар инсон сифатида мен ҳам ёшлар деярли китоб ўқимаяпти деб айтаман. Кимдир фикримга қўшилмаслиги ҳам мумкин. Лекин мактаб ўқувчиси, талаба ўқув жараёнларида қайсидир китобни олиб ўқиши ёки ўтказилган тадбирда иштирок этиши мумкин. Лекин қишлоқда қўлтиғига китоб қистирган болани кам учратасиз.
Биз ёшлар деганда фақат талаба билан ўқувчини тушунмаймиз, ахир. Олий ўқув юртини ёки коллежларни битириб, бирон бир соҳада ишлаётган 25 дан то 40 ёшгача бўлганлар ҳам ёшлар ҳисобланади. Улар ҳам китоб ўқишлари керакми? ЙО мактабда, ё ўқув юртида ўқигани етадими? Албатта, бу саволларга “ўқиши керак” деб айтамиз. Хўш, агар шундай бўлса, уни қаердан олиб ўқийди? Ҳамма ҳам Тошкентга китоб излаб боравермайди-ку? Хуллас, бундай саволлар кенг миқёсдаги амалий ишларни бажаришни талаб қилади. Гапни қайта-қайта айтаверган билан ишда силжиш бўлмайди, албатта. Аввало китоб ўқишга болаларимизни оиладан ўргатиб бориш керак. Бир оилани биламан, ҳафтада бир кун ота фарзандлари ва неваралари билан ўзбек достонларини ўқишни йўлга қўйган. Болалар қизиқиш билан эшитишади ва ўзлари ҳам навбатлари келганда қироат билан китоб ўқишади.
Агар болада ёшлигидан китоб ўқишга иштиёқ уйғонмас экан, уни кейинчалик ҳеч қанақа йўл билан ўргатиб бўлмайди. Ахир, биз болага ахлоқ-одобни, ораста кийинишни ва хушмуомалаликни доимо ўргатиб борамиз-ку. Нега энди китоб ўқишга ўргатишимиз керак эмас? Тўғри, оилангизда тўрт нафар фарзандингиз бўлса, уларнинг ҳаммасида ҳам китобга бўлган иштиёқ бир хил бўлмаслиги мумкин. Лекин хоҳлайсизми-йўқми, китоб ўқиган ўз таассуротларини барибир акасига ёки укасига, опасига ёки синглисига гапириб беради.
Болалар боғчаларида эртак китоблар ўқиш ҳар қалай яхши йўлга қўйилган. Фақат болаларни мулоҳаза юритишга ундовчи усулларни кўпроқ ишлатиш керак. Чунки бола ҳар бир нарсадан тез зерикади, янгиликка ўч бўлади. Мен бир жойда кўрдим, боғча болаларига “Алпомиш” достони ҳақида тарбиячи аввал қизиқарли қилиб маълумот берди. У болаларни шунчалик қизиқтириб қўйдики, улар ўқиб беринг, ўқиб беринг деб қийқириқ солишди. Ва “Алпомиш” достони қироатли ўқиш билан янграй бошлади.
Энди мактаблардаги аҳвол тўғрисида. Тўғрисини айтиш керак, мактаблардаги китоб фондлари кейинги пайтларда анча бойитилди. Бунда Халқ таълими вазирлиги томонидан бошланган ташаббуслар туфайли ўтказилган турли тадбирлар, ҳомийлар ва ота-оналар томонидан туҳфа этилган китоблар асосий ўрин тутади. Демак, кутубхоналарда ўқиш учун ҳар қалай китоблар бор. Энди уни кимлар олиб ўқияпти, бу бошқа масала. Менга бир мактаб кутубхоначиси шундай деган эди:
— Кутубхонага кўпроқ 5-6-7 синф ўқувчилари киришади. Улар бадиий ва тарихий асарларни сўрашади. 8-9 синфлардан эса кам киради…
Eътибор бераяпсизми, бола катталашгани сари китобдан узоқлашиб бораяпти. Тўғри, уларнинг ҳаётига китоб ўқишдан ташқари бошқа жуда кўплаб нарсалар кириб келади. Шунинг учун ҳам қўлтиғига китоб қистирган боладан кўра, қулоғига телефон тутган болани кўпроқ учратамиз.
Ҳозир Интернет адабиёти шаклланиб бораяпти. Ишонаманки, яқин кунлар ичида у янада ривож топади. Лекин ҳамма қишлоқ ёшларининг уйида ҳам компьютер бор эмас-да. Мактаблардаги мавжуд компьютерларни мукаммал ишлатишга эса етук мутахассислар етишмайди. Мана шундай пайтда оилада китобга бўлган ҳавас етилиб, чанқоқлик соғинчга айланадиган бўлса, ўша ёш китобни излаб топади, ёки аксинча.
Одамларнинг китобдан узоқлашиб бораётганига яна бир сабаб бор назаримда. Ҳар бир вилоятнинг туман марказларида илгари 2-3 та китоб дўкони бор эди. Ҳозир эса бундай дўконлар бор жойда бор, лекин аксарият ҳудудларда улар турли дўконларга айлантириб юборилган.
Яқинда илгари китоб савдосида ишлаган бир онахон ўғиллари билан янги дўкон очиб, бу хизматни йўлга қўймоқни мақсад қилибди. Яхши ният билан шаҳар четидаги бир жойни ажратишларини сўраб, ариза ёзибди. Аризасини ҳеч ҳал қилолмагач, туман раҳбарларининг бирига кирибди ва ниятини тушунтирибди. Раҳбар эса пинагини ҳам бузмай “у жойни озиқ-овқат дўкони учун ажратдик, хола, китоб қорин тўйғизмайди” дебди… Онахон ниятига етолмади, ҳозир эса ҳеч бўлмаганда кўчма китоб дўкони очиш тараддудида.
Баъзан ўйлаб қоламан: ким бугун бу ишга жон куйдириши керак? Ахир, Юртбошимиз маънавиятнинг юксалишида унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш муҳим ўрин тутишини ўзининг «Юксак маънавият — енгилмас куч” китобида атрофлича очиб берган-ку? Демак, маҳаллий раҳбарлар ичида маънавият жонкуярлари ҳам топилиб қолар, деган умид билан яшайверамиз.
Китоб ўқимаган одамни мажбурлаб ўқитиб бўлмайди. Бунинг устига яхши китоб бўлса, ортиқча ташвиқотнинг ҳам ўрни қолмайди. Шу ўринда яхши-яхши китоблар жуда кам нусхада чоп этилиб, пойтахтдагина тарқатилаётганини, жойларда эса маҳаллий шоир ва Ёзувчиларнинг китоблари борлигини рўй-рост айтишимиз керак.
Яна бир ёмон томони, “сариқ матбуот”даги шеър, қисса, достон, ҳикоя, ҳатто романлар савиясини билиб туриб, уни кўпчилик ўқиётганини биламиз. Одамни ишонтира олмайдиган воқеалар гирдобида ўқувчи гарангсираб қолади, йиғлатадиган жойини ўқиб, яхши асар экан деб ўйлайди.
Хуллас, бугун китобдан узоқлашган одамни китобга қайтариш осон эмас. “Газетани нима учун ўқийди, одам” деб менга бир танишим дабдурустдан савол берганда, аччиғим келиб, саводини чиқариш учун деган эдим. Бундоқ ўйлаб қарасам, китобни нима учун ўқиймиз деб савол бериш ҳам аслида тўғримикин?
Китоб инсонга ақл беради, мулоҳазага чорлайди, ҳаётни тушунишга ёрдам қилади деган фикрдаман-у, яна нимадир етишмаётгандек бўлаверади. Менимча, китоб инсон маънавиятининг чанқоғини босувчи қайноқ булоқдир. Бу булоқ сувидан ичиш, начора ҳар кимнинг ўз иши экан…
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).