Шукур Жаббор. Катта оила (ҳикоя)

Арафа куни шом пайти эсимни таниганимдан бери хонадонини ҳеч йўқламаганим, дўстим ва узоқроқ қариндошим Ҳабибнинг уйига бордим. Мен салом бериб кириб борганимда эскича қурилган катта хонада бир уй одам – барча оила аъзолари дастурхон атрофида жам экан.
Хона тўрида ёш боладай бўлиб қолган Ойнахолмомо оппоқ ипак кўйлак кийиб ўтирибди. У йигирма йил аввал фоний дунёдан боқий дунёга кўчган эрининг сарғайиб увадаси чиқиб кетган чопонини тиззасига ёпган. Ўзидан ҳам қариб кетган, азбаройи кексаликдан тишлари тўкилгани учун нонини чойга ивитиб еб ўтирган ўғли Далли чолнинг таъбирича, момо бир юз ўн саккизга кирган. Лекин невараси Салмон ота­нинг айтишича, момо бир юз ўн олти ёшни қоралаб қўйибди. Момога яқинроқ жойда ўтирган чевараси ҳам оқсоқоллик ёшига етган бўлиб, назаримда отаси ва бобосидан уялиб соқол қўймаганга ўхшайди. Хуллас, даврада етти авлод вакиллари – момо, ўғил, невара, чевара, эвара, дувара… Эринмасдан санаб чиқдим, дастурхон теграсида каттаю кичикни ҳисоблаганда ўт­тиз уч нафар одам бор.
Мени турткилаб ҳаммага танитган, ўз навбатида шивирлаб уларни менга аста-секин таништираётган дўстим Ҳабиб эса момога эвара эди. Агар у ҳам истиҳолага бормай соқол қўядиган бўлса, бинойидек “чол” бўларди. Фотиҳа тортиб, танишиб, чой ичиб томоғимизни ҳўллаб олганимиздан кейин Ҳабиб овозини кўтариб момога юзланди.
– Момо, меҳмон келган! Мана, ёнимда ўтирибди!
Ҳабибнинг гапини эшитдимикин деб ҳамма Момога қаради. Момо эса бу сўзни яхши эшитмаган шекилли жавобан “Ҳа, янги кўйлак кийдим!” деди. Ҳамма кулиб юборди. Момо кулаётганларга қараб ўзини оқладими, ё ҳамма олқишлаб хурсанд бўляпти, деб ўйладими билмайман ҳар ҳолда “Бугун арафа-да, арафа! Эртага байрам!” деди. Шунда ёнида ўтирган невараси Салмон ота момога баландроқ овозда тушунтирди.
– Меҳмон келди, дейди! Меҳмон келган!
– Ким дейсан? – Момо қулоғигача танғилган оқ шойи рўмолини сал очиб неварасига тутди.
– Қўрғонлик қариндошингизни ўғли! Беш оғайни деган уруғингиздан!
Момо бу сафар бошини силкиб қўйди. Кейин ҳозиргина фотиҳа қилганимиз эсидан чиқиб, қўлини фотиҳага очди. Яна кулгу кўтарилаётган эди, Салмон ота “Жим бўлинглар, майли, майли, яна бир марта илоҳи омин!” деб фотиҳага қўл очиб отаси Далли бобога қаради. Бобо эса мен гапиролмайман ўзинг айтавер дегандай Салмон отанинг ўзига ишора қилди. Хуллас, юзимизга яна фотиҳа тортганимиздан сўнг, Ҳабиб боягиндан баландроқ овозда:
– Момо, меҳмонга тарихингизни айтиб беринг! –деб бақирди. Салмон ота бу гапларни яна қайтармоқчи эди, момо эшитдим дегандай қилиб бошини силкиб қўйди. Момо худди устозлар ҳузурида ўз қарашларини баён қилаётган ёш олимдай гапини дона-дона қилиб, баъзи сўзларга урғу бериб, кўзларини юмиб олиб, юз йиллик саргузаштларини сўзлай кетди. Мен момони тинглаш асносида оила вакилларини аста кузатаман. Бу ҳангомалар момо томонидан жуда кўп такрорлангани учун баъзи оила вакиллари зерикиб бир-бирларига бошқа нарсалар ҳақида шивирлаб қўйишади. Биз ўтирган уйга ташқаридаги ўчоқ яқинроқ эди, шекилли, виқирлаб қумғон қайнагани дейилади. Бу орада ёш келинчаклар ҳаммага мастава ташиб бўлгач, мендан ийманишди шекилли, бошқа хонада бемалол ўтириш учун ўзлари ичадиган маставаларини олиб, бола-бақраларини етаклаб қўшни хонага чиқиб кетишди. Бу катта дастурхонга қизиққан баъзи болалар хархаша ҳам қилиб қўйишди. Катта оналардан кимдир “Тўғри қилдинглар. Нариги хонага чиқа қолинглар. Эмаса бу зумрашалар гапни гапга қўшмайди. Бошинг ҳам айланиб кетади” деб қўйди. Шу орада дуваралардан бўлса керак, бир болакай дастурхоннинг ҳар ерига сочиб қўйилган печак қандлардан бирига, қўл чўзди. Шу пайт унинг онаси боланинг қўлига оҳиста шапатилади. Қарасам, боланинг қовоғи осилиб, лаб-лунжи йиғлашга тайёргарлик кўраётгандай чўччаяётган эди, дарров бир жуфт печак қандни қўлига тутқазиб қўйдим. Онаси эса боланинг қўлидан тортқилаб, етаклаб қўшни хонага олиб чиқиб кетди. Момо эса тарихини гапириб бера бошлади:
– Ўрик гуллаган пайти отам раҳматлик салласини пешини тушириб олиб қиблага қараб намоз ўқиётганди, шу пайт бобонгни уйидан совчи бўп келишди…
– Шошманг момо, қизлик пайтингиздан бошланг! – деди жилмайиб Сулаймон отанинг ўғли, Ҳабибнинг отаси – Раҳмон ака.
– Сан жим тур! – деб дакки берди Сулаймон ота. – Ҳа, кегинчи?! – деб Момога қаради. Момо худди кечаги воқеани айтгандай гапида давом этди:
– Бобонг минан ҳув эски боғимизда танишганмиз. Жундор ола сигиримиз бориди. Бувихалфа минан сигиримизни жунини тўпладик. Тароқ минан мундоқ- мундоқ қилиб тараб-тараб думалоқлайверса тўп бўлади. Бувихалфа минан бир-биримизга тўп отиб ўйнаяпсак, бобонг ўғрига ўхшаб боғимизга кириб, бизни томоша қилган экан… Билмай қопман… бўйим етиб қолганакан-да. Роса талаш бўлганман. Уйимиздан совчиларни қадами аримай қолган. Анави Эргаш ўртоғингни ота­сиям совчи қўйган. Локин онам раҳматлик “Бўзчида барака бўлмайди, қизимни бўзчини боласига бермайман!” деганлар. Кейин бобонгдан совчи бўп келишган. Мандан сўрашганида индамаганман. Қиз бола сукути “Хўп, розиман” деганида! Онам “Бу оила жа бой, бизни оёғи минан кўрсатади, ўзимиз тенгига берамиз!” деб дийдиё қилганлар. Отам раҳматлик қаттиққўл эдилар. Отам онамга “Лафз бериб қўйдим! Ишингни қил!” деб бир дўқлаб берганлар…
– Олинг, болам, бўғирсоқлардан олиб ўтиринг! – деб момонинг гапини бўлиб қўйди чевара келин, Ҳабибнинг онаси менга манзират кўрсатиб. Момо эса кўзини юмиб олиб ҳикоясида давом этарди.
– Қиз бола палаҳмон тошида. Қайга отилса ўша ёққа тушиб, бир умр ўзидан тиниб-тинчиб кетади. Бобонг ҳар турлик ишни бошини ушлади. Баззозлик қилди, кўнчилик қилди, эски ҳовлини олти таноб ерга алмаштириб деҳқончилик қилди. Бундан ташқариям еримиз кўпиди. Бобонгни қўли баракалик-да.
Момо ҳар сафар эри ҳақида гапирганда тиззасини ёпиб турган эски чопонни маҳкам ушлаб, баданининг юқори қисмига тортиб-тортиб қўяди. Бу худди шу чопонга ўранишни истаётгандай тасаввур туғдиради.
– Кейин бизни янги укумат “Бойсан!” деб кў­чирворди. Боғимиз, еримиз шундоқ қолиб кетди. Янги укумат еримизни, ҳовлимизни хатлаб олиб қўйди. Ўша воқти заб одамла бўлганакан-да. Еримизни, ҳовлимизни маҳалладагиларга берсаям бобонгни ҳурматидан ҳеч ким олиб ишлатмаган. Шундоқлиғича анча ётган. Ахийри ҳовлимизни бузиб, еримизни кенгайтириб калхозга берворган. Кейин бизни “Бойсан!” деб кўчирворди. Бизни қозоққа, Қарағандага кўчиришган. Бобонг кўнчилик қилди, от боқди, ўша ерлик қозоқларга деҳқончиликни ўргатди. Кейин бир пасда бойиб кетдик. Бобонгни қўли баракали-да! Момо бу сафар ҳам эрининг чопонини тиззасига яхшилаб ёпди. Кейин укумат ўзинг минан тилла олиб келгансанлар деб, ҳамма еримизни обис қилиб, текшириб, отларимизни, сигирларимизни олиб қўйган. Кейин уёқданам кўчирворди. Қора қирғиз томонга. Қўй, сигир, товуқ қилдик. Деҳқончилик қилдик. Ундан кейин Ўшга қарашлик Тошкўмирга жўнатишган. Қайга кўчирган бўлса шип-шийдон бўлиб кўчиб борганмиз. Идишларимни олишгаям улгурмасдим. Мани қалинимга қўшилган қайнанамни мис лагани бўларди. Қайга кўч­сак шуни олволардим. Бобонг яхши кўрарди-да. Тош­кўмиргаям олволганман.
Гап шу ерга келганда Ҳабиб қулоғимга шивирлади: “Ўша мис лаган йўқолган. Момом билиб қолмасин, деб айтмаймиз…”
– Локин бобонг у ерда шопирлик қилиб, кўп пул топган, – дея онахон кўзини юмиб олиб ҳикоясида давом этаётган эди: – Шериклари ишни тугатиб бўлгач, яширинча ўз­ларига ажратилган бензинни, саларкани тўкиб ташларкан. Бензинни тўкмаса, бошлиғи бакинг тўла турибди, демак ишламагансан деб сўкаркан. Бобонг бўлса бензинини тўкишга кўзи қиймай ярим кечагача одамларни хизматини қилиб кўп пул топиб келарди. Шунақа қиб бойиб қолаверганмиз-да, бойиб…
– Ҳадича! Ҳувв Ҳадича, ошни тагини қараб қў­йинглар! – деб яна момонинг гапини бўлиб, Ҳа­бибнинг онаси қўшни хонага қаради. Ичкари хона очилиб бир келинчак шошилганича чиқиб ташқаридаги ўчоқ томон кетди. Хола яна менга юзланиб “Олинг, болам, олиб ўтиринг!” деди.
Момо чалғиб, туйқус ҳикоясини тағин бошидан бош­лади.
– Отам салласини пешини туширволиб қиблага қараб намоз ўқиётган пайт бобонгни уйидан совчи келган. Анави Эргаш ўртоғингни отасидан совчи келганида онам раҳматлик “Бўзчида барака бўлмайди, қизимни бўзчини боласига бермайман!” деганлар…
– Момо, чалғиб кетдингиз! Бойиб қолавер­ган­сизлар! Кейин-чи? – деб бақирди Раҳмон ака.
– Нима дейди? – яхши эшитолмай момо қуло­ғидаги рўмолни очиб Сулаймон отага тутди. Бу сафар Сулаймон ота баланд овозда тушунтирди.
– Қирғизча ирдаб беринг, дейди.
– Қўй, томоғим оғриб қолади.
– Озгина ирданг.
– Хўп, хўп, – деб Момо томоғини бир қириб олиб, ирдашни бошлади
Ирда десенг, ирдайин,
Жерға қараб турбайин,
Манас, Манас манўғли,
Манас отға қўнғони.
Хи, И-и-и-и, Хи, И-и-и-и…
Момо томоғини эркаклардек хириллатиб анча ирдади. Тўғриси, Момодан бу эшитганларимнинг ҳам­масини қуввайи ҳофизамга жойлолмадим. Бу узундан узун достоннинг ўртасидан ва охиридан бир-иккита байтни эслаб қолдим.
Қувдаб кеген апчасин
Башини сувға тиқ деди.
Қувдаб кеген женгесин
Башини қумға тиқ деди.
Хи, И-и-и-и, Хи, И-и-и-и…
Момо ирдаб бўлгандан кейин яна хотираси панд бериб, бошқа воқеаларга ўтиб кетди. У ҳасрат ва гинахонлик қилиб, қанақадир Гулбуви исмини кўп ёдга олди. Масалан, “Қорақозоним ёғ кўрсин деб нималар қилмадик, Гулбуви! Эрдан куйган битта санми Гулбуви?! Улар одаммас, бетида туки бор-да, Гулбуви!..”
– Манави маставадан бобонгга олиб қўйдингми?! дея Момо ғалати сўз қотди:
Бу гапни эшитиб ҳамма оила аъзолари кўзини олиб қочиб ғимирлаб қўйишди. Мен “Яна қанақа бобо?!” деб Ҳабибдан оҳиста сўрадим. Ўз навбатида Ҳабиб менинг қулоғимга пичирлади: “Баъзида момом йигирма йил аввал ўлиб кетган эрларини, оппоқ бобом ҳамон тирик деб гумон қилиб ҳар хил гапларни гапирадилар. Эътибор қилма. Агар биров момомга оппоқ бобомни ўлган деса, йиғлаб-йиғлаб касал бўп қоладилар. Шунинг учун ҳамма жим. Сулаймон бобом бошларини сарак-сарак қилиб ерга қараб қўйишлари “Момом билмасин!” деган ишора бўлади. Ана қара, бошларини қимирлатиб қўйдилар.”
Момонинг сўзини тўғрилаб, аниқроғи чалғитиб, яна Сулаймон ота воқеаларни мантиқий тизимга солиб юборди.
– Бизни Тошкўмирга сургун қилди дедингиз! Бобом яхши пул топганакан, бензинини увол қилмай. Кейин-чи?
– Ҳа Тошкўмирга кўчирган-да… Бобонгни жаҳ­ли тез-да. У ерда бировни уриб қўйди. У Тош­кўмирдаги парткомга арз қилиб бобонгни “Бой!” деди. Кейин яна текшир- текшир бўлди. Кейин “Кавантир, қулоқсан!” деб бизни Туркманистонни Дошовузига кўчиришди. Товба, Дошовуздаги кўп одамлар умуман деҳқончиликни билмасакан. Сомонни йилқи қорага беришниям билмасакан. Сомонни шундоқ ёқиб юборишаркан. Биз сомонни тўплаб, қишда сигирларга терт-сомон қилиб устига кунжара сепиб берардик. Яна тўкин, тўкис бўлдик… Раҳматлик Зебихонга ўша ерда юклик бўлдим… Бобонгни ғўнонлигидан боққан оти бор… Ҳаҳ ўлсин… Бобонг у ерда бир маржага илашиб қолди. Бобонг уни отида олиб қочиб келган. Бобонг мени ўша Райҳон мегажин минан кундош қилиб бир томда сақламоқчи бўлди… Ман бу минан битта томда яшамайман, деб Райҳонни яхшилаб чочини юлдим. Бобонг минан росса уришдик. Ол, чопонингни!… – Момо шундай деб йигирма йил аввал ўлиб кетган эрининг увадаси чиққан чопонини зарда билан тиззасидан суриб, ирғитиб ташлади. Момо худди ёш боладай араз қилиб лабини чуччайтирди. Ҳамма кулимсиради, лекин табассум ва жилмайишларини Момодан яширишга уринишди.
– Раҳмон ота гўё ҳайрон бўлгандай сўради.
– Ҳаҳ, момо, бобом Райҳонни Кўлобда отида олиб қочган дегандингиз-ку!
– Уни момо дема, сани момонгмас!
– Хўп, хўп, мани момоммас. Ҳаҳ, ўшани бобом Кўлобда отида олиб қочган дегандингиз-ку!
– Ҳа, шунақа Кўлобда олиб қочган.
– Ҳаҳ, сиз бизга Дошовуздаги воқеаларни гапираётгандингиз, бир пасда Кўлобга ўтиб кетдингиз!
– Дошовуздан бизни кейин Кўлобга кўчиришди-да! Бойиб қолувдик, болам, бойиб қолувдик. Кўлобда бобонгни Хуррам деган бир ўртоғи бўлгич эди. То биз уй қургунимизча ўша тожик ўртоғи эски ҳовлисини бизга бериб турди. Хотини Гулбувиям яхши жувон… Тавба… минг марта тавба…
– Ҳа, момо?
– Кўлобликлар қурут қилишни билмасакан. — деб Момо рўмолини оғзига тутиб, силкиниб кулди. Бу кулгуга ҳамма қўшилди. Аниқроғи, барча Момонинг кулишига қараб кулишди. Кейин Момо кулиб бўлгач, кўз ёшларини рўмолининг учига артиб сўз бошлади. — Бобонгни ҳалиги ўртоғи бор-ку, ўшани завжаси Гулбувига қурут қилишни ўргатганман. Кувида сарёқ, дурда қилишни ўргатганман. Биздаги чеватини Гулбуви чапоти, лочира дерди. Гулбуви тили ширин, пазанда жувон. У билан ўша қишлоқдаги бир тўйга борганмиз. Тўйда кечаги Ғайратнинг неварасига келгандақа артислар бўлмасди. Ким қўшиқ айтишни билса, ўртага чиқиб айтиб берарди, ҳамма “Дўст”, “Ҳаҳ” деб бақириб тургич эди. Қаландар шоирлар ҳам келиб қоларди. Ўша тўй қилган тожикни оти Абдураҳмон судхўр бўлиб, нав­жувон, она сути оғзидан кетмаган ўн уч яшар қизини укуматдан яширинча катта қалин эвазига ёғфуруш бир қари бойга иккинчи хотин қилиб бераётган эди. Тўйда Абдураҳмон судхўр ғўддайиб туриб қани мани ҳақимда ким шеър айтади деган. Мана, мундоқ ғўддайиб шунақа деган. Ҳмм. Шундай деган, бир қаландар девона шоир ўртага кириб келиб, тожикчалаб ман қўшиқ айтаман деб қолди. Ҳамма ўртани очиб қўйди. Кейин у баланд овозда:

Абдураҳмони судхўр
Нафси калонат ба гўр
Духтарта доде ба шавхар

Гуфтики нонхўр кам шавад…деса бўладими. Ҳаммаёқ муздек бўлиб кетди. Бир пасда тўй азага айланиб кетай деди. Ана тўполон. Абдураҳмон судхўр ўша бечора шоирни росса уриб ҳайдаган. Шоирни шеъри таъсир қилиб ҳамма тўйни ташлаб кетган. Ҳмм. Бу шеърни ҳаммаси эсимда йўқ. Бу шеърни маъноси шунақа. Абдураҳмон отли судхўр ҳали норасида қизини битта нонхўр камайсин деб бир қари чолга турмушга берворяпти. Эй халойиқ, кўзингни оч! Нима қиласан, бу тўйга келиб, деган. Ҳмм. Ўша пайти шунақа ростгўй шоирлар бўлгич эди. Бир нотўғри ҳаракат қилсанг шунақа шоир йўлингдан чиқиб қолса шеър айтиб санга тўғри йўл кўрсатгич эди…
Момонинг гапи шу жойга келганида ташқаридан этикнинг тўпиллагани ва қандайдир эски қўшиқни хиргойи қилган эркак овози эшитилди. Ҳабиб менга паст овозда “Оббо, Ғайрат амаким қўшиқ айтиб келишига қараганда кайфи тароқ бўлса керак” деди. Чиндан эшик ҳам чайқалиб, мастона очилиб Ғайрат амаки кириб келди. Ҳамма ёшлар унинг истиқболига ўрниларидан туриб кўриша бошлади. Мен ҳам ўрнимдан тураётганимда Ҳабиб елкамдан тортиб, қулоғимга шивирлади: “Момомнинг ҳаракатларини қарагин, қара, қара!..” Момо Ғайрат амаки билан овора бўлиб ҳеч ким унга қарамаётганига ишонч ҳосил қилгач, бояги отиб юборган чопонни худди ёш бола ўртоғининг ўйинчоғини ўғирлагандай, муғомбирона ҳаракат билан пастки лабини тишлаб, аста-секин тиззасига тортиб оёқларини ёпа бошлади…
Ғайрат амакига қўл узатгандим, у мени қучоқлаб: “Ҳа қариндош, қариндошлик шуми, сани кўрмаганимга йигирма қовун пишиғидан ўтди-я” деб белимни оғритиб маҳкам сиқди. Унинг оғзидан ароқ ҳиди гупиллаб келиб турибди. Ғайрат амакининг мастлигидан ҳамма катталарнинг юзи тундлашиб, жаҳллари чиқа бошлади. У ҳамма билан кўришиб бўлгач, ўрнидан турмаган ва туролмаган катталарнинг елкаларига бир-бир қўлини босиб чиқиб, Момога яқинлашди. Момо эса уни таниб, безовталана бошлади.
– Қоч, қоч, соқолинг санчилади! – деб Момо рў­моли билан бетини яширишга уринди. Ғайрат амаки парво қилмай рўмолни очиб юзини Момонинг юзига ишқай бошлади.
– Бўлди, қийнама! Ўт бу ёққа! – деб дашном берди Сулаймон ота.
– Ғайят, меҳмо бо! Бас қи! – деб ниҳоят овози қалтираб зўрға тилга кирди Далли бобо.
– Ҳаҳ, бу меҳмон, ўзимизни меҳмон, – деб Ғайрат амаки Момони қучоғидан бўшатиб жой қидира бошлади. Уни Момога яқинроқ жойлаштирмаслик мақсадида Сулаймон ота ҳам, Далли бобо ҳам ёнларидан жой бермадилар. Ғайрат амаки Раҳмон аканинг ёнига ўтириб қўлини фотиҳага очди. Фотиҳа тортилди. Ғайрат амаки Раҳмон аканинг укаси бўлади. Ҳабиб яна қулоғимга шивирлади: “Қараб тур, ҳозир Ғайрат амаким маҳкамага тортилади”.
– Сан нима иш қилиб юрибсан? Уялмайсанми, ёшинг бир жойдаги, неварали одам ароқ ичиб ган­дирак­лаб юргани? – деди гапини салмоқлаб Сулаймон ота.
– Ҳаҳ, бугун байрам-ку, ота!
– Тўғри байрам! Локин қанақа байрам? Ҳа, арафа ичадиган байраммас. Ҳаҳ, ноинсоф, арафа муқаддас кун! Шундоқ кунда ичасанми?!
– …
– Қайси гўсхўр миннан ичдинг?
– Ҳаҳ, Йўлдошни бир эригиси келганакан…
– Яна Йўлдош ичирдими? У бировга шунчаки ичирадиган одаммас. Санга ичириб бўлиб, сув навбатингни ярим кунга бериб тур, ярим кун картошкамни суғорволай деган, шундоғми? Ғайрат амаки Сулаймон отанинг тахмин-тусмолини тасдиқлаб, бошини хам қилиб “ҳа” ишорасини қилди.
– Йўлдош сандақаларни дарёга оббориб суғормай қайтариб келадиганлардан. Ўзингни картошканг, экинларинг қақраб, сув сўраб турганида сув навбатингни очопат нафсинг учун, битта ароқ учун бервордингми? Қанақа фермерсан? А? Энди санга қачон навбат тегади, биласанми? Ўғлингчалик ақлинг йўқ сани!.. Бор нарсаниям йўқ қиласан! Бўлди, Деҳқонободга ўғлинг чиқади. Сан ўзингни ҳовлингдаги ишларни қилавер, – деб Сулаймон ота Ғайрат амакини уришиб бўлиб ёнимдаги Ғайрат амакининг ўғли Ғофурга қаради:
– Сан эртага Деҳқонободга бориб, отангни хатосини тузатиб қайт! Эртага ҳайит-ку, ўқишинг йўқ, тўғрими, болам?.. Эртагаёқ чиқиб, сувни экинларга бургач, анави Аҳмадалига яхшилаб тайинлаб қўй, сув даҳанини пойлаб ётсин! Артизон битта Йўлдошникимас, ҳам­маники, ҳаммани ҳақи бор!..
Бу гаплардан сўнг анча сукунат бўлди. Мен Ҳабиб билан шивирлашиб, бу катта оила фақат байрамда эмас, балки ҳар куни шундай жамланишларини билиб олдим. Ёш келинлар шакароб, яъни ош билан қўшиб ейиладиган ҳазми таом – помидор-бодринг­лар қирқилган ликобларни таший бошлаганларидан билдимки, ҳозир палов тортилади. Ош солинди, “олинг-олинг” деган сўзлардан ва яна Ғайрат амакининг Момога эркаланишларидан ташқари бирор гап гапирилмади, жимгина едик. Ош еб бўлингач, бу сукунатни яна Сулаймон отанинг ўзи бузиб, ўртадаги ғилу ғашликни йўқотиш учун Момога юзланди:
– Момо, Дошовузда ўрганган туркманча қўшиқ­ларингиз бўлгичиди-ку, шулардан айтиб беринг, меҳ­мон зерикиб қолди.
Момо эшитдим дегандай бўлиб бошини сарак-сарак қилди ва бироз сукутга толди. Сўнг бир нарсаларни эслагандай бўлиб хиргойи қилишга тайёрланди:
– Махтумқулидан бор, Махтумқулидан. Дурди шоир минан айтишуви бору эсимга кемаяпти-да…
– Ҳа, унда Махтумқулини ўзидан айтинг.
– Боши нимайди, ҳа, бибилим.

Бибилим, оҳи-зор чакип,
Тоза гулзордан ойрилдим.
Гўздан қонли ёшим дўкуп,
Ву савар ёрдон ойрилдим.
Ёро ёрошор уч муча,
Сипотин сўйларам анча.
Лави шакар, овзи ғунча,
Зулпи қородон ойрилдим…

Мен яна бир қур бу кенг уйни кузатдим. Бир четда замонавий русумдаги катта япалоқ экранли телевизор турибди. Негадир телевизор устига ёпинчиқ ёпиб қўйибдилар. Тўғри, Момонинг ўзи телевизордай гап, деб ўйладим. Ёшу қари бирдай тикиладиган Момо турганда ким ҳам телевизор қўярди… Момо эса ҳамон куйламоқда:

Махтумқули ошиқ мастон,
Бойладим шанина достон.
Манзилгоҳи боғу бўстон,
Олмоли ёрдон ойрилдим…

Тавба, бу катта оила баъзи сирларни Момодан яширар эканлар. Масалан, Момонинг қайнонасидан қолган мис лаган йўқолганини, эри, яъни Оппоқ бобо бундан йигирма йил аввал ўлиб кетганини, яна бир қадрдон сопол кўза синганини, қайсидир қариндошлари вафот топганини, Ғайрат амакининг яна бир хотини борлигини… Боя айтганимдай, булар ҳақида гап очиладиган бўлса, Сулаймон ота ерга қараб бошини сарак-сарак қилади. Бу “Момом билмасин!” деган гапидир.
Момога ош ўрнига ҳазми енгилроқ таом берилди. Овқатланиш пайти Момони ҳеч ким саволга тутмагани учун қайлуқа, яъни “қуш уйқу” қилиб бироз кўзи юмилиб пинакка кетди. Кейин бир чўчиб тушиб ўзига гапиргандай деди: “Бир пасда туш кўрибман, дегин. Тавба, бобонг отам билан ҳув эски ҳовлимизда менга қараб ариқдан ўтишимни кутиб туришибди. Сакрайман деб уйғониб кетдим. Тавба отам раҳматлик ўтиб кетганлар-у, бобонг нима қилади у ерда?! Тавба… Хосият! Хосият қани? Хосиятга айтинглар, бобосини кўйлагини ювиб қўйсин, эртага байрам!..”
Ош ейилаётган пайт Ғайрат амаки “Соқолимни санчаман,” деб Момони бир неча марта қўрқитди. Шу орада ичкари хонадан боя қўлига парварда қанд тут­қазиб қўйганим – болакай чиқиб келди. Ғайрат амаки унга бир-икки ҳазил қилди. Кейин “Кел, момонгни оғзи­дан янги тиш ўсиб чиққан, кўрсатаман!” деди. Сулаймон ота Ғайрат амакига қараб, томоқ қириб, бошини зам­зама оҳангда энига қимирлатиб “Йўқ!” ишорасини қил­ди. Сулаймон ота гап ўзанини қанчалик қўшиқ ва ўлан­га бурмасин, яна Момонинг эсига кундоши тушиб қолди:
– Бу хонага бобонг кирмасин! Этигиниям таш­қарига қўй! Ўша этигини тозалама! Райҳон мегажинни уйини чангини кўтариб келган этик обрезда, остонада турмасин! Ўша Райҳонни кўрай, чочини юламан! Ол, чопонингни!.. – деб Момо яна ўттиз-йигирма йилдан бери эрининг титилиб, тўкилиб бўлай деган чопонини отиб юборди. Момо худди дугоналарига гапираётгандай лабини буриб, ҳасрат қилиб қолди: – Нима бўлсаям бу эркак зоти қурсин, булар одаммас, Гулбуви! Бетида туки бор-да, бетида туки бор! Бетида туки борки одаммас Гулбуви. Бетида туки бордан қўрқиш керак, Гулбуви!..
Сулаймон ота Момони чалғитиб, бошқа қизиқарли саргузаштларни сўради. Момо ҳам ёш боладай алданиб, тарихининг бошқа пучмоқларига кириб кетди…
Ёшлар ҳам, катталар ҳам бир-бир эснаб қў­йиш­моқда. Вақт алламаҳал бўлди. Кетгим келмаса-да мен рухсат сўраб фотиҳага қўл очдим. Фотиҳа қилингач, ўрнимдан турдим. Мени кузатиш учун кўпчилик ўр­нидан турди. Шу пайт Момога қарасам, яна боя отиб юборган эски чопонни “ўғринча”, пастки лабини тишлаб олиб, муғомбирона ҳаракат билан тиззасига ёпа бошлади…
Мен шу тариқа, арафа куни, ярим кеча, эсимни таниганимдан бери хонадонини ҳеч йўқламаганим, дўстим ва яқин қариндошим Ҳабибнинг уйидан уларни бот-бот йўқлаб туришни ният қилиб қайтдим. Бу ҳовлидан чиқиб кетаётганимда мени кузатишга чиққанлар хайр-хўшлашишгач, нима ҳақдадир ўзаро гаплашиб бўлиб, биттаси “Момом билмасин!” деб қўйди. Узоқроққа етганим учун эшитолмадим, нимани назарда тутганлари менга қоронғу эди…

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 2-сон