Бадиий асарлар ва, умуман, адабиёт, санъат, ижодкорлик хусусидаги тугал фикрлар баҳс-мунозара, баъзан бир-бирига қарама-қарши таҳлиллар туфайли қиёмига етади. Адабиётимизнинг бугунги ютуқ ва камчиликларини кўрсатишда, оригинал ва таржима асарларга ҳаққоний баҳо беришда адабиётшунос олимлар билан бир қаторда бадиий сўз ихлосмандларининг ҳам фикрига қулоқ тутиш фойдадан холи эмас. Журналимизнинг янги “Журналхон фикри” рукни жаҳон ва ўзбек адабиётини мунтазам кузатиб борадиган ёзувчи, шоир, олим, таржимон ва оддий фаол ўқувчилар учун қизғин мунозара минбари бўлишидан умидвормиз.
“Социалистик реализм” эркин ижодга қанчалик сиртмоқ бўлмасин, шўро даври ўзбек адабиёти майдонида бир қатор дарғалар етишиб чиқди. Уларнинг кўплари мустақиллик йилларининг маънавий неъматларидан баҳраманд бўлдилар. Лекин орадан йигирма етти йил ўтганига қарамай, истиқлол даври қаҳрамонлари ҳақида жиддий бадиий асарлар яратиш масаласи ҳануз очиқ қолмоқда.
Савол туғилади: Беҳбудий, Чўлпон каби боболаримиз орзу қилган мустақиллик кишисининг ҳаққоний образини акс эттиришда бугун ҳам сусткашлик қилаётганимизнинг сабаби нимада? Янги давр қаҳрамонининг қаламга олса арзигудек сифатларини, наҳотки, топа олмаётган бўлсак? Ёзувчининг бош вазифаси – ҳаётни кузатиш, нега энди кўз ўнгимизда кечаётган оламшумул ўзгаришларни сезмаяпмиз, қаламга олмаяпмиз?
Кўплаб адиблар иккиланиб турганида, адабиётимизга ўртамиёна, саёз қаҳрамонлар оқими гуриллаб кириб кела бошлади. Ўқувчи улардан маънавий озуқа олиши гумон. Чунки бундай жиҳатнинг ўзи йўқ. Тўғриси, мен енгил-елпи қаҳрамонлар ҳақида пешма-пеш ёзилаётган асарларга сарф бўлаётган қоғозга, ноширларнинг заҳматли меҳнатига ачинаман.
Адабиётни айланиб ўтиб бўлмайди. Бу даргоҳга кирган одам ўзидан яхши из қолдириши керак. Бунинг учун эса, биринчи навбатда, давр руҳини сезиш, янги қаҳрамонлар билан юзма-юз бўлиш, улар руҳиятини идрок этиш талаб этилади. Янги аср бошларида бизда томир отган ижтимоий-сиёсий турғунлик адабий муҳитга таъсир ўтказмай қолмади. Миллатнинг маълум қисми бозор-ўчар, тирикчилик эҳтиёжларини қондириш билан овора бўлди. Бундай пайтда маънавий ривожланиш тўғрисида ҳар қанча гапирмайлик, бир ерда депсиниб турилаверади ва бу ҳолат кўп иллатларни, масалан, журъатсизликни, бепарволикни келтириб чиқаради. Халқ ва ҳокимият ўртасида жарлик пайдо бўлади. Одамларнинг яхши яшаш ҳақидаги орзу-умидлари рўёбга чиқмайди. Чунки журъатсизлик касалига биринчилардан бўлиб қалам аҳли чалинади.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Йиққан пулига китоб сотиб олган қизини уришган аёлни эшитиб, ўзбеклигимдан уялиб кетдим”, деган сўзларини ҳамон эслайман. Бу гап ўша даврнинг жасоратли сўзи эди. Ижтимоий фалажлик, маънавий бўшлиқ, халқ дардига эътиборсизлик сурункали тус олганини энди ҳеч ким рад эта олмайди. Бахтимизга Шавкат Мирзиёевдек халқпарвар, қатъиятли сиёсатчи мамлакат раҳбарлигига келди. Президентимиз маънавият машъали бўлган Китоб мавқеини кўтарди, ижодкорнинг ҳурмат-эътиборини жойига қўйди. Ёзувчилар уюшмасига эътибор кучайди. Энди эса муҳтарам адибларимиз бу марҳаматга муносиб жавоб қайтаришлари зарур бўлади.
Сир эмаски, дастлаб АҚШ ва Европада, кейинроқ Россияда сариқ матбуот, сўнг интернет пайдо бўлгач, АҚШ китобхони Ирвинг ва Драйзердан, Британия китобхони Шекспир ва Байрондан, француз китобхони Стендал ва Балзакдан, китобсевар Россия эса Достоевский ва Толстойдан узоқлаша бошлади. Гарчи биз китоб ўқишда улардан кўра кўпроқ узоқлашган бўлсак ҳам, лекин Қодирийдан, Фитратдан, Қаҳҳордан, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Одил Ёқубов, Шукур Холмирзаевнинг ижод чашмаларидан узоқлашгимиз йўқ. Маънавият жамики муаммоларнинг ечимини кўрсатувчи машъала экан, бугун ҳам, эртага ҳам бу устоз адибларнинг китоблари бизга ҳамроҳ бўлиши керак. Бунинг учун эса, менинг назаримда, адабий танқидчилик ва, умуман, адабиётшунослик ҳозиргига қараганда бир мунча тез одимламоғи, аниқроғи, имилламаслиги керак.
Танқидчилик адабиёт қозонига ёқилган оловдир. Олов бўлмаса, овқат пишмаганидек, танқидчиликсиз ўзбек насри ва назмининг даражаси чала пишган таомдек бўлиб тураверади.
Менинг назаримда, миллий адабиётимиз йўлидаги энг катта ғов – анъанавий услубларга ҳаддан ташқари берилиб кетганимиз ва бунинг оқибати бўлмиш примитивлик, саёзликдир. Баъзан асар тилини ўзгартириш керак деган гапларни эшитиб, ёқа ушлайман. Унда адибнинг ўзини ҳам ўзгартиришга тўғри келади-ку. Агар биз бундан кейин ҳам примитивлик қобиғида қолиб кетадиган бўлсак, ҳеч қачон жаҳон адабиёти супасига чиқа олмаймиз. Гапнинг очиғи шу. Нобелни қўятурайлик, нима учун биз ҳеч бўлмаса насрда Чингиз Айтматов даражасига ета олмаяпмиз? Қардош қирғиз даҳосининг юбилейини мамлакат миқёсида ўтказишимизда рамзий маъно бор. Айтматов билан бўйлашиш орзуси бўлиши керак бизда. Сергей Есенин, Марина Цветаева, Анна Ахматовалардан жаҳон адабиёти завқ олади. Есенин Тошкент ва Самарқандда бўлганида беқиёс илҳомга чўмганини яширмаган. Рус шоири илҳом олган бу дилбар заминдан нечун биз дунёга арзигудек илҳом нашидасини олмаяпмиз? Такрор айтаман: ҳаммасига анъанавий услубга ёпишиб қолганимиз, реалистик адабиётдан чўчишимиз ҳамда таржимонлик санъатини талаб даражасида шакллантира олмаслигимиз сабабчи. Ғарб адабиёти мафкуравий тўсиқлардан холи, ҳаётий ҳақиқатни ёритиш йўли очиқ ва мунаввар. Бизда ҳам йўллар очилмоқда-ку, имконият бериляпти-ку, нега сустмиз, нега фаол эмасмиз?
Яна бир масала – янгидан нашр этилаётган асарларни қайта ишлаб бориш амалиёти. Хемингуэй асарларининг ҳар бир нашрини тўлдириб, қайта ишлаб борганини кундаликларида қайд этган. Чунки асар вақт ва муносабат чиғириғидан ўтади. Муаллиф тирик экан, асари қотиб қолмаслиги керак. Бизда эса кўпчилик ёзувчилар, ҳаттоки атоқлилари ҳам, асари чиқдими, тамом, унга бошқа қўл урмайди. Нашр этилган у ёки бу асарга ижодкорлар ўртасида оғзаки ёки ёзма муносабат билдириш ҳам йўқ. Ваҳолонки, бусиз адабий тараққиётга эришиб бўлмайди.
Уруш оловидан чиққан дўппидек Вьетнамнинг мўъжазгина бадиий адабиёти жаҳонга бўй чўзишга интилмоқда. Шу юртлик Нгуен Вьет Тан “Хайрихоҳлик” романи учун АҚШнинг Пулитцер мукофотига эришди. Беларус адабиётини Светлана Алексиевичнинг номи дунёга таратди. БМТдаги йиғинлардан бирида АҚШ вакили Никки хоним ҳозирда марҳум дипломат Виталий Чуркинга “Биз Россияни унинг куч-қудрати учун эмас, балки Чехов ва Толстойларнинг юрти бўлгани учун ҳам ҳурмат қиламиз”, деганини курраи замин эшитган. Адабиёт фан ёки санъатдаги каби иқтидорларни тахлаб ташламайди. Адабиёт ўта рашкчи тармоқ. Ёзувчилар уюшмаси ва унинг жойлардаги бўлинмалари “йилт” этган ижодкорга эътиборли бўлиши, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши зарур.
Бир йилда икки ва ундан ортиқ қисса ва роман чоп этаётган ижодкорларнинг ишчанлигига лол қоламан. Аммо баҳони пировард натижага қараб бериш керак. Флобер ўз китобининг баъзи бобларини ўн йиллаб ёзган. Ёзма адабиёт ижодкорлардан куч ва мустаҳкам соғлиқни талаб қилади. Ўрнига, таъбир жоиз бўлса, бир қоп қораланган қоғоз беради. Ҳамма гап шу қораламанинг адабиётимизга тегадиган нафида. Зўр ёзаман ва қойиллатаман деган фикрдан доимо йироқ юриш керак. Бундай димоғдорлик фақат халал беради. Бенуқсон асар яратиш мумкин эмас, бу антик юнон адабиётидан қолган орзу. Буни унутмайлик.
Мен уруш мавзусида ёзаман. Британия сиёсатчиси, Нобель мукофоти соҳиби Уинстон Черчилл айтганидек, уруш ҳам илҳомлантирувчи кучдир. Сўқир Ҳомерни Чаноққальа уруши туғёнга солган бўлса, енгилмас испан Армадаси билан кечган қайноқ жанглар Шекспир ижодида бурилиш ясади. Толстойни рус-француз, Киплингни Ҳиндистон, Майн Ридни Америка-Мексика, Хемингуэйни итальян-испан урушлари, Олдингтон ва Ремаркларни биринчи жаҳон уруши жанггоҳлари илҳомлантирган. Воннегут ва Шютлар ижодига иккинчи жаҳон уруши туртки берди. АҚШлик ёзувчилар Хэсфорт ва Холдеманлар Вьетнам урушидан озуқа олдилар. Мени шўро-афғон уруши ижод майдонига етаклади. Урушнинг беадоқ кулфатларидан келиб чиқиб шуни айтмоқчиманки, биз, ўзбек қаламкашлари хотиржам ижод қилишимиз учун мамлакатимизда икки улуғ неъмат бор. Бу – кексаларимизнинг шукроналик дуолари ва юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-тотувлик. Шундай экан, яхши ва таъсирчан ёзиш ижодкор сифатида бизнинг маънавий бурчимиз эканлигини унутмайлик.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил, 1-сон