Ижоднинг турлари кўп. Таржима ана шу турлар ичида энг долзарблиги билан ажралиб туради. “Энг” деб урғу бераётганимнинг сабаби шундаки, таржимасиз бирон-бир маданият ўз-ўзидан тараққий топмаган ва топмайди ҳам.
Ўзбек адабиётининг энг олис тарихидан то ҳозирги кунга довур юз берган тараққиётга назар солсак, бу яна-да яққолроқ кўзга ташланади. Мисол учун, Муҳаммад Ризо Огаҳийни олайлик, унинг ижодининг ярмидан кўпроғини таржималар ташкил этади. Огаҳий – буюк сўз устаси. Бу унинг, хусусан, таржималарида яққолроқ кўринади. Аммо бугунги ёш авлод унинг таржималаридан тўлиқ баҳра оладилар, нозик киноя ва қочиримларини бутун назокати билан ҳис этадилар, деб дангал айта олмаймиз. Сабаби маълум: Огаҳий ўзи яшаган даврдаги ўқувчилари учун улар яхши тушунадиган тилга таржима қилган ва буни аъло даражада уддалаган. Шундан келиб чиқиб, бугунги кундаги таржима ўқувчиларининг даража ва қизиқишларини ўрганиш алоҳида ҳушёрликни талаб қилади. Хўш, заҳматкаш таржимонларимиз ўз олдиларидаги бу масъулиятли вазифани қанчалик адо этмоқдалар? Кекса авлод таржимонлари узатган қаламларини олишга ёш авлод таржимонлари тайёр туришибдими? “Тескари таржима”, яъни ўзбек тилидан ўзга тилларга таржима қилиш кўнгилдагидек бормоқдами? Албатта, бу ва бундан бошқа кўплаб саволлар фақат эзгуликни, яхши ниятни ифода этиш учун берилаётганини барчамиз англаб турибмиз. Жаҳонда мамлакатлар кўп, адабиётлар кўп. Шунга яраша уларнинг дурдона асарлари ҳам бўлиши, табиий. Ана шундай дурдона асарларни ўзбек ўқувчиларига тақдим этишда севимли журналимиз “Жаҳон адабиёти”нинг хизмати таҳсинга сазовор.
Ўтган йили наср рукнида қатор романлар таржимаси берилади. Туркманистон ёзувчиси Отажон Тоғоннинг “Бегона” (таржимонлар – М. Аҳмад ва М.Сафаров), поляк ёзувчиси Болеслав Пруснинг “Фиръавн” (таржимон – А. Комил), инглиз ёзувчиси Хаггарднинг “Клеопатра” (таржимон – А.Файзулло ва М.Маҳмудов), рус ёзувчиси Виктор Астафьевнинг “Ғамгин саргузашт” (таржимон – Ж.Фозил), Ёвдат Илёсовнинг “Олачипор ажал” (таржимон – Ш.Мансуров), америкалик ёзувчи Ирвинг Стоуннинг “Ҳаётга ташналик” (таржимон – Р. Жабборов, М.Норова), итальян ёзувчиси Густав Эмернинг “Соҳиб чангал” (таржимон – Э.Носиров), грециялик ёзувчи Яннис Мариснинг “Нафақадаги хусусий изқувар” (таржимон – Қ.Мирмуҳаммедов) романлари ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Бир йилда ҳаммаси бўлиб 8 (!) та роман ўзбек тилига ўгирилган. “Шеърият минтақалари” рукни ҳам ғоят ранг-баранглиги билан диққатни тортади. Кўплаб шеърий асарлар бевосита аслиятдан ўгирилгани кишини қувонтирмай қолмайди. Турк, озарбайжон, ҳинд, инглиз, немис, татар тилларидан қилинган таржималарда аслият тилининг жозибаси яққол кўзга ташланади. Таржимонлар сафида ёш ижодкорларнинг номларини кўриб, таржимада сифат ўзгаришлари рўй бераётганига шоҳид бўламиз.
Драматургия рукнида В.Шекспирнинг “Беҳуда шов-шув” (таржимон – М.Исмоилий) ва озарбайжон драматурги Ҳусайн Жовиднинг “Шайх Санъон” (аслиятдан У.Қўчқор таржимаси) асари маҳорат билан ўгирилган.
Адабиётшунослик, Фалсафа рукнларида нақд 52 муаллиф қаламига мансуб лавҳа, очерк ва мақолалар турли тиллардан таржима қилинган ёки адабий мунозаралар ва суҳбатлар тарзида ўқувчи эътиборига ҳавола этилган. 2012 йилда журналда 140 дан ортиқ муаллиф иштирок этгани бу журнал энг оммабоп нашрга айланганидан дарак беради.
“Публицистика” ва “Жаҳон маданияти ва санъати” рукнларида ҳам ўқувчиларнинг онг ва дидига мос лавҳа ва мақолалар эълон қилиниши айни муддао бўлди.
Аммо сон ва сифат деган мезонлар мавжудлигини ҳам эсдан чиқармаслик керак. “Жаҳон адабиёти” журнали мисолида кўплаб таржима асарларини санаб ўтдим. Уларнинг таржима сифати қандай, деб сўрайдиган бўлсангиз, бунга дарҳол “аъло” ёки “яхши” деб жавоб беролмаган бўлардим. Ёшларни қўйиб турайлик, улар ҳозирча изланишда, ўсишда. Улар йўл қўйган хато ва камчиликлар аксар ҳолларда тажрибасизлик туфайли содир бўлади, буни кечирса бўлади. Таҳририятимизга қўлёзмалар кўплаб келиб тушади. Қоидага биноан уларнинг сифатини тезда аниқлаб, муаллифга “ҳа” ёки “йўқ” деган жавобни айтишимиз лозим. Гоҳо шундай таржимонлар учрайдики, таржимасини компьютердан чиқаргандан кейин лоақал устидан бирров кўз югуртирмаган бўлади. Шу ўринда атоқли адиб Мирзакалон Исмоилийнинг бир ишлари ғоят ибратли, деб ўйлайман. Ўзларининг айтишларича, Лев Толстойнинг “Тирилиш” романини анча ёш пайтларида таржима қилиб, чоп эттирган эканлар. Ёшлари улғайганда ҳалиги таржимани башқатдан ўқиб кўрибдилар ва ўзларидан қаттиқ уялиб кетибдилар. Барибир, тажрибасизлик ўз ишини қилган экан-да. Шундан кейин бу романни такроран таржима қилиб, хижолатдан қутилган эканлар.
Таржима матнни сояма-соя кўчириб чиқиш эмаслигини ёшу кекса, барча таржимонлар яхши билишлари керак. Таржима ҳалол ижод қилишни, ҳалол тер тўкишни ёқтиради, талаб этади. Шоир Тоҳир Қаҳҳор айтганидек, таржимонда ҳам ёзувчиликдан, ҳам шоирликдан озгина улуш бўлиши шарт, акс ҳолда, ундан яхши таржимон чиқмайди. Эндиликда адабиётимизнинг энг мўътабар, оқсоқол даражасига етишган олим ва таржимони Иброҳим Ғофуровни камоли эҳтиром ила барчага ўрнак қилиб кўрсатгим келади. Куни-кеча афсонавий Жеймс Жойснинг “Улисснинг саргузаштлари”ни ўзбек тилида бийрон-бийрон қилиб сайратган эдилар, бугунда эса Фёдор Достоевскийнинг “Иблислар” романини афсонадан ҳақиқатга дўнариб турибдилар. Мен бу ерда Достоевскийнинг даҳосию таржимоннинг жасорати ҳақида гапирмоқчи эмасман, ҳамма гап шундаки, Иброҳим Ғофуров шундай оғир, мураккаб ва йирик асарнинг бирон-бир сатри ёки калимасига “хиёнат” қилмай, ўзбек тилида уларнинг айнан муқобилини тополганлар. Таржималари равон ўқилишининг ўзиёқ ҳаммасини рўй-рост айтиб турибди – таржимон ўз ишига ҳам, аслиятга ҳам ҳалол ёндашган.
Бунга қарши ўлароқ, ўзини чинакам таржимон чоғлаган, аммо таржималари ҳатто ҳаваскор таржимончалик бўлмаган “ижодкор”лар, афсуски, тез-тез учраб туради…
Республикамизда Ғарб ва Шарқ тилларини ўрганиш оммавий тус олган, десак янглишмаймиз. Бирон-бир чет тилини билиш замон талабига айланиб бормоқда. Таржималарнинг тури кўплигини ҳамма билади: сўзма-сўз (таглама) таржима, бадиий таржима, синхрон таржима ва ҳ.к. Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳар қандай адабиёт тараққиётини таржимасиз тасаввур этиб бўлмайди. Матбуотда тагига “фалон тилдан фалончи таржимаси” деб имзо чекилган таржима унинг эгаси кўзига чўғдай кўриниши тайин. Аммо сифати-чи? Худди ўша “сифат” деган нарса кейинчалик ёш ва ёши каттароқ таржимонларга панд бермоқда. Аслият тилини пухта эгаллаш бошқа, ундан она тилида фойдаланиш бошқа. Она тилини барча фазилатлари билан яхши билмаган одам ҳар қанча уринмасин, яхши таржимон бўлиши қийин. Она тилини ўрганинг ва яхши таржимон бўлинг! Тилагимиз – шу.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 3-сон.