2020 йилнинг январь ойида интернетда ғаройиб бир хабар тарқалди: италиялик фермер Дарио Гамбарин ўзининг ҳайдов трактори билан экин даласида “КОРОНАВИРУС” деган сурат ишлаган. У бундан икки йил олдин худди шу усулда Россия Президенти Владимир Путининг суратини чизган экан. Янги асарга кимдир эътибор берди, кимдир ажабланди ва яна кимдир “Бу ҳам бир тентакликдир-да”, дея қўл силтаб қўя қолди. Матбуот бўлса тез орада бошқа мавзуларга ўтиб кетди. Трактор ғилдираклари билан ишланган ноёб сурат деярли ёддан кўтарилай деб турганида инсоният бошига айни шу суратда тасвирланган оғир фалокат келди.
Бугун Нью-Йорк, Лондон, Рим ёки Парижнинг машҳур музейларида сақланаётган баҳоси неча юз миллион долларлик асарлар орадан бир неча юз йил ўтибгина машҳур бўлган. Дарио Гамбариннинг “қўлбола” асари орадан икки ой ўтиб-ўтмас, машҳурликда “Мона Лиза”, “Қора квадрат”, “Венеранинг туғилиши”, “Помпеянинг сўнгги куни”дан ҳам ўтиб кетди.
Оддий тракторда ушбу асар чизилаётганида Хитойда коронавирус касаллиги тарқалаётгани ҳақидаги дастлабки хабарлар ахборот воситаларини деярли эгаллаб бўлган эди. Савол туғилади: рассомликка ҳаваси баланд Гамбариннинг бу антиқа ижоди шунчаки кўнгил ишимиди ёки дунёга бало-қазодай ёпирилиб келаётган, бу ёруғ оламнинг мавжудлигига рахна солишга қодир офатга беэътибор бўлмасликка даъватмиди?
Бу тўғрида баҳслашишга ҳожат қолмади. Бўлар иш бўлиб бўлди: коронавирус мислсиз шиддат билан дунёни эгаллади. Ҳамма ниқобда: юзда ниқоб, қўлда ниқоб. “Уйда қолинг” деган шиор “Яшашни, тирик қолишни истайсизми?” дегандай эшитилади. Бугунги техник имкониятлар билан идора ишларини уйда бажариш, мажлису йиғинлар ўтказиш ҳам мумкин. Кўчалар бўм-бўш, ишхоналар берк. Ҳордиқ нималигини билмайдиган йўллар тин олаётганларидан ўзлари ҳам ажабда. Йирик тадбирлар, спорт беллашувлари, футбол ўйинлари, концертлар бекор қилинган. Ҳар биримизнинг орамиз икки метрдан кам бўлмаслиги керак. Кексалар, болалар ва айниқса, иммунитети сустлашган беморларни эҳтиёт қилиш зарур. Давлат ва ҳукумат раҳбарлари, коронавирус эпидемиясига қарши кураш комиссияси, тегишли ташкилотлар, шифокорлар йигирма тўрт соатлик иш режимига ўтган. Қисқа вақт ичида олий ўқув юртлари талабалари ва мактаб ўқувчилари учун уйда қолиб таълим олиш йўлга қўйилди. Карантин назорати учун йирик шифохоналар қурилиши бошланди. Президент Шавкат Мирзиёев бу чораларни миллатни асраб қолиш даражасидаги курашга қиёслади. Хорижда турли сабабларга кўра қолиб кетган юртдошларимизни мамлакатга қайтариш борасида авваллари ҳеч бўлмаган операциялар амалга оширилди. Вилоят, шаҳар ва туман раҳбарларига одамларнинг соғлиғини сақлаб қолиш учун ҳеч нарсани аямаслик тўғрисида топшириқ берилди.
БМТ Бош котиби Антонио Гутерреш “Евроньюс” мухбири Изабелла Кумарнинг оғриқли тагдор саволларига жавоб қайтарар экан, бундай фалокатли ҳол 2008 йилги молиявий инқироздан анча хавфли эканлигини тан олди. Бош котибнинг фикрича, зудлик билан қатъий чоралар кўрилмаса, тақиқ ва чекловлар жорий этилмаса, дунёда иқтисодий оқибатларини ҳатто тасаввур қилиш қийин бўлган янги рецессия юз бериши мумкин. Ким айбдор, ким сусткашлик қилди, ким хатога йўл қўйди, дея баҳслашиб ўтиришнинг вақти эмас, деб таъкидлади у.
Бош котиб аҳволни ўнглаш, қочоқларга ёрдам кўрсатиш, оч-наҳорларни қўллаб-қувватлаш, қонли можароларни тўхтатиш каби мақсадларга камида 2–2,5 миллиард доллар маблағ зарурлигини айтди. Бугун дунёнинг етакчи мамлакатлари ҳарбий мақсадларга ҳар йили 2 триллион доллар сарфламоқда. Бундай хавфли пойгани жиловлаш вақти келди. 2 триллион олдида икки ярим миллиард пул нима бўлибди? Бундан англашиладики, Бирлашган Миллатлар ташкилотидек нуфузли ҳамжамият учун ҳам мураккаб синов даври келди.
Инсоният тарихида турфа хил офатлар кўп бўлган. Сурункасига етти йил қурғоқчилик ҳукм сурганида, номаълум касаллик тарқаб, одамлар тутдек тўкила бошлаганида ҳам одамлар ақл-идрок, фаҳм-фаросат, бирлик, якдиллик билан ўзини ва болаларини омон сақлаб қолган. Коронавирус боис равшан бўлдики, кўпчилик мамлакатлар иқтисодий жиҳатдан кучли бўлсалар-да, вирусли ҳужумларга тайёр эмас экан. Унинг зарбалари олдида Америка ҳам бирмунча ўзини йўқотгандай бўлди. Бугун бу мураккаб дунёда ўз ҳолича, бир-биридан узилган ҳолда, ўз олдига бир-бирига мантиқан зид мақсадларни қўйиб яшашнинг иложи йўқлиги яна бир бор ўз исботини топди. Коронавирус турфа хил жамиятларда умумдунёвий муаммолар ҳам мавжудлигига ишора бўлди десак, муболаға бўлмайди.
Сиёсатшунос олимларнинг эътирофларига кўра, дунёда ҳозир вақти-вақти билан гоҳ у қитъада, гоҳ бу қитъада хуруж қилиб турадиган 160 дан ортиқ вирус мавжуд (Бу рўйхатга ўқувчи ва талабалар ўйлаб топган компьютер вируслари кирмайди). Эбола вируси, Сеул вируси, Онковируслар, Хантавируслар, Андес вируси, Папиллома вируси, Ғарбий Нил иситма вируси, Эпштейн-Бар вируси… Уларни шунчаки эслашнинг ўзи вужудингизни титроққа солади. Биргина Вьетнам урушида маҳаллий аҳоли истиқомат қиладиган ерларга 400 килограммдан ортиқ диоксин сепилган, 14 миллион тоннадан ортиқ портловчи моддалар ишлатилган. Бу қуроллар бошқа планетадан олиб келинган эмас. Унда улар, ҳарбий мақсадларда ишлатиладиган биологик газлар қандай пайдо бўлган, ким томонидан ихтиро қилинган?
Бу саволларга жавоб бериш қийин эмас: бу ажал воситалари сунъий йўл билан инсон деб аталмиш ақлли жонзотнинг энг истеъдодлилари томонидан узоқ йиллик илмий изланишлар натижасида ихтиро қилинган. Бугун коронавирус ҳамласидан бошқаларга нисбатан кўпроқ ва аянчлироқ зарар кўраётган дунёнинг етакчи мамлакатларида кўпдан-кўп ошкора-пинҳона лабораториялар мавжудки, улар асосан тегишли ташкилотларнинг махсус буюртмаси асосида “маҳсулот” етиштирадилар.
Жанубий Америкада бундан беш-ўн йил аввал иштаҳаси ҳакалак отган баъзи олимлар ҳозиргига нисбатан йилига камида уч-тўрт марта кўп бол йиғадиган асалариларни сунъий йўл билан етиштиришга киришадилар ва… бунга муваффақ ҳам бўлишади. Аммо қувончлари узоққа чўзилмайди. Сунъий етиштирилган асаларилар гулчанг йиғиш ўрнига ғуж-ғуж бўлиб одамларга ҳужум қилади, нишлари заҳридан кўплар вафот этади. Уларни йўқ қилишга жуда катта маблағ сарфланади.
Ўйлаб кўрайлик. Бугун дунё мамлакатларининг ҳарбий-саноат комплексларида хизмат қилаётган қуролсозлар, вирусолог олимлар, бомба ва снарядларнинг янги модификацияларини ихтиро қилаётган, мовий фазони даҳшатли лазер нурлари билан тўлдираётган мутахассислар ер, сув ва ҳавони покиза сақлаш, ўрмонларни асраш, одамларнинг умрини узайтириш, болалар иммунитетини кучайтириш, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни кўтариш билан шуғулланганларида ҳаётимиз қандай бўлар эди?
Таассуфки, инсон бугун илмий тафаккур билан бирга сунъийлашиш, ўз моҳиятидан узоқлашиш, оёғи тиралиб турган замин тақдирига беписандлик йўлидан ҳам бормоқда. Ер тинимсиз бурғуланмоқда. Бурғулаш машиналари Атлантика муз океанигача етиб борди. Олимлар йирик саноат мажмуаларида иш ҳақи талаб қилмай ишлайдиган роботлар яратиш устидагина эмас, уйда кир ювадиган, болаларга энагалик қиладиган, таом тайёрлайдиган, мусиқа чалиб берадиган, муқом қилиб рақсга тушадиган, китоб ўқийдиган, қўшиқ куйлайдиган, йиғлоқиларни овутадиган сунъий ёрдамчиларни тайёрлаш устида ҳам бош қотирмоқдалар. Демакки, роботларнинг янги-янги вазифалари пайдо бўлади, ораларидан зукко ишбилармонлар, ёзувчи, рассом, ҳар ерда ҳозиру нозир мухбир, компьютерда ҳар қандай мусиқани бир зумда тайёр қиладиган бастакор етишиб чиқиши ҳам мумкин. Бу хусусда матбуотда хабарлар пайдо бўлганига анча бўлди.
Фақат шу эмас, олимлар сабзавот ва меваларнинг генетикасини ўзгартиришмоқда. Ёпиқ илмий (ҳарбий) лабораторияларда сунъий зурриётлар етиштириш устидаги ишлар жадаллашмоқда. “Сизу биз бугун сунъий етиштирилган зомбилар, камикадзелар билан бирга яшамоқдамиз, бирга нафас олмоқдамиз”, деяётганлар ҳақ бўлишлари мумкин. Буюртма асосида иксзурриётларни (Кассандра тамғасини) етиштирган олим Филофей космик ракета иллюминаторини очиб, само бўшлиғига сакраши билан ўз ҳаётига нуқта қўйди. Биз қаёққа сакраймиз? Бундай фалокатлардан омон сақлайдиган жой борми ўзи бу ёруғ оламда?
Бир нима дейиш қийин. Бироқ, одам одам мақомида қоладими-йўқми, деган маънавий савол саволлигича турибди. Наҳотки ўз уйимизда, она бешигимизда ортиқча бўлиб қолсак? Улуғ адиб Чингиз Айтматов умрининг сўнгги йилларида, “Бугунги энг муҳим вазифа – Инсонни инсон мақомида сақлаб қолиш”, деган гапни бежиз айтган эмас. Биз бугун киммиз – ҳою ҳавас, тўқликка шўхлик қилиб, ўзи туғилган бешикни бузаётган, киндик қони тўкилган тупроқни заҳарга тўйинтираётган, ҳаво ва сувни булғаётган, ота-бобоси эккан чинорни қўпораётган, ўзи ўтирган шохни арралаётган (Эркин Воҳидов) ақли ноқисга айланиб қолаётганимиз йўқми? Мантиқсиз хатти-ҳаракатларимизга кўзимиз очиқлигида ўзимиз баҳо беришга улгурамизми ёки бу ишни келажак наслларга қолдирамизми? Кимни ва нимани кутиб турибмиз? Кўз ўнгимизда кечаётган ғайриинсоний, ғайриахлоқий воқеа-ҳодисаларга, миллион йиллик музлар эриб, сув сатҳи кўтарилаётганига нега бефарқмиз? Ғарб мамлакатларида яратилаётган кўплаб фильмларда сунъий роботлар, “Эшак семирса, эгасини тепади” деганларидек, ўз яратувчиларига қарши бош кўтариб, ер юзида тириклик чироғини сўндиришга бел боғлагани ва бунга эришиш остонасига яқинлашиб бораётгани ҳақида ҳикоя қилинади. Ушбу сатрлар қоғозга кўчаётганида машҳур режиссёрлардан бирининг, “Биздан кейинги цивилизация” номли фильми кинотеатр экранларига чиқди. Бу шунчаки хаёлотми ё огоҳлик қўнғироғими?
Расмий маълумотларга кўра, бугун ер юзида мавжуд ядро қуроллари она сайёрани камида юз марта бутунлай йўқ қилиб, кукун сифатида фазога сочиб юборишга етиб ортади. Шу ҳолатда ҳам бу ажал уруғини янада кўпайтириш, такомиллаштириш режалари мавжудлигини қандай баҳолаш мумкин? Водород бомбасини ихтиро қилган академик Сахаров кейинчалик бу ишидан пушаймон бўлди. Аммо у биргина тазарру билан кўзадан чиқиб кетган жинни аввалги жойига қайтариш мумкин эмаслигини яхши биларди.
Маҳатма Ганди “Инсон – тафаккур ҳосиласи, у нимани ихтиёр қилса, шунга эришиши мумкин”, деган экан. Йигирма биринчи аср тафаккурининг ўзак мақсади нима? Илм яна қандай ихтироларга қодир? Беш, ўн, йигирма ёки эллик йилдан кейинги ихтиролар кимга ва нимага хизмат қилади? Сунъийлашиш янада жадаллашадими ёки эсимизни йиғиб аслимизга қайтамизми?
Уйда ўтирган кишининг хаёлига нималар келмайди, дейсиз. Кимдир китоб мутолаа қилади, рўзғор ишларига қарашади. Кимдир ёнбошлаб уззуккун телевизор кўради. Хорижий сериаллар оилавий муносабатларнинг энг нозик жиҳатларини ошкора намойиш этиш билан банд: эр хотинни алдайди, хотин эрни чалғитади, иккаласи ҳам пок эмас, қайси бирининг бошқа бир аёлдан боласи бор, қайси бирининг икки-уч маъшуқаси. Ота боласини, қиз онасини, набира бобосини танимайди. Эркинлик устига эркинлик. Ажрашади, ярашади, яна ажрашади. Оила – ўйинчоқдек гап, қўлнинг кири. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган найранглар, фисқ-фасодларни айтинг. “Мастер-класс”га марҳамат. Бу ҳам ўзига хос пандемия эмасми?!
Коронавирус туфайли ер юзи аҳолисининг тенг ярми – уч ярим миллиард киши бир муддат уйида жон сақлади. Аммо бу, бошини қумга тиқиб турган туяқуш хавф-хатардан бутунлай қутилмаганидек, пандемия билан боғлиқ даҳшатли муаммонинг ҳам ечими эмас. Мажбурий чора: бошқа йўл йўқ. Аммо одам боласи хонанишин бўлиб, уйида муқим қолиб кетмайди: кўчага чиқиши, даласига сув очиши, боғига қараши, меҳнат жамоасига қайтиши, маҳсулот ишлаб чиқариши, очиқ ҳавода болалари билан сайр қилиши, уларни бағрига босиши зарур. Бугуннинг одами бундан бошқача турмуш тарзини қабул қила олмайди. Шундай экан, ечимни қаердан излаган маъқул?
Олимлар оддий асалари ҳаётини узоқ йиллардан бери ўрганиб келадилар. Бу хусусда қанчадан-қанча илмий рисолалар ёзилган. Асалари оиласидаги тарбия, юксак интизом, адолатли меҳнат тақсимоти, бир-бирларига ахборот етказиш, душманга қарши биргаликда “жанг” қилиш, ишёқмаслик, дангасалик, фирибгарлик (инга бемаза гулчанг олиб келиш) учун жазо чоралари, покиза ҳаёт тарзи, инни тоза сақлаш, уй ичига бегоналарни киритмаслик, бола тарбияси билан шуғулланиш каби қатъий тартиб-қоидалар ҳаммани ҳайратга солади. Асалари қиш мавсумида уч-тўрт ой инидан ташқарига учиб чиқмайди, аммо ахлатини яшаётган уйи ичига ташламай қорнига йиғади. Қиш чўзилиб кетса, қорни шишиб ҳалок бўлади.
Пандемия ҳолатлари (парранда гриппи, чўчқа гриппи) авваллари ҳам кўп бўлган. Бошқа такрорланмаслигига кафолат йўқ. Демак, бу офатлардан сақланиш учун, ҳеч бўлмаса асаларилардан маълум ибрат олмоғимиз лозим эмасми?! Инсон фаолияти билан боғлиқ чиқиндилар наинки ер юзини, океан тубларини ҳам тўлдириб юборди. Номаълум сабабларга кўра ўзини қирғоққа уриб ҳалок бўлаётган китларнинг ошқозони пластмасса идишлар омборига айланиб кетган экан.
Азизиддин Насафийнинг комил инсон ҳақидаги китобида ғоят муҳим хулоса-кўрсатма бор: “Биз (бу) оламда мусофирмиз. Оламнинг аҳволи ҳам мусофирдир. Давлат (бойлик) ҳам, заҳмат ҳам, омад ҳам ўткинчи. Оламнинг аҳволи бир ҳолатда (узоқ) қолмайди. У ҳамиша айланишдадир, ҳар замонда бошқа суратга киради. Бу ҳолат ўз моҳиятига кўра дарёнинг тўлқинидир ёки шунга ўхшаш. Оқил киши ҳеч қачон тўлқин устига иморат қурмайди”.
Улуғ аллома, “Уй-жой қурма, чайла-пайлада ҳам яшаса бўлаверади” демоқчи эмас, “Бу ўткинчи дунёга ортиқча ҳавас қўйма, бойлик йиғишга, ҳою ҳавасга берилма, манманлик тулпорига минма, қўлинг бошқаларникидан узунлигини кўз-кўз қилма”, демоқчи. Инсониятни бало-қазоларга гирифтор қилаётган, еру осмонни титратаётган, имонимизни сусайтираётган шу иллатлар эмасми?! Истиқлол туфайли одамлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Бу – яхши, албатта, аммо мулкка қул бўлиб қолишдан Яратганнинг ўзи асрасин экан.
Робия Балхий қиссасида ўқиймиз: “Зарб тегмаса сас қаердан чиқади? Ахир, даф (ноғора) ҳам зарб еганидан кейин ун чиқаради-ку”. Коронавирус пандемияси Дунёга қақшатгич зарба берди. Инсоният кутилмаганда ўзининг ҳаёт-мамоти билан чамбарчас боғлиқ буюк Имтиҳонга дуч келди. Турмуш тарзи, кундалик одатлар, ёзилган ва ёзилмаган қоидалар ўзгариб кетди, қариндош-уруғчилик, қўни-қўшничилик, дўст-қадрдонлик муносабатлари бошқача тус олди. Дунё бойлари бир ҳафта ичида ярим триллион доллар маблағ йўқотишди. Неча миллион киши иш жойини йўқотди. Қанча минг киши вафот этди. Нефть бозори синди. Қанчадан-қанча қимматли қоғозларнинг шўри қуриди. Бою камбағал, мулкдору тадбиркор, қарздору ҳақдор хавотирда. Жаҳон ҳамжамиятида Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик дунёвий инқироз юзага келди. Бразилиядаги йирик “Маракана” стадиони, Нью-Йорк марказидаги машҳур парк касалхонага, “Сантьяго Бернабеу” ўйингоҳи тиббий дори-дармонлар омборхонасига айланди. Тобут ишлаб чиқарувчи фабрикалар дам олиш кунларисиз икки сменада ишлади, ишлаб чиқариш ҳажми 10 баробарга ортди. Хорижлик ҳамкасбларимиздан бири Италияда коронавирус туфайли вафот этганларни дафн жиддий муаммога айлангани ҳақида ёзар экан, бу ҳолатни Ленинград қамалининг қиш-қировли кунларига қиёслади.
Фақат шу эмас, офат боис кўпларнинг бошига ташвиш тушди, имони суст, кўзи оч кишилар тўйқус юзага келган вазиятдан “унумли” фойдаланиб, бир нималик бўлиб қолиш ҳаракатига тушдилар. Ваҳимали уйдирмалар урчиди. Бозор ва магазинларда картошка можароси юзага келди. Йўловчи ташувчи хусусий тадбиркорлар орасида, “Така бўлсин – сут берсин” қабилида иш тутувчи, мўмай даромаддан бошқа ҳеч нарсани тан олмайдиганлар оз эмас экан. Юзга тутиладиган ниқоб, қўлга суриладиган сиқма мой бепул берилаётганида ёки қайсидир тадбиркор муҳтожларга бепул озиқ-овқат тарқата бошлаганида одамлар айрим жойларда оломонга айланди. Қозони бир кунда бир марта қайнайдиганлар сабрда туришди, тинимсиз қайнайдиганлар ваҳима кўтариб, дуч келган тарафга зир югуриб, қазноқларини тўлатиб олишди.
Японияда содир бўлган Фукусима фожиаси пайти уй-жойидан, мол-мулкидан ажраган неча минглаб одамлар, асосан, қари-қартанглар, дунёга японларга хос буюк бир ибратни намоён этдилар. Улар ҳукумат томонидан бепул тарқатилаётган озиқ-овқат пакетлари устига океан тўлқинидай ёпирилишмади, бештадан-ўнтадан олишмади, бир-бирларига йўл, навбат бериб, эртанги кунга умид билан қараб фақат биттадан пакет олишди. Қанчадан-қанча уй-жойлар қаровчисиз қолиб кетганига қарамай, бирорта ҳам ўғирлик, талончилик содир бўлмади. Энг муҳим, ваҳима кўтарилмади.
Айтиш зарурки, пойтахтдан вилоятларга йўловчи ташийдиган айрим ҳайдовчиларнинг диёнатсизлиги бизда биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Узоқ йиллардан бери муборак Ҳайитларимиз, Янги йил, Мустақиллик байрами арафасида, таассуфки, шундай бўлади. АҚШ, Франция, Буюк Британия, Германия, Испания, Белгия каби мамлакатларда мусулмонларнинг байрамлари куни озиқ-овқат маҳсулотлари Ислом динига ҳурмат маъносида бир мунча арзонлашади. Бизда эса… Диний мавзудаги маърузаларда бунга алоҳида эътибор берилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Ақл-идрок, яхши ният, сабр-қаноат бўлса, ҳаётнинг ўзи ҳамма нарсани жой-жойига қўяди, турмуш яна ўз ўзанига тушади. Давлатимиз раҳбарининг қатъияти, вақтида кўрилган, пишиқ-пухта ўйланган чора-тадбирлар, фидойи шифокорларнинг жасоратли меҳнатлари самара беради, албатта. Бунга ишончимиз комил. Ҳаммамиз ижтимоий фаолликка, ижодий фаолиятга, таълим-тарбияга, қадрдон жамоаларимизга қайтамиз. Йўллар очилади, тўсиқлар олинади, ниқоблардан халос бўлган чеҳраларда яна ҳаёт завқи, яратиш, бунёдкорлик шукуҳи, ишонч, муҳаббат, кулгу-табассум жилоланади, шаҳару қишлоқлар асалари уясидек гувиллай бошлайди. Дунё яна бола табассумига тўлади. Лекин…
Бу қандай қайтиш бўлади? Коронавирус хуружигача қандай яшаган, кимлардир ўйлаб топган сохта, мантиқсиз, бошдан-оёқ исрофли, исломий одоб-ахлоққа зид қадриятлар, кимошди “пойга”ларига амал қилган бўлсак, янги ҳолатга уларни ҳам ўзимиз билан бирга олиб ўтамизми ёки виждону иймонимизни, ақл-фаросатимизни, фуқаролик бурчимизни озроқ тафтиш қилиб, бугун қандай дунёда, қандай жамиятда яшаётганимизни ҳис этиб, “ота-боболардан қолган урф-одат” ниқоби остида онг-шууримизга, турмуш тарзимизга чирмовуқдай ўралиб олган, белимизни букчайтираётган, қарзга ботираётган ортиқча “удум”ларни, дафн маросимини ҳам “хўжа кўрсин”га айлантириш, фотиҳага келганларнинг лавозимлари билан ғурурланиш каби ярамас иллатларни ортда қолдирамизми? Фалон жойда мунча тонналик палов тайёрланди, сумалак пиширилди, кўпкари совринига от, ҳўкиз, машина қўйилди, деган гердайишларни-чи? Тўйларни бугунгидек ихчам, камхарж, қариндош-уруғ, маҳалла билан дабдабасиз ўтказиш, уйларни қўшнининг томидан баланд қилиб қурмаслик, кўча ҳақидан қўшмаслик бизни инсонийлик сари ундайди. Ортиқча мол-мулк, зеб-зийнат, қўша-қўша иморату машиналар оддий картошка олдида бир пул бўлиб қолишига сал қолди-я! Бу ҳолатни италиялик фермер Дарио Гамбарин трактори билан чиза олармикин?
Йўқ, чиза олмайди. Бу сурат ҳар биримизнинг қалбимизда имон нури, виждон бўёғи, инсонийлик салоҳиятию қалб кўзи билан чизилмоғи, келажак наслларга маънавий мерос бўлиб қолмоғи керак.
Гап пандемия ҳодисасидан Инсон зоти ирқи, диний эътиқоди, миллати, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, кўзини катта очиб, ақл-ҳушини жамлаб, бурнидан кўра узоқроқни кўриб тегишли хулосалар чиқаришига боғлиқ. Бошқа бир сафар Помпея фожиаси ёки Шоҳимардон сели пайтидагидек, мулоҳаза юритиб ўтиришга имкон бўлмаслиги эҳтимолдан холи эмас.
Бу хулосалар қандай бўлиши мумкин?
Энг муҳим хулоса – огоҳлик. Бу – эртаю кеч чор-атрофга олазарак қараб туриш, ҳамма нарсани шубҳа остига олиш дегани эмас. Шифокорлар иштаҳа очилганида таом тановул қилишни тўхтатиш керак, дейишади. Пандемия бу гапнинг тўғрилигини амалда исботлади – иштаҳамиз қурғур роса очилган эди-да.
Бу ёруғ олам ҳаёти буюк илоҳий мувозанат асосига қурилган. Унда жамики нарса – кеча ва кундуз, нур ва соя, орзу-ҳавас, егулик-ичгулик, мол-мулк, тоғу тош, боғу саҳро, қум ва ботқоқ – ҳамма-ҳаммаси ўзаро мутаносиб равишда яратилган. Ҳеч ким овоз чиқариб, “Ҳой, инсон, бу бешикда фақат сен эмас, сенинг болаларинг ҳам яшайди, уларнинг ризқини қийма, ортиқча чираниб белингни майиб қилма, нафсингни жиловла”, демайди. Улуғ бобомиз Алишер Навоий нафсни жиловлаш ёввойи ўрмонга бориб, қутурган шерни тутиш ва уйга олиб келиб жиловлаб қўйишдан кўра улуғроқ эканлигини уқдириб кетганлар.
Олийгоҳдаги сабоқларимда, “Бахт ва омад ҳамиша ҳам яхшилик келтирмайди”, деган гапни тез-тез такрорлаб тураман. Истиқлол халқимизга буюк бахт, мислсиз омад олиб келди. Паспортларимизда дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш мумкинлиги тўғрисида махсус белги пайдо бўлди. Инсоф билан айтганда, биз бу имкониятдан тўғри фойдаланмадик. Ибодат билан савдо гоҳо аралашиб кетган ҳоллардан хабаримиз йўқ эмас.
Иккинчи хулоса – эртами-кечми, Инсон ёлғон балосидан қутулиши керак. Журналистларнинг рост, текширилган ахборотларга эга бўлиш ҳуқуқи мамлакатимизда қонун даражасида эътироф этилган. Истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида ҳам қонун бор. Аммо одамларга фақат рост ахборотларни тарқатиш, ёлғонни реклама қилмаслик тўғрисида дунёнинг ҳеч бир мамлакатида қонун ҳам, тақиқ ҳам йўқ. Пандемия офатлари пайти кўп жойда ёлғон-яшиқ урчиди, одамларни чалғитди. Бундан бошқа мисоллар ҳам бор. Маълум манфаат эвазига, “Мен бу дорини ичиб, фалон касалликдан тузалдим, оёқларим юра бошлади, жигарим жойига тушди, ошқозонимдаги яра битди, саратон аломатлари йўқ бўлди, орзуимиз ушалиб, фарзандли бўлдик”, қабилидаги ёлғонларни тўқиш ҳеч гап бўлмай қолди. Чоққина ҳовли ертўласида ёки бошқа бир жойда “қўлбола” дори тайёрлайдиган цехлар очганлар оз эмас. Бугун дунё бўйича истеъмол қилинаётган жами дори-дармонларнинг қанча фоизи яроқсизлиги маълум. Бу соҳада қатъий интизом ўрнатилмас экан, фирибгарлик давом этаверади.
Яна бир хулоса – бугунги дардман, безовта дунёни кучли беш-ўнта давлат, сиёсий, иқтисодий бирлашмалар, ҳарбий блоклар эмас, инсоннинг чин Инсонга хос ақл-идроки, покиза нияти, эртаги ёруғ кунларга ишончи ва муборак ибодати қутқаради.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 3-сон