Кейинги пайтлари Фахриёр, Абдували Қутбиддин, Баҳром Рўзимуҳаммадни кўп ўқийман, уларнинг нима демоқчи эканини тўлиғича тушунаман десам, уйдирма бўлар, лекин таъсирланаман. Мутолаада хаёлим очилиб, бошқа, қандайдир ишора маконларга кетиб қолади, кўнглим бошқа бир дунёга сайрга чиққандек, бир оз таажжубда қарайман: нималар экан бу деб. Шу таъсир — фикримни меҳваридан чиқариб, тасаввуримни ўзга хиёбонларда ва ўзга биёбонларда ҳам сайр қилишга етаклаган таъсир шеърнинг янгилиги қувватидан бўлса керак. Ташбеҳма-ташбеҳ англамаган ҳолимда ҳам мубҳамликни ўзимга яқин олиб, очиб қарашга интиламан, тўғрироғи, шеърнинг ўзи шунга даъват қилади, фақат чорламайди, сўз кучи билан ўша жозиб сирларга тортаверади.
Абдувалининг ўзимга энг тушунарли, ҳамма сўзи ойдиндек тўрт сатрида тин олиб кўраман:
Қафасдаги бедана… Чумчуқлар шохлардан шохларга ўтарлар… Олмани тешиб чиқар қурт… (осмон кенг.)“Осмон кенг” қавсга олиниб, яна нуқта ҳам қўйилган — осмонни тўсишми, у туйнукдан кўринаяптими ё кенгликнинг кичик бир бўлаги — боғ устидаги парчасига ишорами? Ўйлайман, бир тўхтамга кела олмайман. Бедана қафасда, ҳа, бу Шарқ, Шарқ беданасиз бўлмайди; бедана фақат Шарқда қафасда асралади, чумчуқлар шохдан шохга сакрайди, қурт эса олмани тешиб чиқаяпти — бу кенг осмон остида кўп нарсалар бўлаяпти, унинг бағрига ҳамма нарса – ҳаётнинг ҳаракат сувратлари сиғади. Мен бу тўртликни ўзимча шундай англай бошлайман. Бу англашим тўлиқ эмаслигини, шеърда бошқа ишоралар борлигини ҳам туйиб тураман.
Баҳромнинг бир шеърини ўқийман:
Қурбақа келин ҳовузнинг тинч жойига Икки-учта қизил япроқ тўшаб қўяди Сув остидаги ялтироқ тошнинг Нури билан тозалайди япроқларини Бедана сайроғини супурги қилиб Супуриб чиқади сув бетиниТиниш белгилари йўқ, шеър тўхтамсиз давомий, ўқиб ўйлайман; ўйимни тушуниб олай деб, ўзим тўхтам қилаяпман. Бу таниш, жўн манзара замирида нималар бу? Қурбақанинг ҳовузнинг тинч жойига қизил япроқ тўшаши… ҳовузнинг тинч жойи, қизил япроқ, тағин бу япроқларни сув остидаги ялтироқ тош нури билан тозалайди, бу ҳовузда акс этган қуёшдир, балки… “Бедана сайроғини супурги қилиб” — бу ҳам манзара-ташбеҳ, ҳам манзара-тимсол. Балки билмаётгандирман, лекин билмаган ҳолимда нимага тасаввуримни жонлантириб юбораяпти, қандайдир яқин, тўғрироғи, танишга ўхшаган оҳанрабо бўёқлар билан сирланган туйғуларга жалб қилаяпти?
Табиат бағрига чиққанда кўзингиз қувнаса, кўрган манзарангизни тушунишга уринмайсиз-ку. Тушундим деганингиз билан ҳам тушунишингиз табиатни ўзгартирмайди. Сиз учун муҳими ва кераги унинг таъсири: енгил шабада, ёқимли ифорлар, қушлар сайроғи, мовий осмон, у ҳатто мовий бўлмаслиги ҳам мумкин, булутли бўлса ҳам, ундан завқ топа оласиз, ундан фикр ахтармайсиз, фикр ўзингизда уйғонади. Табиат сизни уйғотади, шеър ҳам шундай. Модерн шеърни тушунишга уринсангиз, уни ўқиб, хаёлингизни ўзига қўйиб беринг, дунёсини ўзи яратади — сизга керакли, сиз англайдиган дунёни.
РЕКЛАМА
олмага асалари қўнмоқда Дарахт танасига тушган қурт гапиради Энди асалариларнинг замони Асаларилар жамиятга зиён етказмайдилар Асалари қўнадиган олмаларни харид қилингЯна тиниш белгилари йўқ, мен ўйлашда давом этаман, нималарнидир излаяпман, кўрмаган нарсаларимни пайпаслаб, кўз олдимга келтираяпман, нималигини билмаганим туйғулар қаёққадир ўтиб келаяпти.
Баҳром биз қарамаган чумолини хаёлан қўлига олиб, турли томонидан қараб кўради, яна хаёлан: мабодо одам эмасми бу, шер бўлса-чи, бирдан юрагимга чангал урсами, унинг ҳайқириғидан еру кўк ларзага тушар эдими, мен бу чумоли муҳаббатига арзийманми… Шу тариқа уни ҳар кўйга солиб, ўйлаб қарайди, яъни бизни ўйлатади; чумолига ҳар тарафдан баҳо беришга, уни турли ўлчамларда кўришга ундайди; бир мўъжаз жонзот мисолида қандай яшаётганимизни идрок этишга чорлайди, содда бир билгилар билан, ўзи ҳам ажабланган бўлиб бизни ажаблантиради…
Мисол келтираётганим шоирлар кейинги йигирмайилликда шаклланган катта бир шеърият оқимининг етакчи вакиллари, бу янги оқимда номи унда-бунда тилга олиниб, матбуот ва китоб савдоси сабаб, кенг китобхонлар оммасининг ўз шоирига айланиши қийин кечаётган Азиз Саид, Шамшод Абдуллаев (миллий мотивларда русча ёзади), Гўзал Бегим, Рауф Субҳон, Бектемир Пирнафасов, Ойдиннисо каби яна бир қанча ижодкорларимиз бор — улар, шубҳасиз, дунёга янгича қараш, рамз, тамсиллар орқали унинг кўринмаган манзараларини кўрсатиш, бадиий тафаккурнинг хос ўзанларини очиш билан умуман адабиётимиз келажагининг ўзгачалик пойдеворини тиклаган сўз шайдолари…
Мен бу шеъриятни чанқаб ўқийман. У фикримнинг қуриб қотган, қақроқ заминига томчилайди, сингиши қийин; намлик бериши, гул ундириши мумкин бўлган томчилар, қатъий, ўжар уйғониш азобидан роҳат берадиган ундашлар.
Менга у янги, ўқиб қийналаман, нималарнидир кўраётгандек, нималарнидир яхши пайпаслаётгандек бўламан, гўзал бир тусмоллар ичида қоламан, аниқ кўра олмасам-да, гўзаллиги дилимга инади.
Бу янги авлод, бу янги фикр — менга тусмоллиги ҳам бор гап, чунки мен эски ўлчамлар билан чамалаб кўраяпман, менинг қаричим бу манзарани ўлчашга мос эмас. Айни пайтда кўнглим талабида ўзим кўниккан манзарани сўраш ҳам бор.
Тобора ҳуснига ҳусн қўшилиб Тобора очилиб бормоқда бу гул — Биллур гулдондаги гул(Болтабой Бегматов)
Бу тафаккур шу пайтгача урфда бўлиб келаётган шакллардан чиққан, айни чоғда унга сиғмайди. Йўқ, бу ёшларда анъанани инкор қилиш, ўз янгилигини мажбурлаб тиқиштиришга уриниш эмас, уларга келган янги фикр олдинги ўзанлардан тошиб, қирғоқларини кенгайтиряпти ва… янги воҳалар яратмоқчи.
Бу тахлит шеъриятда сўзнинг озод масъуллиги мавжуд: ҳар бир ташбеҳ, ҳар бир ислоҳ, ҳар бир ифода тўхтаб, ўз устида ўйлаб олишга ундайди. Бу эса, табиийки, янги шеърхонни тарбиялаб етиштиришга олиб келади.
Мазкур шеърият авлодининг катта фазилати — жуда кўп мутолаа қилади, дунё адабиётининг бугуни билан бирга, ўз адабиётимизни ҳам ўқиб-ўрганиб, ўз тажрибасидан ўтказади. Улар айни тажрибадан ўтказиб ёзган шеър, унутмайлик, она тилимизда воқе бўлади, тўғрироғи, бу воқеликнинг давоми. Кеча, бугун эртанинг боғланишлари — бу тўхтамайдиган оқим, узлуксиз, узилишсиз жараён, шеър ўқиётган одамнинг таассуротида шу азалий ҳаракатнинг ёришиб кўриниши.
Мен эски, консерватив шеърхон ҳолимда янги шеърни берилиб ўқийман ва ўзимдан шубҳага бораман: менга яхши таъсир қилаяптими, демак, бугуннинг шеърини ўқийман, янгиланаётган ўқувчиман.
Эскидан келаётган ўқувчи.
Беҳад севадиган шеърим.
Кўзинг не бало, қаро бўлубтур, Ким жонға қаро бало бўлубтур…“Ашрақат мин акси шамсил каъси анворул ҳудо, Ёр аксин майда кўр деб жомдин чиқди садо” каби ҳар жиҳатдан муаззам маъно ва оҳанг тажассуми бўлмиш минглаб сатрларини яратган буюк шоир шу юксак мартабаси билан ёш бир йигитнинг байтини сўраб олиб, унга татаббуъ боғлаган. Нималар сеҳри бор бу бир байтнинг? Хўп, тарди акс санъати қўлланган, буни ўқиганмиз, тушунамиз, лекин тушунчамиздан жуда кенг маъвога тортиб кетади, бу нимадан? Тил — Сўз санъати, ғазал санъати келади, бизнингча, тарихларни оралаб.
“Ашрақат…” араб лаҳжасини билмаган одамни ҳам уйғотиб, унинг руҳини юксакларга кўтариб кетади. Саҳарлари падарим айтган азон билан уйғонганман, боламан, азон маъносини сўзма-сўз билмайман, мазмуни кўтаринки, баланд руҳ бўлиб кирган вужудимга: тур, тур, қара, дунё уйғонди, дунёга кўзингни оч, баландлаб қара, деяётгандек бўлган. Тафаккурнинг улуғвор суврати, туйғуларнинг муаззам ҳаракати… Навоий ижоди шунинг учун ҳам кўнгилларни яратувчи, туйғулар оламини яратувчи хилқат.
Кўзинг не бало қаро бўлубтур, Ким жонға қаро бало бўлубтур —шу хилқатга мос тушган, унинг кенгликларини мўъжаз ифодалаб, катта куйнинг илк пардасидек, ваъда билан жаранглайди, байт замиридан бошқа маъно излаш шарт эмас. У ойдин, кўнгилда гул ундирадиган ҳароратли, равшан, лекин оҳанги бобомизни бошқа маъноларга, янада улуғвор куйлар яратишга тортиб кетган.
Бир жуда катта кўнгил куйининг бошланғичи, куйни тинглайсиз, куйни тинглаб, ўз ўйларингиз томон қанот чиқарасиз, куйнинг ўзини эса сўз билан изоҳлашга ҳожат йўқ.
Мен туйғулари эски, фикрлаши кўникма толиб Навоий ғазалларини қон-қонимга сингиб келаётган руҳ билан ўқийман.
Мен кўниккан шеърият кўнгил расмини илож қадар тўлиқ қаламга олади, модерн эса кўнгил манзарасини фақат чизгилаб ўтади, шартларга имолайди, туйғуларга ишоралайди, улардан ўзингиз маъно яратасиз. Ҳа, яратасиз. Фаол ижодкорга айланасиз. Бу эскига қарши янгилик эмас, ўша эскининг замиридаги, энди очилаётган, сиз очаётган анъана. Бу анъанага шоир атайлаб амал қилолмайди ёки янгича тафаккур даъвоси уни инкор ҳам эта олмайди. Анъана, анъаналар, дейлик, бу — шеър тарбияси билан кирган тил оҳанглари, ўзбек тилида шеър ёзган одам қувватни шу тилда яратилган жами шеъриятдан олади. Гап бирор устозимизга эргашишда, аниқ бир давр ёки йўналишдан қувватланишдагина эмас, тафаккуримиздаги шеъриятнинг жамулжам таъсиротида.
Менга шунинг учун боғланмайдиган боғланишлар боғланадигандек туюлаверади. Навоийга ошуфта кўнглимда Ҳамид Олимжоннинг:
Деразамнинг олдида бир туп Ўрик оппоқ бўлиб гуллади…сатрларини улуғ аждодимиз ғазалига боғлаб, ўзим учун яқинлик топаман. Бу сатрларда ҳам деразадан қараган бир туп оппоқ гуллаган ўрикдан бошқа баҳорнинг яна нимадир меҳрлари, ҳаётнинг нимадир азалий оҳанглари бордирки, болалигимдан бери менга ҳамроҳлик қилади.
Бугунги нақирон шеъриятда Навоий, Ҳамид Олимжонларга бориб туташадиган шундай бир муаззам куйни кўраман, тўғрироғи, шу куйнинг ичига ўзим ҳам кириб қолгандек бўлиб юраман. Шу куйнинг ичида, масалан, Фахриёрнинг ундан узилмаган ҳолда алоҳида жаранглаб турган оҳангларини эшитаман.
Фахриёр анъанавий шеър шаклу равишларини яхши ўзлаштирган, руҳиятига, сайқалига етган миллий оҳангларни чуқур ҳис қилган ҳолда айрича тафаккур ифодалари, аниқ-таниқ ташбеҳлардан мажоз яратади. Шу маънода, у ўз йўли, ўз фикрлаш тарзини ойдин яратган шоир; бу ойдинликда узоқлар кўринади, тикилиб қараганда янги фикр манзаралари бўй кўрсатади. Яна ўзим ишлатган мисолларга қайтсам. Масалан, “Юрак эркка ихтисослашган” сатри “Умуман рўй бермас воқеа, Рўй бергучи менман умуман, Мени излаб юрар моҳият” Фахриёрнинг поэтик дастурига изоҳдек туюлади. Биринчи сатрда ҳижо ҳаракати, худди от жиловини тортиб, тартибли югуришга ҳимо бергандек, мажбуран чекланади: “юрак эркка” — оҳанг синади; “ихтисослашган” эса одамни сергак торттиради: юракнинг уришида эркка интилиш мажбурияти бир қисмат. Бу сатр ҳис-ҳаяжонга берилмай, совуққон ўйлашга ундайди. Яна модерн шеъриятдаги мажоз унсурлари мисолига қайтсак, кейинги уч сатр бунга яхши семиотик шарҳ. Воқеа рўй бермаяпти, лекин содир бўлаяпти, ўқиган одам уни шеърдан, ташқаридан ахтариши керак эмас, ўзини изласин, унинг ўзи моҳият. Шеърдаги моҳият шуурда очилади, гуллайди, чаман бўлади. Туйғу оҳанглари ҳам ниҳоят фикр намлаган илгариги қуруқ ерда униб, чалинаётган куйга уюшади. Бу маънода унинг “Геометрик баҳор”и шеъриятимизда тубдан янгилик бўлган, чиндан-да, шакл симфониясидир. Бу ҳам, энг аввало, шоирнинг ўзигача бўлган, ўзи тарбиясини кўрган шеър санъати анъаналарини пухта ўзлаштирган ҳолда, шу муайян чегараларни ўзгартира олган жасоратидан.
Фахриёр, ҳали кўп ўрганиладиган, атрофида баҳсу мунозаралар кўпайиб борадиган истеъдод, ўзлигини сақлагани ҳолда бугунги поэтик тафаккур изланишлари жуғрофиясини ҳам шаклий, ҳам мазмунан қамраб олган кўламли шоир.
Юксак шеърият хос ўқувчиларнинг мулкига айланиб бораяпти, тўғри маънода бадиий тафаккур янги шеър кенгликларига чиқаяпти, чиқди ҳам; “модерн шеърият” деб таъкидлаш ҳам бугунги бозор шароитида унинг алоҳидалигини кўрсатиш, унга кўпроқ эътибор қаратишга уриниш. Лекин бу модерн қаердандир келиб қолган ёки уни кимлардир атайлаб олиб кираётгани йўқ. У ўз анъаналаримиз, мавжуд тажрибаларимиздан келиб чиқаяпти ва шеърхоннинг муайян қатламларидан олдинга кетаяпти, бинобарин, айни бадиий тафаккурнинг ривожланиш қонуниятларидан юзага келаяпти.
Албатта, дунё таъсирлари кириб келиб, фикрлаш тарзимизни ўй, ўлчам-андазаларимизни ўзгартираяпти; ёшларимизнинг поэтик тафаккури шу ўзгаришлар босими остида ўзига янги йўл очаяпти. Янгиланиш муайян ўлчамларга сиғмайди, ўз ўлчовларини яратади, лекин моҳиятан бу ўша адабиёт, бизни тарбиялаб ўзига кўниктирган ўша эскиликнинг тубдан давоми, биз ҳам — ўша ўзимиз, бинобарин, адабиётнинг янгиланиши руҳиятимиздаги ўзгаришларнинг инъикоси, шунинг талабидан келиб чиқаяпти. Дунё адабиёти ижодий жараёни тажрибаси анъанадан қочиш ёки уни инкор этишни эмас, балки янгилик яратишда унга таянишни ўргатади. Ҳатто анъаналар инкор қилинганда ҳам, бу амбиция ёки янги усул ёхуд услуб тарғиботи, муайян хартия даражасида қолади. Чунки бадиий ижод, бадиий мушоҳада ифодаси — тил билан; анъана шу тилнинг янгиланишига сингиб кетган; энг илғор новаторлик ҳам шу тилда майдонга тушади, модерн талабида уни шеърий нутқ таркибидан чиқариб ташлаб бўлмайди.
Бугун модерн шеърият дейилганда, қандайдир ёт ёки чекка таъсирлар, фикрий бегоналик эмас, биз кўниккан шеъриятимизнинг ҳали биз кўникмаган жараёни, қонуний ҳосиласи деб тушунаман. Бу ҳосила ўзига йўл очаяпти, холос, ва, буни, ҳар бир хайрли янгиликни кутиб олгандек, қутлаш керак. Фахриёр, Абдували Қутбиддин, Баҳром Рўзимуҳаммад, Азиз Саид… Мен тенгиларга ёшроқ туюладиган бу шоирлар аллақачон ўз сўзи, ўз қарашлари билан нафақат танилган, балки ўзбек поэтик тафаккурига катта таъсир ўтказиб келаётган катта истеъдодлар. Буларга фикрловчи янги авлодлар эргашади. Уларнинг китоблари кам босилаётгани ё улар ҳақида жуда кам гапирилаётгани шеърият хазинасига қўшган гавҳарлари қадрини пасайтирмайди. Маълумлик бугун йўқ, эртага бор, индин яна қайтади. Табиий, энди манзумалар эллик-юз минглаб нусхада босилмайди, босилгани билан бунча тарқалмайди, энди китоб билан бирга унинг ўқувчиси ҳам сараланади, табақаланади, ким яллаю мадҳу саноларни ўқишга мойил бўлса, ким ҳаралаю таралла билан яшайди, юксак шеъриятни авом ўқимайди, бунинг учун уни авом дидига мослаштириш керак бўлади. Юксак шеъриятни, — оддий аксиома, — юксак, яъни диди, фикри юксак одам ўқийди, бунақалар эса, турган гап, ўзи кам бўлади. Изимиздан келаётган авлод яратган шеърият шундай юксакликда, уни ўқиш, уқиш учун китобхон унга қараб баландлашиб бормоғи, китобхонни баландлатиш учун эса, шеърнинг азалий қоидаларини пухта эгаллаб, сўз маданияти, сўз санъати, руҳ бадиияти билан ўз ишига ёндашмоғи лозим; ҳар сатрнинг юрак тепишидек тирик оҳанглари бўлсин, шеър толибини ўзига тортиб турадиган. Ана шунда менинг ҳам модерн таассуротларимда суврат ўз сирларини тўлиғича юз очар эдими — мени истаб, ўзига чорлаб турибдими, бекорга чақираётгани йўқдир, ахир.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 38-сон