Ҳар бир халқнинг маънавияти бошқа халқлар адабиёти, санъатидан баҳраманд бўлиш туфайли қувватланиб боради. Бу борада бадиий таржиманинг аҳамияти беқиёсдир. Ўзбек ўқувчилари дунё адабиёти дурдоналаридан кўплаб намуналарни она тилида ўқимоқдалар. Эндиликда ўзбек адабиётининг яхши намуналарини жаҳон китобхонларига аввалгидан-да кўпроқ етказиш мавриди келди.
Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан адабиёт ва санъат ривожига алоҳида эътибор берилмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида, “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласида бу соҳада нималарга эътибор қаратиш кераклиги жуда яхши кўрсатиб берилган. “Ҳолбуки, биз маънавиятимизни юксалтириш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга интилаётган эканмиз, ҳеч қачон ўз қобиғимизга ўралашиб қолмаслигимиз керак.
Қисқача айтганда, бошқа соҳалар қатори адабиёт соҳасида ҳам халқаро алоқаларни кучайтириш зарур. Қайси мамлакатда бизнинг адабиётимиз, маданиятимиз, қадриятларимизга ҳурмат билан қарашади, хориждан биз нималарни ўрганишимиз мумкин ва, ўз навбатида, уларга нималарни тақдим этишимиз мумкин — бугун бу масалалар халқаро майдонда ўзлигимизни намоён этишда катта аҳамиятга эга эканини доимо ёдда тутишимиз лозим”, дея таъкидлайди Юртбошимиз (“Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор”, “Ўзбекистон”, 2009, 32 — 33-бет). Бадиий таржима борасида сўз кетганда “Узоқ йиллар давомида ўзбек адабиётини тўғридан-тўғри она тилимиздан таржима қилиб келган чет эллик таржимонлар билан бирга, мамлакатимиз олий ўқув юртларида таълим олаётган истеъдодли ўғил-қизларимизни мана шу машаққатли, айни пайтда олижаноб ишга жалб этиш, бу масаланинг ечими билан бевосита боғлиқ бўлган ташкилий-амалий вазифаларни ҳал қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлур эди”, деб ёзади Президентимиз “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида (“Маънавият”, 2008, 139-бет).
Кейинги йилларда матбуотимизда бу соҳага эътибор кучайиб, таржимашуносликка оид, таржима қилинган асарлар савияси ҳақида мақолалар чоп этилиб турибди. Жумладан, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 29 июн сонида “Шахсий мулоҳазалар” рукнида Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Каминанинг номлари…” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Таниқли таржимашунос олим бугунги таржима ишлари ҳақида ўз мулоҳазаларини баён қилгани яхши. Аммо мақолада баъзи бир мунозарали фикрлар ҳам йўқ эмас. Аввало ёшларимизнинг таржимонлик фаолияти билан шуғулланаётгани ҳақида гап кетганда айтиш жоизки, биринчидан, дуч келган тилни билган талаба таржима билан шуғулланаётгани йўқ. Шуғулланаётганлари ўзи ўқиётган олийгоҳ қошидаги адабиёт тўгарагида фаол қатнашаётган, матбуотда асарлари билан кўринган, ҳатто айримлари китобини чоп эттирган талабалардир. Уларга таржима ишининг машаққати такрор-такрор тушунтирилган, шунда ҳам ўз ихтиёрлари билан бу ишга қўл урган ёшлар. Иккинчидан, бу таржималар тил биладиган мутахассислар томонидан кўриб чиқилади ва ўша олийгоҳда дарс бераётган (ёки элчихона ходимлари ёрдамида) ўша тил эгаси (вакили) томонидан таҳрир этилади. “Дуч келган бир ўзбекка, сен ўзбекча биласан-ку, кел энди, ҳикоя ё шеър ёз, асаканг кетмайди десак, қандоқ бўларкан?”, деб ёзади мақола муаллифи. Бундай жўн саволни ихлос билан таржимон бўламан деган ёшларга бериш ўринсиз, деб ўйлаймиз. Чунки истеъдодли одамгина ижод қилиши мумкинлиги аён ҳақиқат. Агар шу нуқтаи назардан келиб чиқилса, Қодир Мирмуҳамедовдек (Аллоҳ раҳмат қилсин) етук таржимонга: “Сиз роман ёзмагансиз, роман таржима қилманг!”, дейиш керакмиди? Яна мақола муаллиф ёзади: “Эҳтимол топширсангиз, бола бир амаллаб таржима қилар ҳам, аммо уни биров бадиий асар сифатида ўқимайди. Чунки таржимонлик ўта миллий ва … сартарошликка қараганда минг чандон теранроқ нарса”. Таржимашуноснинг бу “ноёб” ўхшатиши, ёш таржимонларга “бола” дея қараши нописандлик эмасми? Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Халқаро адабий алоқалар ва бадиий таржима кенгашининг диққат-эътибори ўзбек адиблари асарларини хорижий тилларга таржима қилишга ва ёш таржимонларни тайёрлашга қаратилган. Ахир, ўзбек адабиётининг яхши намуналарини дунёга ёйишга рағбат кўрсатилаётган экан, буни қўллаб-қувватлаш керакмасми? Бизда асарларни жаҳон тилларидан ўзбек тилига ўгираётган моҳир таржимонларимиз бор ва яна аслиятдан таржима қиладиганлар кўпаймоқда. Таржимани аслият даражасига кўтарган Миртемир, Мирзакалон Исмоилий, Шуҳрат домла ва бошқа моҳир таржимонлар мактабини давом эттираётган Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Али издошлари бўлмиш ёшларимиз адабиётимизнинг мумтоз намуналарини керакли даражада жаҳон миқёсига олиб чиқа олишига ишонч кўзи билан қараш керак. Шахсан мен ўзим бунга ишонаман.
Мақолада ўзбекнинг қиёфасини тасвирлаган рус рассомининг асари ўхшамагани ёки Л.Соловьёвнинг “Насриддин афанди Бухорода” асарида миллий руҳ юзага чиқмагани тўғри таъкидланган. Ўз-ўзидан савол туғилади: хўш, бир миллат вакили ўзга миллатнинг руҳини бадиий асарда тўлиқ акс эттиролмас экан, унда таржимани ким қилиши керак? Николаз Бараташвилининг “Мерани” асари рус тилига икки юз олтмиш мартадан кўпроқ ўгирилгани қайси манбага асосланиб келтирилган? Борис Пастернакнинг таржимаси ҳам ёмонми? Грузинлар миллий адабиётини ташвиқ қилиш учун бир шеърни эллик нафардан зиёд таржимонга таржима қилдирган экан, демак, бу тўғри иш бўлган. Қолаверса, ҳар бир авлод муайян бир асарни янгидан таржима қилиши мумкин. Шу ўринда ҳазрат Алишер Навоий асарларини таржима қилган рус таржимонларининг хизматини унутмаган ҳолда достонларидан истаган боблар тушириб қолдирилганини ёки бўлмаса мумтоз адабиётимиздаги “жигарим кабоб бўлди”ни “стал шашликом”, деб ўгирилганини эслаш жоиз, деб ўйлаймиз. Навоий асарларининг француз тилига ўзбек таржимони М. Ниёзхоний томонидан қилинган таржималарининг ўзга миллат вакиллари таржималардан кам жойи йўқ. 2011 йилда “Адиб” нашриётида корейс тилида нашр қилинган “ХХ аср ўзбек шеъриятидан намуналар” тўплами ўша йилнинг 6-7 июл кунлари Тошкент давлат шарқшунослик институтида бўлиб ўтган халқаро қурияшунослар йиғилишида юксак баҳоланди. Яна бир таржимонимиз Бегойим Холбекованинг ўзбек шоирлари шеърларидан намуналарни инглиз тилига ўгириб чоп эттирган “Қалбим сизга интилади” китоби (Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2011) Англиянинг Норвич университети мутахассислари томонидан яхши баҳолангани ҳам ўзбек адабиёти намуналарини хорижий тилларга ўзимиз таржима қилиб муваффақият қозонишимизга ишонч туғдиради. Муртазо Саидумаров араб тилига таржима қилиб, БААда нашр эттирган “Ўзбек ҳикоялари анталогияси”даги Тоҳир Маликнинг биргина “Ажиб дунё” ҳикояси ҳақида фаластинлик ёзувчи Маҳмуд Абдулмалик Ийд ҳаяжон билан ёзган “Ажиб дунё” қиссасини ўқиб” мақоласини Ўзбекистонга юборди (мақола “Жаҳон адабиёти” журналининг 2011 йил март сонида эълон қилинди). Демак, ўзбек таржимони миллий адабиётимиз намуналарини хорижий тилларга ўқишли қилиб таржима қилиши мумкин экан. Нега энди гуржиларнинг таржимаси яхши чиқмаган, дея чўчишимиз керак.
“Ҳар бир миллат ўзига нима керак бўлса, таржима қилиб олади. Бошқаларга нима керак эканини белгилаб, уни “етказиб бериш”га уриниш шарт эмас. Дунё адабий жараёнида ўз миллий адабиёти асарларини “экспорт” қилиш тажрибаси жуда сийрак учрайди…”, деб ёзади З.Исомиддинов. Бу гапга ҳам қўшилиб бўлмайди. АҚШдек қудратли давлат ҳам 1915 йилдан бери Америка ёзувчиларининг асарларини дунё тилларига таржима қилиб, бепул тарқатади. Масалан, “Америка ҳикоялари” тўплами (Тошкент, 2011) АҚШ элчихонаси томонидан ўзбек тилига таржима қилинди. Италянлар ўз адабиётини тарғиб қилганларга ҳар йили каттагина грант ажратади.
Мустақиллик шарофати билан ўнлаб асарларимиз турк тилига таржима қилинди. “Ўткан кунлар” таржимони А.Батур 40-50 саҳифани тушириб қолдиргани етмагандек, қутидорни сандиқчи, деб таржима қилган. Мана сизга “керак бўлса, таржима қилиб олади”нинг натижаларидан бири. 2006 йил адабиёт бўйича халқаро Нобель мукофотига сазовор бўлган турк ёзувчиси Ўрхон Памуқнинг “Истанбул. Шаҳар ва хотиралар” китобини ҳам инглиз эмас, турк миллатига мансуб Эрдоғ Гўкнор инглиз тилига таржима қилган.
Бугунги глобалашув жараёни тезлашаётган бир даврда интеллектуал бойликларни ҳам экспорт қилиш табиий ҳолга айланмоқда. Бу ҳақда мазкур газетамизда яқинда чоп этилган Абдуқаюм Йўлдошнинг мақоласига («ЎзАС», 2012 йил, 23- сон) кўзингиз тушган бўлса керак.
З.Исомиддинов мақоласида айтилган, олий ўқув юртларидаги хорижий тил ва адабиёт фанларини ўқитиш соатлар ҳақидаги фикрларга ҳам қўшилиб бўлмайди. Олий таълим бакалавр ва магистр босқичларидан иборатлиги яхши маълум. Талабалар бакалаврият жараёнидаёқ тилчи ва адабиётчиларга ажратилиб, уларга махсус курслар ўтилади. Қолаверса, айрим олий уқув юртларида таржимашунослик факултетлари ҳам бор. Уларга ўрганилаётган мамлакат фолклоридан бошлаб, то ҳозирги адабий жараёнгача (2-,3-,4-курсларда) ўқитилади. Магистратура босқичида эса тилшунослар тилга оид фанларни, адабиётшунослар, асосан, адабиётга оид фанларни ўрганадилар (500 соатга яқин). Масалан, ўрганилаётган мамлакат(хитой, ҳинд ва бошқа) адабиётининг назарий масалалари, поэтикаси, адабий оқимлар ва ҳоказолардан сабоқ берилади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида иш бошлаган ёш таржимонлар семинари бугунги кунда кенг тармоқ ёйиб, ЎзМУ, ТошДШИ, ЎзЖТДУ, СамДЧТИ, ҚарДУ, УрДУ ва бошқа олий ўқув юртлари қошида ёш таржимонларнинг мунтазам семинарлари ташкил этилиб, иқтидорли талабаларни алоҳида гуруҳларда шуғуллантириб келинаётир. Ёшлар иштиёқ билан эзгу ишга қўл урганда, уларнинг қўлини ишдан совутмаган маъқул, бизнингча. Мақола муаллифининг танқидий фикр айтишига ҳеч ким қарши эмас, лекин танқид асосли бўлиши керак. Қолаверса, муаллиф мазкур мавзуда ўзининг ўринли таклифларини ҳам айтиши лозим. Афсуски, мақолада амалий таклиф йўқ. Ёшлар орасидан келажакда яхши таржимонлар чиқишига умид билан қараб, шу йўлда ҳаракат қилишнинг нимаси ёмон? Ахир, ўзга миллат вакили ўзимиздек таржима қилиб беролмаса, биз уларга талаб тражасида етказа олмасак, унда ким таржима қилиши керак? Олма пиш оғзимга туш деб ўтираверсак, бизга биров четдан келиб ёрдам берадими?
Адҳамбек Алимбеков,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Халқаро алоқалар ва бадиий таржима кенгаши масъул котиби.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 27-сон