(Ёзувчи ва журналист устоз Мирзоҳид Мирзараҳимов таваллудининг 70 йиллигига)
“Ёзиш ниҳоятда қийин ва масъул иш. Лекин журналист дала – яйловларни яёв кезиб, узун тунлар ширин уйқусидан кечиб ёзаверади. Негаки ёзиб бўлиб ҳориган, эзилган вужудида шундай ҳузур-ҳаловат ҳис этадики, мана шу қийноқ-азоблардан кейин келадиган ширин туйғуга ҳудди гиёҳвандлардай ўрганиб қолади.”
Ҳар бир инсон ҳаётга қандайдир бир вазифани бажариш учун келади. У ўша вазифа учун яратилган. Ҳар ким ўз вазифасини бажариб, ниҳоялаганда эса унинг умри якунига етган бўлади. Юқоридаги сўзлар моҳир журналист, бетакрор ёзувчи устоз Мирзоҳид Мирзараҳимов қаламига мансуб. Мирзоҳид Мирзараҳимов ёзиш учун туғилган, яратиганлардан эди. Юқоридаги ва қуйида келтириладиган сўзларимиз ёзувчининг ўлимидан атиги олти ой аввал ёзиб қолдирган сўзлардир.
Бетакрор қаламкаш Мирзоҳид Мирзараҳимовни ўшликлар чуқур ҳурмат қилишади. У инсонни содиқ дўст, камтар устоз, фидоий ҳамкасб сифатида тез-тез эсга олиб туришади.
Мирзоҳид Мирзараҳимов 1943 йилнинг 16 сентябрида Ўш вилояти Қорасув туманидаги Наримон қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топган. 1960 йилда мактабни тамомлаб, Бишкекдан Ўшга кўчиб келган “Қирғизистон ҳақиқати” (ҳозирги “Ўш садоси”) рўзномасининг илк сонларини чиқишига ўз ҳиссасини қўшган. 1970 йили Тошкент Давлат Университетининг журналистика факультетини тамомлагандан сўнг масъул котиб лавозимида фаолият юрита бошлаган.
Журналист сифатида фаолияти кўп бора тақдирланган. 1969 йилдан буён СССР журналистлар уюшмаси аъзоси, “Шавкатли меҳнати учун” медали ва шунингдек кўплаб “фахрий ёрлиқлар” билан мукофотланган. 1976 ва 1985 йиллари йилнинг энг яхши журналисти жумҳурият конкурсида ғолиб чиққан ва номи “Шуҳрат китоби”га ёзилган.
Мирзоҳид Мирзараҳимов ёзувчи сифатида ҳам самарали меҳнатлар қилган. Ёзувчининг илк ҳикояси “Висол” “Шарқ юлдузи” журналида 1965 йили чоп этилган. Шундай қилиб бирин-кетин ҳикоялари ёруғ кўра бошлаб, 1974 йили “Ёш гвардия” нашриётида “Ойдин тунлар” номли илк китоби дунёга келди. Минглаган китобхонлар қалбидан жой олган китобдан сўнг таниқли ёзувчи Ўткир Ҳошимовдан ҳам хат келди.
Изланишлар ва тинимсиз меғнатлар ортидан ёруғ кўрган кейинги “Оқ булутлар” (1977й) китоби ҳақида ёзувчининг ўзи шундай хотирлайди:
“… ўша беғубор болалигим ўтган дала, сой бўйларини қўмсаш янада кучайди. Энди соддадил, уятчан, опамдай меҳрибон, меҳнаткаш дала қизлари кўпроқ хаёлимни тортди. Ниҳоятда ҳурмат ва эҳтиром билан, эҳтиёткорлик ва меҳр билан худди ўзимнинг опам ёки синглим қатори уларни таърифлашга ҳаракат қилдим. Ҳеч қачон кўрмаган, танимаган филология фанлари доктори, адабиётшунос Маҳкам Маҳмудовдан совға-китоб келди. Китобда шундай дастхат бор бор: “Умримизнинг бошланишида руҳимизни арши-аълога кўтарган маънавий бойликларимизни йўқолишдан асрашга интилган дўстларимдан энг яхшиси Мирзоҳидга!”. Танимаган ҳолда китобларим орқали шундай улуғ одамларга энг яхши дўст бўлганимдан қанот чиқариб осмонларда учдим.”
Бундан кейин “Нурли занжир” (1983 й), “Нурафшон олам” (1985 й) китоблари босмадан чиқди. Турли хил тўплам, альманахларда ҳикоя ва қиссалари ўрин олди. Қирғиз адабиётидан ҳам таржималар қилиб, таржимачилик соҳасида ҳам олдинлади. Шунингдек асарлари қирғиз тилидан ҳам янграй бошлади.
1981 йили Бобур номли Ўш Академик драма театрида “Кичкина деманг бизни…” драматик асари саҳналаштирилди. Буюк мутафаккир бобомиз ҳазрат Алишер Навоийнинг 550 йиллиги ва шунга ўхшаш кўплаб тадбирларга жонбозлик кўрсатиб, бош-қош бўлди. 1971-1991 йиллар оралиғида Қирғизистон жанубидаги ёш ижодкорларни бирлаштирган “Илҳом” адбий тўгарагига раҳбарлик қилди.
Мирзоҳид Мирзараҳимов ҳар сафар қўлига қалам олганда юрак амрига қулоқ тутарди, чунки:
“Кимга қанда-ю мен бировларнинг топшириғи ёки тирикчилиги учун эмас, мана шу ёзиш машаққатидан кейин келадиган ҳузур ва ифтихор учун, кўнгилдаги гапларни одамларга баралла айтиш имкониятига эга бўлганимдан фахрланиш туйғусидан маст бўлиб ўттиз йилдан ортиқ муттасил ёздим.”
Мирзоҳид Мирзараҳимов бугун “Илҳом” адабий тўгаригада ҳам кўп бора эсланади. Гарчи орамизда йўқ бўлса ҳам биз ёшларнинг хаёлида қайтадан салобатли бир устоз гавдаланиб туради. Мен ҳам мухлис қатори ёзувчининг қисса ва ҳикоялари билан танишган бўлсам ҳам нақадар самимий тилда ёзилганлиги ва бундай ёзишлик осон эмаслигини ҳам ҳис қиламан. Ёзувчининг вафотидан кейин “Тонги шабада” ҳамда “Соғинч” китоблари ёруғ кўрди. У китоблар бугун бизга биз кўрмаган, биз билмаган ёзувчини таништириб беради. Ўйлайманки келажак авлод мухлислари ҳали Мирзоҳид Мирзараҳимовни кутиб туришибди, у инсоннинг ёзган асарларига ҳали муштоқлик ҳис қилишади.
Устоз эса ўзининг қолдирган буюк йўлидан кўнгли тўқ…
“Бугун орқамга қараб, ўз-ўзимдан суюнаман. Бу севинч ва кўнгил хотиржамлиги шундаки, ҳеч қачон, ҳеч бир шароитда манфаатимни кўзлашдан, таъмагирликдан ҳазар қилдим. Кимнинг аравасига тушсанг ўшанинг ашуласини айтасан деган гап бор. Худога минг қатла шукурки, яёв юрсам юрдим, аммо шу пайтгача бировнинг аравасига мингашмадим, ўзимнинг сўқмоғимдан ўз қўшиғимни баралла айтиб келдим.”
Биз шогирдлар эса “Охиратингиз обод бўлсин, Устоз!” деб қоламиз.
Раҳимжон Алижонов
Ўш шаҳри