Фарида Афрўз. Мангу ибодатгоҳ (2012)

Ҳақиқий ижодкор адабиётга эмас, адабий бир шавқ ижодкорнинг қонига кириб келгачгина сўзнинг таъсирига тушади. У энди ўз хаёлларини ато қилинган сўз қудратига таслим қилади. Ёхуд ато қилинган илоҳий қудратнинг ўзи уни бошқара бошлайди.
Бир учлигимда: “Ижод – йўргакдан аввал теккан дарддир”, дегандим.
Дарҳақиқат, Яратгувчи сўз ошиғига у ҳали бу дунёга келмай турибоқ “шоир” дея тақдири азалга рақам чекади. Бу гап қанчалик баландпарвоз туюлмасин, адабиёт ҳақидаги ўй-тушунчаларнинг негизи шунга бориб тақалади.
Сўз, шеър, шавқ. Шоир мана шу уччала қудрат билан тирик. Ўз сўзи фақат ўзиники бўлган СЎЗ эгаларигина – ШОИР.
Шеър – фақат ўз ҳоли билан, ўзининг ташбиҳлари билан оқиб келадиган пўртана оқим.
Шавқ – бу неъмат. У тилаб олинмайди, талаб қилиб ҳам. Шавқ ато этилади, яъни чинакам шоирга шавқ шавқларнинг яратгувчиси томонидан илтифот қилинади. Бу уччала бирлик шоирнинг “мен”ини ташкил этиб беради.
Тўғрисини айтсам, шеърият қалбимга қачон кириб келганини эслолмайман. Ақлимни танибманки гулларга қарабми, сувларга қарабми, нималардир деб, оддий одамий тил билан эмас, ҳайратим тилида қофияли сўзлаб юрардим. Буни сезган ота-онам, ўртоқларим: “Шеър айтяпсанми? Ўзинг ёздингми? Қаердан ўргандинг?” каби саволларга кўмиб ташлардилар. Илк ҳайратимни эсласам – катта ҳовлимиз этагидаги ариқда қалқиб-қалқиб оқадиган сап-сариқ беҳилар ёдимга тушади. Мен бу ҳақда кўп-кўп шеърлар ёздим.
Биринчи шеъримни 5-синфда ўқиб юрган кезларимда ёздим. Бир неча кунлик тайёргарликдан кейин қўрқа-писа, минг ҳадик ила адабиёт ўқитувчимиз қўлларига тутқаздим. Ўқитувчим ўқиб кўриб, қувониб кетди. Мана шу қувонч менга умид ва ишонч берди. Шундан кейин мактабдаги йиғинларда менга шеър ўқитиб, ўзлари фахрланадиган бўлдилар. Бу эса менга куч берар ва ўз навбатида масъулият юкларди. Бора-бора бинойидай мактабнинг машҳур “шоира”часига айланиб қолдим.
Кейинчалик Қўқон шаҳрида мактаблараро ўтказиладиган кўрик-танловларда, турли тадбирлар ва олимпиадаларда шеърий чиқишларим билан иштирок эта бошладим.
Биринчи шеърим ўша кезлари “Ленин учқуни” газетасида босилиб чиқди.
Бешинчи синфга ўтганимизда Олияхон Иброҳимова деган қаттиққўл ўқитувчи бизга она тили ва адабиёти фанидан дарс бера бошлади. Муаллимамиз салоҳияти юксак, жуда чуқур билим эгаси эдилар. Унинг ғоятда жиддий сиймоси қаршисида ҳайратдан қотиб ўтирардик. Олияхон опанинг шарофати билан мактабимиздан жуда кўп адабиётчилар, журналистлар етишиб чиқди. Кейинчалик ўзим ҳам мактабда дарс бера бошлаганимда англадимки, ўқитувчим билимимни нафақат қулоғимга, балки юрагимга ҳам қуйган эканлар. Ўз фаолиятимда устозимнинг дарс услубларига таяндим.
Шу ўринда яна бир устозим ҳақида тўхталиб ўтмасам бўлмас. Мен бу сирли-синоатли адабий майдонга кирибманки, бирор кун ҳам шоир Рауф Парфининг ижодисиз яшолганим йўқ.
Эсимда, мактабни битирар вақтларимиз… Орзулар оғушида осмонларда учиб юрадиган пайтлар… Шундай кунларнинг бирида Рауф Парфининг “Тасвир” деб номланган китоби қўлимга тушди. Чамамда 1973 йили эди. Бу китоб мени мутлақ сеҳрлаб қўйди. Туну кун мана шу шеърлар ичра яшай бошладим. Мисраларга тизилган ташбиҳлардаги туб маъно силсилалари, тасвирнинг ёрқин ва тиниқлиги, руҳнинг озодлиги, тафаккурнинг бепоёнлиги ва айниқса, жон ва руҳнинг бемуроса жанглари мени тинч қўймас эди.
Фикрнинг замзамалари онгимни, тафаккуримни, шууримни остин-устун қилиб юборди. Наҳотки, инсон заковати шундай қудратга эга, унинг тасаввури шу қадар беқиёс! Оддий, ҳамма биладиган, ҳар куни ишлатадиган сўзлардан шунчалар мўъжиза яратиш мумкин экан-да, деб ўйлайман. Ичим ёнади, томирларимда ҳайратлар туғён уради. Унга ўхшашлик, унга ўхшаб ёзиш иштиёқи тинчлик бермайди.
Табиийки, бундай ҳолатларда шоирнинг шахсиятига қизиқиш кучаяди, уни бир бора бўлса ҳам кўриш, икки оғиз суҳбат, етти оламни жамлай олган кўзларига боқиш, қалам ушлаган бармоқларини томоша қилиш иштиёқи ҳар қандай мухлиснинг қалбида жунбушга келиши тайин. Мен илк марта устознинг ижоди билан рўбарў келганимда ана шундай аҳволга тушганман. Ва ҳар доим устозга ўхшаб фикрлашга, ёзишга ҳаракат қилдим. Бу ишни қанчалик уддаладим, буёғи шеърхонга маълум.
Илк китобим “Қирқкокиллигим” деб номланади. Ўша пайтда “Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъати нашриёти”нинг шеърият бўлими бошлиғи шоир Шавкат Раҳмон эди. Азим Суюн ҳамда Муҳаммад Юсуфлар муҳаррир бўлиб ишлардилар. Китоб чиқариш учун ана шундай забардаст, қаттиққўл ижодкорларнинг ғалвиридан ўтишинг керак бўлар эди.
Бир куни ушбу нашриётда “Биринчи китоб” рукнида “Осмон шундай яқин” номли тўплам китоб тайёрланаётганини эшитдик. Мен ҳам қўлёзмаларимни топширдим. Ўшанда ўз ижодларини тақдим қилган 72 нафар ёш ижодкорларнинг ичидан 17 киши танлаб олинди. “Танланган”лар ичида мен ҳам бор эдим.
Аслида ижодкорнинг ўзидан кўнгли тўлган куни бўлмайди. Чунки, ижод дегани бу тинимсиз изланиш деганидир. Изланишда бўлган одам эса ҳеч қачон ўзидан қониқмайди.
Адабиётсиз жамият бўлмайди. Адабиётнинг ўзи мангу ибодатгоҳдир. Қолаверса, ҳақиқий ижодкор фақатгина сўзнинг олдида бош эгади. Адабиётдай илоҳий майдонни майда, бачкана гаплар билан алдаш, бу – сўзга хиёнат қилиш демакдир. Хиёнат эса ҳамма замонларда ҳам кечирилмаган. Нодирабегимнинг жаҳолат кундасига қўйилган азиз боши олдида, Қодирий ҳазратларининг мунаввар руҳлари олдида, Чўлпон ва Усмон Носирлар сажда қилиб кетган сўз меҳроби олдида фақат ва фақат рост айтиш керак. Кулсанг кулгуларинг, йиғласанг-йиғиларинг рост бўлиши, фақат ўзингники бўлиши керак.
Аслида адабиётнинг миллати бўлмайди, аммо адабиёт миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ҳаёт ойнасидир. Индаллосини айтганда, ҳақиқий ижодкорнинг на миллати ва на ёши бўлади. Ижодкорнинг чин ва сохтаси бор, холос. Буни ажратиб олиш учун ўқувчининг дидини тарбиялайдиган холис танқидчилик омон бўлса, бу ҳам муаммо бўлмайди.
Дарҳақиқат, менинг ижодимда муҳим ўрин эгаллаган Қўқон шаҳридаги “Ниҳол” адабий тўгараги ҳақида айтиб ўтсам. Бу тўгаракни бизнинг давримизда раҳматли Ҳабибулло Сайид Ғани бошқарар эди. Шу тўгарак фаолияти, ундаги адабий муҳит бугун ҳам юрагимни орзиқтиради. Анвар Юнус, Комил Жўра, Азимжон Азизов, Дилбар Ҳамзахўжаева, Носир Зоҳид, Мақсуда Эгамбердиева, Абдулатиф Турдиалиев сингари ижодкорлар шу тўгаракнинг ижодий муҳитидан баҳраманд бўлганлар. Назаримда, бугун шу сингари тўгараклар ва улардаги устоз-шогирдлик анъаналарига путур етгандек. Устозларга бўлган эҳтиром қайсидир маънода “лат” егандек…
Мен бугунги ёшлардаги шижоат, ўзига ишонч ва қатьиятни қадрлайман, ҳатто ҳавас қиламан. Аммо… ушбу шаддодлик назаримда ўз ижобий моҳиятини йўқотиб, сурбетликка яқинлашиб кетаётгандек. Бизнинг давримизда шеър ёзиш, уни чоп этиш ва китоб чиқаришнинг ўз маънавий мезонлари бўлар эди. Қалбимиздан жой олган сатрлари ила ихлосимизни қозонган шоирлар билан ҳаётда юзма-юз келганда ҳатто ўзимизни йўқотиб қўяр даражада ҳаяжонланар эдик. Уларга нисбатан одобсизлик бўлмаслиги учун тиришардик. Устозларнинг назарига тушиш биз учун мўъжиза эди. Афсус, бугуннинг ёшлари ҳали устозлар олдида полапон бўла туриб, учирма бўлишга улгурмасдан назардан қолмоқдалар. Ва энг ачинарлиси, назардан қолишдан асло қўрқмаяптилар ҳам. Навоий кўчаси, 30-уйда жойлашган нашриётларнинг ҳар бир зинасидан минг бир ҳаяжон ва ҳадик билан тўхтаб, ўйлаб чиқар эдик. Устозлар бор даврада шеър ўқиш буюк имтиҳондан ўтиш билан баробар эди. Чунки устозга бўлган эҳтиром, устоздан шогирдга етадиган файзи-футуҳ, устознинг розилиги, бу ҳеч нарса билан алмашиб бўлмайдиган маънавий хазинадир.
Яна шу ўринда юрагимни оғриққа солган бир мавзуни айтиб ўтмасам бўлмас. Ёшларимизнинг сўзга бўлган эътиборсизлиги, илоҳий, юки оғир сўзларни беписанд ишлатаётганини кўриб чўчиб кетаман. Ажабо, “ўлим”, “ғассол”, “ажал”, “кафан”, “тобут”, “қабр” “мозор” сингари сўзлар айрим ёшлар учун бемалол айтса бўладиган оддий жумлаларга, сўзбозлик, шаклбозликка айланди.
Мен бу маҳмадоналик, назмбозлик ортида қандай фожиалар ётажагини ўз ҳаётим давомида бир неча бор гувоҳи бўлдим. “Отам мени кўмар эҳтимол”, деган Муҳаммад Юсуфнинг доғи, “Мен шубҳасиз парчаланаман”, дея ўз тақдиридан башорат қилган Шавкат Раҳмоннинг тақдири, Аъзам Ўктамнинг “Битта мен йўқ бўлсам не бўпти ахир, Ўзбекнинг камайиб қолмас шоири”, деган сатрлари уларнинг тақдирини белгилаб бермадими?!
Бир файласуф “ўйлашдан аввал, ўйла!” деб бежиз айтмаган. Аммо сўзлаб туриб ҳам ўйламайдиган, ўйламай туриб: “Қарға мени, отажон, қарғаб ажалимни чақириб бергин”, деб ёзаётган ёш қаламкашларнинг эртангни куни учун ваҳимага тушасан. Яқинда бир қизалоқнинг “шеър менинг гуноҳим”, деган сатрини эшитиб танбеҳ бердим. Негаки, бугуннинг ёшлари улар яратаётган асарлар олдида биз кечаги авлод ҳам масъулмиз. Чунки ижод аҳлининг бир-бирига бегонаси йўқ. Қолаверса, жумлаи инсоният шайх Саъдий айтганларидек: “Аъзои якдегаранд”.
Менинг “Эҳтимол, бир сўзнинг тиғи – тақдирдир” деган сатрларим бу менинг шаклим эмас, балким мазмунимдир. Мазмун эса тамомила қалбникидир. Қалб эса бу эзгу туйғуларнинг салтанатидир. Шундай экан, қалбимизни, гўзал туйғуларимизни ўқувчиларимизга гўзал ҳолатда етказайлик. Уларга ёруғ кайфиятлар улашайлик. Ёзганларимизни ўқиганлар саратоннинг иссиғида бир ҳовуч сув ҳўплагандек яйрасинлар. Ҳар қандай шаклбозлик, назмбозлик, маҳмадоналик бизнинг қонимизга, қадриятларимизга ётдир.
Шу ўринда яна бир нарсани айтмоқчи эдим. Қадим замонлардан бошлаб то яқин кунларгача шоирларнинг бир-бирига шеърий мактуб ёзиш анъаналари бўлган. Жумладан, Увайсийнинг Нодирага, Фурқатнинг Муқимийга, Собир Абдулланинг Чархий, Ҳабибий домлаларга ёзган мактублари… Бу мактублар ижодкорни ўзига хос ижодий мунозарага чорлаганлиги билан одамни соғинтиради.
Оилам ҳақида шуни айтишим керакки, мен бу борада ниҳоятда бахтлиман. Адабиётни, сўзни қадрлаган хонадонда дунёга келдим. Менинг қонимдаги шеър завқи отамнинг “оқ билак ойим анжонлик” термасини дутор чалиб, мароқ билан хиргойи қилишларидан бошлангандир, эҳтимол. Ёзмишларимнинг халқоналиги, халқ оҳангларига ҳамоҳанглигида отамнинг ҳиссаси бор. Бир умр раҳбарлик лавозимларининг масъулиятли ишларидан ортиб, биз болалари юрагига адабиёт ва санъат дунёсига муҳаббат чўғини солаолган отамнинг самимий ва ўктам чеҳраларини, завқ ва ҳайрат омухталашган дилбар қалбини кўраман. Аммо руҳимда тасаввуф ва унга мойилликни туйганимда, онамнинг мунис, маъсум тароват балқиган нурли сиймолари менга илҳом бахш этаётгандек туюлади. Дарвоқе, онам ҳақларида қалбимда қолган азиз хотираларимнинг барчасида онамнинг ошиқ қалблари, ундаги битмас-туганмас ихлос порлаб туради. Онам ҳақиқий ошиқ қалб соҳибаси эдилар. Бу ошиқлик Машрабнинг қиссаларини ўқиганда, Ғавсул Аъзам ҳазратларининг тазкиралари айтилганда янада аён бўларди. Бу ошиқлик тақдири азалнинг ногаҳоний зарбаларига йўлиққан маҳалларида рўй-рост бўй кўрсатар, Яратганга бўлган бемисл ишқи туфайли онам ҳар қандай фожиани чидаб бўлмас бир таслимлик билан қаршилар эдилар. Ҳатто, 19 га кирган опамни ваҳшийларча ўлдиришганида ҳам, ундан олти ой ўтиб етти ёшлик укамнинг фожиали ўлимида ҳам, сочларини юлиб фарёд кўтариш ўрнига бу қисматни ич-ичдан нураб туриб, чинакам сабр билан кутиб олганди. Онам ҳаётда ҳар қандай ёмон вазиятдан ҳам ўктамлик билан чиқиб кета олишдек буюк сабоқни менга мерос қилиб қолдирганлар. Онамнинг “Маҳлуқидан шикоят, Холиқидан шикоятдир”, деган нақллари менга ҳеч қачон, ҳеч нарсадан нолимасликни ўргатган. Руҳимдаги ошиқлик кайфияти сўзга, шеърга, ҳаётга, яшаш ва яшнатишга ошиқлик менга онамдан қолган буюк мерос, туганмас хазинадир. Қолганлари эса ҳаёт берган сабоқлардир.
Фарзандларимга келсак, бир учлигимда “Эй нодон, боланг айтганингни эмас, қилганингни қилади”, деб таъкидлаганимдек, санъаткорнинг боласи санъаткор, ҳунарманднинг боласи ҳунарманд бўлади, чунки улар ота-онасининг қилганини қилади. Шоир эса айтади, шунинг учун шоирнинг фарзанди шоир бўлмайди. Аммо фарзандларим шеър ёзмасалар-да, қалбларининг маъсумлиги ҳаётларини тарбият қилиб туради.

ШОИРА ҲАҚИДА

Фарида Афрўз (Бўтаева Фарида) – 1956 йил 5 мартда Қўқон шаҳрида туғилган. 1994 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Унинг «Қирқкокиллигим», «Изтироб кўйлаги», «Тунлар исёни», «Кўзим маним…», «Қурбонжон додхоҳ» тарихий драмаси, «Ўзимдан ўзимгача», «Пока есть на земле разлука…», «От Фариды Афруз» (Москва), «Гун айдин» (Истамбул), «Ушшоқ», “Тасбиҳ”, “Ўша кун – бугундир” сингари шеърий тўпламлари чоп этилган. Шеърлари рус, турк, инглиз, немис, француз, форс, уйғур, озор, гагоуз, хитой, корейс тилларига таржима қилинган.
Ўз навбатида шоира жаҳон адабиётидан япон ҳайкуларини, турк шеъриятидан Мустафо Отатурк, Зиё Кўкалп, Ҳусайн Отсиз, Доғларжа, Исмат Ўзал шеърларини, форс шеъриятидан Меҳри Ҳиротий ҳамда замонавий форс шеъриятидан Заҳро Абул Ҳусайний, Судоба, Соя Кабирий ғазалларини, замонавий қозоқ ва қорақалпоқ шеъриятидан ва америкалик руҳшунос Дейл Карнеги асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Фарида Афрўз ҳозир «Афрўз рекордс» овоз ёзиш студиясининг бош директори лавозимида ишламоқда.
Оилали, уч фарзанди бор.

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 7-8-сонидан олинди.