Алломалар инсоният ҳаётида сўзнинг буюк куч эканлигини кўп бора таъкидлашган. Зеро, дунё тарихи, жаҳон халқларининг ўзаро алоқасидан тортиб, оддий оилавий муносбатларгача сўз воситасида равнақ топади. Ана шу мантиқдан келиб чиқиб, бугунги кунда оммавий ахборот воситалари, даврий нашрлар ўрнини камситмаган ҳолда, ноширликнинг асосий воситаси — китобларнинг инсоният тафаккурига таъсирини юксак даражада, деб баҳолаш мумкин.
Ҳозирда Республикамизда ноширлик анчайин юқори миқёсда ривож топаётгани, нашриётлар кўпаяётгани қувонарли, албатта. Лекин асосий масала кўп сонли олди-қочди, енгил-елпи, “бозорбоп” китоб чоп этишда эмас, миллий ва умуминсоний қадриятларга, маънавият ва маърифтга, илмга дахлдор асарларни чоп этишда. Шу ўринда уларнинг сони ва сифати қандай мезонларга кўра белгиланади, деган савол туғилиши табиий.
«Танланган асарлар» ва «Сайланма» туркумлари «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида ноширликнинг энг шаклланган, муайян тизимга тушган, устувор йўналишларидан бири саналади. Айтиш жоизки, бу йўналишлар фаолиятимизда Республика Мустақиллиги билан бошланди. Эски тузум даврида комфирқанинг кўнглига йўл топган, унга маъқул адибларнинггина кўп жилдликлари чиқарди. Эндиликда биз ижодкорларимизнинг бутун ижодини бор бўй-басти билан ўқувчиларга тақдим этишга ҳаракат қилаяпмиз. Бу табиий ҳол. Ҳар бир халқ ўз миллий адабиётини имкон қадар тўла ва тўкис кўрсатишга, уни жаҳон адабиёти саҳнига олиб чиқишга интилади.
Бадиий китоблар, хусусан, кўп жилдликлар, сайланмаларни тайёрлаш жараёнига келсак, жамоатчилик асосидаги нуфузли бадиий кенгашимиз у ёки бу адибнинг асарларини муҳокама қилиб, ўзларининг хулосаларини берадилар. Кейин Бош таҳририят қошидаги ички бадиий кенгаш «иш»ни синчиклаб кўриб чиқади. Бу орада муаллиф билан ишланади, яъни асарларга оид савол-жавоблар, мунозара, тузатиш, ўзгартишлар жараёни кечади. Бир тўхтамга келиниб танланган варианти Ўзувчилар уюшмасида бир сидра назардан ўтказилиб, у ҳақда тавсия-хат олинади. Бундан ташқари, ички тақризлар уюштирамиз, жамоатчи муҳаррир, ташқи муҳаррирларга ўқитамиз, сўзбоши, сўнгсўз ташкил қиламиз. Хуллас, шу йўсинда қатор чиғириқлардан ўтгандан сўнг ишлаб чиқариш, яъни сайланмани китоб шаклида чоп этиш жараёни бошланади.
Мустақиллик йилларида дастлабки «Сайланма»ларимиз 1995–1996 йилларда бошланган. А.Орипов, Э.Воҳидов, У.Азим, Ш.Раҳмон, О.Одилхонов, Т.Низом, М.Мирзо, М.Тоир, М.Жалил, М.Юсуфнинг ушбу туркумдаги китоблари ўқувчилар томонидан қизғин кутиб олинганди.
«Танланган асар»лар, асосан, наср йўналишда бўлиб, дастлаб таниқли адиблар Ў. Умарбеков, С. Аҳмаднинг уч жилдликлари чоп этилди. Кейинчалик О. Ўқубов, П. Қодиров ва Ш. Холмирзаевнинг асарларини бир неча жилдда нашр этишга киришдик. Ҳозир уларнинг 4–5-жилдлари нашрга тайёрланмоқда. Қизиғи шундаки, бугунги кунда ўқувчилар бу ёзувчилар асарларининг олдинги жилдларини сўрашади.
Анъанамизга кўра, «томлик»ларнинг барчасини бирдан чоп этмаймиз (бу ҳар қандай нашриёт учун ҳам оғирлик қилиши мумкин). Аввал битта жилдини чоп этиб, китобхонларнинг муносабатини кузатамиз, ўрганамиз. Шулар асосида йўл-йўлакай ўзгаришлар қилишга ҳам тўғри келади. Баъзан жилдларнинг жойлашиши ёки асарларнинг тартиб бўйича ўрин алмашиши юз беради ва ҳоказо. Қачонки сотувда китоб ададининг ниҳояси кўрингач, навбатдаги жилд нашрини бошлаймиз.
Лекин яқинда истисно тариқасида Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг 5 жилдли «Танланган асарлар»ини биратўла чоп этдик. Бу катта лойиҳага Республика «Матбуот тарқатувчи» ташкилоти ҳомийлик қилди. Назаримизда, ёмон иш бўлмади. Умуман, айрим адиблар “томлик”ларини бирдан (3, 4 ёки 5) чоп этиш лозимлиги хусусида фикрларимиз ҳам йўқ эмас. Баъзан ўқувчилар нега ҳаммасини бирдан чоп этмайсизлар, бир жилдини ўқиб, кейингисини пойлаб қолаяпмиз, дейишмоқда.
Бу борадаги айрим ишларимиз (ҳозир лойиҳа дейиш урфга кирган), лойиҳаларимиз муваффақиятсиз чиққанини ҳам тан оламиз. Сотув билан, нарх-наво билан, муаллифларнинг бу жараёндаги иштироки билан боғлиқ ҳолатлар доим бўлиб туради. Бу жараён тўла-тўкис эҳтиёжга алоқадор, ўқувчилар талаби биз учун жуда аҳамиятли. “Томлик”ларнинг тақдири худди бошқа китобларнинг тақдири каби, шак-шубҳасиз, бозор билан боғлиқ. Сотилса давом этаверади. Олдинги жилд китоб дўкони жавонларида туриб қолса, кейингисини чоп этиш тўхтаб туради.
Очиғи, ношир сифатида мен шу икки туркумдан доим чўчиб тураман. Ижодкор борки, «Сайланма» қилсам, «Танланган асарлар» чиқарсам дейди.
— Қаранг, биз ҳам 50 га кириб қўйибмиз (ваҳоланки, 60, 70, 80 ҳатто 90 ёшга кириб қўйганлар ҳам бор). Шу ижодимизни бир сарҳисоб қилсакмикин, — деб бошлашади гапни.
– Табриклаймиз, – деймиз гапнинг нишаби қаёққа кетаётганини англаб, ҳорғинлик билан.
Бу ҳадикнинг ўзига хос сабаби бор. Мен кўпинча «Сайланма»ни «Жамланма», «Танланган асарлар»ни «Тўпланган асарлар», деб ҳам қўяман, ярим ҳазил, ярим чин қилиб. Шу ўринда «Сайланмалар» одоби, маданияти, керак бўлса истиҳоласи ҳақида айтмоқчи эдим.
Айрим ижодкорларимиз ҳаёти давомида нечта китоб чиқарган бўлса, қанча асар ёзган бўлса, ҳаммасини шу туркумга тиқиштириш, томларини кўпайтириш пайидан бўлишади. Агар у турли жанрларда қалам тебратган ижодкор бўлса, “Сайланма” ёки “Танланган асарлар”га оддий мақолалардан тортиб пиеса-ю романгача тўпланганини кўриш мумкин.
Атоқли адибимиз Пиримқул Қодиров ҳаётлик кезларида «Танланган асарлари»ни 4 жилд қилиб белгилаб берган эди. Ваҳоланки, у киши ўз мавқеи, ҳурматлари билан 9 жилдни режалаштирса ҳам ҳеч ким эътироз билдирмасди. Фақат адибнинг ички маданияти, бундай мўътабар туркумга масъулияти, энг муҳими, ўқувчига чуқур ҳурмати шунга йўл қўймаган бўлса керак.
Фаолиятимиз давомида, аниқроғи, китобларни нашрга тайёрлаш жараёнида юз-хотирчилик, оқсоқол адибларни хафа қилмаслик, ёшларни ўкситмаслик, “элликбой, олтмишбой”ларга эътибор каби ҳолатлар борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди…
Китоб олимлар томонидан инсоният тарихидаги энг зўр кашфиётлардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки уларда инсон тафаккурининг энг гўзал қирралари акс этган, ана шу тафаккурни янада чархлайдиган билимлар хазинаси жамланган. Бу хазина инсон учун бутун умри давомида энг беминнат, содиқ дўсти бўлиб қолди. Унга жавобан содиқлик эса, катта масъулият, жавобгарликни юклайди.
Аҳрор Аҳмедов,
“Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияcи бош таҳририяти бош муҳаррири
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 28-сонидан олинди.