Алишер Навоийнинг илм-фан, адабиёт, санъат, маданият гуллаб-яшнаган шаҳар муҳитида яшаб, ижод этгани ҳаммага маълум. Ўн бешинчи асрдаги қадим Ҳирот қурилиш ва маъмурликда, ободлик ва кўркамликда Навоийнинг илҳомига илҳом қўшадиган даражада гўзал бир шаҳар эди. Навоий шу шаҳарда истиқомат қилиб, кўп бора хаёлан мозийга саёҳат айлаб, чексиз-чегарасиз дашт ва саҳроларда кун кечирган қадим туркий қавм ва элатларнинг ҳаёт тарзи, маданияти, давлатчилик тажрибалари каби масалаларни ҳам мушоҳададан ўтказган.
Туркий халқларнинг олис тарихига назар ташланса, наинки ахлоқ, урф-одат, маданият, балки давлат қурилиши ва сиёсатда ҳам улар ўзига хос ибратли натижаларга эришгани тўла равшанлашади. Ҳатто ўтмишга мансуб бадиий ижод намуналари кўздан кечирилганда ҳам ўша тарихдан хабар берувчи сўз, атама, белги ва ишоратларга тез-тез дуч келасиз. Алишер Навоийнинг адабий мероси шу жиҳатдан ҳам тенгсиз бир хазина ёки улкан бир қомус деса, ҳеч муболаға бўлмайди.
Мана, уйсозлик маданиятини олайлик. Туркий уруғлар узоқ замонларда асосан ўтов, чодир, олачуқ деб номланган ва кўчиб яшаш талабларига тўла-тўкис жавоб берадиган уйларда яшашган. Бу уйлар фақат ташқи кўриниши, ўзига хосликлари билан эмас, дид, маданият, ҳунармандлик нуқтаи назаридан ҳам бошқа халқларнинг диққат-эътиборини жалб эта билган. Улкан қадимшунос олим Баҳоуддин Ўгалга кўра, энг эски Чин манбаларидан бирида хитойлик бир шаҳзоданинг туркийларга мансуб “қирмизи юнг газмоллар билан бурканган қуббали чодир” таърифланган шеъри сақланиб қолган экан. Туркий ҳукмдорлардан баъзилари умрининг кўп қисмини чодирларда ўтказгани ҳақида ҳам маълумотлар сақланиб қолган. Шулардан бири Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди бўлган. “Ҳодисаларнинг завқи ила Жалолиддин тўхтовсиз ҳаракат ҳолида яшарди. Шунинг учун унинг ҳаёти саройга қараганда кўпроқ чодирда ўтган эди”, дейилади бир китобда (Тонари О. Хоразмшоҳлар. Анқара, 1993, 120-бет). Шу чодирларда “хони хос” дейилган катта зиёфат йиғинлари ва ҳар турли мажлислар ўтказилган.
Улкан туркиётчи Л.Н.Гумилёв “Қадимги турклар” китобида Хитойнинг мумтоз шоири Бо Цзюйи ёзган “Мовий ўтов” номли шеърни келтиради. Унда ўқиймиз:
Йиғмишлар минглаб қўйдан жун, Юзлаб урчуқлар қилибди бутун…Олимнинг таъкидлашича, “Хитой шоири тасвирлаган ўтов, бу — ўртача таъминланган кўчманчининг яшаш жойидир”. “Ипак қопламаларга бурканган”, “олтин тусли ва зар суви югуртирилган” ўтовлар бошқа. Шунингдек, олим ўтовнинг “мовий” дейилишини бу ранг туркийларнинг рамзи эканлигини таъкидлаш, деб тахмин қилади. Ўша шеърнинг қуйидаги мисралари ўқилса, ўтов хусусидаги тасаввур етарли даражада равшанлашади, деб ўйлаймиз:
Кунчиқарнинг мовий осмони остида, Йигит ўтов тикди қирчин майса устида… Қуюн ҳам бузолмас ўтов пинагин, Йўқдир унда на токча, на бурчак. Ичи иссиғу, ором олар юрак… Совуқда қалқон кигиз – девор, Бўрон ҳам тўпиққа келмас, Бунда бахши бир четда ўтирар, Бунда оловда ўйинчи ўйнар… Ўтовга ҳасад қилур роҳиб ҳам, Қарзга ботган оддий соҳиб ҳам.“Қўрқут ота китоби”да баён этилишича, хонлар хони Бойинтирхон ҳар йили бир бора катта тўй қилиб, Ўғуз бекларига зиёфат берар экан. Тўйдан аввал у бир ерда қора, бир томонда оқ, яна бир ёқда қизил ўтову чодирлар тиклатиб, ўғли борларни оқ уйга, қизи борларни қизил уйга, фарзандсизларни қора уйга киритиб, дастурхон ёздирар экан. Вақт ўтиши билан бошқа халқлар сингари туркий қавмларнинг ҳам рангларга муносабати ўзгариб, у ёки бу ранг учун белгиланган маъно-мазмунларда ҳам янгиланишлар юзага келган. Аммо бунақа ўзгариш ва янгиланиш оқ ранг учун деярли бўлмаган. Бир замонлар ўзга қавм ва уруғлари устидан ҳукмронликка эришган элга туркийлар оқ ва оқсуяклар, дейишган. Зеро, оқ калимаси ҳурлик, мустақиллик ва ҳокимликни тамсил айлаган. “Оқ ўрда” дейилганда хон, подшоҳ саройи, яъни давлат маркази тушунилган. “Оқ уй”нинг маъно-мазмуни эса анча кенг ва хилма-хилдир.
“Эски туркларда бир йигит уйланганда, — дейди Зиё Кўкалп, — ўзининг уйига келинни олиб келмаганидек, қайнатасиникига ҳам у бормасди. Зеро, ичкуёвлик бўлмаганидек, ичкелинлик ҳам йўқ эди. Йигит отасининг мол-мулкидан ўзига тегишли улушини, қиз эса оиласидан унга ажратилган бисотни олиб, ана ундан кейин бир уй қурилган. Мана шу янги уйга оқ уй, дейилган”(Зиё Кўкалп. Турк маданияти тарихи. Истанбул, 2008, 300-бет).
Хон, бек, ҳар турли мансаб соҳиблари, бой-бадавлат кимсалар кун ўтказадиган даргоҳлар ҳам оқ уйлар бўлган. Улар ўзининг кўрки, маҳобати ва яшашга жуда ўнғайлиги билан ажралиб тургани учун бўлса керакки, Алишер Навоий оқ уй ҳақида қайта-қайта тўхталиб, ҳам шеърий, ҳам насрий асарларида ҳар турли фикрларини баён қилади. Шоир “Фавоид ул-кибар” девонидаги бир ғазалида (595-ғазал) қиш фаслидан сўз юритиб:
Бу фасл аро хуш эрур оқ уй ичра бода ўти, Бу ўт ёрурға муғанний оғзиға олмоқ най —дейди. Демак, совуқ қиш кунларида оқ уйда ўтириш вужудга қанча роҳат ва ҳузур бағишласа, унда ўтказилган йиғин ва гурунгларда ичилган май, тингланган куй-қўшиқлардан дил янада ортиқроқ шавқланади.
“Муншаот”даги мактублардан бирида битилган қуйидаги мулоҳазалар оқ уй наинки қувонч ва шодлик фурсатларида, балки ғам-андуҳли дамларда ҳам инсонга бир тасалли, тамкинлик берадиган маскан бўлганлигини хаёлдан ўтказишга ундайди: “Ул қатор теваким, ҳижрон кунида ашким қаторидан намуна бўлғай ва ул оқ уйким, фироқ айёмида сиришким селоблари ҳубобидин нишона бўла олғай етти. Ул бири раҳмат малойикидин ашраф (раҳмат фаришталарига қарганда ҳам шарофатли), бу бири саодат сипеҳридин арфаъ (яъни оқ ўтов саодат осмонидан ҳам кўра юксак) кўринди.
То фалак бухтилари тузгай қатор, То тўлин ой оқ уй этгай ошкор. Сарбонингға ул ўлсин боркаш, Бу бири фирошингга хиргоҳваш”.Навоий оқ уйни халқ яратувчанлик маданияти ва санъатининг ўзига хос намунаси ўлароқ қабул қилмаганида, “Муҳокамат ул-луғатайн” китобида, эҳтимолки, мана бундай деб ёзмасди: “Бир мутааййин нимаким оқ уйдур, анга хиргоҳ от қўйуптурлар. Аммо ани ажзосини кўпини турк тили билан айтурлар. Андоқки, тунглук ва узук ва тўвурлуғ ва басруғ ва чиғ ва қаноат ва кўзанак ва уғ ва боғиш ва бўсаға ва эркина ва ало ҳазал-қиёс”.
Филология фанлари доктори, тилшунос Э.Умаров ушбу сўзларга асосланиб, “биринчидан, Навоий оқ уй ва унинг қисмларини яхши билибгина қолмай, унда яшаган”, иккинчидан, “уни қуриш ва тиклаш” ишларида бевосита иштирок этган, дея тахмин қилади (Умаров Э. Алишер Навоий асарларида “оқ уй” атамаси. – Ўзбек тили ва адабиёти, 2005, 1-сон, 31 — 32-бетлар).
Шоир хотирасида оқ уй – ишқ-муҳаббат уйи, малаксиймо маъшуқа яшайдиган бир беқиёс даргоҳ мақомига кўтарилгани шубҳасиздирки, бунинг нодир далили “Наводир уш-шабоб”даги бир ғазалдир. У шундай сўзлар билан бошланади:
Ул қуёш оқ уйдаю мен музтарибман ҳар қачон, Ўйлаким, фонусдин парвона қолғай ташқари.“Ул қуёш” — ҳусни малоҳатда тенгсиз ёр. Оқ уй атрофида изтироб туфайли чарх уриб айланаётган кимса – жафокаш ошиқ. Унинг ҳоли ичкари киролмай ташқарида, яъни фонусдан узоқда қолган парвонага ўхшайди. Айнан парвона бунда бежиз тилга олинаётгани йўқ. Чунки нур ва оловга ошиқ парвона ўзини ўтга уриб, кулга айланганидек, шўрлик ошиқ ҳам оқ уй ичида бепарво ўтирган дилбарга жонини қурбон этмоқчи:
Садқаси бўлмоқ эрур мақсуд мен саргаштаға, Оқ уйи давриға буким айланурмен ҳар сари.Оқ уй атрофида айланаверишдан ҳеч натижа чиқмайди. Унга кириш имконини ўйлаш керак. Аммо имкон йўқ. Ҳатто оқ уйнинг туйнуги ҳам тувурлуғ – кигиз парда билан ёпилган. Фақат “сабо фарроши”гина уни очиши мумкин:
Ичкари ул гул тувурлуғни кўтармаслар, нетай, Эй сабо фарроши, бир лутф айлабон ул ён дари.Ошиқнинг қаноати бўйича, “тувурлуғ” кўтарилса, “чиғ”дан ўзни ичкари олиш осонлашади:
Парда кетгач, мен заифи зорға осон эрур, Йўлларидан чиғнинг солмоқ ўзумни ичкари.Шам ёнганда хонадаги барча нарса равшан кўрингани сингари хиргоҳ ҳам ёр жамолининг нуридан мунаввардир. Ана шу “маҳи хиргаҳнишин” муҳофазаси учун караганинг орасидан кўзанаклар (тешиклар) эмас, балки ошиқнинг кўзлари термулиб турибди:
Эй Навоий, ул маҳи хиргаҳнишин ҳифзи учун, Кўзанак эрмаски, ҳар сари тикилмиш кўзлари.Ўзга бир ғазалда эса ёрнинг ажиб киприкларидан кўнгулда оқ уй бино қилиш орзуси таъкидланган:
Кўнгулда уғларидан оқ уй айласам, не ажаб, Ки кўнглум ичра ватан қилди моҳи хиргоҳи.У ёки бу воқеа-ҳодиса тасвирланганда, бир кун улар кўпроқ тарихий хотира “мулки” сифатида эсланишини ҳеч бир шоир ё ёзувчи ўйлаб ўтирмайди. Бироқ вақт замонга таъсири ва ҳукмини ўтказганидек, давр ва замон ҳам мозий сарҳадларидан ортда қолган нарсаларни олдинга қараб судрамайди. Бевосита, инсон ва миллат қисматига боғлиқ тарих эса, қай бир даражада бўлмасин, авлодларда қизиқиш уйғотади. Акс ҳолда ўтмиш билан келажак, аждодлар билан авлодлар орасидаги ахлоқий, маданий, маънавий алоқаларда узвийлик, вобасталик бўлмас, ҳар авлод ўзи билганича яшаб, боши адашиш ва таназзулдан чиқмасди.
“Энг қадим даврлардан, яъни инсон фарзанди озиқ-овқатини таъминлаш учун заминга боғлангандан буён кўчманчилик ва ўтроқлашув ўзаро юзлашиб келган. Кўп нарса уларни ўзаро ажратиб, бир-бирларини камситишга ҳам сабаб бўлган” (Жан-Паул Роукс. Ўрта Осиё: тарих ва маданият. Истанбул, 2006, 37-бет). Туркийларнинг ўтроқлашган ва шаҳар маданиятига ўтишлари осон кечмаган. Лекин уларнинг кўчманчилик даврларидаги маданий ҳаётларида ҳавас қилса арзигулик, эсласа кўз-кўз қилгулик нарсалари ҳам кам бўлмаган. Навоий таърифлаб, тасвирларини чизган оқ уй худди шулардан биттаси эди. Эҳтимол, шу боисдан ҳам ўтов, чодир, хиргоҳ аталмиш ўша уйларнинг умри жуда узоққа чўзилгандир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 38-сонидан олинди.