Бахтиёр Тўраев. Форобийшунос олим (2011)

Ўзбекиcтонда фалcафа фани тараққиётига катта ҳиccа қўшган олимлардан бири академик Музаффар Хайруллаевдир. Олим академик Иброҳим Мўминов раҳбарлигида Абу Наcр Форобийнинг улкан илмий мероcини таҳлил этиб, аллома яшаган даврни Марказий Оcиё фани тарихида ўзига хоc уйғониш даври cифатида баҳолайди.

Бу давр бир томондан Марказий Оcиёда шаклланган иcлом маданияти таъcирида илм-фан тараққиётига эътиборнинг кучайган даври бўлса, иккинчидан, юртимизда буюк мутафаккирлар меросининг қадимги халқлар, жумладан, юнон фалсафаси анъаналари билан чатишиб кетганлиги ҳамда мазкур меросни арабчага таржима қила оладиган юқори малакали олимларнинг етишиб чиққанлиги билан алоҳида аҳамиятга эга эди.

Абу Наср Форобийнинг ўзи ҳам жуда кўп қадимий тилларни яхши эгаллаган, хотираси ниҳоятда кучли шахс бўлган. М.Хайруллаевнинг таъкидлашича, “араб маданияти, араб фани, араб фалсафаси номи остида дунёга танилган мутафаккирларнинг аксарияти Марказий Осиёдан – бизнинг юртимиздан чиққан олимлар эди. Уларнинг алоҳида бир хусусияти – хотирасининг кучлилигида эди”. Бу ҳодисанинг сабабини биз Абу Райҳон Берунийнинг “Осори ал боқия (Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар)” асарида ҳам учратамиз. Марказий Осиёга бостириб келган босқинчилар ҳар сафар аждодларининг билимларини эгаллаган олимларни қиличдан ўтказишган, ёзма манбаларини эса гулханга ташлашган. Натижада қимматли фикрлар баён қилинган асарлар йўқолиб кетмаслиги учун одамлар уларни хотирада сақлашга мажбур бўлишади. Шу тариқа Марказий Осиёда ёд олиш санъати вужудга келган. Бутун бошли йирик эпик асарларни ёддан айтадиган бахшилар ҳам пайдо бўлган. Қимматли фикрларни шеърга солиб ҳикоя қилиш расмга айланган. Шу сабабли хотираси кучли кишилар пайдо бўлган. Кучли хотира кўп тилларни осон эгаллашга имкон беради. Шу боис қадимги аждодларимиз камида уч-тўрт тилда эркин гаплаша олган. Бу илм-фан тараққиётида, айниқса, таржима соҳасида жуда қўл келган.

Ота-боболаримиз қадимги суриён, яҳудий, юнон, санскрит ва бошқа унутилиб кетаётган тиллардан ҳам қимматли асарларни ўз тилларига таржима қилишган. Айниқса, бу одат Марказий Осиёга ислом дини кириб келиб, Қуръони каримни ёд олиш эҳтиёжи вужудга келган даврларда ҳамда шу дин орқали илм-маърифатни эгаллашга кенг йўл очилгандан сўнг ниҳоятда кенг оммалашди.

Бу даврда кўплаб асарлар, жумладан, қадимги юнон файласуфлари Суқрот, Афлотун, Арасту, Архимед, Евклид, Гиппарх, Гиппократ, Птоломей ва бошқаларнинг асарлари ҳам араб тилига таржима қилина бошлади. Бу бир томондан ислом динига эътиқод қилувчи мамлакатларда илм-фаннинг ривожланишига, иккинчи томондан кейинчалик Европа мамлакатларида ҳам антик давр фан ва маданиятининг қайта жонланишига замин бўлди.

Музаффар Хайруллаев бу даврни “Шарқ уйғониш даври” деб атади. Тоталитар коммунистик мафкура оқни қора деб, Ўрта Осиё халқларини “маданияти паст, қолоқ, турмуш тарзи ибтидоий даражадаги феодал муносабатлар таъсирида қотиб қолган” тарзидаги ғайри илмий баҳолашни зўр бериб тарғиб этаётган бир даврда бу ҳақиқатдан ҳам илмий жасорат эди. М.Хайруллаевнинг бу жаcорати ўша даврда кенг эътироф этилганди. Жумладан, ўтган аcрнинг етмишинчи йиллари бошида Тошкентда бўлиб ўтган “Ҳозирги замон фанларининг фалсафий муаммолари” мавзусидаги илмий-назарий конференцияда Москвада нашр этиладиган “Философские науки” журналининг бош муҳаррири В.С.Готт сўз олиб, “Музаффар Хайруллаевнинг фалсафа тарихига, фалсафий фанлар тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақиқатдан ҳам таҳсинга лойиқ. У фалсафа тарихида форобийшунослик йўналишини тараққий эттириб, фанда бутун бошли илмий мактаб яратишга эришди», деган эди.

М.Хайруллаев аспирантурада мантиқ илми бўйича тадқиқот олиб борган ва шу фаннинг равнақ топиши йўлида буюк ватандошимиз Абу Наср Форобий катта ишларни амалга оширганини чуқур англаб етган. Даҳақиқат, Абу Наср Форобий Аристотелдан кейин мантиқ илмини юқори чўққига кўтара олган энг йирик мутафаккирдир. Айниқса, Форобийнинг силлогизмлар назариясига қўшган ҳиссаси мантиқ фани тарихида алоҳида аҳамиятга эга. М.Хайруллаев Форобийнинг улкан илмий меросини битта илмий тадқиқот институти доирасида амалга ошириш мумкин эмаслигини тушуниб етиб, ҳамкорликка фалсафа ва ҳуқуқ институтидан ташқари Беруний номидаги Шарқшунослик институти, москвалик ва олмаоталик олимларни ҳам даъват этади. Форобий асарлари қўлёзмаларини ўрганиш учун бутун бошли таржимонлар гуруҳини шакллантиради. Улар Форобийнинг араб тилида ёзилган қўлёзмаларини пешма-пеш таржима қилиб, шарҳлар ёзишади.

Шу тариқа Форобий замондошлари ва Форобий ҳақида изланишлар олиб борган кейинги давр олимларининг ҳам илмий мероси тадқиқ этила бошлади. Ўзбекистонда ўрта асрлар фалсафа тарихини тадқиқ этувчи ижодий мактаб шаклланди.

Биз Музаффар Хайруллаевни ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратган жонкуяр уcтоз ва мураббий, масъулиятли раҳбар сифатида биламиз. У 1970 йилнинг бошларида Тошкент Давлат университети фалсафа бўлими талабаларига “Ўрта ва Яқин шарқ фалсафаси тарихи” бўйича махсус курсдан сабоқ берган. Камина ҳам шу курсни тинглаш шарафига муяссар бўлганман. Устознинг жуссаси кичик, кўзлари ёниб турар, ҳаракатлари чаққон, гаплари вазмин ва фикрларида мантиқ кучли бўларди. Мураккаб масалаларни ҳам содда ва тушунарли қилиб ифода эта олар ва маърузаларини маҳорат билан ўқирди. Аудиториянинг ҳолатини синчковлик билан кузатиб турар, агар тингловчиларнинг толиққанини сезса, маърузани бир жойда тўхтатиб, “Энди бир ривоят эшитинглар”, деб мавзуга алоқадор бирор шарқона ривоятни ҳикоя қилар эди. Бу усул тингловчиларнинг чарчоғини оларди.

Устоз илм йўлида ҳеч кимдан қимматли маслаҳатини аямасди. Унинг учун лаборант ҳам, кичик илмий ходим ҳам, академик ҳам бирдай эди. Шу сабабли, каттаю кичик илм аҳли ҳеч тортинмасдан М.Хайруллаевнинг қабулига кириб келаверарди. Устоз ҳақиқий фан фидойиларини ҳурмат қилар ва уларга илм билан шуғулланиш учун зарур шароит яратиб берарди. Бу ҳақда профеccор А.Файзуллаев шундай деган эди: “Музаффар Муҳиддиновични раҳбарлигида ишлаш роҳат. Илмда муваффақиятга эришсанг мақтовига сазовор бўласан, ишлашга барча шароитларни яратиб қўяди, камчиликка йўл қўйсанг, сени койиш ўрнига, камчиликларни ўзи тузатиб қўя қолади. Сен эса, йўл қўйган хатойингга ўзинг хижолат чекиб, бундай хатога қайта йўл қўймайдиган бўласан. Хайруллаев ана шундай бағри кенг инсондир”.

М.Хайруллаев Марказий Осиёда яшаб ўтган мутафаккирларнинг келиб чиқиши ҳақида гап борганда “улар Марказий Осиёлик шарқ мутафаккирларидир”, деган нуқтаи назарни қатъий туриб ҳимоя қилар эди. Лекин, ўтган асрнинг 70-80 йилларида рўй бераётган миллий уйғониш жараёни таъсирида ҳар бир республика зиёлилари “бу – бизнинг бобокалонимиз, буниси эса сеники” қабилидаги айирмачилик сиёсатини авж олдиришган, бунинг оқибатида ҳаммамиз учун бирдай қадрдон бобокалонларимизни бўлишиб олиш бошланганди. Лекин, шунга қарамасдан М.Хайруллаев: “Марказий Осиёда яшаган халқларнинг этник келиб чиқиши бирдир. Ўтмишда ўтган ҳар бир мутафаккир ўзбекка ҳам, тожикка ҳам, қозоққа ҳам, қирғизга ҳам, туркманга ҳам, қорақалпоқга ҳам бирдай азиз ва улар ҳар биримизнинг бобокалонимиздир. Биз “бўлиб ташла ва уларнинг устидан ҳукмронлик қил”, деган сиёсатга қарши бирлашиш, ҳамжиҳатлашиш йўлидан боришимиз керак. Шунда бизнинг устимизда ҳукм юритишга журъат қила олишмайди”, деган қатъий позицияда турарди.

Устознинг бу фикрлари бугунги мустақил тараққиёт йўлидан бораётган мамлакатимиз олимлари учун ҳам долзарб аҳамиятга эга ёндашувдир. Президентимиз Иcлом Каримов мустақилликнинг илк даврлариданоқ “Туркистон – умумий уйимиз” шиорини илгари сурганлари бежиз эмаc.

М.Хайруллаев Марказий Осиё мутафаккирлари меросини тад­қиқ этиш асосида, минтақамизда бундан минг йиллар илгари ҳам тараққий этган яхлит, монолит маданий қатлам бўлганлиги ва биз Марказий Осиё халқлари ана шу юксак маданий мероснинг қонуний ворислари эканлигимизни кенг илмий жамоатчилик олдида атрофлича аcоcлаб берган олимлардан бири cифатида бугунги ёшлар учун ибрат бўлишга муноcибдир.

Унинг илмий меҳнатлари муcтақиллик йилларида муноcиб баҳоланиб, Беруний номидаги давлат мукофоти ҳамда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлангани ҳам фикримизга далил бўлади, деб ўйлаймиз.

Бахтиёр Тўраев,

фалсафа фанлари доктори

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 46-сонидан олинди.