Мен болаликдан Бобур рубоийларини ёд олганман, кейин Навоий ғазалларини… Кейинчалик барча замондош етук шоирларни севиб ўқидим. Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ойбек шеърияти мен учун ижод мактаби бўлди. Навоий менга устоз, пир ўлароқ Шарқ шеърияти эшигини очди. Румий, Аттор, Ҳофиз, Бедил асарларини аслиятда ўқиш бахтига муяссар бўлдим. Дастлабки машқларим мактаб деворий газетасида, талабалик йилларимда Бухоро педагогика институтининг кўптиражли газетасида босилган. Кейинчалик “Газопровод” сарлавҳали шеърим “Шарқ юлдузи”да, “Жамила” номли кичик достоним Зулфия опанинг тавсияси билан “Ёш ленинчи”да чоп этилди.
Илк шеърий тўпламим “Олам кирар юрагимга” 1968 йилда нашр қилинди. Бу китоб ҳақида таниқли шоир Ҳусниддин Шарипов мақтаб тақриз ёзгани, Шуҳрат ака ёзган тақриз эса Москвада, “Литературная газета”да босилгани ёдимда. Сўнгра йиллар оша бир неча шеърий китобларим дунё юзини кўрди: “Чўққиларга ёғилди ёғду” (1971), “Тош туғён” (1973 й.), “Ҳасан ва ой” (1974 й.), “Қуёш чашмаси” (1976 й.), “Достонлар” (1978 й.), “Тафаккур” (1979 й.), “Қадаҳ” (1980 й.), “Сувайдо” (1983 й.), “Умидли дунё” (1988 й.), “Варахша” (1989 й.), “Аср билан видолашув” (2007 й.), “Яна кўнглимда уч ой” (2010 й.).
Ўтган йиллар давомида бадиий таржима билан ҳам изчил шуғулландим. Форсийдан Мавлоно Жалолиддин Румийнинг олти китобдан иборат “Маснавийи маънавий”сини, Шайх Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут тайр”, “Илоҳийнома”, “Асрорнома”, “Панднома”, “Булбулнома”, “Уштурнома” асарларини, буюк шарқ шоирлари бисотидан “333 рубоий” китобини, Абдураҳмон Жомийнинг икки юз ғазали (“Гулшанингда сўлмасин гул”)ни, Алишер Навоий “Девони Фоний”сидан икки юз ғазал, ўн қасида (“Фоний гулшани”)ни, Сотим Улуғзоданинг “Фирдавсий” романини, турк тилидан Ҳазрати Али ибни Абутолибнинг шеърий девонини, инглиз тилидан Вильям Шекспирнинг энг етук ўн иккита асари: “Ҳамлет”, “Макбет”, “Отелло”, “Қирол Лир”, “Ромео ва Жулъетта”, “Юлий Сезар”, “Кориолан”, “Венеция савдогари”, “Қиш эртаги”, “Қирол Генрих IV”, “Антоний ва Клеопатра”си ҳамда сонетларини, болалар учун турли муаллифларнинг “Муҳаммад алайҳиссалом қиссаси”, “Мусо алайҳиссалом қиссаси”, “Исо алайҳиссалом қиссаси”, “Будда қиссаси”, “Акбар ва Бирбал” ва “Шекспир ҳикоятлари”ни, рус тилидан Александр Пушкиннинг “Моцарт ва Сальери” фожеаси, буюк француз адиби Никола Буалонинг “Шеърий санъат” асарини, Ян Райниснинг “Олтин тулпор”, Бартольд Брехтнинг “Сичуандан чиққан меҳрибон” драмаларини, Фридон Халвашининг “Кумуш елкан” шеърий тўпламини, Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий” романини ўзбек тилига ўгирдим. Озарбайжон шоири Бахтиёр Ваҳобзоданинг “Фарёд” драмаси ва Фузулийга бағишланган “Шаби ҳижрон” достонини ўзбекчалаштирдим. Минг шукрки, санайверсам яна топилади…
Ижодий фаолиятим давомида бир неча йил Бухоро институтида чет эллар адабиётидан дарс бердим. Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида ишладим. Академик Иззат Султон раҳбарлигида икки жилдлик “Адабиёт назарияси”, икки жилдлик “Ўзбек адабий танқиди тарихи” китобларини ёзишда қатнашдим. “Лирик шеърият”, “Тарихий драма” деган илмий рисолаларим нашр этилди.
Хуллас, ўзим ёзганларим ва таржималарни қўшиб ҳисобласа, китобларим сони қирқдан ошса керак. Уларнинг адади масаласи ўзингизга маълум. Масалан, “Сувайдо” ва “Умидли дунё” китобларим ҳар бири йигирма минг нусхада босилган. “Жалолиддин Румий” романи қирқ беш минг нусхада нашр этилиб, ўн кунда сотилиб битган. Бу гаплар бугун афсонага ўхшайди. Ўрни келганда айтай, ҳозир китоб нашри ва китоб савдосини кўнгилдагидек деб бўлмайди. Тошкентда тўрт минг сўмга сотилаётган китобни вилоятларда ўн минг сўмга сотишади…
Адабиётнинг жамият ҳаётида тутган ўрни бағоят буюк. Бу гапни ўзим адабиётчи бўлганим учун айтаётганим йўқ. Елкамда етмиш йиллик тажриба бор. Ана шунга суяниб айтаяпман. Дунёдаги барча фанлар бир тараф, адабиёт бир тараф. Барча фанлар танингга хизмат қилади, адабиёт жонингга, руҳингга. Хўш, руҳ нима? Руҳ – сенинг инсонлигинг. Ҳамма нарса парваришга муҳтож бўлганидек, руҳинг, инсонлигинг ҳам парваришга муҳтож. Уни ювиб, тараб туриш керак. Йўқса, тубанлашиб кетади. Костюм кийиб, галстук таққан олифта ҳайвонга айланиб қолишинг ҳеч гапмас. Бу ювиб-тарашни ким қилади? Адабиёт, албатта. Адабиёт инсонни киройи инсон бўлишига ўргатади. Ҳой, сен зоти шарифсан, Аллоҳнинг ердаги вакилисан, инсонлигингни унутма, назарингни баланд тут, фақат нафсинг учун яшама, ҳайвон даражасига тушиб қолма, деб огоҳлантириб туради. Шу маънода, адабиёт – маънавият фани, боболаримиз ибораси билан айтганда, илми адаб… Адаб – бу ўринда кенг қамровли тушунча, инсон қиёфасини белгиловчи омил. Қариялар дуода фарзандларига соғлик ва умр баробарида Яратгандан адаб сўрашади. Хуллас, киши ким бўлишидан қатъий назар, масалан, буюк олим, етак мутахассис, йирик давлат арбоби, моҳир санъаткор, уста деҳқон, машҳур спортчи бўлишидан ҳам олдин соҳибадаб, яъни, яхши инсон бўлиши лозим. Адабиёт ана шу вазифага хизмат қилади.
Бугун техника тараққиёти туфайли дунё уйимизга кириб келди. Телевизор тугмасини босасиз, вассалом: Париж, Лондон, Нью-Йорк, Рим, Қоҳира, Истанбул, Теҳрон, Москва, Деҳли, Пекин қаршингизда тизилиб ўтаверади. Дунёнинг вазиятини ўз кўзингиз билан кузатасиз. Дунёда ҳамма нарса бор, фақат нур йўқ, эртанги кундан умид йўқ. Инсон зоти тирикчилик кўйида зир югуради. Камбағаллар нон топсам дейди, бой-бадавлатлар бир кун бўлса ҳам айшимни суриб қолсам дейди. Дунёга нега келди, нега кетади, бу нарса хаёлига ҳам келмайди. Еб-ичиб, мол-бисот тўпласа, бас… Инсонни бир лаҳза бўлса ҳам тўхтатиб, ҳай, ҳолингга назар сол, бу аҳволда қаёққа борасан, деб огоҳликка, яъни, инсонликка ундовчи куч – адабиёт…
Эй Навоий, олам аҳлида тамаҳсиз йўқ киши, Ҳар кишида бу сифат йўқдир, анга бўлсин шараф. Сен агар тарки тамаҳ этсанг, улуғ ишдир буким, Олам аҳли барча бўлгай бир тараф, сен бир тараф...Мавлоно дейдики,
Зиндаги омад баройи бандаги, Зиндаги бебандаги шармандаги…Яъни, ҳаёт, тириклик сенга Аллоҳга банда бўлиш, чинакам инсон бўлишинг учун берилди. Бас, шундоқ экан, бандаликдан, инсонликдан маҳрум бўлиб яшаш – шармандаликдир.
Хуллас, адабиёт – инсоншунослик дегани. Биз ерни, осмонни, ундаги бор жисмларни билсагу ўзимизни, нечук инсон эканлигимизни, Яратгандан тайин этилган инсоний бурчимизни билмасак, ҳолимизга вой… Ҳамиша ва ҳамма соҳада ақл ва инсофни байроқ қилиш инсоний бурчимиздир. Адабиёт инсонни ақл ва инсофга ундайди.
Овруполик файласуфнинг бир гапини ўқиб қолдим. “Билим деб ҳикматдан, ахборот деб маърифатдан айрилдик” дейди у. Дарвоқе, дунёни ахборот босиб кетди. Матбуотда ҳам, радиода ҳам, телевизорда ҳам ҳар куни такрор: ўт олиб кетди, сув босиб кетди, тўфон, вулқон, зилзила, ҳалокату фалокат… Кўчаларда ур-сур, тўполон, халқ бир тараф, миршаблар бир тараф… Фақат хабар, ахборот, информация. Таҳлил йўқ, нега шундоқ бўлаяпти, деган савол йўқ, воқеа-ҳодисанинг туб моҳиятига қизиқиш йўқ. Хуллас, файласуфнинг куйинганича бор.
Мен адабиётимизда Шарқ адабиёти анъаналари давом этишини истардим. Шарқ адабиётининг мағзини ташкил этадиган нарса – ҳикмат. Хўш, ҳикмат нима? Ҳикмат – моҳият, аниқроғи моҳиятга етакловчи фикр.
“Маснавийи маънавий”да юзлаб ҳикояту ривоятлар бор. Биттасини айтиб берай. Бир дарвеш узоқ бир шаҳарда машҳур авлиё яшашини эшитиб, унинг зиёратига отланибди. Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, дашту саҳролар оша авлиёнинг манзилига етиб, унинг эшигини қоқибди.
“Ҳай, ким?” овоз берибди болахона даричасидан аёл киши.
“Мен фалон юртдан ҳазратимнинг зиёратларига келган дарвешман” дебди мусофир.
“Овора бўлибсан, дарвеш, – дебди аёл. – Мен унинг хотиниман. Дунёда иккита аблаҳ бўлса, биттаси ўша. Дунёда иккита беномус, алдоқчи бўлса, биттаси ўша шайтони лаин. Зиёратингга арзимайди у”, дея бор ҳақорату маломатларни ёғдириб, эрининг бошига мағзава тўкибди. “Келган йўлингга қайт”, деб гапини тугатибди.
Дарвеш ҳанг-манг бўлиб қолибди. Эътироз этмоқчи бўлиб оғиз жуфтлабдию яна ўзини тийибди. “Майли, нима бўлса ҳам кўрай, чақиринг”, деб оёқ тирабди.
“У уйда йўқ, чиқиб кетган”, дебди аёл.
Шунда дарвеш чор-ночор эшикдан йироқлашиб, тўрт-беш қадам нари кетибди. Бир одам учрабди. “Мабодо фалон авлиёни кўрмадингизми?” сўрабди дарвеш ундан. “Кўрдим, – дебди ҳалиги киши, – ўтин тергани ўрмонга кетди”.
Дарвеш ўрмонга қараб юрибди. Бир пайт ўрмондан авлиё чиқиб келибди. Арслонга ўтин ортиб, устига ўзи ўтириб олганмиш. Йўғон бир илонни қамчи қилиб, боши узра айлантириб келаётганмиш.
“Ҳай, дарвеш! – дебди йироқдан. — Кўнглингдан нима гаплар кечганини айтайми?”
“Айтинг”, дебди дарвеш.
“Шундоқ авлиё одам шундай жоҳил хотин билан қандай тирикчилик қиларкин?” деб ўйладинг.
“Тўғри”, дебди дарвеш.
“Ўйлаб қара, бир хотиннинг жаврига чидай олмасам, нечук авлиё бўлдим? Ўшанинг жаврига чидадимки, арслонни эшшак қилиб, устига ўтин ортиб, илонни қамчи қилиб юрибман”, дебди авлиё.
Хўш, бу ривоят билан Мавлоно нима демоқчи? Ҳалиги аёл – шунчаки аёл эмас, дунё. Мавлоно айтмоқчики, бу дунёга келдингми, бас, у сени аяб ўтирмайди. Машаққатларга дучор қилади, бошингга таҳқиру ҳақоратлар ёғдиради. Ана шунга чидай олсанг, марра сеники, бир нимага эришасан. Чидамасанг, нарёғини ўзингдан кўр. Ҳа, дунёни чидаганга чиқарган. Мана, сизга ривоят замиридан келиб чиқадиган ҳикмат.
Адабиётимизни ҳикмат руҳи тарк этмасин дейман.
Аруз – минг йиллик шеъриятимизнинг етакчи, бош йўли. Унинг юрак-қон томири. Мен арузда битган шеърларим, яъни, ғазаллар, мухаммаслар, рубоийлар, достонларимни саралаб, бир китоб қилдим. Асрор Самад сўз бошиси ила нашр этилди. “Шоирнинг аруз китоби” рукни остида… Истагим, ҳар бир ўзбек шоирнинг аруз китоби бўлсин. Аруз бизнинг қонимизда, жонимизда. Мумтоз наволаримизга қанот бағишлаган аруз эмасми? Бас, уни севайлик, ўрганайлик. Арузда қалам тебратиб, гўзал манзумалар яратайлик.
Тўғри, ҳар бир жабҳада янгиланиш – ҳаёт қонуни. Қолаверса, “Кимки яшаб, янгиланади, ўша мангу яшаб қолади”, дейдилар аҳли билгичлар. Тўлқин ортидан тўлқин келмаса, дарё сассиқ кўлга айланади. Авлод ортидан авлод келмаса, жамият таназзулга юз тутади. Адабиёт ҳам шундай. Изланиш, янгиланиш – доимий жараён. Аммо янгиланиш бошқалардан тўғридан-тўғри нусха кўчириш эвазига бўлмаслиги, адабиёт ўзининг табиий илдизларидан узилиб қолмаслиги керак.
Кейинги йилларда япон учликлари – хаккуларни таржима қилиш урф бўлди. Ўқидим, ёмон эмас. Аммо нимадир етишмайдигандай. Топдим, қофия, оҳанг етишмаяпти. Бир таржимонга шу ҳақда айтсам, япон шеъриятида қофия йўқ деб қолди. Фикримни тушунтиришга ҳаракат қилдим. Ўзбек тили – қофияли тил, бу унинг табиати. Бошқа тиллардан ўгирилган шеър ана шу табиатга бўйсуниши керак, дедим. Барибир фикримга қўшилмади. Айтмоқчиманки, қофияли қилиб ўгирганда, у оҳанг касб этар, жаранглар эди. Шу қофиясиз ҳолида эса у, устоз Миртемир айтмоқчи, шеър эмас, қора сўз… Ёки шоир Николо Буало ёзади:
Гўзал оҳангларсиз шеърият ўлик, Сўзлар сўлғин боқар, сатрлар сўник.Яна бир айтмоқчи бўлганим: китоб нашри ва китоб савдосини мукаммал тарзда йўлга қўйиш керак. Янги миллий кутубхона қуриляпти, бундан бениҳоя хурсандмиз. Энди шунга мувофиқ равишда давлат китобни ўз қаноти остига олмоғи даркор. Китоб – маънавиятимиз гавҳари, уни маиший-истеъмол моллари билан бир қаторга қўйиб, битта тарозида тортиб бўлмайди. Шундоқ қилайликки, бизда китоб култи бўлсин. Шундоқ қилайликки, яхши китоб ёзган ёзувчи яхши ҳақ ола билсин, тирикчилик деб бошқа ишларга чалғимасин.
Суҳбатимизга хотима ўрнида яна Мавлонога мурожаат қилмоқчиман.
“Бу дунёнинг туни ва зулмати ўтади. Ундан қолажак нарса – сўзнинг нури, – дейди Мавлоно. – Чунончи, пайғамбарлар умри кечди, бироқ сўзларининг зиёси барҳаёт ва мангу тирикдир”.
“Инсоннинг вужуди бир уюм гўнгга ўхшайди. Аммо ана шу гўнг азиздир. Чунки унинг бағрида подшонинг узуги бор” – дейди яна Мавлоно.
Подшонинг узуги бу – инсон кўнгли демак. Шу ўринда, икки оламни мен битта кўнгил учун яратдим, икки олам битта кўнгилга сиғади, аммо битта кўнгил икки оламга сиғмайди, деган ҳадисни ҳам эсланг…
Адабиёт – инсон кўнгли деб аталмиш илоҳий мўъжизани мадҳ этувчи нурли сўздир. Мен мана шу нурли сўз ичида эканим учун Яратганга шукрлар қиламан. Ва яна бир шукронам: уч қизим, бир ўғлим, беш набирам бор. Касблари турли-туман: шифокор, рассом, муҳандис, иқтисодчи. Аммо уларнинг ҳаммаси адабиётни севишади, ардоқлашади.
“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 10-сон.