Ҳаёт инсонга берилган имкониятми ёки неъмат? Бу ёруғ оламда ҳамманинг яшагиси келади. Аммо яшашдан мақсад нима? Қандай яшаш лозим? Бу каби саволларга жавоб изламаган одам топилмаса керак. Зеро, инсон қисқа умри мобайнида муттасил билишга, ўзини англашга интилади.
Таниқли адиб Муроджон Мансуровнинг ижодий фаолиятини ўрганарканман, беихтиёр кўнглимдан шундай ўйлар кечди.
Адабиётга, бадиий ижодга ҳавас бўлажак ёзувчида жуда эрта уйғонган. “Мактабдаги адабиёт ўқитувчимиз шоир Мискиннинг ўғли эди, – деб хотирлайди у. — Юқори савияга эга бўлган устозимиз дарс жараёнида фақат ўқув режасидаги мавзулар билан чекланиб қолмасдилар. Улар бизни моҳирлик билан адабиётнинг сеҳрли оламига олиб кирардилар. Ёзувчи, шоирлар билан учрашувларга, адабий кечаларга олиб боришдан сира эринмасдилар… Одил Ёқубовнинг “Муқаддас”, Ўлмас Умарбековнинг ”Севгим, севгилим” асарлари муҳокамасига ҳам борганмиз. Бундай адабий учрашувлардаги баҳс-мунозаралар, қизғин ижодий муҳит менда адабиётга ҳавас уйғотгандир”.
Тинимсиз ўқиш, изланишлар боис ёзувчининг маҳорати йилдан- йилга, асардан-асарга ўсиб борди. Китобхонларнинг эътиборига тушган “Ҳамманинг яшагиси келади”(“Устюрт воқеаси”) қиссаси, “Мангу жанг” романи нафақат ўзбек тилида, балки рус тилида ҳам нашр этилгани фикримизнинг далилидир.
Адиб асарларини варақлаганда беихтиёр муаллифга хос фазилатлар — ҳалол, эзгуликка йўғрилган туйғулар гўё қаҳрамонларига кўчгандек туюлади. Отамурод, Акбар полвон, Султонмурод сингари қаҳрамонларининг адолатпарварлиги, самимийлиги, оддий ва кўнгилга яқинлиги шундан далолат беради. Бу асарларни ўқиган китобхон инсоннинг инсонийлигини эътиқод, садоқат, ҳалоллик, тўғрилик каби фазилатлар белгилаб беришини англаб етади.
Ёзувчининг “Мангу жанг” романи асосида бадиий нутқ муаммоси мавзуида тадқиқот олиб борган адабиётшунос олим Йўлдош Солижонов адибга мактубида ёзади: ”Романларингиз орасида менга, айниқса “Мангу жанг” жуда ёқади. Ундаги воқеалар силсиласи, баён талқини, конфликтлар шиддати ниҳоятда ўзига хос. Сиз романда Бурҳоннинг одам сифатида ўзини ва ўзлигини англаш жараёнини акс эттириш учун жуда қизиқарли, қулай ва ажойиб усул танлагансиз. Кексайиб, оғир дардга чалинган Бурҳон чол ўзининг кечаги ҳаётини — Бурҳон тўкиснинг қилмишларини тафтиш қилади, руҳий азоблардан қутила олмайди. Одам, барибир, бир кунмас бир куни ўзини кўзгуга солиб, савобу гуноҳ ишларини адолат тарозусида тортиб кўради, шекилли. Бу руҳий жараён асарингизда ниҳоятда ишонарли тасвирланган.
Бугун романларингизни қайта ўқиб, шунга амин бўлдимки, Сиз динимиз камситилган, қатағон қилинган 80-йилларда ҳам одам боласи Оллоҳ томонидан пешонасига ёзилган қисматни кўради, деган ғояни асарга сингдиришга уринган экансиз”.
Чинакам бадиий асар инсон руҳияти, ҳиссиёти, кўнглини тасвирлайди. Унинг асосий вазифаси инсон маънавиятини бойитишга йўналтирилган. М.Мансуров асарлардаги қаҳрамонларнинг кечинмалари, ўйлари, уларнинг тақдири китобхонни ҳаётнинг мазмуни, моҳияти ҳақида мулоҳаза юритишга ундайди. Ўқиш жараёнида у қаҳрамонларнинг туйғулари билан танишади. Албатта, бошқалар дардига шерик бўла оладиган, шодлигидан чин кўнгилдан қувона оладиган кишининггина кўнгли эзгуликка мойил бўлади. Ўзини ва ўзгаларни ҳурмат қиладиган, ҳаётда яшашдан мақсади нимадан иборатлигини аниқ биладиган одам ҳар қандай шароитда ҳам инсоний қиёфасини сақлаб қолади. Адибнинг “Қирғоқлар” номли қиссасида бу тамойилнинг бадиий ифодасини кўрамиз. Унда инсон кўнглининг, туйғуларининг қарама-қаршиликлари, зиддияти тасвирланган. Долғали бир даврдаги бесамар курашлар оқибатида ўзлигини йўқотган ва аксинча, ўзлигини топа олган тақдирлар — собиқ шўро давридаги ёлғон сиёсатнинг қалтис ўйинлари боис дарёнинг икки қирғоғи каби ажралиб кетган ака-укалар қисмати ҳақида бу қисса.
Ҳаёт ҳамиша бир маромда давом этмайди. Ижодкорлар ўз қаҳрамонларини синовларнинг машаққатли йўлларидан олиб ўтишлари боиси шундан. Синовлардан ўтган, машаққатларга дош берган қаҳрамонлар метин иродаси билан китобхонга ибрат бўлади. М.Мансуров “Ҳамманинг яшагиси келади” асари қаҳрамони Отамурод тилидан шундай дейди: ”Муҳими, тушкунликка тушмай руҳингни ушлай олсанг бўлгани экан. Ирода деб шуни айтсалар керак”. Асарда муаллиф қаҳрамонларини ҳаёт синовларидан олиб ўтишнинг ўзига хос усули қўлланган. “Олтиннинг аслини маҳак тош, одамнинг аслини қийин кун ажратади”, дейди қисса қаҳрамонларидан яна бири олим Салоҳиддинов. Китобхон мутолаа жараёнида ўзини қаҳрамонлар орасида юргандек ҳис қилади, уларнинг туйғулари, ўй-фикрлари, кечинмаларига бефарқ қаролмайди. Зотан, асар воқеаларининг таъсирчан тасвири, тилининг содда, самимийлиги китобхонни бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг ҳаётийлигига ишонтиради. Китобхон қаҳрамонлар хатти-ҳаракатини таҳлил қиларкан, беихтиёр уларнинг ўрнига ўзини қўйиб кўради. Турли феъл-атворга эга персонажлар қиёфалари тиниқ чизилгани, уларнинг ўй-хаёлларига ўқувчини шерик қила олгани ёзувчининг катта ютуғидир.
Инсон табиатан ҳаётсевар, ҳар қандай шароитда ҳам яшашга интилади. Лекин тирикликнинг моҳиятини ҳамма ҳам теран англаб етавермайди. Асарда инсон туйғулари тасвирланар экан, уларнинг хоҳиш-истаклари, интилишлари, ҳақ ва ноҳақликка, эзгулик ва ёвузликка муносабатлари ҳам маҳорат билан ёритилган. Турли хил характер ярата олган ёзувчи уларнинг ҳаётга бўлган интилишларидан хулоса чиқариб олишни китобхонга қолдиради. Воқеа, ҳодисалар тасвири давомида ўқувчи кўзи ўнгида инсон характери бутун мураккаблиги билан намоён бўлади.У ҳаётнинг мазмуни нимада эканлигини англаб етади. Ўзгаларни ўзи каби сева олиш, уларнинг дардини, қайғусини ҳис қилиш, бошқаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун машаққат чекиш умр мазмунини ташкил этишини ҳис қилади. Бу ёруғ оламда фақат тирикчилик дардида яшаш, моддий манфаатдорликни мақсад деб билиш инсонни таназзулга етаклашини тушуниб етади. “Бу дунёда ҳамманинг яшагиси келади. Лекин Ортиқ билан Султоновдай эмас. Улардай шарм-ҳаёсизларча яшагандан кўра ўлган яхши, бу дунёга келмаган яхши. Одам одам билан тирик, бир-бирига меҳри, муруввати билан одам. Қийин кунда бир-бирига ярамаган одам одамми!”, дея фикрлайди асар қаҳрамони Отамурод. Китобхон унинг бу фикрига қўшилади. Матонат ва инсонийлик синовидан ўтган бу инсоннинг маънавий-руҳий дунёси нақадар гўзаллигини ҳис қилади. Одамдек мураккаб хилқатнинг ҳаёт синовлари боис очилган имкониятлари, фазилатларига гувоҳ бўлган китобхон тириклик моҳияти ҳақида ўйга толади. Дарҳақиқат, одам синовларда тобланади. Сабр, матонат билан синовларга бардош берган одамгина инсониятнинг келажаги, дунёнинг тақдири ҳақида қайғуриб, олам қўриқчисига айланади ва инсон наслининг яшаб қолишида ўзини масъул, деб билади.
Хуршид Дўстмуҳаммад “Озод изтироб қувончлари” мақоласида ёзувчиларни “инсон қалбининг тадқиқотчилари”, деб атайди. Изланиш иштиёқи ижодкорга ҳамиша ҳамроҳ. Ҳаётни, инсонларни севган ижодкорнинг юрагидаги аланга асло сўнмайди. У ҳамиша инсонни эзгулик сари етаклайди. Шу сабабли бу ёруғ оламда ўз айтар сўзига эга бўлади. Айни маънода ардоқли адибимиз Муроджон Мансуровнинг уч китобдан таркиб топган “Жудолик диёри” романи унинг эзгуликка йўғрилган ижодида янги кўтарилиш босқичи бўлди.
Ватанимиз ўз Мустақиллигига эришганидан сўнг ижод эркинлиги таъминланди. Собиқ шўро даврининг тақиқлари барҳам топди, қадриятларимиз, қутлуғ анъаналаримиз, миллий урф-одатларимиз тикланди. Истиқлол шарофати билан адабиётнинг мавзулар доираси кенгайди, бадиий тафаккурнинг имкониятларига кенг йўл очилди. Бундай шарт-шароит ижодкорларга илҳом ва улкан маънавий рағбат бағишлади. Адабий жамоатчиликда, кенг китобхонлар орасида катта қизиқиш уйғотган М.Мансуровнинг “Жудолик диёри” асари яратилиши ва муваффақият қозонишининг туб асослари айни шу имкониятлар ва, албатта, ёзувчининг бу давргача эришган тажрибаси ҳамда маҳорати билан изоҳланади. Китобхонлар “Жудолик диёри”да Султонмурод, Марғуба, Маҳфуза, Ёдгормурод, Ҳозиқ тўра, Эшон почча сингари қаҳрамонларнинг тақдирлари, аччиқ кечмишлари билан танишарканлар, бугунги дориломон кунлар қадри, қимматини, Ватан истиқлолининг нақадар муқаддаслигини чин дилдан ҳис этадилар. Мана шундай теран тарбиявий аҳамиятга эга бўлган эзгу ғоянинг бадиий талқинига эришишда ёзувчи ҳар бир персонажни, воқеани ишонарли тасвирлаш учун образларни, қаҳрамонларни муайян мазмун сингдирилган тимсоллар даражасида тасвирлайди. Шу маънода “Жудолик диёри” романи ҳаётий воқеаларнинг умумлаштирилган бадиий талқини, дейиш мумкин.
Асарнинг “Нажот фариштаси” номли иккинчи китобига ёзган сўзбошида таниқли адиб Тоҳир Малик таъкидлаганидек, “Ёзувчининг кечинмалари фақат ўзига хос эмас, бу халқнинг тилга кўчмаган изтиробларидир. Султонмурод ва Маҳфузанинг тақдири — айрилиқларнинг сиёҳ билан эмас, кўз ёшлари билан битилган баёни. Ёдгор — уларнинг фарзандлари — келажакка бўлган умид…”. Дарҳақиқат, бу асар гарчи кечаги кунимиз — яқин ўтмиш воқеаларидан ҳикоя қилса-да, у бугунги кунимиз учун хизмат қилади.
Ижодни яхшиликка хизмат қилишда, бахт-саодатни баркамолликда, деб билган таниқли адиб Муроджон Мансуров ҳамон ижодий изланишда. Машҳур ёзувчи Э.Хемингуэй “Тажрибали ёзувчи бўлиш учун узоқ яшаш керак”, деган эди. Биз ҳам суюкли адибимизга узоқ умр тилаб, ундан янги асарлар кутиб қоламиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 12-сонидан олинди.