Бадиий сўзнинг мўъжизавий қувватидан қалб ларзага келади, сеҳрланади, завқ-шавққа тўлади. Ҳақиқий бадиий асар таъсиридан кўнгилда ўзгача бир ҳарорат ва ёруғлик пайдо бўлади. Асар муаллифи, унинг қаҳрамонлари ёки тасвирлаган воқелик моҳияти туфайли ғойибона мулоқотлар, баҳс-тортишувлар бошланади. Яхши китоб инсоннинг бир умрлик сирдоши ва йўлдошига айланади. Бу тоифа асарларни такрор ўқиш ва уқишга ҳавасмандлик, айниқса, адабиётшуносларга тинчлик бермайди: дилини, кўнгил ҳароратини бировлар билан баҳам кўриш, адиб маҳоратидан, покиза тийнатли қаҳрамонлар қисматидан сўз очишга эҳтиёж туғилади. Шу зайлда турлича, янгича адабий таҳлил ва талқинлар майдонга келади. Чинакам санъат намунаси билан бирга, шу умрбоқий асар моҳиятини илмий-назарий жиҳатдан теран очиб берган мақола ва китобларнинг ҳам умри узаяди.
Ушбу мулоҳазалар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессори Умарали Норматовнинг яқинда “Ўзбекистон” нашриётида босилган «Қодирий мўъжизаси» номли китобига ҳам тегишли. Ўқувчи бу китоб орқали олимнинг қалб ҳароратини ҳис этади; завқ-шавққа тўла ҳаяжонли адабий-илмий таҳлилларига гувоҳ бўлди. Албатта, олим бу китобни бир-икки йил ичида ёки бир ўтиришда ёзган эмас. Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодининг барча қирраларини, адибга муносабат билдирган илмий асарларни ўрганиш, тадқиқ этиш — узоқ давом этган машаққатли иш. Умарали Норматов бу иш билан умри давомида машғул бўлди. Ўрни келганда изланишларини, кузатишларни қоғозга туширди.
Агар диққат қилинса, У.Норматовнинг вақтли матбуотда босилган мақолаларининг сони беш юздан кўп, алоҳида нашр қилинган китобларининг сони йигирмадан ортиқ. Табиийки, бу асарлар орасида Давлат мукофотига сазовор бўлганлари ҳам бор. Аммо, менинг назаримда, «Қодирий мўъжизаси» — бу мутлақо ўзгача, завқ-шавқ билан, тўлиб-тошиб, меҳр-муҳаббат билан ёзилгани жиҳатидан барчасидан ажралиб туради. Китобнинг «Қодирий боғи», деб номланган дастлабки бўлимида адибнинг ҳаёт йўлини, бошидан ўтган яхши-ёмон кунларни, фожеавий қисматини ёритар экан, олим у яшаган мураккаб адабий-ижтимоий муҳит руҳини, унинг атрофида кечган иғвою маломатлар моҳиятини чуқур ҳис этиб ёзади: «Қамоқда, тергов пайтида устига бўҳтондан иборат айблар қўйилганда, айниқса, ҳамкасбларининг юзсизларча мунофиқлик қилаётганини кўрганда адиб қандай аҳволга тушганини, бу имони бутун, ўта ҳалол, ростгўй, мард йигит қалбида қандай туғёнлар кечганлигини хаёлан тасаввур қилиш мумкин. Агар ўша кескин драматик руҳий ҳолат тўла тикланса, шекспирона трагедия туғилиши аниқ». Бундай фикр-мулоҳазаларни манбаларни чуқур ўрганган ва адибнинг руҳий-психогик ҳолатини хаёлан тугал тасаввур қилган одамгина ёза олади.
У.Норматов ёзувчининг асарларини ва архив ҳужжатларини, мавжуд илмий тадқиқотлар ҳамда биографик маълумотларни қайта назардан ўтказади, ёзувчи дунёсини, ҳам истеъдодли ижодкор, ҳам ўз замонасининг зиёлиси сифатидаги хусусиятларини теран тушунади. Адиб дунёқараши шаклланган муҳитга, таълим-тарбия масканларининг савиясига тўғри ташхис қўяди; бир қанча чигал масалаларга ойдинлик киритади. Олим муайян муаммо устида фикр юритар экан, ўз талқинларида ижод психологиясига, инсон табиатига хос барча хусусият ва майлларни инобатга олади.
Китобдан ўрин олган «Ўткан кунлар»нинг маъно ва бадиият жилоларига, «Меҳробдан чаён» ва «Обид кетмон» асарларининг янгича талқинларига бағишланган саҳифаларда ҳам олимнинг қалб ҳарорати уфуриб туради.
Умарали Норматов «Ўткан кунлар» романи негизида «истиқлол қайғуси»ни кўради. Романда тасвир этилган социал муҳитнинг муҳим бир қиррасига урғу беради. Табиийки, шу фикрнинг, ғоянинг илдизлари Абдулла Қодирий шуурида, асл маслагида мавжуд эди. Домла айни «истиқлол қайғуси», «мустамлака балосидан халққа сабоқ бериш» тезисини илгари сурганда оташин эркпарвар шоир Чўлпонни эслайди. Шунингдек, Абдурауф Фитратнинг «Туркистонда руслар» мақоласидан иқтибослар келтиради. Бу саҳифаларда даврдошларнинг дарддошлиги ва маслакдошлиги ойдинлашиб боради.
«Обид кетмон» ҳақиқати»да муаллиф қиссадаги Хатиб домла ва мулла Муҳсин образларини, айниқса, мулла Обид образи табиатини синчиклаб ўрганади. Шу асар баҳонасида У.Норматов Абдулла Қодирийнинг динга ва диндорларга муносабатини тушунтирар экан, маълум бир вақтлар оралиғида давр оқимидаги ижодкорга, сўнгра ўз ички бутунлигига қайтган шахс сиймосига урғу беради: «Умуман, 30-йиллар ўзбек адабиётида динга, диндорларга бунақа холис муносабатда бўлган бошқа бирорта асарни, руҳонийларнинг бунақа самимий, ҳаётий образларини кўрмаймиз». Шубҳасиз, бу ўринда олим мулла Обидни ҳам назарда тутади; олдинги қодирийшунослар тадқиқотларида учрамайдиган Обид кетмон образининг янги қирраларини ўртага ташлайди; покдомон, ҳалол, ҳақиқатгўй, иймонли бир инсоннинг теварак-атрофидаги «одамча»лардан ҳар жиҳатдан фарқланишини кўрсатади.
Адабиётшунос олимнинг «Меҳробдан чаён» романи тақинлари тарихига, образлари устидаги баҳсларга муносабати, айниқса, Худоёрхон образи юзасидан билдирган фикрлари ғоятда ўринлидир. Маълумки, «Меҳробдан чаён» романидан Қўқон хонлигидан айрим лавҳалар, хусусан, Худоёрхоннинг ҳукмронлиги, амалга оширган ишлари, ўрдадаги фисқу фужурлар билан боғлиқ манзаралар ҳам ўрин олган. Ёзувчи хонни ўз истаги йўлида ҳеч қандай зулмдан қайтмайдиган ҳукмдор, айни чоғда, ўзига яраша фазилату нуқсонлари бор образ сифатида кўрсатишга интилади. Хон шахсиятининг бадиий талқинида адиб мувозанатни сақлай билган. Умарали Норматов шундай ёзади: «Энг муҳими, «феодал иерархиянинг чўққисида турган ва бутун адолатсиз тузумни ўзида мужассамлаштирган тарихий шахс» образида кескин қоралаш, фош этиш билан баробар уни ўз ҳолича, йўқни йўндирмай, бор гапларни ёзишга уриниш ҳам мавжуд».
Менда китобнинг иккинчи бўлимидаги «Отага таъзим», «Адиб ҳақида қайдлар» саҳифаларида берилган таҳлиллар адиб асарларига унинг ҳаёт йўлидаги жуда муҳим «дарича»лар орқали қарашдек таассурот қолдирди. Зеро, жаҳон адабиётшунослигидаги мавжуд адабиётшунослик методларидан бирида, айнан ана шу тамойил, яъни муайян бир ижодкор асарларини таржимаи ҳоли воситасида тадқиқ этиш етакчилик қилади. Адибнинг отаси тилга олинган асарларидаги эпизодларни биров эслайди ё эсламайди. У.Норматов эса шу кичик эслатмалардан улкан бир маъно — адибнинг отасига эҳтиромини кашф этади.
Кичик сарлавҳаларга ажратилган «Қайдлар» қисқа, лўнда, маълумотларга бой. Унда «Ўткан кунлар» таъқиқланган замонда ҳукм сурган қўрқув салтанатининг бутун даҳшатларини англаш, тасаввур қилиш мумкин. Шунингдек, бир саҳифада «Ўткан кунлар»нинг ёзиб тугалланган санаси жуда ўринли асосланган бўлса, бошқа саҳифада романнинг асл матни муаммосига доир фикрлар — ҳали бу соҳада изланишлар давом этишини англатади. «Қозон сафари воқеаси»да кўпчилик учун янги маълумотлар бор. «Қайдлар»даги таҳлилларнинг ҳаётий воқеа-ҳодисалар билан уйғунлиги ўқувчининг диққатини ўзига тортишини алоҳида таъкидлашни истар эдим.
ХХ асар ўзбек адабий танқидчилиги тарихида адабий танқиднинг суҳбат жанрида мутахассислар билан энг кўп мулоқотлар уюштирган мунаққид Умарали Норматов бўлди. Бу гапда муболаға йўқ. Домла бутун ижодий фаолияти давомида қирқдан зиёд суҳбатлар ўтказибди. Улардан ўн бештаси жамланиб, 2008 йили «Ижодкорнинг дахлсиз дунёси» номи билан алоҳида китоб ҳолида нашр ҳам қилинди.
Янги китобидан ўрин олган «Бадиий сўз қудрати» сарлавҳали суҳбат Абдулла Қодирий ижоди хусусида. Суҳбат чорак аср муқаддам уюштирилган бўлса ҳам, ундаги қарашлар, айниқса, адиб романлари поэтикаси, миллийлигига, энг гўзал эпизодларга тегишли мулоҳазалар ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Аксинча, ўша пайтларда суҳбатдошлар тилга олган айрим масалаларни кейинги давр тадқиқотчилари гўё янгиликдек тақдим этган ҳолларга дуч келмоқдамиз. Ҳар ҳолда, У.Норматов суҳбат жараёнида оддий бир савол бергувчи сифатида эмас, балки баҳс-мунозарага киришувчи, суҳбатдош адибнинг кўнглидаги гапларни айтишга ундовчи, энг муҳими, суҳбат баҳонасида мавзуга оид илмий-назарий муаммоларни ўртага ташловчи олим сифатида намоён бўлади.
Бу китобда фазилат кўп, унинг айрим қирраларидан сўзладик, холос.
Устоз У.Норматов билан бир олий даргоҳда бақамти ишлаётган бир шогирд сифатида ушбу китобдаги айрим саҳифаларнинг майдонга келиш жараёнига гувоҳман. Гарчанд бу китоб қисмлари аввал мақолалар ҳолида алоҳида-алоҳида ёзилиб, матбуотда эълон этилган бўлса ҳам, уларнинг асосини Умарали Норматов истеъдоди ва табиатига хос самимият, холислик, ҳақгўйлик каби таҳлил тамойиллари бирлаштириб туради. Энг муҳими, улардан қалб ҳарорати шундай яққол сезилиб туради. Бу сезим ўқувчи қалбига меҳр-муҳаббат, эҳтирос бўлиб кўчади. Адабиётшунослар бўладики, гўзал сўзлайди, дона-дона сўзлайди, лекин қуруқ ёзади. Оғзаки суҳбатлари билан иншолари орасида тафовут бўлади. Аммо Умарали Норматов ёзганларида унинг соҳир овози жаранглаб туради. Кўз тегмасин, устоз олим шу жарангдор овоз билан сал кам ярим асрдан буён Миллий университет талабалари олдида маърузалар ўқийди; талабалар қалбига кўркам адабиётга муҳаббат уруғини экади. Умарали Норматов ўз мураббийлик фаолияти давомида Абдулла Қодирий ижоди юзасидан ёзилган ўнлаб диплом ишларига, қодирийшунослик соҳасига тегишли иккита номзодлик ва битта докторлик диссертациясига илмий раҳбарлик қилди.
Тўла ишонч билан айта оламизки, қодирийшунослик Умарали Норматов ижодининг асос-негизини ташкил этади. Шу маънода мазкур «Қодирий мўъжизаси» китоби адабиётшунос олимнинг ижодий биографиясидаги бош мавзу ва бош китобдек таассурот қолдиради.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 5-сонидан олинди.