Ҳасан Қудратуллаев. “…Ҳеч ким Мир Алишер Навоийчалик жавоб ёзолмаган” (2011)

“Бобурнома” ва “Тарихи Рашидий”да Навоий сиймоси

Алишер Навоийнинг шахсияти, асарларининг баркамоллиги ва юксак бадиий салоҳияти ҳақида унинг ҳаёти даврида, кўп ўтмай ХVI аср адабий, тарихий асарларида юксак даражада фикрлар билдирилган. Заҳириддин Бобурнинг “Бобурнома”, “Аруз рисоласи” ва бошқа асарларида Навоийга оид фикрлар адабиётшуносликда анча ўрганилган. Муҳаммад Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий” асарида Алишер Навоий ҳақида билдирилган фикрларни амакиси Бобурнинг фикрлари билан қиёсий ўрганиш мумтоз адабиётимизни янада теранроқ тасаввур этишга имкон беради, деган умиддамиз.

“Бобурнома”да муаллиф Алишер Навоийнинг давлатчилик ишларидаги иштироки ва мавқеи, давр султонига хизматлари ва, кези келганда, салтанат ривожига кўрсатган моддий ёрдами ҳақида илиқ сўзларни билдиради. Шу қатори, ижоди ҳақида ҳам сўз юритиб, асарларини юксак баҳолайди: “Туркий тил била шеър айтибтурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас”. “Тарихи Рашидий” муаллифи эса, “…унинг тахаллуси – Навоийдир. Унгача ҳам, ундан кейин ҳам туркий тилда ҳеч ким унчалик кўп шеър битган эмас”, деб деярли Бобур берган баҳони такрорлайди. Бунда Ҳайдарнинг баҳоси Бобур таърифидан тақрибан 30 — 35 йил кейин берилганини инобатга олсак, Ҳайдар томонидан Алишернинг тахаллуси Навоий эканлиги, туркий шеърда “ундан кейин ҳам” бу даражадаги шоир ижод қилмаганлигини ўз замондошларига аниқроқ етказиш зарурати пайдо бўлганлигини пайқаш қийин эмас. Агар Бобур Навоийнинг шеърияти шуҳратини “ҳеч ким онча кўп ва хўп айтқон эмас”, дея таърифласа, Ҳайдар: “У шеър илмининг устаси, унинг туркийча шеърларининг шуҳрати Мулло Жомийнинг форсча шеърлари шуҳрати билан тенг”, деб баҳолайди. Бу, биринчидан, Ҳайдарнинг Навоий адабий меросидан тўлиқ хабардорлигини билдирса, иккинчидан, унинг шеъриятини салмоғи ва юксак бадиияти жиҳатидан Абдураҳмон Жомий мероси билан тенг билади.

“Тарихи Рашидий” муаллифининг Навоийга берган яна бир юксак баҳоси Хисрав Деҳлавий ижодига жавобан Навоий яратган қасидага муносабатида кўринади. Навоий даврида салафлар ижодига жавоб ёзиш ҳам маҳорат мезони бўлган. Шу қатори, Ҳайдар Навоийни машҳур форсийзабон шоир Ҳофиз Шерозийнинг девонига ҳам назира этиб жавоб битганлигини айтиб, Навоийнинг бу борада мислсиз матонат кўрсатганини таъкидлаб, юксак поэтик қудратига ишора қилади: “У Хожа Ҳофиз Шерозий девонига назира тарзида девон тузган. Хожа Хисрав Деҳлавийдан кейин “Яхшилар дарёси” (“Дарёи аброр”) қасидасига ҳеч ким Мир Алишер Навоийчалик жавоб ёзолмаган”.

Муҳаммад Ҳайдар “Тарихи Рашидий” асарини Қашқарда туриб ёзган, “Бобурнома” эса Алишер Навоий яшаган муҳитга анча яқин Хуросон ва Ҳиндистонда яратилган. Эҳтимол, Ҳайдар Навоийнинг барча асарларидан тўла хабардор бўлмагандир ёки бошқа сабаблар боисидандир, “унинг учта туркий-ўзбекча девони бор”, дейди. У ҳатто “Тазкират ул-авлиё” асарининг номи “Насойим ул-муҳаббат” эканлигини ҳам зикр этмаган.

“Бобурнома”да эса биз Навоий асарлари ҳақида батафсил, аниқ маълумотларни кузатамиз. Албатта, бунга Бобурнинг Навоий билан нисбатан бир маконда бўлганидан ташқари, унинг ижоди давр адабиёти билан узвий боғлиқлиги, давр шоирларига сардорлиги ҳам сабаб бўлган. Бобур Навоий асарларининг биринчи мунаққиди сифатида асарлари номларини “Бобурнома”да келтириши улуғ шоир эътибори ва ҳурмати қатори, унинг ижодини юксак даражада тасаввур қила олганлигини ҳам билдиради. “Олти маснавий китоби назм қилибтур, беши “Хамса” жавобида, яна бири “Мантиқ ут-тайр” вазнида “Лисон ут-тайр” отлиқ. Тўрт ғазалиёт девони тартиб қилибтур: “Ғаройиб ус-сиғар”, “Наводир уш-шабоб”, “Бадойи ул-васат”, “Фавоид ул-кибар” отлиқ….”.

Ҳар иккала адиб Алишер Навоийнинг саховати, бунёдкорлик ишларига юқори баҳо берганлар. “Бобурнома”нинг қисқабаёнлиги, унда тарих воқеалари кенг қамраб олинганлиги ҳамда Бобур яшаган пайтда Навоий томонидан бунёд этилган “бинои хайр”лар қад ростлаб тургани, камолга етган шогирдлар ҳали ҳаётлиги боис, муаллиф тафсилотга берилмайди: “Аҳли фазл ва аҳли ҳунарға Алишербекча мураббий, ва муқаввий маълум эмаским, ҳаргиз пайдо бўлмиш бўлғай. Устоз Қулмуҳаммад ва Шайхи Нойи ва Ҳусайн Удийким, созда саромад эдилар, бекнинг тарбият ва тақвияти била мунча тараққий ва шуҳрат қилдилар. Устоз Беҳзод ва Шоҳ Музаффар тасвирда бекнинг саъй ва эҳтимоми била мундоқ машҳур ва маъруф бўлдилар. Мунча бинойи хайрким, ул қилди, кам киши мундоққа муваффақ бўлмиш бўлғай”.

Муҳаммад Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий”сида Навоийнинг хайру саховати, шогирдпешалиги, илм, адабиёт, санъат аҳлига кўрсатган ҳомийлигига оид маълумотлар кўп жиҳатдан Бобурнинг юқоридаги маълумотларини тўлдириб келади. Тарихий асарлардан маълумки, Навоий Ҳусайн Бойқаро вазири сифатида, ўзи эга бўлган бойликни хайрия ишларга сарфлаган. “Тарихи Рашидий”даги маълумотлар нафақат Бобурнинг бу мавзуга оид фикрларини бойитади, балки кўп жиҳатдан Навоийнинг яратган “мунча бинойи хайр” ишлари шарҳини келтиради, улуғ шоирнинг нақадар ҳимматга феъли кенглиги, нафақат ижоди билан, балки тўплаган хазинасини ҳам халқ манфаати йўлига сарфлаганининг аниқ ифодасини беради: “ Шундай қилиб ўша замонда халқнинг турли тоифалари ичидан фозил, беназир инсонлар чиққани унинг (Навоийнинг — Ҳ.Қ.) саъй-ҳаракатлари туфайлидир. У Мир сифатида шундай жидду жаҳд кўрсатдики, натижада катта бойлик тўпланди, деҳқончиликдан ва бошқа тарафлардан тушган кунлик даромад ўн саккиз минг шоҳрухийни ташкил этган. Ўз амирлик мансабининг барча жиҳатларини — хизматкорларни, мулозимларни, хазинани, сайисхонани, подшоҳлик иморатларини у Султон Ҳусайн мирзонинг нойиби амир Бобо Алига топширган, бу ўша даврнинг буюк сипоҳларидан эди. Мир Алишер амалдорлик ишларини йиғиштириб қўйиб, бошқа амалдорлар ва мулозимлар билан бир қаторда ўзини Султон Ҳусайн мирзо хизматига бағишлади. У қудрати етгунча унга ёрдам сўраб мурожаат қилган муҳтожларга, олиму фозилларга ҳомийлик қилди. Ўз мулкидан тушган барча даромадни эл-юрт фаровонлиги учун хайрия ишларига сарфлади. У хонақолар, масжидлар ва бошқа иморатлар қурдирдики, уларнинг кўпчилиги ҳозирги кунгача Хуросонда сақланган”.

“Бобурнома”да Алишер Навоий ва унинг ижоди билан боғлиқ бир қатор тарихий шахслар, адиблар ҳақида қимматли маълумот берилган. Булар Ҳусайн Бойқаро, Биноий, Абдураҳмон Жомий ва бошқалардир. Мусиқа, санъат, миниатюра санъати ва бошқа соҳа вакилларининг номлари ҳам асарда зикр этилган, аммо мақоламиз мавзусига унчалик зарур эмаслиги боис, улар ҳақида батафсил тўхталмаймиз.

“Тарихи Рашидий”да ҳам юқоридаги шахсларнинг номлари зикр этилган ва уларнинг Навоий билан боғлиқ жиҳатлари ҳақида сўз юритилган. Биз Навоий шахсияти билан бевосита боғлиқ Жомий ва Биноийга Бобур ва Ҳайдар баҳоларини қиёсалашни маъқул кўрдик.

Заҳириддин Бобур Абдураҳмон Жомийга оид маълумотни Ҳусайн Бойқаро салтанати давридаги шуаролар зикрида келтиради: “Шуародин: бу жамънинг саромад ва сардафтари Мавлоно Абдураҳмон Жомий эди”. Ана шу маълумотдан кейин асарда Жомийга оид маълумотни бир неча сатрларда, давр адибларига сарварлигига оид маълумотлар баёнида келтиради. Назаримизда, Бобур Жомийга нисбатан ўша давр адибларининг “саромад ва сардафтари”, деб берган баҳоси билан қониққан ва уни ўз давридаёқ классик адиб даражасига етганлигини инобатга олиб асарларини номлаш, мадҳнамо баҳо беришни лозим кўрмаган.

Муҳаммад Ҳайдарнинг Абдураҳмон Жомийга муносабати эса Бобур қарашларидан анча фарқ қилади. Бу фарқ, биринчи навбатда, Ҳайдарнинг дунёқараши, тасаввуф илми ва ислом оламининг пешволари, шайх ва авлиёларга нисбатан юксак ҳурмати орқали ўз ифодасини топган. Биз “Бобурнома”да муаллифнинг тасаввуф илми, диний русумлар, азиз-авлиёларга зарур бўлган ўринлардагина мурожаат этганлигини кўрамиз. “Тарихи Рашидий”да эса бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Ҳайдар Жомийнинг сермаҳсул ижоди ҳақида гапирар экан, “Нафаҳот ул-унс” асари давр машойихлари ҳақидаги қимматли асарлигини қайта-қайта зикр этади. Хуросондаги шуаро зикри ҳақида сўз юритар экан, уларнинг саромади Абдураҳмон Жомий эканлигини таъкидлайди ва “агар такрорга эътироз бўлмаса эди, олимлар ва шоирлар ҳақидаги фаслни Мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомийнинг муборак номи билан бошлаш ўринли бўларди, шунингдек, Хуросон авлиёлари, олимлари, шоирларининг сардафтари ҳам Мавлоно Жомийдир,” дейди.

“Бобурнома”да Камолиддин Биноий шахсияти, асосан, Алишер Навоий образи талқинида, Ҳусайн Бойқаро шуаролари зикрида кўзга ташланади: “Яна Биноий эди, ҳирийлиқтур, отаси Устоз Муҳаммад сабз банно учун мундоқ тахаллус қилибтур, девон тартиб қилибтур, маснавийлари ҳам бор”. Бобур Биноий асарларига баҳо беради, айрим камчиликларини баён этади ва, асосан, унинг шахсиятида шартакигўйлик, ўткир ҳазилкашлик хусусияти ғолиблиги ва бу хусусият Алишер Навоий билан бўлган зарофатгўйликда яққол кўзга ташланганлигини таъкидлайди ва мисоллар келтиради.

“Тарихи Рашидий”да ҳам мавлоно Биноий ҳақида маълумот келтирилган ва унда асосан Биноий ва Навоий ўртасида бўлиб ўтган ҳазл-мутойиба, “фикрий жанглар” ҳақида сўз боради.

Муҳаммад Ҳайдар Навоий ижодига мансуб икки мисолни келтириб, уларнинг аниқ манба сифатда бизга етказганлиги билан Навоий ижодига оид маълумотимизни нисбатан бойитади. “Мир Алишер мавлоно Соҳибнинг бир матлаъсини сотиб олиб, уни ниҳоясига етказган. Мана ўша матлаъ:

Кўкрагимдур субҳнинг пироҳанидин чокроқ,
Кирпигим шабнам тўкилган сабзадин намрокроқ.

Яна бир матлаъ мавлоно Лутфийникидир. Мир Алишерга бу матлаъ хуш ёқиб, уни охирига етказган. Мана ўша матлаъ:

Бошимиздан соя сарви қадинг кам бўлмасун,
Зоти покинг бўлмаса, оламу одам бўлмасун.”

Агарчи Ҳайдар бу мисолларни Навоийнинг адабий-эстетик даражасини белгилаш, ўзи таъкидлагандек, “Мир Алишергача бирорта шоирда шеърни давом эттириб ниҳоясига етказиш қобилияти бўлмаган”, деб шоир салоҳиятига баҳо берса ҳам, у бу мисолларни Навоий ва Биноийнинг “фикрий жанглари” мисолида фойдаланади ва бу борада ўз қарашларини баён этади.

Бобур ёзади: “Алишербекнинг мизожи нозуклук била машҳурдур. Эл назокатини давлатининг ғуруридин тасаввур қилур эдилар. Андоқ эмас экандур, бу сифат анга жибиллий экандур. Самарқандда эканда ҳам ушмундоқ нозук мижоз экандур”.

“Тарихи Рашидий”да ҳам биз Навоийнинг бу хислати ҳақида ўқиймиз. Ҳайдар Навоийнинг фазилатларини меҳр билан баён этар экан, энг аввало, унинг зукко шахслиги, ўз даври кишиларни инсоф, инсоний бурч, илм олиш ва ижод билан шуғулланиш, табиатларида кишиларга ғамхўрлик қилиш, одамларга яхшилик қилишни касб этиш каби хислатларни тарбиялашни шиор айлаганлигини, шунга қарамасдан шоир буюклигини кўролмаганлар ундан нуқсон қидиришга ҳаракат қилганини айтади: “У беҳад зукко ва заковатли киши эди. У бошқаларда ҳам худди шундай фазилатлар бўлишини хоҳлар, бунга эришиши қийин бўлар, шундан одамларга гинахонликлар содир бўларди. Унинг нозиктаъблиги ва тез ранжиб қолиш хусусиятидан бошқа камчиликларини топишолмаган. Гарчи у фозил ва беҳад давлатманд киши бўлса-да, бутун қимматли ҳаётини нафсини тийиш ва хайрли ишлар билан ўтказди.

Байт:

Теран денгизлардан гавҳар-дур унар,
Инсонга кераги – яхши бир ҳунар.

Демак, Мир Алишернинг битта камчилиги, яъни нозикмижозлигидан ўзгаси бутунлай фазилат эди”.

Шундай қилиб, биз ҳазрат Алишер Навоийга унга замондош бўлган икки йирик адиб Заҳириддин Бобур ва Муҳаммад Ҳайдар қарашлари орқали ёндашишга ҳаракат қилдик. Навоийнинг ҳаётлигидаёқ шунчалик шуҳрат топгани, ўзидан ўлмас асарлар, эзгу амаллар қатори юзлаб шогирд қолдиргани бугунги кун учун ҳам юксак даражадаги ибрат мактабидир.

Ҳасан Қудратуллаев,

филология фанлари доктори, Халқаро Бобур мукофоти совриндори

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 7-сонидан олинди.