Собир Ўнар. Дашт одамлари (2010)

ҚЎШРАБОТ

Қўшработ. Бу — мен туғилиб, киндик қоним томган тупроқ. Бу — Эргаш Жуманбулбул, Раҳматулло Юсуф ўғли каби булбулларнинг юрти. Бу — академик Тошпўлат Ширинқуловни етиштирган гўша. Ҳозирги кунда таниқли раҳбар ва моҳир мутахассис бўлиб етишганларнинг кўплари шу тоғу дашт, ястаниб ётган яйловларнинг беғубор ҳавосию меҳрини, зилол булоғу, муздек қудуқ сувини симириб улғайган инсонлардир.

Шу мақтанишнамо таърифнинг ўзиям анча тасаввур берар. Бироқ Нурота тоғ тизмасининг этаклари аро сувли, аниқроғи булоқ суви чиққан сайхонлик ҳамда адирлар бўйлаб жойлашган ўнлаб қишлоқлар, ғаллазор, кенг яйлов ҳамда қўшработ, Заркент, Жўш қўрғонларида яшаб меҳнат қилаётганлар — юз мингдан ортиқ аҳоли — шу Қўшработ, шу —қўшработликлар. Мамлакатимизнинг деярли барча ўқув ва илмий даргоҳларида фаолият юритаётган ўнлаб фан доктори, профессор, минглаб фан номзодлари (бу гапни муболағасиз айтаётирман) асл фидойилар, шоиру қаламкаш, журналистлар. Булар ҳам Қўшработ фарзандлари.

Хусусий томорқаларни айтмаса бошқа жойлар ҳаммаси лалмикор ерлар. Бу ерларга асосан бошоқли дон экинлари: буғдой, арпа, қисман махсар экилади. Буғдойнинг ҳам лалмига мос “сурхок” нави экилади. Бошқа навлардан ҳосил ундириш қийин.

Бултур тумандаги фермерлар чакки ҳосил олишмади. Туман ҳокими Т.Астоновнинг таъкидлашича, 30 центнердан ошириб ҳосил кўтарганлар ҳам бўлди. Бу яқин йиллар ичида қулоқ эшитмаган гап.

Лалмикор ерда яшаётганлар яхши билади: булар — осмонга қараб Худодан имдод кутиб яшайдиган одамлар. Кўклам қуруқ келса — ишлар пачава. Эндигина қулоқ ёзган майсалар ҳам сарғайиб жойида қотади. Дағал хашакнинг тайини бўлмайди. Янтоқ, қўзиқулоқ, бирда-ярим шувоқ сўппайиб қад кўтаради, холос. Қаёққа қараманг — тап-тақир. Чанг-тўзон кўтариб шамол ўйнайди. Булоқларнинг суви камайиб, баъзан қуриб ҳам қолади. Одамлар ташвишга тушади. Айниқса, даштда ғалланинг бўйи ўсмай қолиб кетса, бундан баттари йўқ. Сабаби аҳоли ҳам дондан, ҳам сомондан қуруқ қолади. Рўзғори ободлиги чорва ҳамда буғдойга боғлиқ одамлар қийналиб қолишини тасаввур қилаверинг. 2000 йилдан 2003 йилгача қаторасига уч йил қурғоқчилик келиб, қўшработликлар қай аҳволга тушганларини кўзим билан кўрганман. Минглаб одамларнинг кўнглида унсиз бир ўтинч ётади: “Ёмғир ёғдир, Худойим!”

ЮРТ САРИ

Қаерда бўлсанг ҳам оқ сут бериб ўстирган онанг, бешикда биғиллаб йиғлаганинг пахсадевор уйинг, болалик қадрдонларинг — тенг-тўш жўраю қариндошларингни соғинасан, кўнглингнинг бир чеккаси доим уларга тортиб туради. Гўдаклигингда чанг тўзитиб ўйнаганинг сўқмоғу ёлғизоёқ йўл, дарахт, бутаю тош, жару сайҳонлар, булоқлар — бари-бари гўё тирик қадрдонингдек ойлар, йиллар оша ўзига чорлайди, чорлайверади.

Бу гал ҳам хизмат сафари баҳона атайин бола-чақа билан йўлга чиқдим. Наврўз ўтди. Қўшработда Наврўз ўзига хос сайлга айланади. Самарқанд йўли билан қирлар оша Қўшработга тушиб келаверсанг, даставвал Қўшёғоч қишлоғига дуч келасан. Ўнг томон ниш уриб кўкарган ғаллазор, чап томонинг катта қир, адирлардан иборат дашт. Ана худди шу жойда катта-катта икки камар бор. Камар деганимиз оёқ томони яланглигу қолган томони қирлар билан ўралган жой. Биринчи камар кенг, ёйиқ. Худди шу жойда эрталабдан томошалар, ашулачию спортчиларнинг чиқишлари карнай-сурнай садолари остида бошланиб кетади. Соат ўн-ўн бирларга қараб кейинги камарда кўпкари ўйини бошланади. Чавандозларнинг асл, ҳалол олишуви. Бу ерга самарқандликлардан ташқари қўшни Жиззах, Қашқадарё вилоятларидан ҳам полвонлар ташриф буюради. Адирни тўлдириб от чопаётган юзлаб чавандозларнинг “ҳаё-ҳуйт” овозлари, томошабин бўлиб турган минглаб ёшу қарининг “Ҳайда, фалончи полвон!”, “Ўрга қараб ҳайда!”, “Ўнгга қараб бур!”, “Жиловни қўй, қамчини бос, қамчини!” деган даъватли қийқириқларига қўшилиб кетади.

Кўпкари. Аъзалдан, ота-бобомиздан қолган халқ ўйини. Асл полвонман деганларнинг ҳалол олишуви. Шу олишувлар боис “полвон” деб ном чиқарганлар қанча: Исмат полвон, Мустафо полвон, Элибек полвон, Кўлибой полвон. Улар чопган отлар ҳам ўзларидек машҳур: қорабайир, қизил саман, Эргашнинг тўриғи… Лақаблари-чи: “Пистолет”, “Сувилон”, “Конъяк”…

У полвонлардан бугун ким бор, ким йўқ. Исмат полвон ўн етти йил аввал кўз тегиб кўпкарида вафот этди. Бугун унинг икки ўғли Низом полвон ва Жалол полвонлар ҳар қандай тўдадан улоқни узиб чиқувчи ҳақиқий чавандозларга айланишди. Булар қаторида бугун Шерали, Ғаффор,Ҳусан полвонларни кўриш мумкин.

Бу йилги Наврўзда нақ ер ёрилиб одам чиқди. Тахминан эллик-олтмиш минг одам тўпланди-ёв. Бу халқнинг ўз ўйинларига нақадар ихлосмандлигини, қолаверса, кайфиятини ифодаламайдими?

ЙИЛБОШИ

Қадимда халқимиз Наврўзни Йилбоши ҳам деган. Бу ном қўшработда ҳануз сақланиб қолган. Қишлоғимизни Қувкалла дейишади. Унга ёндош кичик қишлоқча тағин бошқача — Зулмон ота. У ерда ўттиз хўжалик истиқомат қилади. Йилбошида ҳамқишлоқлар қишлоқ моллари учун чўпон тайин қилишади. Аҳил қишлоқ қирда, бўзлоқда бола-чақа, аҳли аёлу ёшу қари кўклам таомлари: пидина пичак, ошкади пичак, макка гўжа, сумалак, сўнгра самарқандча серсабзи паловни тушириб олиб, қўлларини артгач, муддаога кўчадилар: хўш, бу йил молларимизни ким боқади?

Албатта, бундай чоғда ўзим туғилиб ўсган қишлоқ одамлари ичида бўлсам ҳам, дарҳол бегоналигим ёҳуд бу кишилар “Тошкентдан келган меҳмон” олдида бу масалани муҳокама қилишга ийманаётгани сезилади. “Бир чекиб келиш” баҳонасида ўчоқ бошидаги тенгқурларим ёнига четланаман…

Бир вақт саксон беш ёшни қаршилаган ҳожи Ашур бобо мени имлаб қолади:

— Ҳой, Собир, бермон кел, масаламиз ҳал!

Борсам, Нуржон деган йигит – жўжабирдай ушоқ молларни боқишни осонгина бўйнига олибди. Қорамолга эга чиқмабди. Майли, буни навбати билан ўзимиз боқармиз, бир ойда бир марта навбат келар экан, эплармиз, дейишибди.

— Ўзимиз ёмон бўпкетганмиз, Собирбой, — дейди Ашур бобо. — Нафсимиз чатоқ, қиру ўрдаги қанча ер бўлса ҳайдатиб, четан ўраб олдик. Бир хиллар азбаройи бошқалардан қизғангани учун ер эгаллаб олган, бирон нарса экмайдиям, ер бузилгани учун ичида бошқа хашак-пашак кўкармайдиям. Ахир шу жойлар аввал яйлов эди-ку. Давлатнинг ўн минглаб қўйлари, юзлаб қорамолу йилқилари бемалол ўтлаб юрарди-ку. Энди фақат тош-чағат жойларгина қолди. Мол жонивор ўтлай деб четан ошиб кетса борми — кўринг ғурбатни. Шу туфайли чўпон бўламан деб кўкрак кериб чиқадиган ҳам қолмади.

Гап айланиб қишлоқ оқсоқоли ҳақида сўз бўлди. Худога шукр, Зармитан конининг иш ҳажми кенгайиб, юзлаб ёшлар иш билан таъминланяпти. Катта миқдорда маош ҳам олишяпти. Аммо тўйларимиз бор — буларни тартибга олмаса бўлмайди. Йўлларимиз бузилиб кетди — тузатиш керак, ҳар йили сел келиб кўприкларни олиб кетади — ҳашар қилиб бўлсаям одамларни уюштириб, бу ишларни қилиш керак ва ҳоказо.

Ёшлигида чавандоз полвон бўлган Беркин ака Бекқулов чўзиб ўтирган оёқларини йиғиштириб бирдан гапга тушиб кетади.

ОҚСОҚОЛ

— Оғайни, одамзотга бош керак, бўлмаса қийин экан. Мана, Президентимиз Ислом аканинг отасига раҳмат! Ўзбекнинг бошини қовуштириб, манаман деган давлат қилди-ку. Шу инсон омон бўлсин, бизни қийинчиликлардан олиб чиқади, ана кўрасан, дер эдим. Ҳай, тепамда Худо, шундай ажойиб кунларгаям етдик — бировдан кам жойимиз борми, а? Айт, кимдан каммиз?

Биз энди дунё кўрмаганмиз. Бола-чақа, кўпкари деб, у ер-бу ерни синдириб, охирги вақтда тайёрлов идорада ишлаб, бировдан нари, бировдан бери — шу жойга етдик. Худойимга минг шукр, болалар уйли-жойли, энг муҳими — замонимиз тинч. Нон, уй, маишат — тинчлик бўлиб турса ўзи келаверар экан эшигингни қоқиб.

Энди, жўралар, мен бир ўтирик айтай.

Кўп йиллар “Пангат” хўжалигининг, “Биопункт”нинг директори бўлган раҳматли Ҳусан Ҳакимовни ҳамма яхши эслайди. Баджаҳл, қўрс деб айтишар эди. Тўғри, биров билан эл бўлиб қўлтиқлашиб кетавермас эди. Тайёрлов идорасида ишлаган вақтимда икковимиз бир-икки ҳамсуҳбат бўлдик. У одам унча-мунчани хуш кўравермасди, лекин мени икки марта ўзи излаб келиб, ҳангома қилиб кетди. Шу ўзимни қўярга жой тополмайман, қўй сўяй дейман, “Ўтир, гаплашайлик, ташвиш тортма”, дейди. Охирги гал бир коса шўрвага тегирмони нонни бўктириб олиб, ака-ука обдон гурунгни урдик. “Беркинбой, — дейди, — мен ўзим ишини, қилган яхшилигини миннат қиладиган одамни ёмон кўраман. Бироқ иккитагина миннатимни айтиб қўяй: бир ўзим биламан, бир Худойим билади, бу ёғи ёш ҳам кетди, қаридим, сенга айтсам бўлаверар. Кўп билан ишлаш оғир, ҳалол одамнинг бошини силадим, бироқ нафси ҳакалак отганларни жиловлашдай қийин иш йўқ дунёда. Райком қўймади, Йўлдошбойни хирмон мудири қилиб ишга олдим. Мавсум ярим бўлмай минг синтир ғалла йўқ-да — сотиб еб қўйибди. Ҳамма ишни тўхтатдиму, бориб, “Жами ғаллани тарозига соласан”, деб туриб олдим. Совуқ ўтиб кетган боладай дағ-дағ қалтирайди. Нақ минг синтир кам. “Ака, уйим куйди!” деб йиғлайди. “Нафсингга ўт тушсин, уйинг куйсин! Қамаласан энди!” дедим. Идорага келиб ўйладим: ростданам қамалиб йўқ бўпкетади-ку. Шартта “Қизил қўшин” бўлимининг мудири Жомонбойни чақиртирдим. Беш юз синтир ғаллага акт ёзиб келасан дедим. Пешонасидан ўқлоғдай-ўқлоғдай тер отилди. Нега демади. Акт ҳам, накладной ҳам опкемай юраверди. Бир тўйда ушлаб олдим. Қани қоғоз дедим. Гап нимадалигини билган экан. Аввал директор нафсига қилаяпти деб ўйлаган, Йўлдошбойнинг шов-шуви ёйилгач, баттар жони чиққан, чунки иккови бир-бирини ёмон кўрарди. Лекин ноилож, ўзининг ҳам ўпириб еган жойи кўп, киссасидан қоғозни чиқариб берди. Яна бир-икки муттаҳамгаям шу талабни қўйдим, улар хат-қоғоз қилишди, шуйтиб баччағар Йўлдошбойни қамоқдан опқолдим. Қаридим, балнисада ётиблар чиқдим — қалайсан деб бир марта ҳол сўрамади.

Яна бирини айтай. Накуртлик Хуррам тентакниям омбор мудир қилиб олишга тўғри келди. “Райком бова, — дейман, — бунинг ошқозони чатоқ”. “Хўш, ошқозонига не бўпти?” дейди. “Битта эмас, иккита совхозни одам-подами билан қўшиб тиқсангизам тўймайди”, дейман. Ўқраяди, мени ёмон кўради. Ишга олдим. Орқасида чуви билан келди. Ферма мудирлигида юзта қорамол, икки юзта қўй-эчкини еб-ютиб юборган экан. Униям ёпдим. Омборни қабул қилгандан бир ой ўтмай қишлик емнинг, уруғлик арпа-буғдойнинг ярми йўқ-да. Шуйтиб яна муттаҳамларга кунимиз қолди-да. Амаллаб бошқаларнинг ҳисобидан бунинг ҳам жиноятини ёпдик. Лекин кейин бир оғиз раҳмат эшитмадим. Шундай қилган эдим деб бировгаям бир оғиз айтганим йўқ, мана, фақат сенга айтаяпман.

Ҳусан ака нега келди, қўлида ишламаган бўлсам ҳам нега бу гапларни менга айтди — сира тушунмадим. Мана, ўзиям кетди-борди чин дунёга. Лекин, тан олиш керак, Қўшработда неча боғ бўлса шу одам яратди, гуллатди. Пангатнинг ўзини тоғ-қирларгача сув опчиқиб яшнатиб юборди. Йилқини кўпайтириб, Республикада биринчи ўринга опчиқди. Қўшработга Самарқанд томондан кириш жойларини қаранг: неча ўн гектар даштни дарахтзор қилган. ҳосилга кирди. Кўкламда қандай чиройли гуллаб ётар эди. Мана, оқсоқол кетганига ўн бир йил бўпти. Дарахтлари бирин-кетин қурияпти, кесиляпти. Ундан бериям икки ҳоким ишлади, бирови битта боғ яратдими. Яхшининг қадрини ўтгандан кейин билар экансан-да. Аммо ўша гапларини эслаб, ўйлаб туриб айтаман: ҳақиқий оқсоқол ўша одам экан. Баджаҳл деймиз. Бировни ургандир, бировни сўккандир, аммо бурнини қонатмади. Хўжалигидан бир инсоннинг қамалганини эшитганмисиз, йўқ, эшитмагансиз. Бировнинг кесилиб кетишини иснод деб биларди, бола-чақасини ўйларди. У одам ҳамманинг бошини қўшишни яхши биларди. Тўғрилик билан ишлатишни, охири яхшилик билан тугайдиган ишларга бошлаб охиригача олиб боришни эпларди. Ухламаса ухламасди, лекин ишлатмай қўймасди. Шунга яраша маошиниям ундириб берарди.

Ана — оқсоқол! Ана — одам! Биз қариб гўр бўлдикми — ўттиз хўжаликли қишлоққа бир чўпон тайин қилолмаймиз. Ҳай, аттанг…

ЗАРКЕНТ ҚЎРҒОНИ

Ўтган асрнинг 70-йилларида Чормитан деб аталувчи яккам-дуккам уйлардан иборат адир-қишлоқча тез орада ўша даврнинг замонавий шаҳарчасига айланиб қолди. Сабаби, бу ерда геология-қидирув ишлари натижасида катта олтин рудаси заҳираси аниқланган эди.

Кўп ўтмай шаҳарча атрофида олтин қазиб олувчи иккита шахта ташкил этилди. Геология-қидирув ишлари яна қизиди. Шундан буён кўп сувлар оқиб ўтди. Чормитан «Зармитан» деб ном олди. Олтин қазиб олувчи ишчилар яшайдиган алоҳида қўрғонча қурилиб, унга «Заркент» дея ном берилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йилдаги қарорига кўра Зармитан ва Маржонбулоқ олтин қазиб олувчи рудниклари Навоий тоғ-металлургия комбинатининг Жанубий кон бошқармаси таркибига киритилди. Бу қарор кон ишчилари ҳаёти ва фаолиятига кенг имконият эшикларини очгани билан тарихий воқеа бўлди. Мазкур объектнинг барча бўлимларида реконструкция, модернизация ва жорий таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. 2005 йилнинг август ойида Республика Президентининг Зармитан олтин кони ҳудудининг хом ашё базасини ўзлаштириш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Бугунги кунда Заркент қўрғони улкан қурилиш майдонини эслатади. Қисқа муддат ичида ишчилар учун махсус ётоқхона, 5 та икки, тўрт қаватли уйлар қуриб битказилди, ишлаб чиқариш ва қурилиш ишлари ҳажми янада кенгайди.

Мазкур қўрғон ҳудудида олтин рудасини ювишга мўлжалланган янги завод қурилиши жадал суръатда давом этяпти. Айни чоғда Зармитан олтин конига махсус ўқув курсларини битирган маҳаллий ёшлар қазувчи, ҳайдовчи, лифтчи ва бошқа ишларга қабул қилинмоқда.

— Йил бошидан бери икки юздан ортиқ ёшлар ишга жойлашишди, — дейди кон директори Бахтиёр Ибрагимов. — Бугунги кунда махсус ўқув курсларини тамомлаётган мутахассис ёшларга эҳтиёж катта. Заркент қўрғонида ишга тушган янги Саноат ва касб-ҳунар коллежини икки йил ичида битирган талабалар ҳам бизга ишга қабул қилинади. Коллежни ҳар йили икки юз нафар атрофида талаба битиради. Шунга яраша иш ҳажми ҳам кундан-кунга ортиб бораяпти.

Ҳа, бу коннинг имкониятлари жуда катта. Муҳими, маҳаллий ёшлар иш билан таъминланаяпти. Оладиган маошлари юқори. Бундан ташқари ойлик режалар бажарилишига қараб мукофот пуллари бериб борилади.

Ишчилар учун турли йўналишларда махсус автобуслар қўйилган. Улар ишчи-хизматчиларнинг ўз вақтида корхона ва уйларига етиб олишлари учун қулайликлар туғдиради.

Қўшработда бу йил ҳам баҳор яхши келди. Демак, ғалла ҳосилидан кўнгил тўқ. Узумчиликка ихтисослашган Оқтепа хўжалигида ҳозир иш қизғин. Дарвоқе, туманда аста-секин кичик корхона, хусусий цех, ғишт заводи, мевани қайта ишлаш мини заводлари бирин-кетин иш бошлаётир.

Ёшлар қўл қовуштириб туриш, боқимандалик билан кун кечириб бўлмаслигини англаб етдилар. Юртга олимлар, раҳбарлар ҳадя этаётган бу даштлар яқин келажакда ишлаб чиқариш билан ҳам кўзга кўрина олишига ишонгинг келади.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 18-сонидан олинди.