Қадимги туркий адабиётнинг улуғ ва мўътабар обидаси “Қутадғу билиг” (“Қут бергучи / қутлантирғучи билим”) асарининг яратилганига 940 йил тўлди. Баласағунлик Юсуф Хос Ҳожиб уни 1069/1070 йили Кошғарда ёзиб тугатган. Асар ўн уч минг мисрадан ортиқроқ бўлиб, туркий адабиёт тарихида маснавийда битилган илк йирик шеърий асардир.
Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг илғор фалсафий қарашлари, давлат ва жамият бошқаруви, юртнинг кирим-чиқимию олди-бердиси, ишлаб чиқаришида нималарга эътибор қаратилмоғи кераклиги, қорахонийлар давлатидаги турли мансаб эгаларининг бурчи, уларга қўйиладиган талаблар, билим ва уқувнинг қадри, ҳалоллик, кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, оқибат, ўғил-қиз одоби, таълим-тарбия тўғрисидаги ўй-фикрларини асарқаҳрамонларининг сўроғу жавоблари, мунозара-тортишувлари асосида ёритиб беради. Асарнинг ҳар байти биз учун ўрнак бўларли. “Қутадғу билиг”ни ҳижжалаб ўқиган, муаллиф сўзларининг мағзини чаққан киши ундан кўп нарса ўрганади. Ундаги ўгиту йўриғлар кишини билим олишга, инсоф ва адолат, тўғрилик, ўзаро меҳр-оқибатга чақиради; инсон қадрини дунёнинг бор икир-чикиридан – бойлик, мансабу манманлик, ўткинчи маишат, ғийбату ҳасад – ҳамма-ҳаммасидан устун қўймоққа чорлайди.
“Қутадғу билиг” – буюк фалсафа. Боболаримизнинг юзйилликлар оша йиққан олам ва тириклик тўғрисидаги қарашлари, оқилу билгаларнинг бизга айтар сўзу ўгитлари жамул-жам бўлган ушбу китобда.
Қуйида олимларимизнинг ушбу асар тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини келтирамиз.
“Қумару” – қадимги туркийда “ёдгорлик” дегани. “Қутадғу билиг”мангуликка дахлдор ёдгорликдир.
Асарнинг илк, ўз даври қўлёзмалари сақланмаган. Унинг кейинчалик кўчирилган учта йирик қўлёзмаси қолган, холос: бири уйғур, иккиси араб хатида. Араб ёзувли қўлёзмалари манбашуносликда Наманган (ёки Фарғона) ва Қоҳира нусхалари дея ном олган. Эсизки, бу икки қўлёзманинг кўчирилган йили, ўрни ва котиби маълум эмас. Хат услубига қараганда улар, чамаси, XIII–XIV асрларда кўчирилган кўринади. Уйғур ёзувли қўлёзманинг кўчириб тугалланган йил-ой-куни, ери ва котиби аниқ: уни 1439 йили Ҳиротда Ҳасан Қора Сайил Шамс бахши кўчирган. Бу кимсанинг отига қўшилаётган “бахши” сўзи “котиб” дегани; ўша чоғларда уйғур хатида битувчи котибларни шундай аташган. Асли бу сўз исломдан бурунги будда диний матнларида “устоз; ўқитувчи”ни билдирган. Кейинчалик, маънода силжиш юз берди. Темурийлар замонига келиб араб хатида битувчи котиблардан фарқлаш учун эскилар удумини сақлаган хаттотларга нисбатан ушбу истилоҳқўлланилди. Тарихий манбаларда кимсага таъриф берилганда, унинг келиб чиқиши, насл-насаби тўғрисида сўз юритилар экан, “уйғур бахшилари”, “у уйғур бахшиларидан эди” деган қайдлар учраб қолади. Бундай таъкидларнинг остида ҳам “уйғур хатида кўчирувчи битигчилар” кўзда тутилади. “Қутадғу билиг”нинг уйғур хатидаги қўлёзмаси фанда Ҳирот ёки сақланаётган ерига нисбат бериб Вена нусхаси деб юритилмоқда.
Ўтмишдан қолган турли топилма ва китобларда асардан олинган байтлар ҳам учрайди. Жумладан, Россиянинг чет бир қишлоғидаги қадимги Олтин Ўрдага тегишли харобадан сиртига “Қутадғу билиг”дан олинган тўртлик битилган кўзача чиққан. Ёки Анқара Маъориф музейида сақланаётган бир мажмуада ҳам достондан олинган байтлар бор: улар уйғур хатида битилиб, ҳар бир қаторининг ўқилиши араб хатида ёзиб чиқилган. XV юзйилликнинг ўрталарига келиб, айниқса, бир алифбодан бошқасига кўчиш шароитида бундайин қўлёзмалар Туркистонда ҳам, Усмонлилар салтанатида ҳам кенг ёйилган эди.
“Қутадғу билиг”нинг сўзбошисида таъкидланувича, китоб муаллифи уни Машриқ малики Тавғач Буғрахонга тортиққилган. Малик Буғрахон шоирни сийлаб, унга ўрданинг хос ҳожиблик лавозимини берди. Асарни ўқиб чиққан Чину Мочин олимларининг бари эътироф этдиларким, Машриқ вилоятида, бутун Туркистон элида, туркий тилда ҳеч кимса бу китобдан яхшироқ тасниф қила олмади. Китоб қай подишоҳлиққа, қай иқлимға етса, ғоят яхшилиғидан ўша элларнинг фозиллари, олимлари унга турлича от бердилар: чинликлар “Aдаб ул-мулук” aтадилар; Мочин маликининг ҳукамолари “Aйин ул-мамлакат” дедилар; машриқлиқлар “Зийнат ун-умаро” деб айтдилар; эронликлар “Шоҳнома-йи туркий”, баъзилари “Панднома-йи мулук” дедилар; туронликлар уни “Қутадғу билиг” дея атадилар. Ушбу маълумотлар ўтмишда достон Шарқ элларида ғоят довруғқозонгани, асар қўлёзмалари кенг тарқалганлигига ишора. Англашиладики, унинг муаллиф буюртмаси билан кўчирилган илк нусхаси хонга тортиққилинган. Достон хонга ёққанлиги туртки бўлиб, ундан янги-янги нусхалар кўчиртирилган ва қўшни ўлкаларга жўнатилган. У бутун Машриқ, турку чин элларида шуҳрат қозонди. Сўнгроқ, ўртада бир сабаб чиқиб, асарнинг таянч нусхаси тузилган кўринади. Юқорида тилга олганимиз – китобнинг довруғи, турли отлар билан аталганлиги тўғрисидаги маълумотлар шу нусхага қўшилганди. Китобнинг янги қўлёзмалари ана шу таянч нусха асосида юзага келган. Бизгача етиб келган уч йирик қўлёзма ҳам ўшалардан.
Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари ўрта асрларда турк дунёсидагина эмас, бутун Шарқ адабиётида шоҳ китоб сифатида довруғқозонди. Унинг “Шоҳнома-йи туркий” дея эътироф этилганлиги ҳам ана шундан. Адабиёт тарихида Шоҳ китобга айланган асарлар саноқли. Бундайин китоблардан бир нечтасини биламиз, холос.
Бизгача сақланган асар қўлёзмаларининг ХIII–ХV асрларга тегишли экани, айниқса, уйғур ёзувли нусханинг темурийларнинг йирик маданий, адабий марказларидан бўлмиш Ҳиротда кўчирилгани ўта аҳамиятлидир. Бу нарса унинг қорахонийлар замонидагина эмас, кейинги асрларда ҳам туркий адабиётда катта ўрин тутганидан далолат беради. “Қутадғу билиг” Ҳирот адабий муҳитида маълум ва машҳур эди. Ўша кезларда асарнинг бизгача етиб келмаган нусхалари бўлгани табиий. Ҳасан Қора Сайил Шамс бахши ҳам Ҳирот нусхасини бизга маълум бўлмаган қайсидир қўлёзмадан кўчирган.
Яна уйғур ёзувли Ҳирот қўлёзмасининг охирига унинг ХV асрнинг 70- йилларида Абдурраззоқ бахши учун Истанбулга юборилгани қайд этиб қўйилибди. Абдурраззоқ бахши ушбу қўлёзмадан янги нусха кўчирганми-йўқми эканини билмаймиз. Лекин ушбу нусхани қўлига олиб, ундан фойдалангани аниқ. Ўша даврларда Ўрта Осиёнинг йирик адабий-маданий марказлари билан Истанбул ўртасида узлуксиз маданий, адабийалоқалар кечган. Бунинг таъсирини икков муҳитда яратилган бошқа ёдгорликлар, бадиий асарлар мисолида ҳам кузатамиз.
Асарнинг мавжудқўлёзмалари ичида араб ёзувли Наманган ва Қоҳира нусхалари эскироқдир. Араб ёзувли нусхалар бўла туриб, уйғур хатида янги бир нусханинг кўчирилгани қизиқ. Бу ҳодиса ёзув амалиёти, хусусан, ўша кезлар турк-ислом маданий муҳитида уйғур ва араб ёзувларининг тенгма-тенг ишлатилганлиги билан боғлиқ.
Айтганча, Маҳмуд Кошғарий “Девону луғатит турк” асарида ўзи яшаган чоғларда ишлатиладиган туркий ёзув тўғрисида сўз юрита туриб, араб хатини эмас, уйғур ёзувини келтиради; уни “туркча ёзув” деб атайди. Бу хатни Алишер Навоий ҳам яхши билган. У Бадиуззамонга ёзган мактубларининг бирида бу ёзувни эслайди ва уни “туркча хат” дейди. Яна XV асрнинг ўрталаригадайин яшаб ўтган мумтоз ижодкорларимиз, ўқимишлилар, ҳатто Лутфий, Саккокий сингари шоирлар ўз асарларини уйғур хатида битгани, уларнинг хат-саводи айни ёзувда чиққанини эслашимиз ўринли. Чиқарадиган хулосамиз ҳам ана шунга қаратилмоғикерак. Кузатувларимизга қараганда, муаллиф ўз асарини уйғур хатида ёзган, кейинчалик у араб ёзувига ҳам ўгирилган. Шу йўсун ХI–ХV юзйилликларда асарнинг уйғур ҳамда араб ёзувли қўлёзмалари кенг тарқалган. Шуларга таяниб, “Қутадғу билиг”нинг кунимизга қадар етиб келмаган бошқа нусхалари ҳам икки хил ёзувда битилган дея тусмолласа бўлади.
Эътиборни тортадиган ери шундаки, учала нусханинг матни бир-бирига тўла мос келмайди. Қўлёзмаларнинг бири бошқасидан кўчирилган эмас. Уларга буткул бошқа-бошқа нусхалар асос бўлган. Шу ўринда мавжуд қўлёзмаларнинг қай бири қадимийроқ нусхадан (юқорида таъкидлаганимиз таянч нусхадан?) кўчирилган, деган сўроқнинг туғилуви табиий. Бу хусусда уйғур ёзувли Ҳирот қўлёзмаси, кейинги даврга тегишли эса-да, бошқаларига кўра эскироқ нусхадан кўчирилганлигини таъкидламоқ керак. Чамаси, унга асос бўлган қўлёзма ҳам уйғур хатида эди. Ҳасан Қора Шамс бахши уни бизгача етиб келган араб ёзувли нусхалардан-да эскироқ бўлган бошқа бир уйғур ёзувли қўлёзмадан кўчирган.
Бу азиз китобнинг мағизи тўрт устунга таянади. Аввали – адлдир; иккинчиси – қут – давлат; бунда куч-қудрат тимсоли ҳам бор (“қут” сўзининг маънолари тўғрисида айни саҳифада берилаётган Қ. Омонов мақоласида яхши гаплар бор); учинчиси – ақл – уқуш эрур; тўртинчиси – қаноат. Яна уларнинг ҳар бирига билга кишиларнинг оти берилган. Адлнинг оти – Кунтуғди. Асарда у элиг (яъни подишоҳ) бўлиб келади. Қуту давлатнинг оти – Ойтўлди, у вазирдир. Ақлни Ўгдулмиш аталган, у вазирнинг ўғли. Қаноатга эса Ўзғурмиш от берилган, у вазирнинг қариндошидир. Адл, қут, ақл ва қаноатнинг асарга асос қилиб олинувининг чуқур маъноси бор. Юсуф Хос Ҳожиб давлатнинг куч-қудратини, гуллаб-яшнашини, эзгуликни, кишининг бахту саодатини адолат, ақл-заковат ҳамда қаноат бирлигида деб билади.
Достон қаҳрамонларига берилган отлар теран маънога эга. Кунтуғди отининг луғавий маъноси “туққан Кун; чиққан қуёш” дегани. Ойтўлдининг маъноси – “тўлун ой”; Ўгдулмиш– “ақлга тўлган”; Ўзғурмиш эса “қаноатли” дегани.
Юсуф Хос Ҳожиб давлат ва жамият бошқарувида адолат ила сиёсатни бош ўринга қўяди. Кунтуғди элиг тимсолида бу нарса яхши берилган. Элиг сўзининг маъноси, айрим олимлар таъкидлаганидек, “эллиг, эли бор” сўзидан эмас, балки “элитувчи, йўл бошловчи” дегани. Тил тарихида –гқўшимчаси отдан эмас, феълдан от ясайди. Бу ўринда сўзнинг ўзаги эли-, унга от ясовчи қўшимчасини қўшиб элиг сўзи ясалган. Ҳозирги ўзбекчадаги элит- деган сўзимиз ҳам ўшандан.
Муаллиф ўзининг тенглик, адолат тўғрисидаги қарашларини Кунтуғди тилидан беради. Унинг уқтиришича, тўғрилик (адолат) олдида ҳамма баробар. Кунтуғди элиг тилидан буни шундай таърифлайди:
Кўнилик узала кесар-мен ишиг,
Адирмас-ма бегсиг я қулсиғ кишиг.
(Ишни тўғрилик юзасидан ҳал қиламан,
Бег ё қулни фарқлаб ўтирмайман.)
Адиб сиёсатни, давлат қонунларини юқори тутади. Қонун ва интизом остида мамлакат обод, халқ эркин-эмин яшайди, деган ғояни қўллаб-қувватлайди. У ўтмиш адиб ва мутафаккирлари орасида биринчилардан бўлиб давлат ва жамият бошқарувининг демократик асосларини, тенглик принципларини ишлаб чиқди, ўз даври давлат бошқарувининг йўл-йўриқларини, тўру-тузукларини яратди. “Қутадғу билиг” давлат низоми даражасига кўтарилган асар эди.
Юсуф Хос Ҳожиб кишилик маънавияти тарихида биринчилардан бўлиб “комил инсон” тушунчасини кўтариб чиқди. У “комил инсон”ни тугал эр деб атаган. Мутафаккир кишининг маънавий юксалишида икки босқични ажратади: биринчиси – балоғат; бунга, ихлос қилса, ҳар бир билимли, уқушли кимса эришуви мумкин. Киши камолотининг иккинчи босқичи тугалликдир. Унга ҳар кимсанинг етишуви мушкул. Адибнинг таъкидлашича, тугал эрда икки сифат уйғунлашмоғи керак: бири – билим; иккинчиси – уқуш (заковат). Ана шу сифатлари билан киши тугалликка эришади:
Бу икки бирикса, бўлур эр тугал,
Тугал эр ажунуғ тамам ер тугал.
(Бу иккиси бирикса, киши тугал бўлади,
Тугал эр оламни тугал қўлга олади), –
деб ёзади мутафаккир.
Тил ва нутқ, нутқнинг ёзма ва оғзаки шакллари тўғрисидаги қарашлар тилшуносликнинг доимий эътиборида туради. Бунинг ҳақиқатини Европа тилшунослари XIX юзйилликка келиб тушуниб етган бўлсалар, Шарқ, хусусан, ўзбек тилшунослиги тарихида бу тушунчалар эскидан бор. Ёрқин мисолини “Қутадғу билиг”да кузатамиз. Юсуф Хос Ҳожибнинг тил билимида ёзма тил ва нутқ фарқланади. У ёзма тилни битиг сўз деб атаган эди. Қадимги туркий тилда битиг – “битиг, ёзув; xaт, китоб; ёзма ҳужжат” aнгламига эга. У “ёзмоқ, битмак” маъносидаги бити– феълидан ясалган. Битиг сўз истилоҳи “битилган сўз; китобий сўз; мaтн”, тилшунослик тили билан айтганда, “ёзма тил, aдабий тил” маъносини беради. Maна ўша истилоҳининг байтдаги мисоли:
Балағат била хат тенгашса қали,
Эди эдгу тил бу битиг сўз тили.
(Бaлоғат билан хат тенглашса агар,
Ёзма тил жуда эзгу тил бўлади.)
“Ёзма тил фикрни ифодалашнинг энг яхши йўлидир” дея таъкидлайди шоир:
Неку тер эшиткил Ила сир тенги,
Эди эдгу янг бу битиг сўз янги.
(Ила-сир тенги[яъни ёши Ила дарёсидай узун, кўпни кўрган донишманд] бу тўғрида нима деган, эшитгил:
Ёзма тил усули[яъни фикрни матнда ифода этиш йўли] жуда яхши усулдир.)
Юсуф Хос Ҳожиб “oғзаки тил, нутқ”ни тил сўз ёки тилин сўз деб атаган. Мана ўша истилоҳнинг мисоли:
Йўқ эрса битиг бу кишилар ара,
Tилин сўзка ким бутгай эрди, кўр-а.
(Бу кишилар орасида ёзув йўқ эрса,
Oғзаки сўзга ким ҳам ишонган бўлар эди, кўргин.)
Адиб Аҳмад Югнакий ўзининг “Ҳибат ул-ҳақойиқ” aсaрида “нутқ”ни aғиз тил деган. Ушбу истилоҳдаги ағиз – “oғзаки” дегани, aғиз тил эса “оғзаки тил”, яъни “нутқ” деган маънони англатади. Мана ўша истилоҳнинг мисоли:
Aғиз тил безаги кўни сўз турур,
Кўни сўзла сўзни, тилингни беза.
(Нутқнинг безаги тўғри сўз турур,
Тўғри сўзла сўзни, тилингни (нутқингни) беза.)
“Қутадғу билиг” фанга кириб келгандан буён унинг қатор илмий, шунинг билан бирга, халқчил нашрлари яратилди. Бироқ, унинг илмий нашрини тайёрлашда турк олими Рашид Раҳмати Арат ва ўзбек олими Қаюм Каримовдан ўтадигани чиқмади. Яқин орадаасарни улардан ўтказиб нашрга тайёрлагучи, бу икки олимга тенглашадигани чиқиши қийин. Бу сўзлар нашр масаласида энди бирор кимсанинг қўл уриши фойдасиз дегани эмас, аксинча, уни нашрга тайёрлаш учун уларнинг даражасига эришмаклик керак, дегани бўлади. Асарни ўрганишда бу икки олимнинг хизмати ниҳоятда улуғ (икковларини Оллоҳ раҳмат қилсин).
Асарнинг талқини, бадиияти, тил ўзгачалиги, аҳамиятитўғрисида айтилаётган мулоҳазаларнинг энг олди ҳам гўё уста ғаввос чексиз уммонга шўнғиб, унинг бир четидан қўлига илинган инжуни кўтариб чиққандай гап. Демоқчи бўлганимиз: илм кишилари учун асар юзасидан бажарилмоғи керак ишлар ҳали олдинда турибди.
Қосимжон Содиқов,
филология фанлари доктори, профессор
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 50-сонидан олинди.