Алишер Навоий ўзининг “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида XV асрда она тилида ижод қилган шоирлар — Атойи, Гадоий, Саккокий, Амирий, Яқиний, Муқимий ва бошқалар ҳақида алоҳида фиқраларда маълумот беради. Мавлоно Лутфийни эса, “ўз замонининг малик ул-каломи эрди, форсий ва туркийда назири йўқ эрди, аммо туркийда шуҳрати кўпрак эрди ва туркча девони ҳам машҳурдур ва мутааззир ул-жавоб матлаълари бор…”, дея таърифлайди.
Лутфий ҳақида “Ўзбек адабиёти тарихи”да Н.Маллаев, беш жилдлик “Ўзбек адабиёти тарихи”да С.Эркинов ёзган. Эргаш Рустамовнинг “Узбекская поэзия в первой половине XV в.” китобида Лутфий шеъриятининг ғоявий-бадиий жиҳатлари очиб берилган, айниқса, шоир халқ оғзаки ижодидан ғоят унумли фойдаланганига эътибор қаратилган.
Лутфий ижодига қизиқиш ўз давридаёқ бошлангани маълум. Давлатшоҳ Самарқандий, Хондамир, Абдуллоҳ Кобулий ва бошқаларнинг асарларида таъриф қилинган. Алишер Навоийнинг Лутфий сиймосига, ижодига оид фикрлари “Мажолис ун-нафоис”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”, “Насойим ул-муҳаббат” асарларида мавжуд.
“Насойим ул-муҳаббат”даги Навоий фикрлари бошқа асарлари каби кенг тарқалмагани учун келтириб ўтиш жоиз: “Таҳсил айёмида Мавлоно Шиҳобуддин Хиёбоний хизматиға етар экандур ва одоби тариқат сулукини андин касб қилур эркондур. Агарчи шоирлиқ тариқида маъруф ва машҳур бўлди. Аммо дарвешлик тариқини дағи илкидин бермади. Бу фақир борасиға кўп илтифоти бор эрди ва фотиҳалар ўқур эрди ва доим волида мулозаматиға ва ризое хотириға тарғиб қилур эрди. Тўқсон ёшидин тажовуз қилғонда, Ҳазрат Махдуми (нуввира марқадуҳу нуран) отиға радифи “сухан” сажъ қасидае айтиб эрдики, замон хушгўйлари барча хублуққа мусаллам туттилар ва ул ҳазрат доғи инсоф бердилар ва онинг матлаи будурким,
Байт:
Зиҳи ҳадиси лабат қуввату руҳу жон аст, Гули рухат чаманоройи бўстон аст.(Мазмуни: Хушо, лабингдан чиққан сўзлар — руҳ озиғи, сўзнинг жонидир. Юзинг гули — сўз бўстони чаманларини безовчидир.)
Ул Ҳазрат шукргузорлик юзидин маъзират изҳори қилиб, дедиларким, бу шеърнинг силаси уҳдасидин биз чиқолмасбизки, магар муқобалада ҳам қасидае сизнинг отингизға айтқайбиз. Мавлоно дедиларким, ани сизга осон қилурбиз. Сизинг кийган эски тўнунгизни гадойлиқ қилурбизки, ҳулла бўлғай. Ул ҳазрат узрхоҳликлар била кисватни Мавлоноға кийдурдилар. Мавлоно бағоят сўхта киши эрди. Тўқсон тўққуз ёшида оламдин ўтти, қабри Деҳиканордадурки, ўз маскани эрди. Бу матлаъидин бу тоифа машрабининг чошниси зоҳирдур:
Улки, ҳусн этти баҳона элни шайдо қилғали, Кўзгутек қилди сени ўзини пайдо қилғали”.Мазкур фиқрада Навоий Мавлоно Лутфийнинг Абдураҳмон Жомийга бўлган ҳурмати ва ботиний эътиқоди ҳақида сўз юритади. Лутфий даврнинг таниқли тариқат пешволаридан Шиҳобуддин Хиёбоний хидматларига етишиб (“Мажолис ун-нафоис”да Навоий уни “азиз ва мутабаррак киши эрди”, деб таърифлайди), тариқат йўлларини касб қилгани баён этилади. Лутфий табиатида дарвешликка мойиллик устувор бўлгани таъкидланади. Бинобарин, Лутфий ижодида тасаввуфий ақидалар, суфиёна таъбирлар мавжуд бўлган. Шоир ижодининг бу жиҳатлари ёритилмагани изоҳ талаб қилмайди. Демак, “Нафаҳот ул-унс” таржимаси устида ишлаганда Навоий уни тўлдиришга аҳд этар экан, туркий машойих, тасаввуфга дахлдорлиги бор туркийгўй шоирларни киритгани тасодифий эмас.
Навоийнинг “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарида шундай бир нукта бор. Унга кўра, Лутфий шеъриятида дунёвийлик тушунчаси устунлиги англашилади. Кунларнинг бирида Паҳлавон Муҳаммад Навоийдан туркийгўй шоирлардан қайси бири яхшироқ ёзган ва сен хуш кўрасан, мақбул кўрасан, деб сўрабди. Навоий дебди: — Мавлоно Лутфий ҳоло мусалламдурлар ва бу қавмнинг устоди ва малик ул-каломидур. Паҳлавон Муҳаммад: — Нечук Саййид Насимий демадинг? — деганида, Навоий: — Хотирға келмади ва бар тақдир келмоқ, Саййид Насимийнинг назми ўзга ранг тушубтур, зоҳир аҳли шуаросидек назм айтмайдур, балки ҳақиқат тариқин адо қилибдур. Бу саволда сенинг ғаразинг мажоз тариқида айтур эл эрди.
“Мажолис” охирида “Хилват” деб берилган, Ҳусайн Бойқаронинг Навоий “олий мажлис” деб таърифлаган адабий анжуманларининг бирида Султоннинг “ғайри назм латойифидин”, дея Лутфий билан боғлиқ нақл келтирилади.
Баҳор кунларининг бирида шиддатли ёмғир ёғаётган пайтда Лутфий Навоийни учратади ва унга Хусрав Деҳлавийнинг ҳиндуча шеърларидан бир маънони айтиб беради:
Баҳор чоғида маҳбуб қайгадур кетаётган экан. Ёғиндан ер балчиқ бўлиб, у тойиб кетиб, йиқилаёзибди. У шундай нозик эканки, ёғин торини тутиб, ўнгланиб олибди. Навоий Хусравнинг жуда нозик хаёлидан хушҳол бўлиб, табъ аҳлидан баъзиларга айтиб берганда, улар ҳам қойил қоладилар. Навоий кўп ҳаяжон билан Ҳусайн Бойқарога айтиб берганида, у табассум қилиб, фикр билдирмайди — эътироз этгандек туюлади Навоийга. Навоий яна шу ҳақда сўз очганда, Султон дейди: “Эътироз будурким, ул ёғин қатраси юқоридин қуйи иниб келадур, муқаррардурким, риштасиға дағи ҳамул ҳолдур. Риштаеким, майли қуйи бўлғай, анинг мадади била йиқиладурғон ўзин асрамоғи маҳолдур”. Мана бу байтдаги фикрга эса, эътироз қилиш маҳолдур, дейди Ҳусайн Бойқаро:
Заъфдин кулбамда қўпмоқ истасам айлар мадад. Анкабуте ришта осқон бўлса ҳар деворға.Мазкур лавҳада Ҳусайн Бойқаро шеърда мантиққа риоя этишга эътибор берган. Лутфий, Навоий ва бошқалар эса, фикрнинг ноёблигига эътибор қилганлар. Демак, Навоий мажозий йўналишни Лутфий шеъриятида асосий деб қараган.
Алишер Навоий Лутфийнинг уч ғазалига мухаммас боғлаган.
Эй, сочинг шайдо кўнгулларнинг саводи аъзами, Ҳалқа-ҳалқа рухнинг сарманзилидур ҳар хамиматлаъли ғазалига мухаммасида Навоий 4-байтни 3-қилиб олган ва мақтаъни
Лутфийни боштин яна тиргузсанг, эй Исонафас, Ким етибдур, ваҳ, ани ўлтургали ҳижрон ғами —тарзида беради.
Анқара нашри ва “Сенсан севарим”да иккинчи мисра шундай:
Ким таниндин бўлди кўп жон олғали ҳижрон ғами.
2-мухаммас Лутфийнинг қуйидаги матлаъли ғазалига боғланган:
Кўктадур ҳар дам фиғоним кўргали сен моҳни, Даъвии меҳрингга тонуқ тортадурмен оҳни.Ғазал 7 байтли бўлиб, 7 байтдан 5 байти олинган ва 3-байт 4-ўринда келади. 5—6-байтлар туширилиб қолдирилган.
“Зулфу ой юзинг” — “зулфунгу юзинг”, “қил надирким” — “раҳм қилким”, “закоти ҳусн учун” — “закоти ҳусн анга” деб таҳрир этилган.
3-мухаммас Лутфийнинг:
Лайлат ул-меърожнинг шарҳи сочи тобиндадур, Қоба қавсайн иттиҳоди қоши меҳробиндадурматлаъли ғазалига боғланган. Навоий 4-байтни иккинчи қилиб олган, 3 — 4-байтларни тушириб қолдирган.
Шуниси диққатга сазоворки, булар Навоийнинг илк расмий девони “Бадоеъ ул-бидоя”да келтирилган. Демак, улар 870—885/1465—80 йиллар ўртасида ёзилган.
Навоийнинг 10 мухаммасидан учтаси Лутфий ғазалларига боғланган.
Навоий Лутфийнинг:
Эй, жамолинг лоязолу бебадал ҳуснунг жамил, Ой юзингдур аҳсани тақвим учун равшан далил… Эй, қадинг тўбию жаннат хадди гулгун устина, Кўрмади даврон сенингтек ой гардун устинаматлаъли ғазалларига мусаддас ҳам боғлаган — тасдис қилган. Булар ҳам “Бадоеъ ул-бидоя”да келтирилган.
Бугина эмас, Навоийнинг Лутфий ғазалларига татаббуъ ва таврлари, жавобиялари ҳам бор. Лекин уларни ўрганиш даркор.
Мухаммас боғлашда шоир олинаётган ғазалнинг ҳар байтига мазмун ҳам бадиий тафсилларнинг уйғун бўлишига эътибор бериши зарур бўлган. Навоий Лутфий ғазалларидан мухаммас ва мусаддаслар битар экан, улардаги ғояни янада теранлаштиради, бадииятини очиб беради. Натижада Лутфийга ҳамовоз Навоий ғазални идрок этиш, ундан руҳий таъсирланишга ноил бўлади.
Лутфий ғазалларидан бирида шундай маҳбубага кўз қорачиғимни ватан айла, деган маъноли матлаъ бор. Навоийнинг машҳур, ўз давридаёқ мақом йўлларида ижро этилган “Қаро кўзум келу мардумлиғ эмди фан қилғил…” ғазалига Лутфийдаги нозик нукта илҳом бахш этгандир.
Машҳур озарбойжон шоири Муҳаммад Фузулий Лутфийнинг
Эй, азалдан то абад кўнглум гирифторинг санин, Чора қилким, бўлду жоним асру дармонинг санинматлаъли ғазалига тахмис боғлаган, фақат аслиятдаги “афгоринг” қофияси “дармонинг” деб хато олинган.
XIX асрнинг кўркамли шоири Амирий ҳам Лутфий ғазалларидан
Эй, санавбар бўйли дилбар, фикри ҳижрон қилмағил, Шавқ ўтинда мен гадони асру бирён қилмағил… Ишқ тушса ҳам кўнгулга, дарду ғамдин чора йўқ, Етса чун наштар жароҳатқа, аламдин чора йўқ… Нортек янгоқларинг киби шамъ анжуманда йўқ. Сарв қадинг менгизли санавбар чаманда йўқ… Эй жафодин бир замон кўнгли пушаймон бўлмағон, Қони бағрим заррайи қайғунг била қон бўлмағонматлаъли ғазалларига мухаммас боғлаган.
“Гул ва Наврўз”га келганда, шуни айтиш керакки, Навоий уни “Мажолис”да ёдга олмаган. (Бу асар муаллифи ҳақида Ё.Исҳоқов 1972 йили мақола ёзиб, унинг Ҳайдар Хоразмийники эканини айтган.) Фахрий Ҳиротий (“Мажолис”нинг форсийга биринчи таржимони) Султон Искандар мирзога бағишланган фиқрада “Мавлоно Ҳайдар туркийгўйки, соҳиби “Маҳзани асрор” ва “Гул ва Наврўз” аз уст ва маддоҳи у буда ва он ду китобро хуб гўфта, ба номи у тамом карда”, деб ёзади.
Бобур ҳам ўз “Аруз рисоласи”да “Гул ва Наврўз” Мавлоно Абдул Ҳайдар Хоразмий асари, деб ёзган.
Лутфий девонининг Анқара нашрида эса, Жалол Табибнинг “Гул ва Наврўз”ини Лутфий форсийдан туркийга ўгирган, деб ёзади Гуной Қораоғоч.
Форс мумтоз адабиётининг машҳур номояндаларидан Ҳожу Кермоний (Камолуддин Абул Матоъ Маҳмуд, вафоти 753/1352-53) “Хамса”сидаги беш достоннинг бири “Гул ва Наврўз”дир. Бу достон матни билан Лутфийга нисбат берилган достонни муқояса қилганимизда бутунлай бошқа асар эканлиги маълум бўлди…
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 5-сонидан олинди.