Миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми бўлмиш мумтоз адабиётимиз нафақат халқимизга, балки дунёга ўнлаб буюк ижодкорларни, жаҳон адабиёти хазинасига эса юзлаб дурдона асарларни тақдим этган. Президентимиз Ислом Каримовнинг “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” номли рисоласида: “Халқимиз адабиётни муқаддас ва улуғ бир даргоҳ деб билади. Ана шундай баҳонинг ўзи эл-юртимиз ҳаётида бу соҳа намояндаларига, уларнинг ҳаққоний сўзи, чуқур маъноли асарларига ишонч, ҳурмат-эътибор ва эҳтиром азалдан юксак даражага кўтарилганини яққол кўрсатиб турибди”, дея таъкидлангани бежиз эмас. Бу эътиборнинг жойлардаги татбиғи ўлароқ Фарғона вилоятида ҳам адабиётимиз ва унинг улуғ намояндалари ижодига бўлган юксак ҳурмат барқарор равишда давом этиб келаётир. Яқинда вилоят ҳокимининг машҳур шоирларимиз Увайсий, Муқимий, Ҳазиний ва Чархий таваллуд саналарини нишонлаш ҳақида чиқарган фармойиши фикримизга далилдир.
Мазкур ижодкорларнинг адабиётимиз тарихида тутган ўрни, хусусан, ўз даврида Қўқон адабий муҳитининг етакчи ижодкорларидан бўлганликлари исботталаб эмас.Фикримизча, бу шоирларимизни мумтоз бадииятга хос бўлган адабий анъана ва ўзаро таъсир масалаларидан ташқари, уларнинг руҳияти ва эътиқодидаги уйғунлик ҳам боғлаб туради. Бу эса уларнинг ҳаёти, яратган асарларининг бадииятида акс этади.
Чунончи, Увайсий нафақат ўзбек, балки Шарқ мумтозшеъриятидаги ўзига хос, бетакрор сиймо. Унинг лирикаси алоҳида бир гўзал бадиият оламини ташкил этади. Шоира ижоди бўйича кейинги йилларда олиб борилган тадқиқотлар унинг илоҳий маърифатни, тарихий ҳақиқатни, пок эътиқодни ва ниҳоят, олий муҳаббатни тараннум этганлигини кўрсатмоқда. Шоиранинг ўзи кенг билимли, маърифатли аёл бўлиб, баъзи ғазал ва мухаммасларида асл ёр ғами ва унга элтувчи ошиқларнинг риёзатли йўли тасвирланади. Ҳаёт йўли ҳам у қадар равон кечмаган шоира қалбида доимо маҳзунлик билан бирга ҳақиқатсеварлик жўш урган, шеъриятида покдомонлик, юксак ахлоқий ғояларни тарғиб этган. Худди шундай хусусиятларни Муқимий ва Ҳазиний ижодида ҳам кўрамиз.
Мавлоно Муқимий мумтоз адабиётмизда маҳоратли лирик ва ўткир ҳажвчи шоир сифатида танилган. Тўғрироғи, узоқ йиллар давомида унинг ижодидаги айнан шу хусусиятларгина бўрттириб кўрсатилди. Аммо шоирнинг:
Ҳожати ҳар бандаи мўъминраво қилғил Карим,Бори жисмим журму исёнман даво қилғил Карим…
тарзидаги мисралар билан тўлуғ асарлари ўрганилмади. Аслида у бир неча йил Қўқон ва Бухоро мадрасаларида таҳсил кўрган, ҳам шаръий, ҳам дунёвий илмларни ўзлаштирган олим, хушнавис хаттот эди. Замондошларининг айтишича “ҳам илми қол, ҳам илми ҳолда етук”, “мутавалли, имом ёки қози” бўлиши ҳам мумкин эди. Лекин у ҳаётини ҳалоллик, фақирлик ва мискинлик билан ўтказди. Бу жиҳат ҳам шоир шеърларида, айниқса, умрининг охирги йилларида яратилган асарларида яққол сезилади. Шунингдек, у Ҳазиний билан жуда самимий муносабатда бўлган.
Ўттиз ёшида иршод олган Ҳазиний тўранинг Катта Кенагасдаги уйига ёз ойларида Муқимий тез-тез келар ва бу ерда анча муддатгача қолиб кетар эди. Балки Муқимийнинг ўзидан ўн етти ёш кичик Ҳазиний билан дўстлиги фақат шоирлиги туфайли эмас, улар ўртасидаги руҳоний боғлиқлик, десак тўғрироқ бўлар. Чунки Фурқатнинг Ёркентда умрининг охирги йиллари “Кажкул дафтари”га ёзган сўнгги шеъри ҳам айнан ўзидан саккиз ёш кичик Ҳазиний ғазалига тахмис эди. Мана ўша мухаммаснинг дастлабки банди:
Манам, аҳли фано янглиғ, риёзат қилмасам бўлмас,Топиб бир пири донони, инобат қилмасам бўлмас,
Бўлуб хоки роҳи, хизмат давомат қилмасам бўлмас,
Гунаҳга тавба айлаб эмди, тоат қилмасам бўлмас,
Хатою маъсиятларға надомат қилмасам бўлмас…
Шеърдаги кайфият ва мисралардаги маънолар поклик ва эзгуликка даъват экани равшан. Табиатан Фурқатнинг шу мухаммасида акс этган икки хислат билан бирга камтарликни ҳам ўз феъл-атворида мужассам этган Муқимий ва Ҳазиний ўртасидаги росмана дўстликни ана шу жиҳатларга боғласак ўринлидир.
Зиёвуддинхон Ҳазиний ўз даврида замондош ижодкорлар томонидан “шоири оташзабон”, дея тан олинган. Қаюмий домла ҳам “Ҳазиний ниҳоят ҳаётда… ривожли бир шайх ва шоир бўлуб шуҳратланди”, дея таъкидлаган. Шунингдек, у халқнинг ҳурматига ҳам сазовор зот эди. Унинг мағзи тўқ асарларидан, ҳикматли панд-ўгитларидан ва танбур жўрлигидаги хушовозидан баҳраманд бўлишар эди. Ҳазиний ижодида инсон ва инсонийлик улуғланади, кишининг бахти ҳақни танишида эканлиги таъкидланади.
Истеъдодли шоир Асқарали Чархийни Муқимий ва Ҳазиний билан боғлаган муҳим жиҳатлардан бири унинг маҳоратли хаттотлигида эди.
Ижодда ўзини Муқимийга шогирд, деб билган Чархий, айтиш мумкинки, хаттотликда ҳам унга муносиб издош эди. У узоқ йиллар давомида Муқимий музейида илмий ходим бўлиб ишлади ва шоир асарларидан кўплаб намуналарни кўчирди. Хусусан, Муқимийнинг насрий мактубларини айнан унга ўхшатиб, ҳуснихат билан кўчириб чиққани муҳимдир. Бундан ташқари, биз Ҳазиний ижодий меросининг каттагина қисми сақланиб қолиши ва бизгача етиб келишида ҳам айнан Чархий домладан миннатдор бўлишимиз даркор.
Маълумки, Муқимий ва Ҳазиний соҳиби девон шоирлардир. Лекин уларнинг девонлари асл нусхалари ҳануз топилганича йўқ. Узоқ йиллар давомида бу икки шоир асарларининг қўлёзмалари борасидаги тадқиқотларимиз натижасида уларнинг девонлари тартиб берилди. Бу икки улкан ижодкор қаламига мансуб асарлар эса, ўша даврда кўчирилган кўплаб қўлёзма ва босма манбалардан аниқланди. Чархий домланинг эса биз қидирган девонни ёки ундан кўчирилган нусхани кўргани ва ундан бир неча шеърни кўчириб олгани фақат ХХ асрнинг сўнгги ўн йиллигидагина маълум бўлди. Чархий тахминан 1930 — 1940 йиллар оралиғида Ҳазиний асарларидан кўпгина намуналарни икки баёзга кўчирган. Бу манбалар кейинчалик давлат фондига олиниб, ҳозирда Қўқондаги адабиёт музейида сақланмоқда. Ана шу қўлёзмалар ҳозирги кунда шоир асарлари тўпламини тайёрлашда муҳим манбалар қаторидан ўрин олди.
Демакки, камтарин инсон ва шоир Чархий чин шогирд сифатида ўз устозлари Муқимий ва Ҳазиний асарларининг бизгача етиб келиши учун беқиёс хизмат қилди.
Таъкидлаш жоизки, Увайсий, Муқимий, Ҳазиний ва Чархий адабиётнинг поклик, эзгулик, адолат ва гўзаллик тушунчаларини улуғловчи қутлуғ даргоҳ эканини теран ҳис этганлар ҳамда бу жиҳатни ўз ҳаётлари, ижодий фаолиятлари давомида исботлаб ўтган улуғ адибларимиздандир. Назаримда, уларнинг таваллуд саналари бир пайтда нишонланаётгани ҳам айнан шу ҳикмат билан алоқадордир.
Отабек Жўрабоев,
филология фанлари номзоди
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 47-сонидан олинди.