Яқин орада йўлингиз тушиб пойтахтимизнинг Форобий кўчасидан ўтган бўлсангиз, тепаликда қад ростлаган маҳобатли тасвирий паннодаги асарга кўзингиз тушгандир. Унда оқ тулпорда олис манзилдан қайтаётган Отабекнинг (машҳур «Ўткан кунлар» романи қаҳрамони) қабристон ёнида отдан тушиб, тиз чўкканча марҳумлар руҳига дуою фотиҳа бағишлаётган ҳолати акс эттирилган. Тасвир остида эса қуйидаги залворли битик дарж этилган:
Эй, азиз инсон! Аста бос қадам! Бир куни шу тупроқ қучар сени ҳам!..Улкан паннонинг яна бир ерида эса соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратларининг: «Азиз авлиёлар, саҳобалар мақбараларини-ю, қутлуғ қадамжоларини зиёрат этмоқни ҳам фарз, ҳам қарз билур эдим. Қайда бўлмай, зиёратгоҳлар олдида отдан тушиб, таҳорат олгач, яланг оёқ билан бориб, зиёратни ўринлатдим. Аркони давлат, барча мулозимларим ҳам зиёратгоҳларни ана шундай тавоф этмоқни одат билишди», деган тузуги жой олган.
Тасвирдаги Отабекнинг сомеъ ҳолатию, ундаги даъваткор сўзлар сизни бефарқ қолдирмагани, шуурингиздан безовта ўйлар кечгани аниқ. Сир эмас, бугун айримларимиз қабристон одобини унутганмиз. Кўпчилик ҳайдовчилар, хусусан ёшларнинг қабристонлар олдидан ўз машиналарида катта тезликда, бунинг устига радио ва магнитофонлари овозини баралла кўтариб, шовқин-сурон билан ўтиб кетишаётганини кўрамиз… ва бу беписандликдан малоллик туймаймиз. Шунга кўникканмиз. Миллатнинг солиҳ фарзанди тимсолига айланган Отабек эса…
«Халқимиз фақат жисман эмас, руҳан ҳам уйғоқ бўлмоғи даркор. Руҳ бедорлигига унинг раҳбар раҳнамолари, олиму зиёлилари, барча фарзандлари масъулдир».
Юртбошимизнинг ушбу даъваткор сўзлари мазкур паннонинг бош қисмидан ўрин олган. Дарҳақиқат, мустақилликдек улуғ неъматни асраш, унинг пойдорлигини таъминлаш учун халқ руҳини уйғотиш лозим. Бундай улуғ юмушга миллатнинг ҳар бир пешқадам намояндаси, зиёлиси ўзини сафарбар ва масъул деб билмоғи керак…
Форобий кўчасидаги қабристонга кираверишда қад ростлаган мазкур тасвирий кўргазма билан таниша туриб, сизда уни ғоятда ибратли, юртимиз миқёсида ёйса арзигулик янгилик бўлгани ҳақида фикр туғилган бўлса ва шунинг баробарида бу хайрли иш ташаббускори — муаллифи ким экан, дея қизиққан бўлсангиз ажаб эмас.
Сиз балки «Шарқона бозор фазилатлари», «Ватан юрагида жавоҳир», «Аждодлар нидоси», «Нон-неъматлар султони», «Шаҳидлар нидоси», «Мангу хотира» каби рисолалар, ёки бўлмаса «Тошкентнинг ўн икки дарвозаси» номли туркум мақолалар билан танишдирсиз. Безовта қалб, донишмандона нигоҳ маҳсули сифатида дунёга келган бу асарлар муаллифи… Ҳа, ўша сиз билган таниқли элшунос, тарихчи олим, тиниб-тинчимаслиги, жонкуярлиги билан эл-юрт эъзозига, эътирофига сазовор бўлган нуроний Меҳржонбобо — Билол Аминовдир.
«Чин олим ёстиғин тошдин яратди, Неки билди, они оламга айтди», дейди Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари. Билол Аминов ана шундай беҳаловат олимлар сирасига киради. Кўпчиликнинг ёдида бўлса керак, мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ у вақтли матбуотда, радио ва телевидениеда халқимизнинг “Меҳржон” деб аталгувчи азалий байрами ҳақида чиқишлар қила бошлади. Бу байрамнинг қадимийлигини Абу Райҳон Беруний асарларидаги битиклар билан исботлаб, унинг халқимиз ҳаётида, маънавиятида тутган ўрни жиҳатидан баҳорий байрам Наврўз билан эгизак эканини жон куйдириб тарғиб этди. Билол аканинг чиқишлари эътиборсиз қолмади. “Меҳржон” байрами ҳар йили олтин куз фаслида — 23-24 сентябр кунлари юртимизда кенг нишонлана бошлади.
Истироҳат боғларига, маҳаллалар ва кўчаларга «Меҳржон» номи берилди. Мазкур байрам теграсида худди Наврўздаги каби хайр-саховат тадбирлари ўтказиш, кексалар, ногиронлар, етим-есирларни йўқлаш одат тусига кирди.
2004 йил — «Меҳр-мурувват йили» давлат дастурида мазкур байрамга алоҳида урғу берилиб, «Шукроналик ва меҳр-мурувват ғояларининг ифодаси бўлган анъанавий Меҳржон сайли ўтказилсин», дея кўрсатилди. Бундан руҳланган толмас олим яқиндагина оғир хасталикни ўтказган эса-да, оёққа туриб кетди. Шифокорларнинг огоҳлантиришига қарамасдан қизғин ижодий ишга киришди. Олти ой давомида «Ассалом, Меҳржон!» китобчасини, «Меҳржон халқ сайлини Ўзбекистон вилоятларида ташкил қилиш ва ўтказиш ҳақида” тасвиянома рисолани, «Ассалом, Меҳржон!» рангли календар-плакатни, «Меҳржон — эзгулик даракчиси» номли расмли рисолани чоп эттирди. Булардан ташқари, бу қадимий байрам ҳақидаги туркум мақолалар ёзиб, республикамиз вақтли матбуотида ўзбек, рус, қозоқ тилларида эълон қилдирди. Дарҳақиқат, ўйлаган ниятинг ижобати, ҳаракатларинг самарасини кўрмоқлик кишига бетимсол куч-ғайрат бағишлайди. Янгидан янги орзу-ниятлар, ғоялар туғилишига сабаб бўлади.
Албатта, ҳамма вақт ҳам ўйлаган ниятинг, таклифинг, ташаббусинг қўллаб-қувватланавермайди. Баъзи лоқайд, янгиликдан ҳадиксирайдиганлар хайрли ишни орқага суриши ҳам мумкин. Аммо, Билол Аминов бундай ҳолларда қўлини совутмайди, эзгулик тантанасига ишонади. Унинг ҳар қандай вазиятда суянадиган, руҳига қувват оладиган таянч манбаси бор. Бу халқ донишмандлиги дурдоналари бўлмиш ҳикматлар ҳамда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадиси шарифларидир.
Нафсиламбрини айтганда, Билол аканинг бутун умри, хатти-ҳаракати ҳадису ҳикмат асосига қурилган, десак янглишмаймиз.
Айтайлик, Билол ака бир қўлида асо, бошқасида озгина бозорликми, китобларми солинган халта билан чорраҳадан ўтиб боряпти. Шунда одоблигина бир ўсмир қўлидаги юкни олиб, машиналар ғужғон кўчадан ўтиб олишига кўмаклашди. Бундай ҳолатда бошқа қария бўлганида «Умрингдан барака топ, болам», деб дуо қиларди-да, йўлида давом этарди. Аммо, Билол ака бу билан кифояланмайди. Вазиятдан унумли фойдаланиб, ўсмирга ҳадису ҳикматлардан сўзлайди. Ўзига хос майинлик, сеҳрли овоз билан йигитчанинг юрагига йўл топади. Ҳеч бир малол келмайдиган йўсинда аждодлар ўгитини унинг қулоғига қуяди.
«Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё», дейишади. Қаҳрамонимиз Билол ака бутун умр ҳикмат излаб, ўз ҳаётининг ҳар бир дақиқасини ҳикматга йўғириб яшаётган замондошларимиздан. Ёзган асарларининг аксари ҳикмату ҳадис тарғибига бағишланган. У нафақат бобомерос дурдоналарни тўплаш, халққа етказиш билан шуғулланади, балки ўз ҳаёт тажрибаларидан келиб чиқиб, ўқиган-уққанларини қалб қатидан ўтказиб, ўзи ҳам ҳикматлар яратади.
Унинг «Ён дафтардаги битиклар» туркумида яратган «Қутлуғ дард», «Бозор одобларидан бир шингил», «Ажаб саодат» номли ҳикматлар тўплами бу инсоннинг маънавий-руҳий олами кенгликлари ҳақида етарлича тасаввур бера олади.
Тарих фанлари номзоди, миллий қадриятларимиз тикланишида фаоллик кўрсатаётган таниқли амалиётчи олим Билол Аминов кўп йиллар давомида Ўзбекистон Республикасининг Тарих институтида хизмат қилди. Халқ этнопедагогикаси билан боғлиқ мавзуларда Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент Фармацевтика институтида маърузалар ўқиди. Вақтли нашрларда, радио, телевидениеда, шифокорлар, ўқитувчилар малакасини ошириш институтларида, маҳалла, мактабларда қизиқарли маъруза ва суҳбатлар ўтказди. Ҳали эслаб ўтганимиздек ўнлаб рисолалар яратди.
Элшунос олим кексалик ва хасталикка йўл бергиси келмайди. У ўзи яшайдиган профессорлар шаҳарчаси, “Мирзо Ғолиб” маҳалласи фаолларидан бири. Ўнлаб мактаб ўқувчиларини ўзининг «Ҳикмат — ибрат» тўгарагига жалб этиб, уларни халқ донишмандлиги дурдоналаридан воқиф этиб келаётир. Унинг мазкур йўналишдаги асарлари, ҳадису ҳикматларни ёшлар онгига синдиришнинг тезкор усуллари борасидаги тавсияномалари олим фаолиятини кенг кўламга олиб чиқаётир.
«Инсонда кўнгил тахти, деб аталган бир шоҳона туйғу бор. Бу туйғу ҳар қандай мартабадан юксакроқдир», дейди табаррук ёшдаги элшунос олим. Дарҳақиқат, инсон кўнгли бирламчи. Уни Каъбага менгзайдилар аҳли донишлар. Зеро, Кўнгил Каъбасини фоний дунё мартабаларидан афзал кўрадиган Меҳржон бобомиз — Билол Аминовга ҳамиша шундай маънавий юксакликлар ҳамқадам бўлишини тилаймиз.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 8-сонидан олинди.