Алишер Навоий “Хазойин ул-маоний” асарининг матнини профессор Ҳамид Сулаймонов нашр эттирганди. Шу матн хорижда ҳам маълум. Канадалик йирик шарқшунос Элизар Бирнбаум Эрон кутубхоналаридан излаб топган Навоий бу асарининг икки матнидаги баъзи камчиликларни тузатишда Ҳ.Сулаймонов нашр этган матнга асосланганини ёзади. Матн тилини илмий ўрганишда ундаги товуш(ҳарф) ва мазмун муносабатига алоҳида эътибор қаратиш керак. Матн тилшунослиги илмий жиҳатдан бошқа тилшунослик соҳаларидан фарққилади. Тилшунослик, умуман, тилда фонема (товуш), морфема (энг кичик маънодорбирлик), сўз (тилнинг асосий марказий бирлиги), сўз бирикмаси ва гапни бирликлар сифатида ажратиб, уларни фонология, морфология, лексика, синтаксис ва стилистика каби тил босқичларида ўрганади.
Матн тилшунослигидаги асосий бирликлар: матн, абзац, мураккаб синтактик бирикмалар ва гап(жумла)дан иборат. Агар тилда энг йирик бирлик гап бўлса, матнда у энг кичик бирлик бўлиб қолади. Бинобарин, анъанавий тилшунослик ва матн тилшунослиги ўртасида катта фарқлар бор. Матнга бир бутун система ва структура сифатида ёндашилса, фарқлар янада ойдинлашади. Ҳозирги даврда мавжуд бўлган матн тилшунослигига доир турли назарий қарашлар ҳам ўзаро фарқланади, лекин улар негизидаги энг асосий муаммо — матн тузилиши ва унда мазмуннинг тилдаги ифода воситалари билан берилишидир. Бироқ матндаги ҳар бир бирлик доирасида тилдаги турли категориялар ва уларнинг қўлланишини алоҳида ўрганиш мумкин.
Ҳозир юртимизда матн тилшунослигига доир йирик асар ёки дарслик, назарий концепция йўқ. Бу соҳада яратилган баъзи ўқув қўлланмаларигина мавжуд, бироқ улар ҳали оммалашмаган. Матн тилшунослиги магистратура ўқув режасига киритилиб, ўзбек, Шарқ ва Ғарб тиллари ўрганилаётган бўлимларда ўқитилмоқда. Лекин бу соҳада яхши натижаларга эришганимиз йўқ. Матнтилшунослигида хорижда таклиф этилган кўпгина назарий қарашлар мавжуд. Улардаги ижобий жиҳатлардан ўз дарсларимиз ва амалий фаолиятимизда, матн табдили ва таҳлили соҳаларида фойдаланиш мумкин. Олимлар кўпроқ мумтоз асарлар матнини тайёрлаш ва уни ўрганиш соҳасида ўз фикрларини айтмоқдалар. Бироқ мумтоз асарларимизнинг Ғарб тилларига таржималарини ўрганиш, улар таҳлили ва табдили масалаларини ҳам унутмаслик лозим.
Баъзи мумтоз асарларимиз форс, инглиз, немис, француз,япон ва бошқа тилларга таржима қилинди, уларнинг таржималари ҳақида номзодлик, докторлик диссертациялари ёзилди. Бу соҳада таржимашуносликни адабиётшунослик таржимаси ватилшунослик таржимаси деб, уларга махсус шифр бериб, икки мутахассисликка бўлиб юборилганини ноўрин, деб ўйлайман. Ахир, таржима назариясининг асоси аслият тили билан таржима қилинган тил хусусиятлари ва уларни чуқур қиёслашдан иборат эмасми? Асар ёзилган тилда ва таржима қилинган тилда сўзловчи халқларнинг психологияси, маданияти, урф-одати ва бошқа жиҳатларини яхши билмай бадиий асар таржимаси билан шуғулланиш яхши натижа бермайди. Ана шу жиҳатдан таржимашунослик бошқа кўпгина фанлар ва уларнинг турли соҳалари билан узвий боғланган. Таржима доим асосан тил ва адабиёт оралиғида бўлиб келган; шу сабабли баъзан хорижий тадқиқотчилар таржиманинг тилшунослик ва адабиётшунослик билан боғлиқбўлимларини кўрсатадилар, лекин уларга ҳеч қачон икки мутахассислик сифатида қарамайдилар.
Фикримиз далили — 2004 йили Камбриж университети нашриётида чоп этилган Басил Хатимнинг “Таржима” номли дарслиги ва яна шу муаллифнинг “Таржима ва бу соҳада илмий-тадқиқот олиб боришга ўргатиш” номли ўқув қўлланмасида айнан шундай қараш мавжуд. Таржима аслида бир тилдаги матнни бошқа бир тилга ўгиришдир. Аслиятматни ва таржима қилинаётган тилга ўгирилган матн босқичма-босқич бир-бири билан чоғиштирилиши натижасида ҳосил бўлувчи бу жараённи тиллараро матнларни қиёслаш, деб аташ мумкин. Яхши таржима натижасида асар муаллифининг услуби, ўз “овози”,маҳорати, баъзи тил аломатлари сақланиб қолади. Шу ижобий хислатлар моҳир таржимон Иброҳим Ғафуров томонидан Чингиз Айтматовнинг рус тилидан ўзбек тилига таржима қилинган “Қулаётган тоғлар” асари матнида кўплаб топилади. Таржимада И.Ғафуров ўзининг тилни чуқур билишини намойиш этган. Назаримда, унинг таржима жараёнида қўллайдиган ўз луғати бор. Мана, эътибор беринг: “…кабобларнинг ҳидлари кўкка ўрлаган”; …сериздиҳом азим шаҳарда турар” “олти ой муз-қори эримайдиган терскайларда истиқомат қиларди. Шунинг учун уни қорли тоғлар илвирси деб аташарди, қор уюримлари…”; “…эчкилар ҳуркак, сезгир кўзларини йилтиратиб…”; “…улар товушдан ҳам тез учишади – жонлари, туёқларининг кучида – барашмайди…”, “…сувлоқдан бош кўтариб, …сувотга бораётган кийиклар…”
Бу сўз ва ибораларнинг кўпчилиги ҳаттоки беш жилдли изоҳли луғатдан ҳам топилмайди. Аслият матнига таржима жараёнида қандай ёндашиш, зарур сўз ва ибораларни топиб, уларни ўз ўрнига қўя олиш, урф-одат, маданият, психология ва ҳаётнинг энг нозик томонларини яхши билиш натижасида Чингиз Айтматовнинг “Қулаётган тоғлар” асари гўё ўзбек тилида ёзилгандек туюлди менга.
Матншунослар бадиий асарлар матнига ясси(горизонтал) ва тик(вертикал) ҳолатлар жиҳатидан қарайдилар. Биринчи ҳолатда матн, абзац, мураккаб синтактик бирикма ва гап фарқланса, иккинчи — тик ҳолатда матн ичидаги барча хусусиятлар мазмунниташкил этиши кўринади. Таржимада ҳам ана шу икки ҳолат эътиборга олинади.
Матншуносларни тайёрлашда хорижий тилларни, хусусан, турк, араб, форс, ҳинд, хитой, корейс, япон, инглиз, немис, француз, испан, италян ва бошқа тилларни ўргатиш фойдадан холи эмас. Чунки ўзбек мумтоз адабиёти намуналаридан баъзилари ана шу тилларга таржима қилиниб нашр этилган. Ҳозирги даврда араб ва форс тилларидан ўзбек тилига ёки, аксинча, ўзбек тилидан араб ва форс тилларига таржима қилувчилар кўпроқ топилади. БироқҒарб тилларидан, ҳаттоки рус тилидан ўзбек тилига ёки, аксинча,ўзбек тилидан рус тилига таржима қилувчилар анча камроқ. Тўғри, кейинги даврда булар ҳам кўпайиб бормоқда, лекин эҳтиёжни қондира оладиган даражада эмас. Бу таржимонлар магистратура ёки алоҳида курсларда ўқиган, назарий ва амалий билимларни яхши эгаллаган бўлишлари лозим. Таржима назарияси ва амалиёти бўйича бакалаврият ва магистратурани Ўзбекистон Миллий университети хорижий филология факултетида қайта тиклаш мақсадга мувофиқдир.
Албатта, матншунослик ва манбашунослик адабиётшунос, тилшунос, психолог, тарихчи ва файласуфларни бирлаштириб туради. Чунки мумтоз асарларнинг кўпроқматнлари шу соҳаларга оид.
Назаримда, Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида матншунослик ва манбашунослик бўлими ташкил этилиб, унга бу соҳаларни мувофиқлаштириб турувчи марказ вазифасини бажариш топширилса, айни муддао бўлур эди.
Абдузуҳур Абдуазизов,
ЎзМУ профессори
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 48-сонидан олинди.