Адабиёт газетамизда матншунослик муаммоларига бағишлаб мақолалар эълон қилинаётгани айни муддоа бўлди. Чунки бугунги кунда матншунослик, айниқса, Ўзбекистон учун долзарб аҳамиятга эга. Ҳозир ўлкамиз тарихи ва маданиятига оид юзлаб бебаҳо асарлар нашр этилмасдан қўлёзма ҳолида сақланмоқда.Шуларни ҳисобга олиб, сўнгги йиллари ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ҳам матншуносликни институтнинг етакчи илмий йўналишларидан бирига айлантириб, қимматли қўлёзма асарларнинг илмий-танқидий матнларини нашрга тайёрлашга қарор қилинди. Илмий ишлар бўйича директор муовини, тарих фанлари доктори Сурайё Каримова раҳбарлигида “Марказий Осиё тарихи, фани ва маданиятига оид манбалар тадқиқи” номли Давлат гранти доирасида Огаҳийнинг “Жомеъ ул-воқеоти султоний”, “Зубдат ут-таворих”, форс тилидаги Муҳаммад Толибнинг “Матлаб ут-толибин”, Муҳаммад Амин Бухорийнинг “Убайдулланома”, Жумақули Ургутийнинг “Тарихи Хумулий”, Абдураҳмон Толенинг “Абулфайзнома”, араб тилидаги Берунийнинг “Сайдана”, Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавийнинг “Катойиб аълом”, Абу Ҳафс Насафийнинг “Матла ун-нужум” асарлари илмий-танқидий матнларини тайёрлашга киришилди ва уларнинг дастлабкилари нашр учун ҳозирдир.
Араб ва форс тилларидаги асарлар илмий-танқидий матнларини Ўзбекистонда тайёрлаш зарурми, уларни ўзбек тилига ўгириш билан чекланилса бўлмайдими, қабилидаги саволларга дуч келамиз баъзан. Биз, илмий тадқиқотлар савияси талаб даражасида бўлиши учун бу, албатта, зарур тадбир, деб жавоб берамиз. Чунки одатда бир неча нусхада етиб келган асар қўлёзмалари орасида турли фарқлар бўлади. Асарнинг турли нусхалари муқояса қилиниб, яратилган илмий матнгина таржима ва тадқиқотлар учун анча ишончли бўлади. Қолаверса, турли мавзуда изланишлар олиб бораётган мутахассислар таржима эмас, балки асл матнга таянсалар, уларнинг тадқиқотлари тош босадиган бўлади. Чунки асл матнда муҳим истилоҳ ва унвонлар асар ёзилган даврда қандай ишлатилган бўлса, шундай ёзилади. Таржимада улар ўзгаришга учраши ва бошқа баъзи камчиликларга йўл қўйилиши мумкин.
Миллий фанимизнинг халқаро обрўси билан боғлиқ яна бир жиҳат борки, бизнинг тарихимиз ва маданиятимизга оид асарларнинг илмий-танқидий матнлари Араб мамлакатлари (мовароуннаҳрлик уламолар китоблари), Эрон (форс тилидаги бир қанча тарихий манбалар), Америка (Мунис ва Огаҳийнинг “Фирдавс ул-иқбол” асарининг Юрий Брегел тарафидан тайёрланган илмий-танқидий матни), Япония (Муҳаммад Ҳакимхоннинг “Мунтахаб ут-таворих” асарининг Яёи Кавахара, “Бобурнома”нинг Эйжи Мано тарафидан нашр этилган илмий-танқидий матнлари) ва бошқа мамлакатлар олимлари томонидан нашр қилинаётганида ўзбек манбашунос-матншунослари бу ишда наинки иштирок этиш, балки фаол киришиб, бу соҳада етакчиликни ўз қўлларига олишга бурчлидирлар.
Туркий тилдаги асарларни кирилл ёки лотин алифбосига табдил қилишдан олдин ҳам уларнинг муаллиф томонидан илк бор яратилган ёзувдаги илмий-танқидий матнларини ҳозирлаш катта аҳамиятга эга. Акс ҳолда, табдил турли-туман хато-ю камчиликларга кўмилиб, ҳар томондан танқид тиғига дучор бўлаверади.Бу ҳолни муайян бир мисолда кўрадиган бўлсак, 2001 йили “Фан” нашриётида Алишер Навоий йигирма жилдлик асарлар тўпламининг 17-жилди сифатида “Насойим ул-муҳаббат” асари нашрдан чиқди. Буюк адибнинг энг йирик насрий асари Ўзбекистонда илк бор тўлиқҳолида нашр этилиши қувончли ҳодиса, албатта. Бироқ бу нашрни кўздан кечирган, айниқса, илмий ишларида фойдаланмоқчи бўлган мутахассис ўйланиб қолади. Китобда хатодан холи саҳифа кам. Боз устига, Навоий матнидаги кўплаб сўз ва жумлалар эътиборсизлик натижасида тушириб қолдирилган. Баъзи сўзларнинг тўғрисини ва нашрдаги хато шаклларини қуйида келтирамиз: “ул китобдағи” – “ул китобда дағи”, “сироти мустақим” – “сийрати мустақим”, “анинг манъин” – “ани мутааййин”, “ёзи гиёҳи” – ёз гиёҳи”, “инак” – “онак”, “анга ром” – “ором”, “комларим” – “ғамларим”, “ёёқ” (яёв маъносида) – “аёқ”, “суваб” – “савоб”, “рамида” – “расида”, “элттингму?” – “иттингму?”, “тахаллуф” – “такаллуф”, “сел” – “сайл”, “ифлос” – “ихлос”, “афзун” – “афсун”, “тафсилин” – махласин”, “тўни” – “тани”, “қазия” – “қисса”, “ишорат” – “ишрат”, “басе” – “боши”, “бир зарф” – “биз тараф”, “сироят қилибдур” – “санга қолибдур”, “жож (беҳуда, беъмани гап) чайнама” – “ёй чайнама”, “дом” – “том”, “сарвақтиға” – “писар вақтиға”, “Тум” – (ҳозирги Тим) – “Қум”, “ҳаким” – “ҳукм” ва ҳоказо. Бу каби хатолар китобхонга матн маъносини қийинлаштириб, баъзан уни мутлақо тушунарсиз қилиб қўяди. Масалан: “Ул ит бошин ул ҳарфқа солиб, ул сутдин ичти” жумласидан сўнг, “Ит бошини қанақа ҳарфга тиқди экан?”, деб бош қотириш мумкин. Ҳолбуки, бу сўз аслиятда “зарф”, яъни идишдир. Хатолар туфайли баъзи ҳолларда Навоий кўзда тутганига зид маънолар чиқариш мумкин. Нашрга тайёрловчилар айрим сўзларни “тўғрилаб” табдил қилишлари натижасида “тушунарли, аён” маъносидаги “мафҳум” сўзи барча ҳолларда тескари маънодаги “мавҳум” шаклида ёзилган. Аҳмад Яссавий халифаларидан Боб Мочин исми Боби мо Ҳусайн тарзида тақдим этилган.
Давра суҳбатига “Акс-садо”да (“ЎзАС”, 2010, №29) ғурур билан айтилган: “Ўзбекистондаги матншунослик системасида ишлаб чиқилган талаблар каби академик мезонлар дунёнинг бошқа ҳеч бир мамлакатида йўқ!” каби гапларга ҳали эрта эмасми? Мен, аксинча, профессор Нурбой Жабборовнинг “Дунёда фаннинг бу жабҳаси замон талаблари даражасида ривожланган бугунги кунда биз ҳануз матншуносликнинг системали яхлит назариясини ишлаб чиқа олганимиз йўқ” (“ЎзАС”, 2010, 27-сон), деган фикрига қўшиламан. Эронда Фирдавсий ва Саъдий, Германияда Гёте ва Шиллер, Россияда Пушкин ва Толстойнинг бирон асари шундай аҳволда нашр этилиши мумкинми? Тўғри, ХХ асрда шаклланган тил ва классик адабий тил орасида катта тафовутлар бор. Бироқ “Насойим”нинг муваффақиятсиз нашри сабаблари фақат шулардан иборат эмас. Аслида биз 2001 йилдаёқ асарнинг, борингки, аъло даражада бўлмаса-да, қониқарли нашрига эга бўлишимиз мумкин эди.
ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг катта илмий ходими Ҳамидхон Исломий “Насойим ул-муҳаббат” устида изланишлар олиб бориб, номзодлик ишини ёқлаганди. Домла “Насойим”нинг Туркия, Россия, Франция ва Ўзбекистондаги энг қадимги, баъзилари Алишер Навоий ҳаётлиги даврида кўчирилган мўътабар нусхалар асосидаги матнини ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидаёқҳозирлаганди. Балки Навоий асарларининг 17-жилдини тайёрлашда ана шу матн ҳам эътиборга олинганда фойдаси тегармиди? Албатта, “Насойим ул-муҳаббат”ни нашрга тайёрлаган мутахассислар ҳам етарли тажриба ва малакага эгаликларини, олдин бир қанча сифатли матншунослик ишларини амалга оширганликларини ҳеч ким инкор этмайди. Лекин, эҳтимол, вақт кам бўлгани учундир, улар асарнинг қадимги қўлёзма нусхаларига таянишдек бирдан-бир тўғри ва мақбул йўлдан бормай, турк олими Камол Эраслон томонидан 1996 йили Анқарада чоп этилган лотин графикасидаги нашрни асос қилиб олишган. Тўғри, К.Эраслон ўз ишида бир неча мўътабар қўлёзма нусхага таянган. Бироқ у амалга оширган нашрда анча-мунча хатолар ўтиб кетган. Кириллдаги нашрга К.Эраслон йўл қўйган хатоларнинг ўзигина ўтганида ҳам бир нави эди. Шуниси афсусланарлики, Туркия нашрида тўғри келтирилган кўп сўзлар Тошкент нашрида хато тарзда табдил қилинган. Бу ҳол бошловчиларгина эмас, ном қозонган устозлар ҳам матншуносликка катта масъулият билан ёндашиб, мумтоз асарлар матнини тайёрлаш бир уринишда қилинадиган иш бўлмай, узоқ муддат қунт ва сабот билан ишлашни тақозо этишини унутмасликлари лозимлигини кўрсатади.
Ғулом Каримий,
ЎзР ФА Шарқшуносликинститути катта илмий ходими
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 44-сонидан олинди.