Муҳтарам Юртбошимизнинг: “Ёзувчиларимиз ўтиш даврининг қийинчиликларига қарамасдан, ўз ижодига, қалб амри билан танлаган касбига содиқ қолиб, миллий ўзлигимизни англаш, халқимиз онгу тафаккурини ўзгартириш, маънавий қадриятларимизни тиклаш ва юксалтириш йўлида хизмат қилиб келаётганини таъкидлаш ҳар томонлама тўғри бўлади”, деган сўзлари бадиий тафаккур маданиятининг бурчи, масъулияти, вазифалари нечоғли залворли эканини яна бир карра ёдимизга солди, миллий истиқлол манфаатларидан келиб чиқиб, умумбашарий маънавий-интеллектуал қадриятлар яратишга даъват этди.
Адабиётнинг бош қуроли — бу сўз. Дарҳақиқат, бадиий сўзда ҳикмат, маърифат, таълим-тарбия, маънавий-ахлоқий маданият ва ҳаёт фалсафаси синтезлашган. Тўғри, бадиий асарни якка шахслар яратади. Шу маънода, аксарият эстетик таълимотларда адабиёт — бу субъект имкониятларининг намоён бўлиш майдони, дея тушунтирилади. Бунда сўз санъаткорининг маънавий-ахлоқий маданияти, интеллектуал савияси, ҳаётий тажрибаси, бадиий-эстетик диди, бир сўз билан айтганда, Шахс сифатидаги даражаси ҳал қилувчи рол ўйнайди. Бадиий сўз санъати намуналари шу нуқтаи назардан ўрганилади ва баҳоланади. Шу маънода, сиртдан қараганда, у кўнгил маърифатининг зоҳир бўлиш шаклларидек туюлади, таассурот қолдиради. Бу, масаланинг бир томони. Иккинчидан, адабиётнинг халқ ҳаётидаги ижтимоий-маърифий, ахлоқий-фалсафий ўрни, аҳамияти ниҳоятда улуғ. Бу ҳамма даврларда ҳам бадиий сўзнинг эстетик қимматини белгилашда бош мезонлардан бири бўлиб келган.
Юртбошимизнинг миллий адабиётимизни ривожлантиришга доир фикр-мулоҳазаларида адабиётнинг миллат ва жамият маънавиятидаги, шахснинг маънавий-ахлоқий, интеллектуал тарбиясидаги ана шу ижтимоий-эстетик вазифасига алоҳида урғу берилган: “Шахсан мен шоир ва адибларни доимо жамиятнинг олдинги сафларида юрадиган, ҳаётни кузатиб, одамларнинг юрагида, дунёқарашида бўлаётган ўзгаришларни ҳаммадан аввал сезиб, уларни таъсирчан образлар, ёрқин бадиий бўёқлар орқали маҳорат билан ёритиб бера оладиган, эл-юрт учун куйиниб яшайдиган фидойи инсонлар, деб биламан”. Кўринадики, ҳаётнинг, миллат ва жамиятнинг талаблари, эҳтиёжлари билан ҳар бир давр адабиётининг вазифалари бойиб боради.
Мустақилликка ўн саккиз йил тўлаяпти. Бир йигитнинг навқирон ёши. Унинг васфига, самараларига бағишлаб шеърлар, манзумалар, достонлар, публицистик мақолалар, эсселар битилмоқда. Истиқлол шукуҳи дилларда ва тилларда. Ўн саккиз йил кўҳна тарих учун бир лаҳза. Шу маънода, истиқлолимиз мисоли улкан чинорга айланаётган кўчат. У қоронғулик зулмини енгиб ёруғликка чиқди. Офтоб марҳаматига, ёруғлик шарофатига етишган ниҳол табиатнинг тасодифий инъоми эмас. Балки у миллатнинг эркка, ёруғликка интилган ишонч-эътиқодининг тантанасидек англашилади.
Шу ўринда нозик бир ҳолат борки, уни эътиборга олмаслик мумкин эмас. Хусусан, жаҳон эстетикасида алоҳида йўналиш касб этган америка адабиётшунослигида субъективизм кучли. Унда адабиётнинг ижтимоий роли инкор этилади. Айтайлик, Эптон Синклер, Фолкнер, Эрнест Хеменгуэй асарлари назарий адабиётларда кўп ҳам таҳлилга тортилмайди. Чунки уларнинг асарлари жамиятнинг ижтимоий эҳтиёжларига жавоб тариқасида ёзилган. Бу эса, кейинги давр америка адабиётшунослигидаги субъективизм йўналиши учун қаноатланарли эмас, деб ҳисобланади.
Америкалик атоқли адиб, шоир ва олим Роберт Уоррен эса, “Адабиёт аломат сифатида” мақоласида сўз санъатига ижтимоий воқеликдаги, жамият ҳаётидаги у ёки бу ҳодисаларнинг етакчи аломатларини бадиий умумлаштирувчи, эстетик баҳоловчи маънавий маданият, деб қарайди. У жамият, ҳаёт илгари сурган яланғоч ғояларни эмас, давр муаммоларини бадиий тадқиқ этишни муҳим вазифа, деб билади. Ана шу масалалар замирида инсон қисмати, инсон кечмиши бадиий асарнинг бош тадқиқот объектидир, деб тушунади ва инсон табиати қай тариқа намоён бўлиши жараёнларининг бадиий акс эттирилиши ғоят муҳим вазифадир, дея тушунтиради (Р.П.Уоррен. Как работает поэт. М., Радуга, 1988).
Кўринадики, жаҳон эстетикасининг етакчи намояндалари асарларда давр ғоялари, жамият ва халқ ҳаёти кун тартибига қўйган масалалар бадиий образлар ва инсоний тақдирлар орқали акс эттирилиши тарафдоридир. “Нафис адабиёт — элита учун яратилади”, “Санъат — санъат учун”, “Адабиёт — хос одамларга мос” қабилидаги ғояларда бадиий-эстетик тафаккурнинг ижтимоий роли рад этилади, бадиий асарга соф санъат маҳсули сифатида қаралади. Асар ижтимоий манфаатдорлик нуқтаи назаридан таҳлил этилмайди. Шу жиҳатдан, француз адиби ва адабиётшуноси Сартрнинг қарашлари бизга анча яқин. У “адаптация” — “мослашиш” деган сўзни муомалага киритган. У ҳар бир асар, аввало, информацион ахборот, дейди. Ҳаёт ҳақида, жамият ва одамлар, тақдирлар ва кечмишлар хусусида ахборот беради. Унинг нуқтаи назарига кўра, информацион маълумот ўз заминига — адресига эга бўлиши лозим. Шундай экан, у яна ўз мақсадига ҳам эга бўлиши зарур. Хусусан, мен сизга бирон-бир нарсани хабар қилаётган эканман, демак, шу маълумот, шу фикр сизга бирон-бир манфаат етказиши мумкин, деган мақсадда айтяпман, дейди Сартр. (Ж.П.Сартр. Экзистенциализм — это гуманизм. «Сумерки богов» китобида. М., 1989)
Англашилаяптики, ижтимоий манфаатдорликдан четда турган адабиёт ўз вазифасини бажармайди. Зеро, халқ ғами ёзувчининг ҳам дарди-ташвишидир. Эл-юрт ўз бошига ёққан қорни кураш билан банд бўлганда, адабиёт ўз ҳолича, бир чеккада ўз ҳою ҳаваслари оламида куймаланиб юрмайди. Халқнинг бошида балққан офтоб адабиётнинг ҳам кўчасига байрам олиб келади.
Зотан, адабиёт — одоб сўзидан олинган. У ниманидир ўргатади, нимадандир таълим беради. Мана, масалан, Саъдийнинг “Бўстон” асарини олайлик. У “Мамлакатни идора қилиш тадбири, одиллик ҳамда тўғри фикрлаш ҳақида”, “Эҳсон ҳақида”, “Ишқ ҳақида”, “Камтарлик ҳақида”, “Розилик”, “Қаноат”, “Тарбият”, “Шукр ва омонлик ҳақида”, “Тавба ҳақида” сингари боблардан таркиб топган. Ҳар бир боб ҳикоятлар силсиласидан ҳамда қиссадан ҳисса тариқасидаги ҳикоятли ўгитлардан иборат.
Дарахт бўлса шоҳ, халқ илдиз эрур,
Бил ўғлим томир-ла дарахт улғаюр.
Элинг қалбин оғритма, берма зарар,
Қурур илдизинг ранжиса эл агар.
Эл-улусга ҳамиша яхшилик қил, ёмонлик, хароблик зулмдан келади, деган ибратли фикр ҳикоятларнинг мағзидан бўртиб туради. Ёхуд Фаридиддин Атторнинг тириклик ҳикматига оид ҳикоятини олайлик. Бош маъно нимада? Аёл киши ҳақида гап кетганда бўҳтондан эҳтиёт бўлиш зарур, дейди адиб. Охири ҳақ-адолат қарор топади. Кўринадики, юксак одоб-аҳлоқ шарқ бадииятининг асосини белгилаётир, адабий асар бадииятини таъминловчи етакчи хусусиятлардан бирига айланаётир. Буни дидактик реализм, деб айтиш мумкин.
Энди реализмда бу йўналиш бошқача тус олади. Ҳақиқий реализмда ёзувчи: “Мен ҳаётни қандай бўлса шундайлигича кўрсатавераман. Ўзинг қандай хоҳласанг шундай хулоса чиқариб олавер”, дегандек бўлади. Яъни ёзувчи ўзини гўё четга олгандек, бетарафдек туюлади. Лекин, аслида, унинг ҳаётни кўрсатишида нима демоқчи эканлиги кўринади. Энди, бундай идрок ва ифода маданияти, реалистик тасвир санъати маълум тайёргарликни талаб қилади.
Аслида, бадиий асарни ундай ёзиш керак, бундай ёзмаган маъқул қабилидаги фикрлар норматив адабиётга хос хусусият. Бу — Шарқона бадиий маданият учун кўпроқ хос. Адабиёт эса ана шу тахлит қоидаларни бузиш ҳисобига ривожланади. Қуш қанотлари билан ҳавога таяниб парвоз қилганидек, адабиёт ҳам шунга монанд қоидаларга таяниб юксакларга парвоз қилади. Юқоридаги каби қоидаларни ҳам инкор қилади, ҳам уларга таянади. Шунинг учун норматив адабиётшуносликнинг ўзига яраша камчиликлари ҳам бор. Шу боис, ҳеч қачон норматив адабиёт билан чекланиш мумкин эмас.
Демак, адабиётдаги янгилик фақат шу қоидалардан четга чиқиш ҳисобига содир бўлади. Қоидадан четга чиқиш эса, асло бебошлик эмас. Ҳаётнинг талаби билан амалга оширилади. Ҳаётнинг талаби ва маънавий эҳтиёжлари билан адабиётнинг вазифалари ҳам бойиб боради.
Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, Зулфия, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Шукур Холмирзаев, Ўлмас Умарбеков, Учқун Назаров, Ўткир Ҳошимов сингари ўнлаб бадиий сўз усталарининг бадиий-эстетик тажрибаларидан аён бўлаяптики, ёлғиз идеаллар билан ҳаволаниб юриш ҳам чекланганликка олиб келаркан; ёхуд турмуш икир-чикирлари билан ўралашиб, куймаланиб қолиш, ундан баланд тура билмаслик ҳам бир ёқламалик экан. Жамият психологиясини кўрсатиш орқали инсоний тақдирлар кечмишини бадиий тадқиқ этиш ва ёхуд одамлар қисматини акс эттириш асосида жамиятнинг инсоний ёки ғайриинсоний атворини кашф этиш барча замонларда адабиётнинг устувор вазифаси бўлган.
Бугунги адабий жараёнда табиат, жамият, инсон ҳаётида кечаётган воқеа-ҳодисалар, ўзгаришлар — барча-барчасига шахс эрки, Ватан истиқлоли ва истиқболи нуқтаи назардан қаралмоқда, ўрганилмоқда, эстетик баҳоланмоқда. Шу маънода, инсон кўнгли барча буҳронлар силсиласини синтезлаштирувчи марказ бўлиб қолди. Офтоб нурини линзага жойлаб, бир нуқтага йўналтирилса тоғларни талқонга айлантириб юборади. Истиқлол адабиёти кўнгилларни маърифатли қилиш орқали, онг-шуурларни ҳикматга йўғириш асосида жамият диди-савиясини юксалтиришдан, боқий башарий қадриятлар яратишдан иборат. Зеро, кўнгиллар эрки, миллат ва Ватан истиқлоли башарий қадрият чечакларидир. Унинг хушбўй атри-тароватидан жаҳон аҳли ҳам баҳраманд бўлиши шубҳасиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 32-сонидан олинди.