Айтмоқчи бўлган мулоҳазам матбуот нашрлари орқали қайта-қайта тилга олинган, аммо ҳануз ечимини томолмаётган муаммолар қаторига кирса-да, биз ички бир саркашлик билан шу мавзуга яна қайтишни ихтиёр қилдик. Гап эстрада қўшиқларига ишланаётган клиплар ҳақида.
Агар клип дид билан ишланса, у санъаткорга муваффақият келтиради, томошабинга ҳам маъқул келади. Бу борада Луначарский ҳақ: «Овозсиз тасвир — тасвирсиз овоз қолдирадиган таассуротдан анча кучли». Лекин клипмейкер деб аталувчи янги касб эгалари яратаётган кўплаб клипларнинг, кадрларнинг сифат даражаси бу соҳага ҳам жиддий муносабатда бўлишимизни тақозо этади.
Эътироф этиш керакки, бугунги миллий қўшиқчилик санъатимизда муваффақиятлар етарли, бу соҳага бўлган эътибор тобора ошиб бораётгани баробарида, турли кўрик-танловларда янги-янги овоз соҳиблари кашф этилмоқда. Бу ҳолатни мухлислару мутахассисларга бирдай тушунарли клиплардагина эмас, миллий санъатимизга яқинда кириб келган анимацион клипларда ҳам кўриш мумкинки, бир хиллик ва такрорийликдан чарчаган томошабин, тингловчи уларни янгилик сифатида осон қабул қилмоқда. Эндиликда реал ҳаётда тасвирга туширишнинг иложи бўлмаган сюрреалистик кадрларни ҳам бемалол яратиш имкони бор. Мутахассисларнинг фикрича, бундай клипларнинг таъсирчанлик даражаси нисбатан юқори. Гап бу имкониятлардан нечоғли самарали ва мақсадга мувофиқ фойдаланишимизда қолди, холос.
Шу кунларда телеэкранларимизда намойиш этилаётган бир қўшиққа ишланган анимацион клипни томоша қилдим. Тўғрисини айтганда, мазкур клипда мақсадли ғоя ҳам, сюжет изчиллиги ҳам йўқ. Воқеалар қайси замон ва маконда содир бўлаётганлигини англаш қийин. Бу клипни томоша қилиш жараёнида устозимизнинг ўгитларидан бири ёдимга тушди: «Сизлар ёзиб келаётган сценарийларда фикр бор, аммо яхлит бир ғоя йўқ. Ғоя бўлиши учун эса ғоя ва сюжет ўртасидан бир «ип» ўтказиш лозим…». Юқорида тилга олган клипда на «ип» бор, на мантиқий иллюстрация.
Шахсан мен санъатга қизиқувчи бир журналист сифатида замонавий ўзбек эстрадаси ютуқлари тўғрисида фахрланиб ёзишни истайман. Лекин қўлингга қалам олишинг билан тўхтаб қоласан. Чунки Аноранинг «Ҳаёт» номли ашуласини кузатганимизда ҳам ана шундай муаммолардан холи эмаслигига гувоҳ бўлиш мумкин. Мавзу тақозосига кўра жиддий матн танланган. Лекин тасвир билан сўз мослигига келсак… Клип фонида қандайдир рамзий ишоралар бор. Аммо режиссёр маҳорати «қуруқ» тасвир билан чекланиб қолган. Шунингдек, Беҳзод ижросидаги «Сен ўзинг» дея куйланган қўшиқни тинглаш мумкин, аммо уни ютуқ деб аташ қийин. О.Муталхўжаев ва Н.Усмонова ижросидаги дуэт-клипда хонандалар ижро чоғи ўзларини қандай тутаётганларига гувоҳ бўлганингда, Ойбек ва Нигоранинг «Югураман», «100%» гуруҳининг «Қаттан шунча маҳорат», Жасур Умировнинг «Бўлса бўлсин» қўшиғини тинглаганингда, тўғриси, қўлингдан қалам тушиб кетади. Яна бошқа кўплаб клипларда, менинг назаримда, ижрочилар қўшиқ куйлашдан кўра нарцизм — ўзига ўзи маҳлиё бўлиб, кўз-кўз қилишга кўпроқ эътибор берадилар. Замонавий ибора билан айтганда, космополитизм — оммавий маданиятнинг қусури тўғрисида ҳам ижобий фикр юритиш қийин. Ахир, миллий колорит, руҳ, одоб-андиша қаерда қолди?
Яқинда бу ёруғ оламни тарк этган «поп мусиқаси қироли» Майкл Жексоннинг дунёни экологик ҳалокатдан қутқариш тўғрисидаги бир клипини кўпчилигимиз кўрганмиз. Унда сўз билан биргаликда умуминсоний — универсум ғоя мутаносиб равишда талқин этилган. Кадрлар алмашинуви гоҳ модернистик шаҳарларга, гоҳ цивилизациядан четда яшаётган қабилалар истиқоматгоҳига ўзгаради. Турли миллат вакилларининг турмуш тарзи, турли ҳолатлари кўз ўнгимиздан ўтади. Кадрда экологик инқироздан азият чекаётган минглаб жониворлар кўринади. Мавзу тақозосига кўра хулоса чиқариш мумкинки, «Help me calling heal the world» («Дунёни ҳалокатдан сақлаб қолиш учун менинг даъватимга қўшилинг») ашуласида инсоният ўз фожеасини ўзи яратаётганлиги ҳақидаги хитоб бор. Қўшиқнинг фавқулодда таъсирчанлигини нафақат ижрочининг овозию матн мазмуни, балки унга ишланган клип ҳам таъминлаган.
Албатта, мен ҳақиқий санъат қандай бўлишию, бунга қандай эришиш мумкинлиги тўғрисида кимгадир сабоқ бермоқчи эмасман. Лекин бир гапни ошкора айтишга мажбурман — телеэкранда намойиш этилаётган кўплаб клипларнинг оғриқли нуқтаси — ғоясизлик. Ҳақиқий санъат асари, у бадиий китоб, картина ёки мусиқий клип бўладими, бундан қатъи назар, томошабинга эстетик завқ бағишлаб, уни бадиий дидга бошлаши керак. Ғоясизлик эса бу интилишни чиппакка чиқаради. Бу ожизликка яна саҳнада фақат ўзини намойиш қилиш қўшилса, муаммо жиддийлашади. Эътибор берайлик — файласуфлардан бири қуйидагиларни ёзиб қолдирган: «Ўзига итоат эттирмоқчи бўлган ғояни ҳаёт олдин сукуту ҳайрат билан қарши олади, кейин сабру тоқат билан кузатиб туради, охирида эса қаҳру ғазаб билан ўз қўйнидан юлиб ташлайди».
Устоз журналистлардан бири қайта-қайта такрорлайди: «Персонажнинг бошига дўппи кийдириб, белини белбоғ билан боғлаган билан у ўзбек бўлиб қолмайди. Миллийлик унинг руҳида, юз ифодасида, гап-сўзида, қўйингчи, жон-қонида бўлиши керак. Яъни хатти-ҳаракатлар ёки ўзаро муносабатлар миллийлик инъикоси сифатида намоён бўлади. Санъатшунос мутахассислар эса қалб орқали англанмаган, ҳиссий билишнинг юқори чўққисига чиқа олмайдиган санъатни санъат деб баҳоламайдилар.
Муаммонинг сабаблари тафтиш қилинганда баъзилар яхши клип яхши матн бўлгандагина яратилади, дейишади. Бу фикрга қўшилиб бўлмайди. Яхши матн ҳам, яхши ижодкор ҳам бор. Гап бадиий дидда.
Санъатнинг вазифаси — инсонни комиллик сари ундаш. Шундай экан, дидсизликни тарғиб қилишни ҳеч бир сабаб билан оқлаб бўлмайди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 38-сонидан олинди.