Узоқ тарихга эга бўлган шаҳарлар ёш шаҳарлардан шу жиҳати билан тафовут қиладики, бу шаҳарларда яшаган миллат ва элатлар бир эмас, бир неча миллий маданиятлардан озиқ олиб яшайдилар. Шундай шаҳарларда туғилган қалам аҳли ҳам икки тилли шоир ва ёзувчи бўлиб улғаяди. Самарқанд бу дунёи азимдаги кўҳна шаҳарлардан бири сифатида ўзбек ёки тожик тилида ижод қилган, ўзида ҳар икки халқнинг миллий маданиятини мужассамлантирган кўплаб ижодкорларнинг бешиги бўлган.
Шу кунларда туғилган кунининг 140 йиллиги нишонланган Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзода (1869-1948) икки тилда ижод қилган, икки халқнинг миллий маданияти бешигида улғайган ва икки халқнинг мураккаб тарихий даврдаги ҳаётини тасвирлаган сиймолардан биридир.
Сирасини айтганда, биз адабиётшунослар яқин-яқингача Самарқандда шундай адибнинг яшаб ижод қилганини билмай келар эдик. Агар 90-йилларнинг ўрталарида Мирзо Қўқонбой яшаган уйда таъмирлаш ишлари олиб борилмаганида, узоқ йиллардан бери чанг босиб ётган жомадон ва унинг ичидаги 200 дона дафтар топилмаган, бинобарин, самарқандлик Айнийи Соний кашф этилмаган бўларди. 12-24 варақли бу дафтарларга шу вақтгача номаълум бўлиб келган адибнинг икки романи, бир неча қисса, ҳикоя, хотира ва қайдлари битилган эди. Бу асарлар муаллифи гарчанд ўзбек, форс-тожик, араб ва рус тилларидан ташқари, қатор туркий тилларни пухта билган, ўз даврининг энг маърифатли ва билимдон кишиларидан бири бўлишига қарамай, азбаройи камтарлиги туфайли 68 ёшга борган чоғидагина қўлига қалам олиб, илк романини ёзишга киришган экан. Агар Мирзо Қўқонбой роман, қисса ва ҳикояларида тасвирланган оламшумул воқеаларни ўз кўзи билан кўрмаган ва уларни келгуси авлодларга ёзиб қолдириш зарурлигини ҳис этмаганида, эҳтимолки, қўлига адиблик қаламини олмаган бўларди. Зеро, у ўзини Абдулла Қодирий ёки Садриддин Айний сингари ёзувчилар билан баҳслаша олувчи қаламкаш, деб ҳисобламаган.
Мирзо Қўқонбойнинг ҳаёт йўли бошқа замондошларидан бир мунча жиҳатлари билан фарқ қилади. Бу фарқ шундан иборатки, 19 ёшигача мадраса таълимини олган, кейин рус-тузем мактабини тугатган Мирзо Қўқонбой 1893 йилдан 1918 йилнинг 1 январига қадар чор ҳокимиятининг суд ва маъмурий муассасаларида таржимон ва котиб бўлиб ишлаган. “Бу вазифаларда ишлаш жараёнида, — деб ёзган эди марҳум академик Ботирхон Валихўжаев, — Қўқонбой ҳаётни, одамлар турмушини, генерал-губернаторликдаги қинғирликларни, маҳаллий халқ манфаатларига қарши бўлган сиёсатни ва шунга доир махфий ҳужжатларни билиб олди. Қўқонбойнинг кўзи очила борди, онги ва шуурида ҳам ўзгаришлар рўй берди”.
Мирзо Қўқонбойдан каттагина адабий мерос қолган. Бу мерос орасида ушбу сатрлар муаллифининг илк бор танишгани “Жиззах қўзғолони” хотира-эссесидир. Қўзғолончилар устидан бўлиб ўтган суд жараёнида котиб ва таржимон сифатида қатнашган Мирзо Қўқонбой чор мустамлакачилиги даврида нафақат 1916 йили Жиззахда, балки ундан аввал Андижон ва бошқа жойларда бўлиб ўтган қўзғолонларнинг келиб чиқиш сабаблари ва фожиали оқибатларини сиёсий-ижтимоий жиҳатдан чуқур таҳлил қилиб беради. Мазкур қўзғолоннинг 20 йиллиги муносабати билан ёзилган, янги-янги илмий кузатиш, маълумот ва таҳлилларга бой мазкур асар чор ҳокимияти мустамлакачилик сиёсатининг асл моҳиятини очиб ташловчи даврнинг такрорланмас ноёб ҳужжатидир.
Маълумки, ХIХ аср охири — ХХ аср бошларидаги Туркистон халқлари ҳаёти нафақат ижтимоий ва иқтисодий, балки маданий ва маиший жиҳатдан ҳам ачинарли ҳолатда бўлган. Хусусан, санитария ва гигиена масалаларига эътиборсизлик орқасида аҳоли ўртасида турли касалликлар тарқалган. Жадид ёзувчилари, хусусан, Фитрат “Мунозара” ва “Ҳинд сайёҳи баёноти” публицистик асарларида миллий қолоқликнинг даҳшатли кўринишларидан бири бўлган бу муҳим масалага жамият эътиборини қаратганлар. Мирзо Қўқонбой жадид биродарларидан фарқли ўлароқ, миллатнинг соғлиқ ва саломатлиги билан боғлиқ бу муаммони бартараф этиш йўлларини ахтарди. У ХIХ аср охирларида Туркистон генерал-губернаторлигига илмий сафар билан келган рус шифокори П.В.Шчусев билан танишиб, унинг шу сафар чоғида ёзган “Русия духтурининг, яъни табибининг мусулмонларга ранжу касал бўлмасиндан соғ-саломат бўлмоқлари насиҳати” рисоласини таржима қилади ва бу рисолани 1899 йили Санкт-Петербургда нашр этишга эришади.
Рисола таржимоннинг қуйидаги сўзлари билан бошланган: “Эй мусулмонлар, ишонинглар, ҳар нимаким ушбу насиҳатномада ёзилғондур сизларнинг нафларингиз учундур. Агарда ушбу тубанда ёзилғон насиҳатларни қулоғингизга олуб, унга амал қилсангизлар, албатта, ўрталарингизда касал илон ўлум кам бўладур. Сизларнинг эсончиликларингизни хоҳлагувчи олим Урусиё дўхтури Шусев ушбуни ёзди”. Таржимоннинг шу сўзларидан кейин рус шифокорининг Бухоро ва Жиззах вилоятларида кенг тарқалган касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари баён этилган ва бундай касалликларга чалинмаслик учун мусулмонларга маслаҳатлари берилган эди.
Мирзо Қўқонбой Фитратнинг юқорида тилга олинган асарларидан 10-12 йил аввал ушбу рисолани ўзбек ва тожик тилларида нашр этиш билан Туркистон жадидлари фаолиятидаги кемтик жойни тўлдиришга эришди.
Мирзо Қўқонбой 1918 йилдан 1925 йилга қадар бўлган даврда ҳам адлия муассасаларида хизмат қилишда давом этди. Айни пайтда бир неча дарсликларни ўзбек тилига таржима қилди. Агар бу таржималарнинг аксари табиий фанларга оид дарслик ва ўқув қўлланмалари бўлганини назарда тутсак, Мирзо Қўқонбойнинг шу даврда ёш авлоднинг замонавий илм-фан асосларини эгаллашига катта ҳисса қўшгани маълум бўлади ва жадидона хизматлари равшанлик касб этади.
1927 йили рўй берган бир воқеа Мирзо Қўқонбой ҳаётида чуқур из қолдирди. Ўша йилнинг ёз кунларидан бирида улкан маърифатпарвар Мунаввар қори Абдурашидхонов Самарқандга ташриф буюради. Мирзо Қўқонбой шу воқеа муносабати билан тошкентлик биродари шарафига зиёфат беради. Зиёфат чоғида бир-икки самарқандлик ижодкорлар билан бирга Чўлпон ҳам ҳозир бўлади.
Шу йили Москвадаги ўзбек драма студиясини тугатиб келган ёш санъаткорлар Самарқандда очилган ўзбек давлат театрида хизмат қилаётган эдилар. Улар орасида мазкур театрнинг адабий эмакдоши Чўлпон ҳам бор эди. Ўша кезларда шоирнинг ётар жойи бўлмаганлиги сабабли Мирзо Қўқонбой унга ҳамсоя бўлиб яшашни таклиф этади. Чамаси, Чўлпон у билан бир хонадонда яшаган кунларда унинг кўрган-кечирганлари билан танишиб, узундан-узоқ ва бир-биридан ғаройиб ҳикояларини тинглаб, ундан шу тарихий воқеаларни қоғозга тушириш ва келгуси авлодлар учун ёзиб қолдириш лозимлигини айтган.
Мирзо Қўқонбой шундан кейин ўзи шоҳид бўлган тарихий давр воқеаларини хаёлида қайта жонлантириб, уларнинг айримларини кичик ҳаётий лавҳалар ва қайдлар тарзида қоғозга тушира бошлади. Айни пайтда А.Қодирий ва С.Айний сингари замондошларининг яқин ўтмиш тўғрисидаги асарларини ўқиб, улардан сабоқ олишга, ХХ аср бошларида содир бўлган оламшумул воқеаларни тасвирлаш малакасини эгаллашга интилади.
Мирзо Қўқонбой 1936-1937 йилларда “Жиззах қўзғолони” хотира-эссесидан ташқари, “Истаджон” ва ”Қамчисидан қон томади” қиссаларини ёзиб тугатгач, 1937 йил 10 августда дастлабки йирик эпик асари — “Тоғ қизи” романини ёзишга киришади.
Ушбу асарнинг майдонга келиш тарихи хусусида муаллиф бундай сўзларни ёзган: “Маълумки, Туркистоннинг чоризм ҳукумати таркибидаги ярим асрлик идора тартиби фожиадан иборат бўлди. Бир қанча сабабларга кўра, бу давр тарихини матбуотда ёритиб бўлмасди. Сабаблардан бири шуки, маҳаллийлардан ёзадиган кишилар йўқ эди… Иккинчи сабаб шундан иборатки, биров ёзишга журъат этса, сензур йўл бермасди; учинчи сабаб эса бизга фожиа бўлиб кўринаётган ўша воқеалар ўша пайтларда оддий бир ҳол эди”.
Шу сўзлар ёзилган 1937 йилдан кейин чор мустамлакачилиги давридаги Туркистон халқлари ҳаёти тўғрисида кўплаб роман ва қиссалар яратилди. Бинобарин, 1940 йил декабрида ёзиб тугалланган, аммо орадан қарийб етмиш йил ўтгач нашр этилган “Тоғ қизи” романида тасвирланган аксар воқеалар ва қаҳрамонлар типи бугунги китобхон учун балки янгилик эмасдир. Шунга қарамай, “Тоғ қизи” романини ўқиган китобхон мазкур асар орқали ота-боболарининг мустамлакачилик йилларидаги чиркин ҳаёт асосларини парчалаб, қанчадан-қанча қонлар ва жонлар эвазига ҳозирги дориломон кунларга етиб келганларини яна бир бор, бу сафар Мирзо Қўқонбойнинг кўзи билан кўради, унинг сўзи билан эшитади. Адиб яқин кечмиш воқеаларини тарихий давр контекстида шундай бадиий ёрқин ва ишонарли талқин этганки, биз унинг кўзи рассом кўзидек ўткир, тили эса ҳақиқий адиб тилидек бой ва рангин бўлганини кўриб ҳайратга тушамиз.
Романда тасвир этилган давр 1914 йилдан 1917 йил феврал ва октябр воқеалари ҳамда шўро ҳокимиятининг дастлабки йилларини ўз қамровига олган. Адиб мамлакатимиз ва халқимиз тарихининг бу ўта мураккаб ва фожиали даврини Самарқанд атрофидаги қишлоқларда истиқомат қилган кишилар ҳаёти мисолида гавдалантириб берган. Бинобарин, бу асар А.Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, С.Айнийнинг “Дохунда”, Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романларидан фарқли ўлароқ, ҳали ўзбек адабиётида ўз аксини топмаган янги жуғрофий ҳудуд аҳлининг машаққатли ҳаётини тасвир этишга бағишланган. Муаллиф асарда икки авлод вакиллари образини яратиш орқали мустамлакачилик ва феодал бедодлик даврининг, адиб ибораси билан айтсак, “ваҳшатангиз” манзараларини бадиий мужассамлантирган.
Роман воқеаларида Офаринкент қишлоғи жиловини темир қўллари билан ушлаб турган Ашурқул оқсоқол ва унинг макр-ҳийлаларидан адои тамом бўлган мунис ва муниса кишилар ҳаракат қиладилар. Ашурқул зарур пайтда ўзини уларга оталик қилаётган, меҳрибонлик кўрсатаётган киши қилиб кўрсатади. Аммо ўргимчак янглиғ ўраб олиб, уларнинг қонини сўради ва уларни шундай усталик билан кафангадо этадики, худди шу нуқтада у зулмга асосланган тузумнинг даҳшатли тимсолига айланади.
Отаси Ниёз бобо вафотидан кейин етим қолган Қурбон, дастлаб онаси, сўнг отаси вафотидан сўнг ғарибона ҳаёти Қурбон билан кечаётган Моҳзода Парвардигор олдида қандай гуноҳ қилибдиларки, адиб ибораси билан айтсак, “ғаддор фалак аларнинг бошига бир бало тайёрлаган эди”. Бу бало уларга “оталик қилаётган” Ашурқул оқсоқол ва унинг ҳамтовоқлари бўлиб, ёзувчи шу разил кимсалар образини ҳам, Қурбон билан Моҳзода ва унинг отаси Жума образларини ҳам ёрқин бўёқлар билан тасвирлаган.
Бу асарни ўқиган китобхон адибнинг нафақат қаҳрамонлар портрети ва табиат манзараларини тасвирлаш, балки тарихий давр ҳаётини икки қутбдаги қаҳрамонлар тақдири орқали бадиий мужассамлантириш, улар руҳий кечинмаларини очиш ва ички монологларини ифодалаш санъатига, муаллифга хос аналитик тафаккур жилваларига қойил қолади. Романнинг бу ва бошқа фазилатлари Мирзо Қўқонбойнинг икки тилда ижод қилган тарихнавис адиб С.Айний билан бир қаторда турувчи ижодкор бўлганидан далолат беради.
Афсуски, адибнинг самарқандлик машҳур халқ қаҳрамони — Намоз ўғрига бағишланган сўнгги романи ҳозирча тўла ҳолда топилиб, нашр этилганича йўқ. Аммо ўйлаймизки, “Тоғ қизи” романини ёзиш жараёнида бадиий ижод довонларини забт этган адиб бу асари билан ҳам адабиётимизнинг бадиий уфқларини маълум даражада кенгайтиришга эришган бўлиши мумкин.
Эҳтимол, ёш жиҳатидан М.Беҳбудий ва Фитрат билан авлоддош, аммо асосий асарлари 30-йилларда яратилган Мирзо Қўқонбойни миллий уйғониш даври адабиётининг намояндаси сифатида текшириш тўғри бўлмас. Биз бу ўзига хос ижодкор асарларига 30-йиллар адабиётининг мулки сифатида ёндашганимизда ҳам улар қон томирида жадидона зарралар мавжудлигини сезамиз. Бизнингча, муҳими Мирзо Қўқонбой ижодини икки халқ адабиётининг қайси даврига киритиш масаласи эмас, балки таваллудининг 140 йиллигида ёзувчи сифатида кашф этилиши ва асарларининг нашр этилиб, китобхонлар қўлига етиб боришидадир. Ўйлаймизки, Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзода ижоди ХХ аср ўзбек ва тожик адабиётлари тарихидан муносиб ўрин эгаллайди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 41-сонидан олинди.