Бутун дунёда қадриятлар алмашиши, интеграциялашув, глобаллашув, таъбир жоиз бўлса, маданиятлар аралашуви, синтезлашув жараёни кечаётган ҳозирги пайтда ўзга урф-одатларга мойил бўлиш табиий ҳол. Кўплаб тадқиқотчилар киши онгини дастурлаштириш, маданий гегемонлик, маданий империализм каби ибораларни қўлламоқдалар. Унда янги маданий тамойилларга кўр-кўрона эргашиш, ҳукмрон маданий ахлоққа бўйсуниш каби ҳодисалар назарда тутилади. Ўйлатадигани шундаки, бунда демократик тамойиллар ва либерализм тушунчаларига асосан ҳеч ким айбланмайди. Ушбу жараён нафақат катталарга, ҳатто болалар руҳиятига ҳам ўз таъсирини ўтказаяпти. Бу борада интернет бошқа ахборот воситаларига қараганда етакчилик қилмоқда.
Бугун компютер технологиялари ҳаётимизда мустаҳам ўринга эга. Эндиликда унда ишлашни билмайдиган ходимни яхши мутахассис дейиш қийин. Агар ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида ёшларнинг энг севимли машғулотлари мусиқа тинглаш ва телекўрсатувлар кўриш бўлган бўлса, ҳозир компютер ва интернет аввалги қизиқишларни сиқиб чиқарди. Замонамиз ёшларининг 70 фоизи ўз қизиқиш ва севимли машғулотлари ҳақида сўз юритганда спорт, дўстлар билан суҳбатлашиш, маънавий ва маданий ҳордиқ чиқариш билан бир қаторда интернет билан шуғулланишни биринчи ўринда тилга олади. Nielsen/Net Ratings компанияси ўтказган сўнгги илмий текширув натижаларига кўра, бутун дунё тармоғига уланаётган ёш болаларнинг сони кун эмас, соат сайин ошиб боряпти: биргина 2007 йили Европада ёш авлод вакилларининг учдан бир қисми онлайн тизимидан фойдалангани кузатилган. 2008 йили дунё ахборот тармоғида 10 миллион ёш «сайр» қилган бўлса, ҳозир уларнинг сони 13 миллиондан ошиб кетган. Бу кўрсаткич кундан-кунга кўпаймоқда. Бундай онлайн ҳаётда яшайдиган ёшларнинг катта қисми — 4,5 миллиони Буюк Британияга тўғри келади. Улар ҳар куни электрон манзилларни текширади, турли хил сайтлардан маълумот излайди ва чат(глобал тармоқдаги суҳбатхона)лар орқали мулоқотда бўлишади. Германияда ҳозирча 3 миллион ва Францияда эса 1,5 миллион йигит-қиз вақтини асосан онлайн тизимида ўтказади. Бир йилдан сўнг бу кўрсаткич икки баробарга ошиши кутилмоқда. Компютер саводхонлиги шу даражада баландки, бугун ҳатто олти яшар бола ҳам блутус (bluetooth) ва спам нималигини катталарга нисбатан яхши билади.
Дунёнинг ривожланган мамлакатларидан бири Канадада ўн етти ёшгача бўлган 6 минг бола ўртасида ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, интернетдан улар фақат ахборот олиш мақсадида фойдаланишмас экан. Канада ёшларининг ярмидан кўпи интернет ва компютер технологияларини ота-оналаридан яхшироқ билишини айтган. Уларнинг 80 фоизи мустақил равишда интернетга уланишини, ота-оналари компютерга ҳимоя воситаси бўлган филтрлаш дастурини ўрнатиб қўймагани ва фарзандлари қандай сайтларга киришини назорат қилмаслигини тан олишди. Умуман олганда, аксарият ота-оналар, аниқроғи, уларнинг 65 фоизи фарзандлари интернетдан фақат уй вазифасини тайёрлаш учун фойдаланади, деган фикрда. Улар эса асосан интернет орқали мусиқа тинглайди, электрон манзилларни текширади, хуллас, вақтичоғлик қилади. Ёшларнинг учдан икки қисми интернетга янги дўстлар орттириш ва ким биландир суҳбатлашиш мақсадида уланади, уларнинг 15 фоизи бу муносабатларни кейинчалик реал ҳаётда давом эттирар экан. Мулоқотнинг бу каби шакллари яхши албатта. Лекин, мутахассисларнинг фикрича, ёши ўнга етмаган бола одатда мустақил равишда интернетдан фойдаланиш учун зарур бўлган танқидий фикрлаш ва шу асосда маълумотларни фарқлаш, уларни ажрата билиш, бошқача айтганда, «фильтрлай» олиш, яъни ижтимоий иммунитет қобилиятига эга эмас. Шу сабабли ёлғиз қолганда ҳам интернетдан фойдаланиш эҳтимоли бўлган болани қаттиқ назорат остига олиш керак, унга ўзи ҳақидаги шахсий маълумотларни интернет орқали танишган одамларга айтмасликни ўргатиш зарур. Сўнгги пайтларда интернет орқали таъқиб этиш ёки, илмий тилда айтадиган бўлсак, грифинг ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Бу каби тармоқ безорилигининг энг биринчи қурбонлари айнан ёшлар, хусусан, ўсмирлар ҳисобланади. Бир қарашда беозор туюлган чат хоналар ёки, махсус мулоқот дастурлари орқали кечадиган суҳбатлар тафаккури энди шаклланаётган болаларни баъзан жиноятгача етаклаб бораётгани бор ҳақиқат.
Виртуал секта ёки грифинг билан шуғулланадиганлар ёки грифёрлар замонавий ёшларнинг қизиқишларидан жуда яхши хабардор бўлиб, онлайн конференция, форум хоналарида исталган мавзуда суҳбат юритиши, ўзларини уларнинг муаммоларини тушунадиган одамлар сифатида кўрсатиши мумкин, бунинг устига, веб тармоқда анонимликни сақлаш хусусияти қисқа фурсат ичида ишончга кириб олишга имкон яратади. Грифинг билан курашишнинг энг оддий усули — компютерга махсус тақиқлов дастурлари (энг машҳурлари Киберпатруль ёки Кидсконтрол)ни ўрнатиш. Шунда зарарли манбалардан келадиган барча хабарлар автоматик тарзда филтрланади ёки дастурга ота-оналар томонидан киритилган чеклов туфайли боланинг ўзи қизиқиб ножўя ахборотни олмоқчи бўлганда, автоматик тақиқ ишга тушади. Айни пайтда мазкур дастурлар ҳам тўлиқ хавфсизликни кафолатлай олмайди, чунки баъзида улар фойдали ахборотни чеклаб қўйиши ёки кераксизини ўтказиб юбориши мумкин.
Ҳозирги кунда кўплаб мамлакатларда интернетдан фойдаланиш кўникмалари қўшимча дарс сифатида мактаб дастурларига киритила бошланди. Буни ҳам грифингга қарши курашишнинг ўзига хос усули сифатида кўрсатиш мумкин. Негаки, факултатив дарслар орқали болалар интернетдан олинадиган маълумотларнинг қанчалик ҳаққоний ва тўғри эканини текширишга ўргатилади. Бундай сабоқлар, айниқса, ўсмирлар учун зарур.
Интернетда ўсмир ёшлар учун грифингдан ташқари яна бир қанча хавфлар ҳам бор. Яъни болалар ва интернет муаммоси тобора чуқурлашиб бораётган бир пайтда, экстремистик характердаги секта ва уюшмалар сайтларининг фойдаланиш учун очиқлиги, виртуал фирибгарликка кенг йўл қўйилганини ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Болаларнинг қизиқувчан табиати уларни юқорида тилга олинган турдаги сайтларга етаклаши, бу веб-саҳифаларда уларнинг руҳий ёки жисмоний соғлиғига хавф солувчи маълумотларни кўришига олиб келиши табиий. Турли сайтлар орқали олинган хабарлар руҳан таъсир ўтказиб, болаларни интернет доирасида ва ундан ташқарида ҳам жиноятга ундаши ҳеч гап эмас.
Банк ёки кредит карточкасидаги ҳисоб рақамларини билган болакайлар онлайн савдоларда қатнашиш имкони билан кичик ўйинчоқдан тортиб то энг сўнгги русумдаги машинага қадар сотиб олиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади. Бу эса уларни виртуал фирибгарларнинг нишонига айлантиради. Шу сабабли глобал тармоқдан фойдаланувчилар кўп бўлган Белорусда бу каби муаммолар қатор янги касбларнинг вужудга келишига ҳам туртки бўлган. Янги турдаги мазкур мутахассисларнинг вазифаси оилада интернетдан фойдаланиш маданиятини жорий этиш ва болаларга психологик, маънавий ҳамда жисмоний зарар етказмайдиган очиқ ва хавфсиз ахборот маконини яратишдан иборат.
Дунё миқёсида 38 фоиз болалар зўравонлик руҳидаги сайтларни, 26 фоиз бола миллатчилик характеридаги веб-саҳифаларни мунтазам кузатиб бориши маълум бўлди. 2008 йилнинг охирги ойларида дунёнинг энг машҳур компанияларидан бири бўлмиш «Майкросфт» 28 давлатда ўзининг чат хоналарини ёпишини эълон қилди. Бу ҳаракат болалар муаммолари билан шуғулланувчи ҳуқуқ-тартибот ҳамда хайрия ташкилотлари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди, чунки назоратсиз форум хоналар спам, вирус ва ахлоқсиз ахборотни тарқатиш манбаига айланиб қолган эди. Шу тариқа MSNнинг текин чатлари Европа, Яқин Шарқ, Африка, Осиё ва Лотин Америкасининг кўплаб мамлакатларида ўз фаолиятини тўхтатди.
Замонавий технологияларнинг тез суръатларда ўсишига қарамай, одамлар улардан қандай оқилона фойдаланиш кераклигини тўлиқ англаб етмаган. Компютер ва интернетгача бўлган даврда ўсиб-улғайган аксарият ота-оналар ва муаллимлар агар бола интернетдан фойдалана бошласа, албатта, фойдасидан зарари кўпроқ, деб ўйлайди. Болани компютер ёки интернетдан чалғитиш ҳаракати замирида бошқа бир муаммо, яъни катталарнинг бу масалада нисбатан саводсиз экани аниқланди. Агар уларнинг ўзлари аввал технологиялар саводсизлиги масаласига жиддийроқ ёндашиб, уни бартараф этишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Негаки, биргина шу сабабга кўра болани технологиялардан ажратиб қўйиш тўғри эмас. Интернетнинг хавфлилик жиҳати шундаки, унда муайян маънавий ахлоқий меъёрлар йўқ. Илгари бу тармоқдан хавфсираш нисбатан камроқ эди, эндиликда эса хавф икки жиҳатдан ортган. Биринчиси, ҳажм ва қамров жиҳатдан бўлиб интернетдан фойдаланиш арзонлашди. Компютер бирор моддий мулк эмас, балки оддий иш қуролига айланди. Унга эга бўлиш худди телевизор сотиб олишдек осон бўлиб қолди. Қолаверса, интернет маҳсулотларидан фойдаланиш нафақат компютерда, балки қандайдир чегирмалар билан мобил алоқа воситаларида ҳам кечмоқда. Иккинчиси, интернет тармоғининг ичида қизиқишни, мойилликни оширувчи воситаларнинг ўйлаб топилишидир. Масалан, баъзи ўйинларнинг ютуғига пул қўйилган, улар совринли мусобақани эмас, балки қиморни кўпроқ эслатади. Аниқлашимизча, интернетдаги баъзи мураккаб ўйинларни фақат кичик ёшдагиларгина эмас, катталар ҳам ўйнашади. Виртуал қаҳрамонларнинг ёвуз мақсадлари пешонангдан совуқ тер чиқарадиган даражада даҳшатлидир.
Интернетдан фойдаланиш гўёки тиконзор ичидан гул теришдек бўлиб қолди. Star craft, Line age, GTA, Catwoman, Transformars, Lift for dead, Sims sity, Mortal combat, War Craft, Duty Jj3, Call of Duty, Shiper ops Red, Aylerd SPOR каби ўйинлар болаларга ёвузлик руҳида эртак айтишдан ташқари уларни «қаҳрамон» сифатида ўз ёвуз оламига олиб кириб кетади. Энди компютер қаршисидаги бола сайтда ўз виртуал қиёфасини яратиб, турли кўнгилсиз воқеалардан иборат ҳаёт ичига киради. Айниқса, олис масофадаги «админ»лар назорат қилаётган интернетаро ўйналаётган Line age ўйини хавфлилик жиҳатдан юқори даражада. Бунда бола «шафқатсиз ҳаёт» қўйнига сингишдан аввал виртуал қаҳрамонига, яъни ўзига қилич танлайди. У турли бонусларни ютгани сари қирғин қуроли мукаммаллашиб бораверади. Масалан, қуроллари — хом, сом, арка, лук (камон), болға, шина, қилич (драконик), қилич (дестрный), сочма милтиқ ва ҳоказолар виртуал қиёфага куч беради. Бундан ташқари, илк босқичларда жонни кўпайтирувчи бафлар, ўқ тешиб ўтмас БИЖА кийимлар, зирҳлар Д, А, С категорияларда сақланади. Уларга эга чиқиш учун турли «машаққатли синовлар»дан ўтилиб, қасрларни куч билан эгаллайди. Унда ғарбдаги афсона-асотир образлари — оқ-қора элфлар, орклар, гномлар, титанлар, бадбашара одамлар билан шафқатсизларча уруш олиб борилади. Бунда раҳм-шафқат кўрсатилмайди, чунки, раҳмдиллик кўрсатадиган «қаҳрамон» шу раҳмдиллиги қурбонига айланади(?!). Ўйин шундай қурилганки, бунда озгина раҳмдилликни маҳв қилувчи юзлаб макрлар ишлатилади.
Мазкур тармоқлараро ўйинда ҳар бир қатнашувчининг бонуслари, жони, ҳимоя кийими каби ашқол-дашқоллари яширилган ўз кодлари бўлиб, уни тасодифан топиб олган бошқа қатнашувчи тап тортмай ўғирлайди ва бунинг оқибатида ўғрилик, беҳаёлик, шафқатсизлик реал ҳаётга кўчиши мумкин. Чунки, бундай бонуслардан ажралган киши админ орқали «ўғри»нинг кимлигини топиб жазоламоқчи бўлади. Афсуски, биздаги маълумотларга кўра, шу ўйин оқибатида МДҲда икки марта қотиллик жинояти бўлган. Бизда эса, бир марта безорилик (муштлашув) юз берди. Ачинарлиси шундаки, баъзи катта ёшдагилар ҳам бу ўйинни қизиқиб ўйнаётирлар. «Шафқатсиз қаҳрамон» ўрни келганида бошқа бегона чорасиз «қаҳрамонлар» билан уюшиб ҳаракат қилишига ҳам тўғри келади. Қийин вазиятдан чиқиб олгач эса, улар бир-бирига қарши уришади. Чунки, ўйиннинг ягона қоидаси: «Сен ўлдирмасанг, сени ўлдирадилар». Боягина бир-бирига «ёрдам» берган ҳамкорлар энди бир-бирини «ўлдиради». Мана сизга ғайриинсонийлик. Виртуал оламда кечаётган зўравонлик, сотқинлик, беҳаёлик, ўғрилик, бузуқлик эртага реал ҳаётга кўчмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Чунки, боланинг нафсини, шайтонини қувватлантираётган, «парваришланмаса» ҳеч қачон юзага чиқмайдиган яширин туйғулар бир кун кўча-кўйда «намоён бўлмайди», деб айтолмаймиз. Шунинг учун ҳам компютерда сайтларни «кавлаётган» болаларнинг оталари дўппини ерга қўйиб, оналари бир озгина қозон-чўмичларини бир четга қўйиб ўйлаб, мулоҳаза юритсалар, фарзандларининг тарбиясига озроқ вақт ажратсалар яхши бўлур эди. Чунки, юқоридаги ҳолатлардан нафақат ўзлари, балки жамият ҳам зарар кўради.
2007 йилдаги маълумотга назар солайлик: ВВС News хабарига кўра, Германиядаги мутасаддилар мамлакатдаги интернет тармоғида ишловчи 12 минг кишини болалар порнографиясига оид материал алмашув тармоғи аъзоси деб гумон қилган. UPI агентлигининг қайд этишича, улардан 1700 нафарига айблов эълон қилинган. 2008 йилнинг ёз ойида бошланган глобал рейд Саксония-Анхальт федерал ерида 300 нафар гумондорнинг хатти-ҳаракатини текширишдан бошланган ушбу тадбир дунёнинг 70 мамлакатида давом этиб келаяпти. Associated Press ахборот агентлигининг илк хабарига асосланган мазкур жиноятнинг очилишида Интернет-провайдерларидан бирининг ахбороти далил бўлган. Ушбу жиноятда болалар порнографиясини тарғиб қилувчи порталга кириш билан боғлиқ жуда кўп ҳолатлар аниқланган.
Ғарб “оммавий маданияти” (аниқроғи маданиятсизлиги!) — инсоннинг тубан иллатларини жунбушга келтирувчи реп, поп, рок мусиқаларининг асирига айланган айрим ёш йигит-қизларимиз халқимизнинг бебаҳо маънавий дурдоналари — ўлан, баёз, лапар ва айтишувлар, мақом ва бетакрор миллий оҳангларимизни тинглашармикин? Ачинарлиси шундаки, бугун ёшларимиз ғарб эстрадасининг “юлдуз”ларини таниш тугул, ҳаёт тарзини, қўпол қилиб айтганда, неча марта турмушдан ажраганию бир кунда кўринишини (имиджини) қанча бор ўзгартирганини беш қўлдай билади, аммо Навоийдан бирорта ғазал ёки “Шошмақом”дан биргина куй номини сўрасангиз ойдан тушгандай елка қисишади.
Сирасини айтганда, интернет сайтларидаги “маҳсулот”ларни танқид қилиш осон. Уларга муқобил миллий, болалар ва ўсмирларга мос, уларнинг қизиқиш оламларига хос ижод маҳсулларини биз ҳам ишлаб чиқарсак бўлади. Бугун фарзандингиз китоб ўқимаса расмли китоб келтириб, шу расмдаги воқеани китобга ёзган, десангиз, у албатта ўқийди. Худди шу нарсани компютер оламига кўчирсангиз, у шубҳасиз бошқа чалғитувчи сайтларга кирмайди, деб ўйлайман. Чунки одатда бирор нимани тақиқлашдан аввал унга муқобил бошқа афзалроқ нарса таклиф қилинади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 41-сонидан олинди.