Маҳмуд ака билан, аниқ эсимда йўқ, ишқилиб, етмишинчи йилларнинг бошида Фанлар академиясининг аспирантлар ётоқхонасида танишганман. Тошкентга янги келганман, Самарқанддан ўзига укасидек яқин олиб, доим қўллаб юрадиган устозим Ҳотам ака Умуров дўсти Мурод ака Иброҳимовга учрашимни тайинлаб юборган, у киши қаёққа бош суқишимни билмай, сарсон юрган пайтларимда хонасидан бошпана бериб турган. Мурод акани Оллоҳ раҳмат қилсин, жуда яхши одам эдилар, кўп яхшиликларини кўрганман. Маҳмуд ака Мурод аканинг дўсти, ёнига борганида суҳбатларида бўлиб, шу билан бир умрга ака-ука бўлиб қолганмиз.
Ўзи, инсоннинг ҳаёти яхши одамлар кўрсатадиган яхшиликлар силсиласидан иборат, таржимаи ҳолингизга мундоқ разм солсангиз, сизни шу ҳолингизга олиб келган яқин кишилар кўз олдингизда узун қатор тизилиб, сиз қайтара олмаган хизматлари хотирингизни маълул қилади.
Етмиш бешинчи йили Маҳмуд ака «Гулистон» журналига мақоламни олган. Ёзувчи Турғун Пўлатнинг «Ичкуёв» қиссасига тақриз эди. «Вафот этган ёзувчининг асарига ёзиб, жуда хайрли иш қилибсан, берамиз», деб у киши ҳам мени хурсанд қилди, ҳам ўша пайтлардаги адабий жараён, танқидчиликнинг тагзаминида баъзан манфаат, ошна-оғайнигарчилик ҳам бўлишидан сергаклантириб қўйди. Мен учун «Гулистон» журналига мақолам олиниши тушимга ҳам кирмаган мартаба, чўққига олиб чиқадиган қанотни елкамга ёпиштириш билан баробар эди. Лекин уни маъқул деган одам яна кўзойнагини бурнининг устига қўндириб, мен не ҳасратда қойиллатяпман, деб тўлдирган даста қоғознинг устидан «расм солиб» кетса! Ўзимча яхши ёзаман, ёзаётганда жумла нималигини қўлим билан ҳам ҳис қилишим керак деб, ҳатто ручкагача танлайдиган одамман, Маҳмуд аканинг чизмакашлигига қараб кайфим учиб кетди. Соғ қолган жумла йўқ, чизилган, ўчирилган, яна саҳифанинг ёнидан ҳам, бошидан ҳам, ҳар ёғидан бедана тузоққа тушириб киритилган ғиж-биж сўзлар. Қоғоз қора қонига бўлмаса-да, кўк сиёҳига бўялди. «Бўлди-қилди»ни, яъни «бўлмоқ», «қилмоқ» феълларини шунақа кўп урчитишимни ўзим мутлақо билмаган эканман.
Маҳмуд ака бир саҳифани кўргандан кейин: «Ма-э, саводсиз экансан-ку», деб қайтариб берса керак деган эдим, йўқ, «Мана, қара-да, мен ўзимдан бир фикр ҳам қўшмаяпман, сеникини тозалаб, очяпман. Яхши ёзгансан, лекин чиқит, паразит сўзлар кўп. «Бўлди-қилди»ни мунча яхши кўрмасанг», деб тақризимни охирги жумласигача битта ҳам қолдирмай бўяб чиқди; биронта сўз эътибордан четда қолмади. «Қора қони»га беланган «асар»имга қараб, бу тузоқлар, сиртмоқлар, киритмалар, устидан ҳам, остидан ҳам қилинган чумолийўл тузатишлардан биров бир нарсани тушунармикан десам, машинкачи қизлар Маҳмуд аканинг «ребус»ларини жуда осон ечар экан, босилганини ўқиб кўрсам, мен ёзган нарса, худди ўзгармагандек, лекин айтмоқчи бўлган гапларим шундай жаранглаб, равшан фикр бериб турибдики, ёзганимга ўзим ҳам ишонмайман.
Шу нарсам устида ишлаётганида Маҳмуд аканинг завқини кўрганман. Таҳрир қилиш завқини. Маҳмуд аканинг газета ва журналларда ишлаган бутун умрида шу завқ бор ва бу завқ умуман бугунги адабиётимизга катта таъсир ўтказган. Ҳали бу гапга қайтаман.
Тақризим «Гулистон»да босилгандан бир йил ўтиб, ўзим ҳам Маҳмуд аканинг ёнида ўтириб бошқаларнинг асарларига «расм солиш», жумла «бўяш»ни ўргана бошладим. Яъни, шу журналга ишга ўтдим. Албатта, Маҳмуд аканинг таклифи ва бош муҳаррир Асқад Мухтор, у кишининг ўринбосари Ваҳоб Рўзиматовга тавсияси билан. Журналнинг шу кишилар раҳбарлик қилган даври адабиётимизда алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда таниқли, номдор ўнлаб ёзувчи ва шоирларимиз ўша пайти, яъни етмишинчи йилларнинг иккинчи ярмида айнан «Гулистон» журналида тетапоя бўлган.
Журнални бундай мартабага кўтаришнинг замирида, албатта, ҳали айтганим, завқли ва… ниҳоятда оғир меҳнат ётар эди. Буни нашрлар саҳифаси устида тер тўкиб ётган заҳматкашлар жуда яхши билади. Ўшанда кун бўйи «Гулистон» материалларидан бош кўтармай, кечқурун «Кўк гумбаз» чойхонасида кундузи қилган ишининг ҳаяжонини боса олмай, чойнак-чойнак чой бўшатиб, томоғи бўғилиб қолгунча баҳслашган Мурод Хидир, Тоҳир Малик, Эркин Аъзамов, Сулаймон Раҳмон, Саъдулла Аҳмад, Абдулла Шер каби ҳамкасблар таҳрир завқини ҳали-ҳануз унутолмаймиз. Маҳмуд ака эса ўзгармаган, ўн йил олдин ҳам, йигирма йил, ўттиз-қирқ йил олдин ҳам шундай эди. Ҳозир ҳам қўлига тушган мақолага шундай берилиб, завқ билан ишлов беради. Бир ўйлаб кўринг, Маҳмуд ака ҳозир етмишга чиқиб, таҳрирчилик фаолиятини, дейлик, йигирма беш ёшларидан бошлаган бўлса, шу давр бадалида қўлидан ўтган асарлар неча-неча юз жилд китоб бўлади! Шуларнинг ҳаммасига сўзма-сўз кўз нурини берган, ҳар битта жумланинг устида букчайган. Ҳар бир мақола ё ҳикоянинг устида фақат мен билан эмас, умуман қоғозини кўтариб келган қалам аҳли борки, ҳаммамиз билан яккама-якка ўтириб, бирга «расм солган». «Торта олмаган», қайтарилган асарларнинг ҳеч ким ҳисобига етмаган. Уларнинг ҳам бирортаси ўқилмай, муаллифига тушунтирилмай қолмайди. Бу меҳнатга кундалик бўлгани учун кўникилган, билмаган одамга одатий туюлади. Лекин… адабиётни шу меҳнат яратади. Адабиётнинг бугунги мавқе-даражасида Маҳмуд акага ўхшаган таҳрирчиларнинг сиртдан бўртиб турмайдиган, камтар-камсуқум, лекин буюк меҳнати ётади. Бу ҳақиқатан ҳам буюк, юки фақат чидаганга чиқарган оғир, одамнинг бутун умрини оладиган, баъзан ҳаммасини бошқаларга бериб, ўзига миннатдорликдан бошқа нарса қолдирмайдиган ниҳоятда ғалати меҳнат. Одам қўлига тушган нарсаларга талаб билан ёндашади, бировники бўлгани учун талабнинг оғирлиги аввалло ўзининг зиммасига тушади, кун-кундан ошган талаб бир кун келиб «фетиш» — «маъбуд»га айланади, ўнлаб одамларнинг юзлаб асарларини таҳрир қилиб ўрганган одамнинг ўзи ёзишига… Хуллас, масъулияти имкониятидан ҳам каттариб кетади. Кейин, йиллаб бошқаларнинг ҳар хил мавзу, ҳар хил жанрда, фикр услуби, ифода усуллари ёзиш турлича асарларини йиллаб таҳрир қилиш, албатта, ниҳоятда керак, хайрли, шарафли иш, аммо муҳаррирнинг ижодий қувватини сўриб, ўзи ёзишига ҳеч нарса қолдирмайдиган сурункали, ниҳояси йўқ бир заҳмат ҳам. Бутун умрини шу тарзда сўз санъатига фидо қилиб, ўз ижодлари орзуларидагина мавжуд бўлиб қолаётган ҳамкасбларимизнинг шовқинсиз, кўринмайдиган тер тўкишлари билан матбуотимиз матбуот, адабиётимиз шу даражада. Бизда таҳрир меҳнатига алоҳида ҳақ тўланмайди, муҳаррир лавозими учун маош олади, лекин унинг бошқа муаллифлар асарига ишлов бериши ўзиникини ёзишидан устун туради ва уни маош билангина баҳолаб бўлмайди.
Яна бир томони ҳам борки, ҳаммани тузатиб, таҳрир қиладиган одам ўзидан ҳаммадан баланд ёзишни кутади ва жуда кам ёзади ёки бошқаларнинг устидан ишлаб, чиқариб берган асарларини ўзиники қабул қилиб ҳам ишлайверади. Бу маънода Маҳмуд ака дунёга келтирган асарларнинг саноғи йўқ. Тўғри маънода ҳам шундай. Маҳмуд ака қўлидан етаклаб, елкасидан итариб, юрмаганларини судраб ҳам адабиётга олиб кирган ижодкорлар жуда кўп. Шуларнинг қарийб ҳаммаси у билан бир умр ҳамкорликда, доим у кишидан аниқ фикр кутади, у киши ҳам қаламини қайраб, ҳамиша тайёр…
Гапни ўзимдан бошлагандим — Маҳмуд ака биринчи мақоламни чоп этиб, адабий жараёнга қўлимдан етаклаб олиб кирган, шу жараёнда сузишни ўргатган. Яна ўзимга келсам, ҳозир ҳам у кишига талпинаман, фикрини эшитгим келади. Чунки аямай гапиради. Кўп йиллар ёзмай юриб, бултур «Ҳали ҳаёт бор» деган бир қисса ёздим. Ўқишга биринчилардан бўлиб Маҳмуд акага берган эдим, у киши ўқиб, шунинг номига ҳам: «Анави аёл қаҳрамоннинг гапидан олинган экан, қўштирноқни ёпишдан олдин уч нуқта қўйиш керак», деб тузатиш киритди. Ўша Маҳмуд ака-да.
Ўша-ўша, жуда кўп ижодкорларга акалик қилган, адабиётда укалари жуда кўп, ҳали ҳам кўзойнагини бурнининг устига қўндириб, «ўзимизнинг Жанқовуллар тумтумаклари» устидан эринмай бўяб, яна орада чаёнқалампирдай аччиқ истеҳзо қилиб ўтирадиган Маҳмуд Саъдий акамиз — ҳамманинг бирдек ҳурматини қозонган хизмат кўрсатган муҳаррир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 31-сонидан олинди.