Ўтган асрнинг 60-йиллари. Эндиликда кўркам шаҳарчага айланган Чилонзор мисли кўрилмаган улкан қурилиш майдонига айланган. Кўп қаватли бинолар мисоли қўзиқориндай ғовлаб, осмону фалакка бўй чўзган. Ундан ҳам муҳими — бу уйлардан ёзувчилар, олим ва санъаткорлар ҳам баҳраманд бўла бошлаган. Шундай кунларнинг бирида:
— Уйимизга Озод Шарафиддинов деган олим кўчиб келяпти. Буюмларидан китоблари кўп. Бир машинага сиғмайди! — деган гаплар қулоғимга чалинди.
Мен Озодни билардим. У Москвада яқинда диссертация ёқлаб, диплом олиб келган. Келиши биланоқ Ёзувчилар уюшмасида тузилган ёш адиблар семинарида иштирок эта бошлаган эди.
Шоша-пиша ҳовлига тушдим. Озод бўй-басти келишган, хушқад, хушсурат йигит эди. Фақат сочлари тўкилиб, боши ялтираб қолган. Озод бу ҳақда:
— Ақлли сочларим тентак бошимда ўсишни истамай, уни тарк этяпти. Не чора? — деб кулиб гапирарди. Кейин билсам Озод кулги деганда ўзини томдан ташлайдиган қувноқ инсонлар тоифасига кираркан.
У мени кўриб:
— Э, сиз ҳам кўчиб келганмисиз? Яхши бўпти. Қўшничилик қилар эканмиз, — деб кулди-да, шу заҳотиёқ уйга таклиф қилди.
Ўшанда Озодга кўп фарзандли оила эканини ҳисобга олиб, уч хонали уй берилган экан. Биз чиққанда Озоднинг рафиқаси Шарофатхон билан фарзандлари Муҳаббатхон, ўғиллари Фарҳод ва Алишерлар китобларни жавонларга тераётган экан, Озод рафиқаси Шарофатхонга:
— Мана, қўшнимиз Одил бизни табриклаб келибди. Дастурхон ёз. Бу йигит Ёзувчилар уюшмасида катта мансабда. Бизга асқотади ҳали! — деб гапирди-да, ўзи дарҳол дастурхон ёза бошлади…
Кейинчалик “Жаҳон адабиёти” журнали таъсис этилганда Президентимиз Ислом Каримов бош муҳаррир лавозимига Озодни таклиф этгани адиблар даврасида кўпчиликка маълум.
Шунда Озод Ислом акага:
— Танқидчилик жуда қийин соҳа-ку, Ислом Абдуғаниевич, балки мендан бошқа одамни топарсизлар, — деганда Президентимиз:
— Мен биламан, сиз ишнинг кўплигидан эмас, аксинча, иш озлигидан азият чекадиган инсонлар тоифасига кирасиз. Сиз ишни бошлайверинг, соғлиғингиз ҳақида биз ўйлайлик, — деганини Озод кўп эслаб:
— Бундай гапдан кейин мен Президентимизнинг бу таклифини қандай рад этардим, — деди.
Ҳақиқатан, Озод “Жаҳон адабиёти” журналига бутун ақлу заковатини бағишлаб ишлади. Ҳатто оғир касаллик хиппа бўға бошлаганда ҳам у таслим бўлавермади, аксинча, ишга қаттиқ шўнғиди, ишдан ҳаловат қидирди. Ҳеч ёдимдан чиқмайди, бир куни у телефон қилиб:
— Одил, бугун кечқурун мен Россиянинг элчисини таклиф қилганман. Марямхонни олиб кел, яхши одамга ўхшайди, гаплашиб ўтирамиз, — деб қолди.
Элчи ҳақиқатан ҳам вазмин ва камтарин инсон экан. Озод мендан ташқари Матёқуб билан Пиримқул ва Эркинжонни ҳам чақирган экан. Яхши давра бўлди. Яхши гаплардан гапиришиб, кулишиб ўтирдик. Фақат меҳмондорчилик давомида Озод уч-тўрт марта ташқарига чиқиб-кириб турди. Мен уни дастурхондан кўнгли тўлмай, Шарофатхонга кўрсатма бериб кириб-чиқиб тургандир-да, деб ўйладим. Эртасига Озодга телефон қилиб:
— Озод, кеча жуда безовта бўлдинг-ку? Ё дастурхондан кўнглинг тўлмадими, — деб сўраган эдим, Озод “уф” тортиб:
— Э, дўстим, нимасини сўрайсан? Мана бу ёмон касал кеча яна хуруж қилиб қолди. Ҳар сафар еган-ичганларимни қайт қиляпман. Томоғимдан овқат ўтмаяпти, — деб қолди. Шунда мен азиз дўстимнинг чидами ва иродасига яна бир бор қойил қолдим. Не чора? Бу кўргулик ҳам бор экан-да, бошимизда. Бошга тушганини кўз кўрар дейди-ку халқимиз.
Озод шеъриятни яхши кўрар, яхши билар, у яхши кўрган шеърларини ёдга олиб, давраларда ўқиб юрарди. Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов шеърларини ёддан ўқиб, айтиб юрарди. Айниқса, Абдуллажоннинг “Биринчи муҳаббатим”, “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” деган шеърларини ёддан айтиб беришни яхши кўрарди. “Ура-ура”чилик руҳига тўлиб-тошган шеърларни эса энсаси қотиб эсларди…
Озод, умуман, дабдабабозликни, бошқалардан ажралиб туришни, иззатталабликни жини суймас эди. Бир сафар касалхонага тушганида Шарофатхон иккисини ҳукумат шифохонасидаги алоҳида хонага ётқизишган экан, бу жойлар Озодга жуда зерикарли туюлибди.
— Кечаси билан ухлай олмадим, — деди Озод нолиб. — Тонг отсин, ҳамма ётадиган хоналарга ўтиб оламиз. Кўпчилик билан бирга бўлганга не етсин!..
Озод устоз Абдулла Қаҳҳорни ўз отасидай ҳурмат қилар, у кишининг ижодини юксак баҳолар эди. Лекин шундай бўлса ҳам, у кишининг энг сўнгги асари “Синчалак”ка берилган юксак баҳога қўшилавермас, асарнинг энг нозик нуқтаси — муштдеккина қиз қудратли раис билан бўлган курашда ғолиб чиқишини ҳаёт ҳақиқатига зид, сохта конфликт, деб ҳисоблар эди. У ўз фикрини ёзган мақоласида айтмаса ҳам, классик ёзувчи билан бўлган суҳбатларида устознинг ўзига ҳам бемалол айтаверар, устоз эса унинг бу фикрига қўшиладими-йўқми, буни тушуниб бўлмас:
— Ҳа, энди биз ёшлар ҳаёти ва ички дунёсини яхши билмаймиз. Сизлар ҳақ бўлишларинг ҳам мумкин, — деб қўя қоларди. Ҳаёт кейинчалик бу баҳсда буюк классигимиз эмас, Озод ҳақ эканини кўрсатди. Озод дўстликни ниҳоят қадрлар, дўстлар бошига бирор мусибат тушса, дарҳол етиб бориб, кўнглини кўтаршига уринар эди.
Сира эсимдан чиқмайди. Онаизорим оламдан ўтганларида Озод ёнига шогирдлари Умарали, Иброҳимжон ва яна бир-икки дўстлари билан Туркистоннинг узоқ қишлоғида ўтган дафн маросимига етиб борган ва улар маросим тугагунча ёнимда бўлишганди.
Озод, умуман, ёш олим ва адибларни яхши кўрар, ёшлар ҳам уни жуда ардоқлар эди. У вафот қилганида мотам маросимига келган ёшу кекса одамлар кўчаларга сиғмай кетди. Улар шунчаки келиб-кетишмай, Чиғатой қабристонигача марҳумни кузатиб боришди… Биз, дўстлари, ҳар йили Озод вафот этган куни унинг хонадонига йиғиламиз, марҳумни хотирлаймиз. Шунда яна бир марта унинг бир уйга сиғмайдиган кутубхонасига қараб, бу хонадонда ўтган маросимлар, бўлган самимий суҳбатларимизни, энг муҳими — Озоднинг ўз халқига қилган улкан хизматларини эслаб, ҳайратга тушамиз. Озод орамизда, у барҳаёт.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 4-сонидан олинди.