Устоз Ойбек хасталик йилларида Умар Ҳайём анъаналарини давом эттириб, рубоий жанрида ижод қилган ва шундай “жажжи мўъжиза”ларининг бирида ёш авлодга қарата бундай деган эди:
Гўзал хулқ гавҳардир, асло бўлмас хор,
Ҳаёт илдизида ундан бир нур бор.
Ҳақиқат ва ахлоқ яқин, туғишган,
Ўғлим, ўйла, умр ўтмасин бекор.
Назаримда, Ойбек юксак маънавият ҳақида айтмоқчи бўлган барча фикрларини шу тўрт ажойиб мисра бағрига сиғдирган эди.
Юксак маънавият… Ўзбекистон мустақилликка эришгандан бери ҳурматли Юртбошимизнинг бутун фикри-зикри юксак маънавиятли навқирон авлодларни шакллантиришга қаратилган. Давлатимиз раҳбари улуғ аждодларимизнинг шўро даврида унутилган номлари ва меросларини эъзозлашга қаратилган ишларга раҳбарлик қиладими, шаҳарларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, муҳташам саройлар, хиёбонлар, лицей ва коллежларнинг барпо этилишида жонбозлик кўрсатадими, буларнинг ҳаммаси замирида фақат бир мақсад — буюк аждодларимизнинг ватанпарварлик, халқпарварлик, фидойилик анъаналарини муносиб давом эттирувчи янги, юксак маънавиятли авлодларни тарбиялаб, вояга етказиш мақсади ётади. Юртбошимизнинг миллий адабиётимизни ривожлантириш бўйича ёзувчилар, адабий жамоатчилик олдида турган долзарб вазифалар юзасидан билдирган фикр-мулоҳазаларида ҳам шу ғоя нурланиб турибди.
Муаллим, ёзувчи ва олим қавмига мансуб кишилар халқнинг ардоғида, ҳурмат ва иззати оғушида яшаб келишган. Улар ўз фаолиятлари билангина эмас, муомала, кийиниш ва юриш-туриш маданияти билан ҳам бошқаларга ибрат намунаси бўлишган. Ота-оналар фарзандларининг қариндош-уруғлари ёки маҳалладошлари орасидаги шундай кишиларга ўхшаб ўқимишли бўлиб улғайишни орзу қилишган. Ёш авлод вакиллари шу тарзда маърифатли ва маданиятли бўлиб камолга етганлар. Аммо шу муҳим омил билан бирга юксак маънавият мактабининг бошқа қудратли қуроли ҳам бўлган. Бу — китоб, адабий асарлардир.
Туни бўйи мижжа қоқмай “Ўтган кунлар” романини ўқиб чиққан китобхон мутолаа жараёнида Отабек ёки Кумушга хос шарқона буюк таълим ва тарбиянинг кўринмас нурларини симирган. “Навоий” романини ўқиб чиққан китобхон эса, мутолаа жараёнида буюк шоирнинг инсонпарварлик, адолатпарварлик, маърифатпарварлик ёғдулари балқиб турган сиймосини ўз қалбига кўчирган. Шоир ва ёзувчилар шу китобхон халққа муносиб асарлар ёзиш ва улар муҳаббатини қозониш борасида ўзаро мусобақалашиб ижод қилганлар. Ана шу тарзда юксак адабиёт юксак маънавиятни шакллантирувчи мактаб бўлиб келди.
“Биз шоир деганда Алишер Навоийдек беназир зотларни, ёзувчи деганда Абдулла Қодирий, Ойбекдек ўз халқи учун нафақат ноёб истеъдоди, айни пайтда, бутун ҳаётини бағишлаган буюк ва мўътабар инсонларни тасаввур этамиз”. Камина Юртбошимизнинг улуғ ижодкорларга нисбатан меҳр порлаб турган шу сўзларини ўқиб, кўзимдан ёш чиқиб кетди, десам муболаға бўлмайди. Бу сўзлар тагида теран маъно ва улкан орзу ётибди. Ҳамма шоир ҳам Алишер Навоий бўла олмаганидек, ҳамма ёзувчи ҳам Абдулла Қодирий ва Ойбек бўла олмайди. Бунинг учун ижодкорда истеъдоддан ташқари, буюк ва мўътабар инсонларга хос фазилатлар ҳам мавжуд бўлиши лозим.
Камина яқин тарихнинг мудҳиш “сир”ларидан бир оз хабардор киши сифатида шуни биламанки, айрим замондошларимиз қийноқларга бардош беролмай, ўзларининг ҳам, ёр-дўстларининг ҳам аллақандай аксилинқилобий ташкилотга аъзо бўлганликлари ҳақидаги сўроқномаларга имзо чекканлари ҳолда Абдулла Қодирий бирор қаламкаш биродарига нисбатан ҳам, ўзига нисбатан ҳам бичиб тўқилган туҳматларни мардона туриб рад этган! Бу инсоний жасоратнинг дояси, шубҳасиз, улуғ адибдаги юксак маънавиятдир.
37-йилнинг “қил кўприги”дан аранг омон ўтган Ойбек 50-йилларда машҳур академик ёзувчи, лауреат, депутат бўлишига қарамай, темир исканжа остига олинганида, бедаво хасталикка йўлиқиб, тилдан қолган. Шунга қарамай, ҳаётининг сўнгги 16 — 17 йилида қаҳрамонларча ижод қилиб, юзлаб шеърлар, “Гули ва Навоий”, “Даврим жароҳати” сингари гўзал достонлар, қисса ва романлар яратди. У “хастаман”, деб дори ичиб ётиши мумкин эди. Лекин адиб ўтаган юксак маънавият мактаби унга яшаш ва ижод қилиш учун катта куч-қувват бағишлади.
Фитрат 1922 йили Германияга ўқишга кетаётган шогирдларини Самарқандга олиб бориб, Гўри Амирда ўзбек халқининг ҳур ва озод келажаги йўлида курашувчи кишилар бўлиб келишлари учун қасамёд қилдирди. 1937 йил арафасида Фитратни профессор лавозимида доимий ишлаш учун Қоҳира университетига таклиф қилишганида у билимини, адабий истеъдодини ўзбек халқига бағишлашини айтиб, 37-йил арафасида турган ватанини тарк этмади. Бу ҳам юксак маънавият намунаси.
Машҳур ёзувчиларимиз шу тарзда ҳатто ўзларининг фожиали ҳаётлари билан ҳам ёш авлодга юксак маънавиятнинг жонли тимсоллари бўлиб қолдилар.
Шундай экан, нафақат олис аждодларимиз, балки улар ҳақида ҳам тарихий-биографик қисса ва романлар, кино ва саҳна асарларини яратиш Юртбошимиз томонидан қалам аҳли олдига қўйилган вазифалар сирасига киради. Абдулла Қодирий ёки Ойбекдек бутун ҳаётини халқи учун бағишлаган буюк ва мўътабар инсонлар ҳақидаги асарларнинг ўзи ҳам навқирон авлодларнинг шаклланишига таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Қолаверса, улар “жамиятнинг олдинги сафларида юрадиган, ҳаётни кузатиб, одамларнинг юрагида, дунёқарашида бўлаётган ўзгаришларни ҳаммадан аввал сезиб, уларни таъсирчан образлар, ёрқин бадиий бўёқлар орқали маҳорат билан ёритиб бера оладиган” ҳозирги шоир ва ёзувчилар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилсалар, айни муддао бўлурди.
Халқнинг, жумладан, навқирон авлоднинг шаклланишида оммавий ахборот воситалари, айниқса, телевидение, кино ва театр муҳим рол ўйнайди. Томга қўндирилган темир ликоплар орқали “оммавий маданият”нинг энг тубан намуналарини — зўравонликни, шафқатсизликни, ахлоқий бузуқликни, пулга бўлган ҳирсни тарғиб қилган кинофилмларни кўрган томошабиннинг миллий қадриятлар руҳида тарбияланиши маҳол. Бу жамиятимизда содир бўлаётган айрим нохуш воқеалардан яққол кўриниб турибди. Бундай “асарлар”ни “оммавий маданият” “мева”лари сифатида тақдим қилувчилар наркотрасса “қаҳрамонлари”дан заррача ҳам фарқ қилмаса керак.
Ёшлар маънавий оламини ёт таъсирлардан муҳофаза этишнинг бирдан-бир йўли ҳаёт ҳақиқати ёрқин бадиий бўёқлар орқали маҳорат билан тасвирланган, Муқанна, Торобий, Широқ, Тўмарис сингари эл-юрт учун куйиниб яшаган фидойи инсонлар образи яратилган асарларни ёзиш ва бу асарларни, ХХI аср реклама санъати эришган ютуқлардан тўла фойдаланган ҳолда эл-юрт ўртасида кенг тарғиб қилишдир.
Адабиёт — қарийб барча санъат турларининг онаси. Агар шоир ва ёзувчиларимиз ўз олдиларига қўйилган вазифаларга жавобан юксак бадиий асарларни ярата олсалар, бу ҳол, ўз навбатида, театр ва кино санъатларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Ўйлаймизки, Юртбошимизнинг ўзбек адабиётининг ҳозирги аҳволи ва тақдири ҳақида астойдил қайғуриб, қимматли фикрларни билдириш билан бирга муҳим амалий чора ва тадбирларни амалга оширишга раҳнамолик қилиши ҳам, шак-шубҳасиз, ўз самараларини беради.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 30-сонидан олинди.