Кўҳна Фарғона замини жаҳонга буюк алломалар, оташнафас шоирлар, эл ардоғидаги машҳур санъаткорларни етказиб берган. Фарғона тарихида ўтган машҳур зотлардан бири Мавлавий Чўбин ёки Домла Чўбин номи билан замондошлари орасида шуҳрат топган мулла Асрорқул Тўпчи Мирзо ўғлидир. Мавлавий Чўбин асли ҳозирги Риштон туманидаги Зоҳидон қишлоғида таваллуд топган. Туғилган йили номаълум, тахминимизча, XIX асрнинг биринчи чорагида дунёга келган. Отаси Қўқон хонлари саройида муншийлик вазифасида хизмат қилган экан. Шу туфайли халқ орасида Тўпчи Мирзо номи билан танилган.
Мулла Асрорқул ўз она қишлоғида хат-саводини чиқаргандан сўнг Қўқонга келади ва машҳур Муҳаммад Алихон мадрасасида ўқий бошлайди. Мазкур билим даргоҳи ўз замонасида Ҳўқанди Латифдаги энг обрўли илм ўчоқларидан бири эди. Асрорқул бу ерда мадраса дастури бўйича чуқур билим олди ва комил мулла бўлиб етишди. Аммо у дунёвий илмларни ўрганишга аҳд қилиб, Ҳиндистон сафарига отланади. Бир неча йиллар Ҳинд диёридаги ўқув даргоҳларида таълим олади. Турли дунёвий фанлар, айниқса, риёзиёт(математика), илми ҳайъат(астрономия) фанларини пухта ўрганади. Шундан сўнг Қўқонга қайтади. Унинг шаҳарга қачон қайтгани маълум эмас. Дунё кўрган, диний ва дунёвий илмлар туфайли етук олим даражасига кўтарилган мулла Асрорқул Ҳўқанди Латиф уламолари орасида тезда шуҳрат қозонади.
Унинг таърифи мамлакат ҳукмдори Саййид Муҳаммад Худоёрхонга ҳам етиб боради. Хон алломани ҳузурига чорлаб, у билан суҳбатлар қуради. Асрорқул Ҳиндистонда эгаллаган билимларни амалда кўрсатиш учун хон ўрдасида “Доираи ҳиндийя” — соядан вақтни ўлчаш соати, яъни қуёш соатини қуради. Бу соат чўб, яъни ёғочдан қурилгани учун мулла Асрорқул халқ орасида “Мавлавий Чўбин” номи билан машҳур бўлиб кетади. “Доираи ҳиндийа” Худоёрхонга маъқул бўлади. Мавлавий Чўбин хоннинг буйруғига кўра Жоме мадрасасининг бош мударриси Улуғхон тўрага ноиб вазифасига тайинланади. Мавлавий бу мадрасада кўп йиллар толиби илмларга дарс беради. Гарчи мадраса дастурида бўлмаса ҳам риёзиёт ва илми ҳайъат фанларидан ҳам қизиқувчи талабаларга сабоқлар беради. У Жоме мадрасасининг ҳовлисида ҳам “Доираи ҳиндийа” ясайди. Бироқ унинг бу машғулотлари замонасидаги айрим мутаассиб руҳонийлар, жоҳил мударрисларнинг иғво ва фасодига дучор бўлади. Оқибатда жаҳолат пешволари Мавлавий Чўбинни куфр ишларни қилишда, яъни кофирликда айблайдилар. Бироқ хондан қўрққанликларидан буни халқ орасида ошкор этмай, пайт пойлаб турадилар.
1875 йили улар кутган кунлар келиб қолди: тахтга интилган мансабпараст амалдорлар фитнасидан қўрққан Худоёрхон рус аскарлари паноҳида Хўқандни ташлаб кетди, хонлик шаҳзода Насриддинбек қўлига ўтди. Бироқ мамлакатда уруш, бузғунчилик давом этаверади. Вазиятдан фойдаланиб қолишни кўзлаган чор Россияси қўшинлари Фарғона водийсига юриш бошлайдилар. 1875 йилнинг августи ўрталарида Насриддинбек мамлакатни рус қўшинларидан ҳимоя қилиш учун катта қўшин билан душман келаётган томонга — Хўжанд сари сафарга отланди. Ана шу пайтда, яъни шаҳарда қўшинлар қолмай, фақатгина тинч аҳолининг ўзи бўлган пайтда Хожа Муҳаммад Бачқирий, Тўхтасин ясовул Янгиқўрғоний, Жаббор Амин Шўрқишлоқий, Қаландарбек Оққўрғоний бошчилигидаги оломон шаҳарга бостириб кириб, хон ўрдасини ва хазиналарини талон-тарож қиладилар, шаҳардаги бир неча машҳур зотларни ўлдирадилар. Улар Жоме мадрасасига ҳам кирадилар. Мавлавий Чўбинга қалбида ғараз ва адоват сақлаб юрган айрим ярамас мударрисларнинг қутқуси билан жоҳил оломон “шариатга хилоф” соатни бузиб ташлайди. Бунга ҳам қаноат қилмай, жоҳил оломон Мавлавий Чўбинни ҳужрасидан масжид ҳовлисига судраб чиқиб, жоме айвони олдида уриб ўлдиради. Домланинг тарафдорларидан бўлган Хўжамқул деган олим оломонга насиҳат қилмоқчи бўлганда, уни уйига қувиб бориб, яшириниб ётган жойидан топиб чиқиб, ўз ҳовлисида қатл этадилар. Оломон бундан ташқари Абдували мударрисни ҳам ўлдиради. Босқинчилар бир-икки кун шаҳарни талаб, сўнг қишлоқларига қайтиб кетадилар.
Мавлавий Чўбиннинг жасадини мулла Исмоил деган шогирди Зоҳидонга элтиб, оила аъзоларига топширади. Домлани катта ҳурмат ва эҳтиром билан ўз она қишлоғидаги қабристонга дафн этадилар. Авлодлари Мавлавий қабри атрофига гуллар экиб қўядилар. Тез орада қабристонда гулзор пайдо бўлади. Шу туфайли бу қабристон эл орасида “Гулмозор” номи билан атала бошланди.
Мавлавий Чўбиннинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида таниқли олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Пўлатжон Қаюмов (1885 — 1964) ўзининг “Тазкирайи Қайюмий” асарида алоҳида бир фаслда сўз юритган бўлиб ва уни “Аҳмад Донишга баробар мунаввар ул-фикр олимлардан бўлиб, шул йўлда шаҳид этилмишдир”, деб таърифлаган эди. Пўлатжон домланинг ёзишича, Мавлавий Чўбиннинг Муҳаммад Амин исмли фарзанди бўлган. Тазкира муаллифи у билан 1908 йили Зоҳидонда учрашган. Ўша пайтда Муҳаммад Амин Асрорқул ўғли қозилик мансабида турган эканлар. Демак, Мавлавийнинг ўғли ҳам замонасининг илмли, диёнатли кишиларидан бўлган экан. Акс ҳолда, у қозилик лавозимига қўйилмаган бўлур эди. Фарғона давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Маликжон Бобораҳимовнинг бизга хабар беришича, Мавлавий Чўбиннинг набираси Усмонали Асрорқулов Зоҳидонда 1997 йили вафот этган. Унинг ўғли Умарали Асрорқулов ҳозир Зоҳидонда яшайди.
Муаррих Мирзо Олим Мушрифнинг “Ансоб ус-салотин ва таворих ул-хавоқин”(“Султонлар насаблари ва хоқонлар тариҳлари”) номли тарихий асарида ҳам жоҳил оломоннинг 1875 йил августида Қўқонга босқин қилгани ва Мавлавий Чўбинни ҳам ҳалок этганлари ҳақида қимматли маълумотлар бор. Мушриф ўз асарида мазкур воқеалар ҳақида битган бир ғазалини ҳам келтиради:
Бир неча соҳиб хуруж ҳодис бино бўлди дариғ,
Феъли шайтони ҳавога мубтало бўлди, дариғ —
деб бошланувчи бу ғазалда:
Нечани қатл айладилар хазнани торож этиб,
Рустойи шаҳр халқиға вабо бўлди, дариғ.
Мавлавий Чўбин била ул Абдумўмин решни
Қатл қилдилар, ҳама кори қазо бўлди дариғ.
Масжиди Жомеъда жамъ ўлди жамики хосу ом,
Чун ҳужуми гуфтгўйи можаро бўлди, дариғ… —
каби мисралар ҳам бор.
Афсуски, Мавлавий Чўбин ҳақида билганларимиз ҳозирча шулардан иборат. Келгусидаги улуғ алломанинг ҳаёти ва фаолиятига доир янги маълумотлар чиқиб қолишидан умидвормиз. Миллий қадриятларимиз қад ростлаётган ушбу кунларда юртдошимиз Мавлавий Чўбин ҳақида маълумотлар кўпаяди, деб ўйлаймиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 40-сонидан олинди.