Буюк физик олим Ампернинг фаромушлиги ҳақида кўпгина латифалар бор: у иккита тухумни қўлида ушлаб туриб, чўнтак соатини уч дақиқа қайнатган экан. Баъзи математик ҳисоб-китобларни ўйлаб хаёл суриб кетаётганида қаршисида ажойиб бир қора доска пайдо бўлиб қолади. Шунда у сираям иккиланмасдан белбурма камзули чўнтагидан бўр бўлагини олиб, натижаларни унга ёза бошлайди. Доска ҳаракатлана бошлаганида ҳам у орқасидан эргашиб, ишини давом эттириб бораверади, ҳаракат тезлиги ошганида Ампер унинг орқасидан югурган ҳолда ёзишни давом эттиради… Доска от-арава-каретанинг қора ранга бўялган орқа тарафи эди.
Ушбу ҳангома хотирамга келишига сабаб, бир куни шаҳар автобусидаги чиптачи йигит мен берган пулга қайтимни узата туриб, чипта ўрнига қайтим пулни ўртасидан бир оз йиртиб қўйгани бўлди. Ким билади дейсиз, у йигитнинг хаёлидан ўша пайт нималар ўтаётганини? Балки у ўша дамда бирор оламшумул кашфиётнинг этагидан ушлаш арафасидамиди ёки ҳаёт ташвишлари унинг фикрини шунчалар банд қилган эдими…
Мени охирги йилларда ёшларимиздаги ахлоқ-одоб ҳайратга солади. Кўча-кўйда бирор нарсани мендан ёки бегона кишидан сўраш эҳтиёжи бўлса, уларнинг қўли кўксида бўлади. Уларни тинглаб, беихтиёр ортидан, отангга, таълим берган устозингга балли, деб юборганингизни билмайсиз. Биз ҳам ёшлигимизда одобсиз бўлмаганмиз, лекин ҳозирги ёшларнинг одоби янада ҳавас қилгудек. 17-18 ёшлар атрофидаги бир талай ўғил-қиз мен турган бекат томон яқинлашиб келиб, барчаси алоҳида-алоҳида қўлини кўксига қўйган ҳолда салом бериб олдинма-кетин ўтиб кетишди. Бунга гувоҳ бўлган бошқа миллатга мансуб аёл ҳайратдан анграйиб қолди. Мен эса бекат тўсиғига қўлим билан уриб қўйиб, у аёлга эшиттирган ҳолда, кўз тегмасин, булар бизнинг бахтли келажагимиз, деб қўйдим.
Ёшларимизда бўлаётган бундай маънавий, маданий юксалишни барчамиз бирдек ҳис қиляпмизми, бунга биз катталар қанчалар тайёрмиз?
Ростини айтсам, олти йилча аввал Чехияда меҳмон бўлганимда у ердаги кўп нарсалар биз, Ўзбекистондан борган ўзбекларни ҳайратга солган эди. Шулардан бири, тоғли ерда сайр қилиб юрганимизда ҳар бири салкам кишининг икки мушти катталигидаги олмалар бирорта барги қолмаган дарахт шохларида бир донасиям нобуд бўлмаган ҳолда олтиндай товланиб турарди. Йўл бошловчимиздан нега бу олмалар терилмаган, еб бўлмайдими ёки бошқа сири борми, деб сўраган эдик, у бир-иккитасини олиб еб кўринглар-чи деди. Бир амаллаб иккита олмани пастга туширишни уддаладик. Олмалар совуқ еб, мазага тўйинар ва Чехияда ҳеч ким кўчадаги дарахтда турган ғуж-ғуж меваларга дахл қилмас экан.
Ўша сафарда мени ажаблантирган воқеалардан яна бири — биз, йўл бошловчи чех ҳамроҳимиз билан кета туриб узоқдан 50-60 чоғлиқ одамлар келаётганига кўзимиз тушди. Шунда йўл бошловчимиз: “Бу келаётганлар немис сайёҳлари. Эътибор беринглар, уларнинг ҳар бири сизлар билан омонлашиб ўтади. Сизлар ҳам жавоб қайтаришни унутманглар”, деб бизни огоҳлантириб қўйди. Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлди. Турнақатор бўлиб келаётган немис сайёҳларининг барчаси биз билан ҳам қўл ҳаракати, ҳам сўз орқали омонлашиб ўтишди. Ҳавас қилдим, лекин асли бу бизнинг халқимизга ҳам хос бўлган одат эмасми? Шунга ўхшаш гўзал одат, ахлоқни профессор Фозила Сулаймонова ўзининг “Шарқ ва Ғарб” асарида ёритганидек, Ғарб ўзига тарбият илмидаги илғорлик ва комилликни Шарқдан тайёр ҳолда ўзлаштириб олмаганми?
Ёшларини тушунган халқ бахтлидир. Ёшларига қулоқ тутиш — келажакка қулоқ тутишдир. Яқинда бир танишимни аэропорт яқинида кутишимга тўғри келди. Мен ўтирган ўриндиқдан сал наридаги курси устига кимдир ҳам савоб йўлида, ҳам бир оз пул ишлаш мақсадида шаҳар телефон тармоғига уланган аппаратни қуйган экан. Ушбу телефон ёнига ёши олтмишлардан ошган бир нотаниш ҳамшаҳаримиз келди-да, кимгадир қўнғироқ қила бошлади. Мен у телефон аппаратидан кўпам узоқда бўлмаганим учун беихтиёр ўша кишининг телефондаги сўзларини эшитдим. Суҳбатдан ёдимда қолганлари қуйидагилар: «…ҳей, сен ўзи, қандай тарбия кўрмаган боласан? Сенга ким эканим, отимнинг нима қизиғи бор? Чақир дедим, онангними, отангними…” Наҳот у кишига телефон симининг нариги ёғида турган болакай ёки қизалоққа ўз исмини айтиш шунчалар малол келган бўлса? Киши шунчалар ҳам кибрли бўладими? Ахир у болакай ота-онасига уларни телефонга чақираётганини етказганида, улар уни “ким экан” деган саволга тутиши ҳаммамизга кундек равшан-ку. Одобни одобсиздан ўрган, дейди донолар. Лекин бундай “муаллим”ликни ҳеч кимга раво кўрмас эдим.
Global Industry Analysts аналитик компаниясининг экспертлари жаҳон нанотехнологияси оламида Япония, АҚШ, Евроиттифоқ мамлакатлари пешқадам, деган ахборот тарқатди. Бунга айнан ушбу мамлакатлар нанотехнологиянинг ривожига энг катта миқдордаги инвестициялар ажратишни режалаштиргани сабаб бўлди.
Ушбу масала ҳозирги кунда барчани, айниқса, ёшларни қизиқтираётгани бежиз эмас. Албатта, нанотехнология сўзини ҳозирги пайтда эшитмаган одам жаҳонда кам топилса керак. Лекин бундан тўрт йилча муқаддам қатор олий таълим ва ўрта махсус билим юртлари муаллимларига нанотехнология соҳасида маърузалар қилганимда уларда бу соҳадаги тушунчанинг саёзлиги мени кўп ажаблантирган эди. Ҳаммасидан ҳам ажабланарли томони, Кимё-технология институти муаллимларида ҳам бу соҳада билим саёзлиги ва қизиқиш сустлиги бўлди. Интернетда ҳам Фанлар академиямиз ёки унинг бирор бир институти, олий ўқув юртлари бу хусусда чурқ этишмаяпти. Бу ҳол ёшларимизни безовта қилиши турган гап. Ушбу ҳолатга қараб мен мамлакатимиз ўзининг махсус “Нанотехнология” журналини ўзбек тилида чоп этиши зарур деган хулосага келдим. Кўпинча ёшларимиз ёки улар билан бевосита ишлайдиган ташкилотларнинг баъзи ходимлари билан мулоқотда бўлганимда: “Бизнинг республикамизда нанотехнология соҳасида қандай ишлар олиб бориляпти, ёшларимиз ушбу савол билан бизга кўп мурожаат этишади, лекин кимдан, қаердан жавоб топишни билолмай қийналиб қоляпмиз”, деган гапларига дуч келаман. Ҳақиқатдан ҳам ёшларимизда фан оламида бўлаётган оламшумул жараёнларга қизиқиш юқори.
Ҳали халқимизнинг кўплаб Содиқ, Убай, Тошмуҳаммад, Саъди, Ҳабиб, Ҳамид ўғлонлари, Зарифа, Зулфия қизлари оламни лол қолдиради. Уларга Нобел мукофотлари ўзи ялиниб келади. Улар халқимизни, халқимиз уларни, албатта, шарафлайди. Бу кунни яқинлаштириш учун биз катталар ёшларимизга доимо елкадош бўлсак, уларни тушунишга интилсак бўлгани.
“Туркистон” газетаси, 2009 йил 31 январ