Азмиддин Носиров. Давр фожиаси ва бадиий талқин (2009)

Адабий танқидчиликда шўро даври ўзбек адабиётига муносабат масаласи кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани барчага маълум. Қадриятларга янгича муносабат, яқин ўтмишда яратилган асарларга тушуниб ёндашишга ҳаракат танқид тамойилларининг янгиланаётганидан далолатдир. Бир пайтлар очиқ айтишнинг имкони бўлмаган, бир қадар четлаб ўтилган қаҳрамонлар образларига бугунги кун нуқтаи назаридан туриб ёндашиш, уларга юкланган ғоя, моҳият ҳақида батафсил фикр юритиш имкони танқидий тафаккур кўламини кенгайтираётгани ҳам сир эмас.
Дарҳақиқат, таниқли адабиётшунос олим Абдуғафур Расулов «Бадиийлик — безавол янгилик» китобида ёзганидек, «Биз бадиий асардаги, хусусан, катта насрдаги образларни бирин-кетин таҳлил этишга одатланганмиз. Ваҳоланки, бадиий асарда ҳар бир образнинг аниқ ўрни, вазифаси, бурчи бор. Бу гап фақат бош қаҳрамонгагина таллуқли эмас. Шундай қаҳрамонлар борки, улар асарда биринчи вазифани адо этмайдилар. Айни вақтда, уларни зинҳор иккинчи, учинчи даражали, деб қараш ҳам тўғри эмас».
А.Расулов таъкидлаб айтган бундай образлар шўро даврида яратилган ўзбек романларида талайгина. Улардан бири атоқли адибимиз Одил Ёқубовнинг «Диёнат» романидаги Қудратхўжа образидир. Мазкур асар таҳлилига бағишланган мақолаларда, тадқиқотларга бу образга иккинчи, учинчи даражали, деб қаралгани маълум. Аслида эса, ёзувчи бу қаҳрамони орқали бутун бир давр фожиасини кўрсатишни мақсад қилгани романни синчиклаб ўқиганда аён бўлади.
«Диёнат» романида эски рақиблар — Нормурод Шомуродов ва Қудратхўжа ўртасидаги тўқнашувлар ижтимоий бурч ва виждон, диёнат ва шафқатсизлик, бахт ва бахтсизлик, ҳаёт ва ўлим ҳақидаги ўткир психологик кечинмаларга бой. Бу икки рақибнинг илк тўқнашув Нормурод Шомуродовнинг умр йўлдоши Гулсара аянинг маъракасида юз беради. Маъракага эски рақиби Нормурод Шомуродовга таъзия билдириш учун кириб келган Қудратхўжа унга қарата «фалсафасини» бошлайди: «Ҳукуматга гинам йўқ маним. Аммо сен… Эсдан чиқадиган иш қилдингми ўшанда сен? Ёдингдами, мен қишлоқдан бадарға қилинган куни тепада, гумбазли мачит майдонида… бечора Ойниса дод солиб келиб бўйнимга осилганда… — Қудратхўжа кўзлари пирпираб ўрнидан турди. Чувак юзининг қат-қат ажинларига, чуқур ботган лунжларига қуйилган кўз ёшларини артди. — Қон йиғлаб келиб бўйнимга осилганда… эсингдами, жиндак раҳм-шафқат ўрнига… шафқат ўрнига, «Ҳайданг бу унсурларни!», деб ҳайқирганинг ёдингдами Нормурод?! … Шафқат! Шафқат нима қилсин сенда?».
Асарда ҳар гал Нормурод Шомуродовга дуч келганда Қудратхўжанинг кўз ўнгида 30-йиллар воқеалари гавдаланади. Ҳар гал Қудратхўжа ўша даврда коллективлаштириш сиёсатининг нотўғри ўтказилганига шаъма қилади, ўзини ўша нотўғри сиёсатнинг ноҳақ қурбони бўлган киши қилиб кўрсатади. Нормурод Шомуродов ва унга ўхшаганларни эса айблайди.
Ёзувчи романда Нормурод Шомуродов ва Қудратхўжанинг бир-бири билан тўқнаш келганидаги руҳий ҳолатларини, ички кечинмаларини тиниқ, таъсирли чизади, айрим деталларга холисона ишора қилади. Масалан, бир тўқнашув тасвирида Нормурод Шомуродовнинг долғали, мард, жасур қиёфаси ва унинг рақиби Қудратхўжанинг эса виқорли, каландимоғ портрети қуйидагича чизилган: «Минг тўққиз юз йигирма тўққизинчи йилнинг совуқ куз кунларидан бири, қишлоқ ўртасидаги бозор майдонида, машҳур гумбазли мачит олдида одам тирбанд: қишлоқ қулоқлари сургун қилинмоқда!
Қоп-хуржунлари билан араваларга ортилиб жўнатилишга шайланган бир гуруҳ бойлар, қулоқлар, руҳонийлар орасида Қудратхўжа ҳам бор. Бошида чақмоқ телпак, эгнида оғир почапўстин, оёғида хром этик, қотма, шопмўйлов Қудратхўжа шерикларига ўхшаб обидийда қилаётгани йўқ, йиғилган оломонга, бири юрак ютиб, бири ҳадиксираб келган қариндош-уруғларга нола қилаётгани йўқ, гўё сургунга эмас, кўпдан орзу қилиб юрган саёҳатга кетаётгандай мўйловини диккайтириб кўкрак кериб турибди. Рўпарадаги оломонга, майдонни қуршаб олган отлиқ милиционерларга, Нормуродга ўхшаган қишлоқ активларига гўё: «Шошманглар, кўрамиз ҳали, оқибати нима бўлади бунинг!» — дегандек, кўзларини қисиб, жағ пайларини ўйнатиб ёвқараш қилади…
Бу ғалати манзаранинг шоҳиди бўлган бозор майдони ғала-ғовур бўлиб кетди. Ойнисанинг қилиғидан туклари тик бўлиб кетган Нормурод милиционерларга: «Ҳайданг бу ёт унсурларни!» деб буйруқ берди, буйруқ бераркан, Қудратхўжа ақалли энди, фарёд чеккан гўзал хотинини кўрганида ўзгарар, дод деб юборар, деб уйлади. Аммо юзи чўяндай қорайиб кетган Қудратхўжа, хотинининг оппоқ қўлларини бўйнидан шартта узиб, ўзидан итариб юборди-да, биринчи бўлиб отлиқ милиционерлар олдига тушди…».
Кўринадики, Нормурод Шомуродов билан Қудратхўжа орасидаги тўқнашувларда «шафқат» тушунчаси икки хил моҳият касб этади, шу боисдан ўтмиш воқеалари уларнинг кўз ўнгида икки хил гавдаланади. Профессор Шомуродовнинг қон-қонига сингиб кетган «шафқат» тушунчаси ўша давр сиёсати билан боғлиқ, шунга кўра унинг Қудратхўжага муносабатида давр сиёсати белгиловчи куч саналади. Шу сабабли Қудратхўжанинг «юз граммнинг бандасига айланиб», «лунжлари ичига ботиб», «кампирдай» бўлиб қолган аянчли ва мискин ҳол-аҳволини кўрганда Нормуроднинг қалбида пайдо бўладиган ачиниш узоқ давом этмайди, бу туйғу бор-йўғи бир сониялик, холос.
Қудратхўжа учун эса, одам қандай дин, мазҳаб, сиёсий-ижтимоий гуруҳ ёки фирқага мансублигидан қатъий назар, шафқатли ва диёнатли, инсофли ва олижаноб бўлмоғи керак! Бошқача айтганда, Қудратхўжа учун одамнинг инсоний моҳияти, унинг қандай одам эканлиги жуда муҳим аҳамиятга эга.
«Ҳукумат Қудратхўжани озод қилди. Аммо… Нормурод Шомуродовнинг фикрича, «ковакларда судралиб, ўрмалаб юришга маҳкум этилган бу махлуқ эса, дилида ҳамон ҳукуматга кек сақлайди».
Нормурод Шомуродов ва Қудратхўжа ораларидаги тўқнашувларни фақат мафкуравий, ўша давр сиёсатига алоқадор тўқнашувлар, деб бўлмайди. Буни ижтимоий бурч ва виждон, диёнат ва шафқатсизлик, бахт ва бахтсизлик орасидаги тўқнашувлар, дейиш мумкин.
Маъракада бошланган даҳанаки жанг тобора кескинлашади. Гап шафқат ҳақида кетар экан, Нормурод Шомуродов: « — Сендайларга шафқат қилганимизда, сен… сенлар бизни нима қилардинглар?», деганида Қудратхўжа ҳам айтар гапидан қайтмайди: « — Отар эдим!.. — Унинг ёшли кўзлари туйқусдан қандайдир ҳайрат аралаш бир нафрат билан чарақлаб кетди. — Гумбазли мачитнинг меҳробига тираб, бешотарнинг тиғини мана шу хумкаллангга тўғрилаб… отар эдим қарсиллатиб!».
Бир-бирига ўдағайлашиб турган бу икки чолнинг ёнига 5-6 яшар ўғилчасини етаклаб, Нормурод Шомуродов яшаётган уйнинг собиқ эгаси Нодирахоннинг кириб келиши олов устига ёғ қуйгандек бўлади. Дилдираб турган муштдек чол» Қудратхўжага қайта жон киради:
« — Ўрозқулди келинини танидингми, профисор!.. Бу жой шуларники эди. Жиянинг Отақўзининг битта писандаси билан шундоқ жойларини сенга бўшатиб беришди! Тенглик-да, тенглик!.».
Отақўзининг уй эгаларини норизо қилиб, тоғаси Нормурод Шомуродовга тортиб олиб берган ҳовли-жой масаласи чоллар орасидаги тўқнашувни янада чуқурлаштиради.
« — Бурунда: «Ана олабўжи!», деб қўрқитишарди. Энди мана… тақсиримнинг жиянлари айтиб қўрқитишадиган бўлишди одамлар!.. Ана инсофу, ана адолат! Адолат қачон бўптики, энди бўлсин!», дейди Қудратхўжа.
Бундай аччиқ таънадан сўнг жаҳлини жиловлай олмай қолган Нормурод Шомуродов Қудратхўжага мушт ўқталиб бақиради:
« — Бўлган адолат! Ўша, сен қишлоқ ўртасида раста-раста дўкон очиб, камбағалларни шилиб кафангадо қилган маҳалларда бўлган диёнат!..».
Нормурод Шомуродов ва Қудратхўжа ўртасидаги тўқнашувга гувоҳ бўлган китобхон Қудратхўжадан нафратланмайди, балки унинг хатти-ҳаракатларига ачинади. Негаки, ёзувчи «собиқ қулоқ» Қудратхўжанинг ички ва ташқи қиёфасини холис туриб чизишга эришган.
Асарда Нормурод Шомуродов ва Қудратхўжа ораларидаги сўнгги тўқнашув иккаласи учун ҳам ғоят оғир бир вазиятда содир бўлади. Ўлим олдида энди уларнинг иккаласи ҳам тенг. Бунинг устига иккаласининг ҳам ҳаёти фожеаларга тўла. Нормурод Шомуродов «инқилоб» учун эллик йил хизмат қилган бўлса-да, ўз ҳаёти билан мақтана олмайди. Ёлғиз ўғли, шижоатли ва ўктам йигит Жаббор лаганбардорларнинг найранглари туфайли урушда қурбон бўлади. Бунинг устига жияни Отақўзи билан муносабатлари ҳам кескинлашиб кетади. Жияни Отақўзининг «қариган чоғида иссиқ-совуғидан хабар олиш» ниятида кўчириб келган уйининг эгалари Наимжон ва Нодираларга топшириб, Нормурод Шомуродов қишлоқ мактабининг бир хонасига кўчиб ўтади…
Ана шундай таранг вазиятда Нормурод Шомуродовдан ҳол-аҳвол сўрашга «бир сават мева-чева кўтариб, Қудратхўжа кириб келади». Табиийки, Қудратхўжа ўзининг эски фалсафасини бошлаб, яна Нормурод Шомуродовнинг «қитиғига» тегади: «Нормурод Шомуродов инқилоб қилган бўлса-ю, охир-оқибат унга етишгани мактабнинг бир ҳужраси бўлса».
Нормурод Шомуродовнинг ҳам, Қудратхўжанинг ҳам 30-йиллар ҳақида, ўтмиш воқеа-ҳодисалари ҳақида ўз қарашлари бор. Уларнинг ҳар бири ўзини ҳақ, деб ҳисоблайди. Шунга кўра, бир-бирига нафрати ҳам чексиз. Нормурод Шомуродов рақибига қараб: «…Аммо сенга ўхшаган халқ қонини сўрган душманлар билан олишганда… ўз бахтимиз, ўз манфаатимизни ўйламаганмиз биз! Бутун жумлаи-жаҳон, бутун башарият билади буни”, дейди. Шунда Қудратхўжанинг: « Тўғри гап туққанингга ёқмайди, ҳи-ҳи-ҳи», деб масхаромуз кулиши Нормурод Шомуродовни тамоман жунбишга келтиради:
« — Йўқол дейман, ёт унсур! — Нормурод Шомуродов у ёқ-бу ёққа тимирскиланиб отадиган нарса қидирди-ю, қўлига илинган ёстиқдай китобни боши узра кўтарди… шиддат билан отилган китоб эшикка борган Қудратхўжанинг елкасига тегиб, гурсиллаб полга тушди…».
Романда Нормурод Шомуродов ва Қудратхўжа ораларидаги бундай тўқнашувларда ғолиб ҳам, мағлуб ҳам йўқ. Бу зиддият асарда шўролар давридаги миллатнинг ва тарихнинг фожиаси сифатида намоён бўлади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 48-сонидан олинди.