Нафиса Исматуллаева. Уй ўзимизники, кўча-чи?

Болалигимиздан катталарга гап қайтармаслик, уларнинг юзига тик қараб сўзламасликни уқтиришган. Бироқ баъзан ёшлигимизга борибми ё ҳақлигимизни исботлашга уринибми, бировни ранжитиб қўйганимизни сезмай қоламиз. Болаликда қулоғимизга қуйилган панду насиҳатлар бизни тўғри йўлга солиш учун айтилганини ёшимиз улғайиб борган сари теранроқ англай бошлаймиз. Шу маънода, миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз, айниқса, ахлоқ-одобга доир анъаналаримизнинг жамият ҳаётидаги аҳамияти беқиёс.
Оилада ота-онани ҳурмат қилиш, улар билан бамаслаҳат иш кўриш, гапларини ерда қолдирмаслик, аёл кишини эъзозлаш, ака-ука, опа-сингилларга меҳр-мурувватли бўлиш, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар ҳолидан хабардор бўлиб туриш фақат одоб доирасидаги қоидалар эмас, балки инсоний бурч саналади. Бу бурч бизга аждодларимиздан мерос сифатида ўтган ва турмушимизни ичдан ёритиб турган миллий қадриятларга асосланади. Аслида ҳар бир миллат қиёфаси ҳам унинг ўз миллий урф-одатлар, анъаналарига нечоғли содиқлиги билан белгиланади.
Келинг, кундалик турмуш одатларимизга бир назар ташлайлик. Ўзбекнинг хонадонида уй юмушлари тонг саҳарда эшикларни очиб, кўча-ҳовлиларни супуриб-сидиришдан бошланади. Уй бекаларига болаликдан: эрта тонгдан саранжом-саришталанган хонадонга фаришталар ризқ-рўз, файзу барака улашади, деган эзгу эътиқод сингдирилади. Ёхуд эшикдан кириб келган меҳмонни очиқ юз билан кутиб олиш, дастурхонга “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим” дея қўл узатиш, яхши ниятлар қилиб дуо ўқишгача — бари-барида бола руҳиятини тўғри тарбиялайдиган, маънавий камолотида жуда асқотадиган ибратлар бор. Дарҳақиқат, бир қўлини кўксига қўйиб, самимий табассум билан саломлашаётган юртдошимизни хорижликлар орасидан осонгина таниб олишимиз ҳам шундан. Афсуски, шундай гўзал ахлоқ-одобимиз, одатларимиз айрим юртдошларимиз эътиборидан четда қолаётгани уларнинг юриш-туриши, муомаласидан сезилмоқда. Ҳатто жамоат жойларида бир-бирини ҳақоратлаётган, уят-ор, андишани бироз унутаёзганларга ҳам дуч келамиз.
Яқинда кўп қаватли уйда яшовчи бир таниш аёл куюниб гапириб қолди:
— Баъзан уйимиз атрофидаги ариқлар ахлат, хазон уюмларига тўлиб қолади. Ҳар куни эртадан кечгача ишда бўлганим учун ўтган дам олиш куни теваракни тозалаб, хазонларни олиб ташламоқчи бўлиб, қўшни йигитларни ёрдамга чақирдим. Улар кўмаклашса, бирпасда саранжом-саришта қиламиз, деб ўйладим. Бироқ оғиз очишим билан улар: “Э, опа, тозалаш сизга қолдими? Ким ифлос қилган бўлса, ўшалар тозаласин-да!”, дейишса бўладими.
— Ахир, ҳаммамиз шу уйда яшаймиз, атрофи тоза-озода бўлиб турса яхши-ку! — десам, улардан бири: “Қўйсангиз-чи шу бош оғриғини”, деди. Қизиқ, “дом”да яшаб булар дангаса бўлиб қолишганми ё меҳнатга умуман лаёқати, ҳафсаласи йўқми? Балки мен уларни ёрдамга чақириб нотўғри қилдиммикан? Балки бундай юмушлар, ростдан ҳам, улар учун “бош оғриғи”дир…
Қўшни аёлнинг ҳасрати мени ўйлантириб қўйди. Унинг даъватига йигитларнинг лоқайд, айтиш мумкинки, қўпол муносабати замирида нима ётибди? Ахир, аёл кишининг сўровига “лаббай” деб жавоб бериш бўз болани янада кўркам, танти қилиб кўрсатмайдими? Шунингдек, жамиятда, хусусан, оилада аёлни асраш, оғир ишларга уринтирмаслик, ташқи таҳдидлардан ҳимоялаш ҳар қандай манаман деган эркакнинг бурчи эмасми?..
Шундай ўйлар билан қўшни аёлнинг “дарди”ни ўзимча мушоҳада қиларканман, бир маҳал бир ўқитувчимиз “иккичи” ўқувчиларга танбеҳ берганда қўллайдиган: “Ҳе, ўқимаган!”, деган ибора ёдимга тушди. Ҳа, эҳтимол, ўша қўрс йигитлар чиндан ҳам китоб ўқимаган, болалигида эртак эшитмагандир. Қуруқ панд-насиҳатнинг ўзи уларга юқмагандир. Дарвоқе, болалар учун яратилган эртакларда қаҳрамонлар бежиз кучли, жасур ва мард қилиб тасвирланмайди. Эртак ўқиган, эшитган бола улардан таъсирланади ва ўзи ҳам ана шу қаҳрамонларга ўхшагиси келади. Китобхонлик одатга айланган оила муҳитида тарбия топган бола бора-бора мутолаани ўзига одат қилиб олади ва бу жараён унинг ҳаётида изсиз кетмайди. Бундай бола, аввало, ўзининг қадрини ва айни пайтда атрофидаги одамларни қадрлашни ўрганиб улғаяди.
Ҳозир матбуотда болаларнинг китобни кам ўқиётгани, компютер, интернет каби техник воситалардан ҳар доим ҳам тўғри фойдалана олмаётгани, ҳеч қандай маънавий озиқа бермайдиган олди-қочди филмлар ва қўшиқларга иштиёқи ортиб бораётгани, оқибатда маънавий дунёси қашшоқлашаётгани ҳақида беҳуда бонг урилаётгани йўқ. Ўзингиз ўйланг, бугун оёғи остидаги чўпни бир четга олиб қўйишга эринган ўсмир эртага оила, жамият ва Ватани олдидаги бурчини, масъулиятини қай даражада ҳис эта олади?
Маҳаллада ҳашар уюштирилса, қўни-қўшнилар бола-чақалари билан жамулжам бўлишарди. Шундай пайтлари мўлжалдаги иш ҳам уддаланар, ўзаро гурунг ҳам авжига чиқарди. Ҳатто анчадан буён бир-биридан араз-гина қилиб юрганлар ҳам жамоатчилик олдида уялганларидан ярашиб кетардилар, одамлар ўртасидаги меҳр-оқибат, бирдамлик, бир-биридан ёрдамини аямаслик, ўзаро ҳурмат кучаярди. Болаликда бундай ажойиб анъаналаримизнинг моҳиятини тушунмаган бўлсам-да, энди-энди уларнинг ҳаётимиздаги ўрни нечоғли муҳимлигини ҳис қиляпман. “Юксак маданият”, “цивилизация” деган тушунчалар тўғри, аммо бу чўққилар ҳеч қачон ўзлигимизни йўқотиш эвазига эгалланишини истамасдим.
Албатта, ҳаётда ҳар бир инсон ўзининг мустақил фикрига эга бўлиш ва уни эмин-эркин баён этиш ҳуқуқига эга. Шу ўринда Ғарб ҳаёти, турмуш тарзига хос индивидуаллик шарқона урф-одатларимизга тўғри келмайди, деб қаровчилар ҳам бор. Улар ғарбча индивидуаллик руҳида, муҳитида тарбия топган ўсмир ҳар қандай масалада мустақил қарор қабул қилишни истаб қолишини рўкач қилиб кўрсатишади. Лекин бу, масалага тор маънода қарашни англатади, деб ўйлайман. Масалан, ўзбек оилаларида фарзандининг улғайиб, бирор касб эгаси бўлишидан тортиб, турмуш қуришигача, ҳатто уйли-жойли бўлишигача ота-она ўзини жавобгар ҳис қилади. Бу халқимизнинг авлоддан авлодга ўтиб келаётган одатларидан биридир. Лекин масаланинг бошқа бир томони ҳам бор. Хўш, бунга фарзандларнинг жавоби қандай?
Мен беш ўғил, беш қизни тарбиялаб вояга етказган бир оилани биламан. Ўн нафар болани ҳеч кимдан кам қилмай катта қиламан деб, умрини меҳнатга бахш этиб, кексайиб қолган ота-онага энди уларнинг бирортасининг нафи тегмаётгани ачинарли ҳол. Бу ҳам майли, ака-ука, опа-сингиллар ўртасида бирор ножўя гап ўтса ёки бирортасининг топиш-тутиши ёмон бўлса, бечора ота-она балогардон. Мана шундай оилаларни кўриб-кузатганда, айрим урф-одатларимизни ҳам бироз ўзгартиришимиз керакмикан, деган ўйга боради киши. Чунки фарзандларимизни ҳар бир нарса ҳақида ўз фикри бўлишига ўргатиш ва уларга ҳар қандай даражага ўз меҳнати билангина эришиш мумкинлигини уқтириш керак.
Биз эса уларни аяймиз, ўзимизни қийнаб бўлса-да айтган нарсасини олиб берамиз, қўшимчасига турли имкониятлар яратамиз-у, улардан қандай фойдаланаётгани билан ишимиз йўқ. Ва бир кун келиб уларнинг дангаса, лаёқатсиз бўлиб қолганини кўриб, ўша қўшни аёлга ўхшаб ҳасрат қиламиз. Бироқ суяги қотган болани йўлга солишга кеч қолган бўлсак-чи? Вақтида ўзимиз бўш қўйган жиловни энди қаттиқ тортсак — бу қандай натижа бераркан?!

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 6-сонидан олинди.