1952 йил эди. Саккизинчи синфда ўқиб юрган кезларимда мактабимизнинг директори, марҳум Юнус домла Нурмуҳамедов бошчилигида бир неча синф ўқувчилари Оҳангароннинг Қуруқсой мавзеидаги ғаллазорга манак териш учун бордик. Бу ерда буғдой майсаларини ғаллага офат келтирувчи манакдан тозалаш учун наинки Оҳангарон, балки Тошкент шаҳридан ҳам ўқувчилар чиқиб ҳашар қилишган. Ана шу пайтда Юнус домла биз — ўқувчиларни бир гумбазнинг ёнига олиб келдилар ва буни сардоба дейдилар, дея усти баланд қилиб ёпилган каттагина гумбазнинг ичкарисига бошладилар. Думалоқ гумбазнинг ичида улкан булоқ бўлиб, атрофи тош деворлар билан ўралган ҳовузга қуйилар, ҳовуздан тошгач махсус ариқча орқали ташқарига оқиб чиқарди.
— Бу гумбазни Қўқон хони Амир Умархон аёли, машҳур шоира Нодирабегим илтимоси билан 1811 — 1812 йилларда барпо қилдирган, — деди Юнус домла. — Ҳув нарида махсус карвонсарой, масжид, қоровулхона, карвонсаройнинг ичида эса ўнга яқин ҳужралар ҳам бўлган. Афсуски, 1936 йилда карвонсаройни бузишиб, ғиштларини араваларда Оҳангарондаги янги шифохона қурилишига ташиб кетишган…
Мен ўша пайтда, гарчи домланинг айтганларини қизиқиб тингласам ҳам, кейинчалик улар хотирамдан кўтарилгандай бўлди.
1962 йил эди. “Оҳангарон” газетасида ишлардим. Туманга Ўзбекистон Фанлар академиясидан бир гуруҳ олимлар келишганди, уларни қадимги Қайнар шаҳарчасига бошлаб боришим лозим эди. Қайнар Оҳангароннинг ҳозирги Қуруқсой мавзеидаги Жийдали қишлоғида жойлашган, аммо ҳозир йўқ бўлиб кетган, ундан фақат битта сардобагина ёдгорлик бўлиб қолган эски шаҳар ўрни ҳисобланади. Хуллас, Тошкентдан келган олимлар М.Андреев, М.Қосимов, Т.Тўлагановлар билан Қайнарга бордик. Олимлар гумбазни кўздан кечирдилар. Унинг беш пахсали деворининг устки бир пахсаси ва томи аллақачон қулаб тушган, атрофлари нурай бошлаган эди. Олимлар ўзларича нималарнидир излаб гумбаз атрофларини қазиб кўришди. Аммо излаган нарсаларини топа олишмаётгани кўриниб турарди. Тушлик пайтида бизни шу ерлик Пўлат ота деган чўпон уйига таклиф қилди. Ота хонадонида Тўхтамурод Тўлаганов гапириб қолди:
— Гумбаз ва карвонсаройни 1811 — 1812 йилларда Нодирабегимнинг тавсияси билан Амир Умархон қурдирган. 1810 йилда Амир Умархон Чимкентга йўл олиб, Шайдон — Мулломир — Қўшработ, Кандир довони — Оқ ота — Янгибозор, Телов — Ёнариқ — Ялпоқтепа — Оқтепа — Яккатут — Жийдали — Биловти — Паркент йўли бўйича Тошкент орқали Чимкентга ўтган. Шу сафар чоғида унинг завжаи мукаррамаси, шоира Нодирабегим ҳам бўлиб, карвон Жийдалида бир оқшом дам олган. Худди шу ерда Нодирабегим Амир Умархондан шу қишлоқда бир карвонсарой қурдириб, қайнар булоқ устига сардоба, бино барпо этишни илтимос қилган. Натижада Жийдалида, яъни биз ўтирган ушбу қишлоқда машҳур Қайнар шаҳарчаси пайдо бўлган. Бу-ку жуда аниқ гап. Аммо бино ва сардобани ким, қайси уста қурган, унинг тархини ким чизган? Экспедициямизнинг мақсади ана шуларни аниқлашдир.
Бир пайт гапга қулоқ тутиб ўтирган чўпон Пўлат бобо индамай ичкарига кириб кетди. Орадан ўн беш дақиқа ўтган ҳам эдики, оқ матога ўралган бир ғиштни кўтариб чиқди.
— Ўғлим, излаганларингиз мана бу ғишт эмасми, — деб докани оча бошлади чўпон ота. Тўхтамурод домла даст ўрнидан туриб ғиштни олди. Маҳмудали ҳам, Михаил Семенович Андреев ҳам ўринларидан туриб кетишди. Назаримда улар излаган нарсаларни топишганди. Тўхтамурод домла каттагина мусулмон ғиштга ўйиб ёзилган арабча ёзувнинг чангларини қоқиб, аста ўқий бошлади: “Амали устод Абдурашид Ҳўқандий”. Ҳамма суюниб кетди. Мен эса олимлар ўзлари билан ўзлари овора эканлигида Пўлат чолдан аста сўрадим:
— Бу ғишт парчаси сизга қандай келиб қолган?
— Менинг бутун умрим тоғу тошлар орасида, яйловларда ўтди, — дея сўзлай бошлади Пўлат чол. — Бу ерда улкан карвонсарой бор эди. Айтишларича, уни ҳам боя, ҳалиги йигит айтган шоира қурдирган экан. Ўттиз олтинчи йилда, ўшанда Оҳангароннинг раиси қорахитойлик Тоштон Султонов эди, карвонсаройни бузиб, ғиштларини ҳўкиз араваларда Оҳангарондаги янги шифохона қурилишига олиб кетишган. Бу ғиштни эса мен уч-тўрт йил аввал мол боқиб юриб ана шу гумбаз атрофидан топиб олганман. Қарасам ичида ёзуви бор. Оми одамман, лекин нимасидир бор-ов, деб докага ўраб, ҳеч кимга кўрсатмасдан уйга беркитиб қўйгандим. Меҳмонлар шуни излаб келишган экан-да, буни қаранг-а…
Меҳмонлар хурсанд бўлиб кетишди. Кейинчалик бу воқеалар М.Қосимовнинг “Қадимги Илоқ тарихидан”, Ю.Ф.Буряковнинг “Тункент — Облиқ тарихидан археологик материаллар”, шунингдек, “Илоқ давлати тарихига оид”, “Қадимги Лашкарак” номли китобларда ҳам қайд этилди.
Мен қадимги Қайнар шаҳарчасининг Амир Умархон томонидан барпо этилгани, бу ердаги сардоба ва карвонсаройнинг Нодирабегимнинг илтимоси билан қурилгани ҳақидаги маълумотни профессор М.Е.Массоннинг 1953 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси нашриётида атиги минг нусхада чоп этилган “Ахангеран, Археолого-топографический очерк” китобида ҳам учратдим. Хуллас, Оҳангарондаги Қайнар шаҳарчасининг карвонсарой ва сардоба гумбази Қўқоннинг машҳур бинокор меъмори Абдурашид Ҳўқандий тархи ва иштирокида барпо этилгани энди исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат бўлиб қолди.
Профессор М.Е.Массоннинг юқоридаги китобида қайд этилишича, Нодирабегим қурдирган карвонсарой ғиштлари бу ердан унчалик узоқ бўлмаган Шўрабой деган жойдаги тепаликда бунёд этилган каттагина хумдонда (унинг қолдиқлари, синган ғишт парчалари ҳозир ҳам бор) пиширилиб, махсус аравачаларда бу ерга келтирилган экан. Буни Буряковнинг асарлари ҳам тасдиқлайди.
Қайнар ХIХ асрнинг ўрталарига келиб, жуда катта шаҳарча бўлган. Маъдалихон даврида (1822-42 йиллар) Нодирабегим ўғли билан Қайнарга келиб, Маъдалихон то Тошкентдан қайтиб боргунича шу ерда дам олган, масжидда намоз ўқиган, карвонсаройдаги Кўшкда ҳордиқ чиқарган…
Пўлат чўпоннинг фарзандлари Нодирабегимнинг ташаббуси билан қурилган гумбаз-сардобанинг ҳовузини ҳар йили тозалаб қўйишади. Бутун Жийдали қишлоғи шу сардоба сувидан ичади, экинларини суғоради, у қишлоқнинг ҳаёт булоғи ҳисобланади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 4-сонидан олинди.