Миртемир домла шогирдларини эркалаб “киприкларим” деб атарди. Халқимизнинг яна бир суюкли шоири устоз Шуҳрат ака, ёшлар менинг қанотим, шулар бор экан кўнглим тўқ, ташвишим йўқ, деб қўяр, биздек шогирдларини қучиб бағрига босарди. Шуҳрат аканинг меҳри дарё эди, яхшиларга ҳамиша дастурхони ҳам, кўнгли ҳам очиқ эди. Шунинг учун у кишининг теварагидан ёш адиблар аримас, худди отасига эркалик қилгандек яйраб, Шуҳрат акага талпинарди.
Шуҳрат ака мукаммал инсон эди. Аввало у етук шоир, забардаст ёзувчи, моҳир таржимон ва зукко муҳаррир-ношир эди. Табиат ҳам у кишини бекаму кўст қилиб яратган эди-да. Адл қомати, ўзига хўб ярашган кумушдек оппоқ сочи, юзидаги мулойим табассум, ҳамма билан бирдек очилиб-сочилиб муомала қилиши… Шуҳрат ака гапираётганда биров у кишининг сўзини бўлолмасди. Чунки устознинг гапи шу қадар самимий, жўяли, сержило, энг муҳими, юракка жиз этиб тегадиган бўларди.
Юрганда оёғидан ўт чақнайди, деган гап гўё Шуҳрат ака учун айтилгандек эди. Устоз ерни тебратгудек бўлиб шахдам юрар, ғайрати ичига сиғмас, қўлга олган ишини охирига етказмагунча тинчимас, ёши бир ерга бориб қолганда ҳам навқирон йигитлардек ҳаракатчан ва захматкаш эди. “Шинелли йиллар”, “Олтин зангламас”, “Жаннат қидирганлар” каби романларини бир зарб, икки зарбда ёзиб тугатгани кўпларга маълум. Бу устоздаги улуғ бир руҳий қувват, жўшқин илҳом ва ўзига ишонч меваси эди, десам хато қилмаган бўламан.
Шу топда устозни ўйлаб ўтирибман-у, у кишининг яна қайси фазилатини айтишни билмай бош қашлаб қолдим. Ҳа, дарвоқе яхшилик. Шуҳрат акани ҳеч иккиланмай яхшилик раҳнамоси, олий ҳиммат соҳиби дейиш мумкин. Мен Шуҳрат аканинг ўз ёнидан харажат қилиб, бир шогирдининг тўйини ўтказиб берганига гувоҳман. Тўйда Ўзбекистоннинг атоқли ёзувчилари саф-саф бўлиб, тўрда ўтиришибди. Лекин Шуҳрат ака — оёқда. Ўзига хос ўктамлик ва уддабуронлик билан маросимни бошқарди, биз ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб, тўй тарқагунча тиним билмади. У киши “Шарқ юлдузи” журналида масъул вазифада ишлаганларида узоқ вилоятлардаги қанча-қанча ёшларнинг асарларини чоп этишга кўмаклашди, қоқилиб-сурилиб, йўлини тополмай юрган ёшларга мураббийлик қилди. Устоз мадад сўраб келган ҳар қандай касб эгасидан — у адибми, врачми, ўқитувчими — меҳрини дариғ тутмас, шунинг учун ҳам биз баъзан Шуҳрат аканинг олдида ўтирган етти ёт бегоналарни ҳам учратар эдик. Устоз улар билан худди эски қадрдонлардек дил-дилдан, ширин забон билан суҳбатлашарди.
Шуҳрат аканинг номини шарафлаб, мартабасини баланд қилган нарса, аввало у кишининг қуйма, дилга пайванд гўзал шеърлари ва халқона тилда ёзилган ўлмас романларидир. Яқинда устознинг “Олтин зангламас” ва “Машраб” романларини қайта ўқиб чиқдим. “Машраб”даги жўшқинлик, шоирона бир ҳарорат, юракларга завқу шавқ элтувчи ташбеҳлар кишини ром этади. Асарнинг битмай қолганига афсусланасиз. Агар у ниҳоясига етганида муҳаббат ҳақида битилган янги, беқиёс бир қўшиқ бўлур эди. “Олтин зангламас”ни талабалик пайтимдан бери неча бор қўлга олган бўлсам, то итмомига етмагунча сабр қилолмаганман. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Сўнгги саҳифани ёпиб, ўйланиб қолдим. Шуҳрат ака Содиқ муаллим мисолида ўзининг бошидан ўтганларини ёзгандек эди гўё.
Шу ўринда бир хотира ёдимга тушди. Раҳматлик устоз Туроб Тўла раҳбарлигида ижодий сафарга бордик. Борган вилоятимиз иссиқ эди. Унинг устига ёзнинг чилласи. Дим ҳавода ухлаёлмай, кечаси алламаҳалгача меҳмонхона рўпарасидаги фаввора олдида суҳбатлашиб ўтирамиз. Туроб акага эркалик қилмоқчи бўлиб, сўрадик:
— Устоз, агар Сиздан дўстларингизга икки оғиздан таъриф беринг, дейишса, нима дердингиз?
Туроб ака бир сония энгагини қашиб ўтирди-ю дона-дона қилиб деди:
— Асқад — ақл рамзи, Саид Аҳмад — мутойиба учун туғилган, Шуҳрат — сабру-бардош соҳиби, собир инсон…
Собир, сабр-бардошли инсон… Ҳа, Шуҳрат аканинг қаттол урушдан қайтиб келиб, боз темир панжара ортида чеккан жабру-жафоларига унча-мунча инсон чидамаса керак. Зўрликдан хўрлик ёмон, дейдилар. Туҳмату маломат туфайли қамалиб чиқиб ҳам, шаъни-шавкати ўрнига қайтмаса, ҳар қадамда у камситилса, ҳалол меҳнати, ўткир истеъдоди назарга илинмаса, касбдошларидан паст қўйилса… Бундан-да ортиқ хўрлик ва ҳақорат бўладими?
Шуҳрат ака буларнинг барига тишини тишига қўйиб чидади, бўҳтон ва фитналар бир куни адолат нури олдида фош бўлишига, халқ учун қилган меҳнатлари инобатга олинишига астойдил ишонди. Жилла қуриса, “Балиқ билмаса, холиқ билар”, деб умид қилди.
Абдулла Қаҳҳордек буюк бир инсонни, покдомон устозни деб Шуҳрат ака ана шундай нописандликларга гирифтор бўлган эди. Абдулла Қаҳҳор оғир хасталикка учраган пайтда Шуҳрат акани йўқлатди. Шуҳрат ака бир содиқ шогирд ва қатъиятли инсон сифатида устознинг васиятини тўла-тўкис адо этди. Ана шу одамгарчилик Шуҳрат акага қимматга тушди. У соғлигини йўқотди, қўли қалам тутолмайдиган бўлди. Аммо чўкмади. Эгилмади ҳам, синмади ҳам. “Олтин зангламас” деган иборани бемалол Шуҳрат аканинг ўзига нисбатан қўллаш мумкин.
Устознинг адабиётимизда қолдирган ёруғ излари авлодлар қалбидан то абад ўчмагай.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 3-сонидан олинди.