Яқинда “Шарқ зиёкори” китоб дўконига кириб, пештахталарга чиройли териб қўйилган, бежирим, бир-биридан кўркам, китобат санъатининг сўнгги ютуқлари асосида чоп этилган турфа хил асарларни кўриб ҳавасим келди.
Олдин иккиланмасдан сотиб олишга арзийдиган китобларни харид қилгач, яна пештахталарга бирров назар ташладим. Шунда Нигина Ниёзнинг “Савдойи қиз” деган китобига кўзим тушиб қолди. Муқовадаги гўзал қизнинг сурати фақат ёшларнинг эмас, барчанинг диққатини жалб этади.
Секин варақлаб кўрсам, китобга Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Тоҳир Малик сўзбоши ёзган экан. Ҳойнаҳой, шундай машҳур ёзувчи китобни бежиз мақтамагандир дедим-у, бу китобни ҳам сотиб олдим. Тўғри қилган эканман, уйга келгач, китобни бош кўтармай, бир ўтиришда ўқиб чиқдим. Азбаройи завқим тошганидан гоҳо муаллифнинг суратига қараб-қараб қўяр, наҳотки, шу нарсани аёл боши билан ўзи ёзган бўлса деб ҳайратланар эдим.
Мундоқ ўйлаб кўрсам, бозор иқтисодиёти синовларига андармон бўлибми ёки ўз гумроҳлигимиз, танбаллигимиз туфайлими, ҳарқалай, санъатдан, адабиётдан таъсирланмай қўйган эканмиз. Ҳатто қаламкашлар ўзаро учрашганда ҳам китоб ҳақида, адабиёт ҳақида негадир камроқ гурунглашамиз. Эслайсизми, болалик ва ўсмирлик чоғларимизда яхши китоблардан қандай таъсирланар эдик. Бокира туйғуларимиз, онгу шууримиз мутолаа туфайли алғов-далғов бўлиб кетмасмиди? Бир неча кунгача китоб қаҳрамонлари ҳаёти билан яшамасмидик?
Нигина Ниёзнинг китоби ўша бетакрор даврларни эсимга туширди.
Устоз Абдулла Қаҳҳор: “Китоб шавқ билан ўқилиши керак”, деган эди. “Савдойи қиз” тўпламига кирган қисса ва ҳикоялар улуғ устознинг ана шу талабига тўла жавоб беради. Муаллиф услуби шаклланган ёзувчи экан. У нимани ёзишни ва қандай ёзишни (ёзувчи учун ўта муҳим фазилат!) яхши билади. Қисқа ва лўнда ёзади. Айни чоғда ўзи яхши билган нарсалар ҳақида ёзади. Шунинг учун ҳам ёзганлари ҳаётий, образлари жонли, ёрқин.
Устоз Иброҳим Ғафуров “Ҳаё — халоскор” деган китобида таъкидлайди: “Ҳозирги” адабиёт кўпроқ бугуннинг воқелигини эмас, кечаги кунларни, уларда кечган маънавий-руҳий, ижтимоий таназзулларни акс эттиряпти. “Бугуннинг воқелиги”ни бадиий адабиёт ҳали тўла англаб, мулоҳаза қилиб улгургани йўқ.
Дарҳақиқат, “бугуннинг воқелиги” ҳақида асар яратиш осон эмас. Бугунги кун — эртага тарих. Тарих эса масофадан яхши кўринади.
Н. Ниёзнинг айни “бугуннинг воқелиги” ҳақида асар ёзишга журъат этгани диққатга сазовордир. Мен тўпламдаги “Пахмоқ қизнинг бахти” қиссасини назарда тутяпман. Қисса шу кеча-кундуздаги журналистлар ҳаёти ҳақида. Газета таҳририятидаги иш жараёни, ундаги ўзига хос муаммолар, ғаройиб воқеалар ниҳоятда мароқли ҳикоя қилинади. Асар қаҳрамони — журналист Муниса ҳозирги ёшлар таъбири билан айтганда, анча “крутой” қиз. Ғурури баланд, спортнинг у-шу тури билан шуғулланган, ўзини хафа қилдириб қўймайди. Беодобларнинг, айрим инсофсиз, диёнатсиз кимсаларнинг боплаб таъзирини беради. Ҳар қанча серзаҳмат, сермашаққат бўлмасин, ўз касбини севади, ардоқлайди. Муаллиф асардаги бошқа образларга ҳам жон ато эта олган. Шу ўринда Нигина Ниёз услубига хос яна бир муҳим фазилатни алоҳида таъкидлагим келади. Бу — тўпламдаги асарларга бетакрор, ўзига хос жозиба бахш этиб турган ҳаётбахш юмор, беғубор ҳазил-мутойибадир. Ёзувчи юмордан шунчаки китобхонни зериктирмаслик, асарни қизиқарли қилиш воситаси сифатидагина фойдаланмайди, айни чоғда характер ва ғояни очишга хизмат қилдиради.
Тўпламдаги аксарият ҳикояларнинг мавзуси ўша кўҳна, “аммо ҳар бир юрак янғорта”диган (Ҳоди Тоқтош) муҳаббат ҳақида! Бу ҳикояларнинг қаҳрамонлари “ўзга олам вакили”, “ўзга дунё фуқароси”. Уларнинг севгиси ҳам шунчаки оддий севги эмас, илоҳий севги! Таъкидлайман — китобий эмас, илоҳий севги! Бу ҳикояларни хотиржам, ҳаяжонсиз ўқиш мумкин эмас. Қаҳрамонларнинг дарду қувончи, кўнгил кечинмалари беихтиёр китобхонга ҳам “юқади”, шунда юрак ҳаприқади. Эҳтимол, айрим китобхонлар “Ҳаётда бундай севги бўлмайди-ку!” деб ўйлаши мумкин. Шу ўринда донолардан бирининг “Бизга руҳимизни туширадиган ҳақиқатлардан кўра кўнглимизни кўтарадиган алдовлар муҳим” деган ҳикмати хаёлга келади. Тадқиқотчиларнинг фикрича, улуғ рус ёзувчиси Тургенов ҳаётда учрамаса ҳам, илоҳий севгига қодир, дилбар аёлларнинг ажойиб образини яратгандан кейин ҳаётда ростдан ҳам шундай аёллар пайдо бўлган экан!
Муҳаббат ҳақидаги бу лирик ҳикояларнинг ҳаётий асоси ҳам бор-да. Ўз умрида ҳақиқий, идеалдаги, демакки, илоҳий севгини орзу қилмаган одам бўлмаса керак. “Мен илоҳий муҳаббатнинг латофатли, ҳузурбахш аксилмоддий жиҳатларини инсонларга намоён этишни истайман. Токи улар ҳам дунёда бўлакча муҳаббат борлигини ҳис этсинлар”, дейди “Мубҳамлик севгим менинг” ҳикояси қаҳрамони.
Мулоҳазалар охирида китобнинг полиграфик ижроси ҳақида (сабоқ бўлар деган умидда) икки оғиз сўз: афсуски, шундай яхши китобнинг айрим саҳифалари алмашиб кетган, уларни жой-жойига қўйиб ўқигунча китобхоннинг асаби бузилади.
Истеъдодли адиба Нигина Ниёз навбатдаги “Савдойи қиз” китоби билан имкониятлари янада баркамол қаламкаш эканлигини кўрсатди. Энди китобхонлар ундан янада баркамол асарлар кутади.
Шодмон ОТАБЕК
“Ҳуррият” газетасидан олинди.