Муҳаммад АЛИ: — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бадиий таржима ва халқаро алоқалар кенгаши иш бошлаганига тўрт йил бўлмоқда. Кенгашнинг икки қаноти бор: биринчиси — бадиий таржима, иккинчиси — халқаро алоқалар. Ўтган вақт мобайнида Уюшманинг халқаро ижодий алоқаларини йўлга қўйиш ва маданиятлар кўприги бўлган бадиий таржимани ривожлантириш борасида баҳоли қудрат ишлар амалга оширилди.
Таржима жараёни, таъбир жоиз бўлса, икки қанотга эга. Биринчиси, жаҳон тилларидан ўзбек тилига таржима қилиш. Иккинчиси, ўзбек тилидан жаҳон тилларига таржималарни рўёбга чиқаришдир. “Иккинчи қанот” бўйича ўтган давр мобайнида ўқувчиларга жаҳон адабиётидан турли намуналар тақдим этилиб келинаётганини таъкидлаш жоиз. Бу соҳада “Жаҳон адабиёти” журнали фаолияти диққатга сазовордир. Умуман, ютуқлар ҳақида яна гапириш мумкин. Давра суҳбатимизда кўпроқ олдимизда турган, амалга оширишимиз зарур бўлган муаммолар борасида фикр алмашсак ўринли бўлади.
Ўзбек адабиётидан жаҳон тилларига қилинаётган таржималар ҳақида гапирганда, афсуски, илиқ гаплар айтиш қийин. Бу иш ўз ҳолига ташлаб қўйилган, таржималар ҳам тасодифан рўй беради. Бундай аҳволни ўнглашимиз лозим.
Яқинда республика Ёзувчилар уюшмасида Ташқи ишлар вазирлигидан йўлланган икки мактуб билан танишдик. Мактублар Япония билан Туркиядан келибди. Бу мактубларда япон ва турк адабиёти намуналарини жаҳонга тарғиб этиш бўйича лўнда таклифлар айтилган, таржима учун асарлар рўйхати келтирилган. Таклифларнинг муҳим томони шундаки, иловада кўрсатилган асарлардан таржималар ўзбек тилига таржима қилинса, нашрнинг моддий тарафи улар томонидан қопланиши айтилган. Бу жуда яхши мисол. Биз ҳам режали равишда ўзбек адабиётининг хорижий тилларга таржима этилиши мумкин бўлган асарлари рўйхатини тузиб, Ёзувчилар уюшмасида муҳокамадан ўтказиб, уларнинг хорижий тилларга таржимасини моддий қўллаб-қувватлашни сўраб ҳукуматимизга мурожаат қилишимиз лозим, деб ўйлайман.
Пойтахтимизда турли мамлакатлар элчихоналари ва улар қошида маданият марказлари ишлаб турибди. Элчихоналар билан яқиндан боғланиш яхши натижаларга олиб келиши мумкинлигини Ҳиндистон республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси мисолида кўриш мумкин. Яқинда Ҳиндистон маданияти марказида Ҳиндистон элчиси Таял жаноблари ташаббуси ва кўмагида нашр этилган “Чироқ ёниб чиқди тун бўйи” номли ҳинд адиблари ҳикоялари тўпламининг (“Чўлпон” нашриёти) тақдимоти бўлиб ўтди. Ҳикояларни таниқли ўзбек адиблари ўзбек тилига таржима қилдилар. Китоб харажатлари Ҳиндистон ҳукумати тарафидан қопланди. Умуман, элчихоналар билан алоқалар боғлаш кенгашимиз учун яхши имкониятлар яратади. Бундан яхши фойдаланишимиз керак.
Сувон МЕЛИ: — Адабий алоқалар, аслида, жуда кенг тушунча. Бадиий таржима адабий алоқаларнинг муҳим тармоғи. Лекин, бошқа жиҳатдан, мухтор ҳодиса сифатида адабий алоқалардан мустақил ва ундан каттароқ соҳа. Чунки у инсон зеҳниятининг ажойиб маҳсули — бадиий адабиёт ва унинг қонуний фарзанди бадиий асар билан бевосита алоқадор.
Мустақиллик бизга жаҳон бадиий майдонига мустақил субъект сифатида чиқиш имконини берди. Бу ҳам имконият, ҳам катта масъулият ва изчил ижодий меҳнатдир. Биз энди жаҳонга мустақил маънавий субъект сифатида чиқишимиз зарур. “Ўзбекистон — келажаги буюк давлат” шиори буюк маънавий қудратга даъвогарликни ҳам ўз ичига олишини унутмаслик лозим. Буюк маънавий қудрат эса, халқнинг пок эътиқоди, миллий адабиёт ва санъатнинг жаҳоншумул таъсир-эътибори орқали юзага келиши шоён ҳақиқат.
XX аср ўзбек адабиёти, шак-шубҳасиз, жаҳондаги нуфузли адабиётлар сирасига киради. Тарихан қисқа вақт мобайнида янги замонавий адабиёт яратилди ва мингйиллик тарихга эга бўлган ўзбек мумтоз адабиёти билан биргаликда ўзбек миллатининг шу кундаги бадиий қиёфасини белгилаб турибди. Лекин чопағон вақт тўхтаб турмайди. Мана, янги XX асрнинг илк йилларидамиз. Ўжар бир савол кўндаланг туради: янги асрда ўтган асрда эгалланган чўққиларни эгаллай оламизми, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Ойбек, Ғафур Ғулом (бу рўйхатни анча давом эттириш мумкин) даражасидаги бадиий сиймоларни етиштира оламизми? Ваҳоланки, эгалланган чўққиларни қайта эгаллаш у қадар завқ бермайди. Вазифа — шу юксакликка таянган ҳолда янги чўққиларни забт этиш.
Бу жуда жиддий, айтишга осон, бироқ бажариш қийин вазифа. Ҳозирги адабий жараёнда бир қадар сокинлик ҳукмрон. Бу ҳам тасодиф бўлмаса керак. Адабиёт янги ижтимоий воқеликка мослашиб улгурмади, шекилли. Даврнинг ҳақиқий куйчилари, ҳақиқий ифодачилари ҳали етишиб чиқмади чоғи. Замона қаҳрамонининг бадиий образи яратилмаётир. Замона қаҳрамони ўзи ким, деган савол ҳам деярли очиқ қолмоқда. Бунинг учун вақт келиши, шароит етилиши зарурга ўхшайди.
Айни шу ўринда бадиий таржиманинг миллий адабиёт тараққиётида хамиртуруш сифатидаги роли бўртиб кўринади. Ўзбек мумтоз адабиётидаги таржимачилик(Қутб, Сайфи Саройи)дан кейинги бадиий кўтарилиш — ўзбек адабиётининг XV аср олтин даври. Рус адабиётининг ҳам XX аср олтин даври Жуковскийнинг бемисл таржимачилик фаолиятидан кейин бошланганини эслаш кифоя…
Омон МУХТОР: — Бизда аввалдан негадир турли тиллар(араб, форс, инглиз, рус тиллари)дан асарларни танлаб ўзбек тилига таржима қилиш биринчи ўринда бўлиб келган. Эски адабиёт намуналаридан ташқари, Чўлпон, Усмон Носир, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Мирзакалон Исмоилий, Миртемир сингари улкан адиблардан тортиб таржимага қўл урмаган ижодкор кам топилади. Бизнинг давримизга келиб, барча Эркин Воҳидов ёки Абдулла Орипов даражасида бўлмаса ҳамки, ўз имкони доирасида ўзбек адабиётини бойитадиган асарларни таржима қилишга уринади. Ёзувчилар, шоирлар билан бирга, ўтган асрда бутун иқтидорини таржимонликка бағишлаган катта саф ижодкорлар майдонга чиқди. Қодир Мирмуҳамедов, Миад Ҳакимов, Мирзиёд Мирзоидов, Ҳасан Тўрабеков ва бошқа ўнлаб таржимонлар жаҳон адабиётининг кўркам намуналарини ўзбек тилига таржима қилдилар. Бу жараён ҳозир ҳам гуркираб давом этаётир. Бунга фақат суюниш керак. Ҳеч ким эътироз билдирмайди. Аммо ўзбек адабиётида яратилган асарларни ўзбек тилидан турли тилларга таржима қилиш иккинчи ўринда тургандек таассурот қолдириши тайин.
Тўғри, ўзбек ёзувчиларининг кўп асарлари турли тилларда нашр этилган. Комрон Ҳакимов, Алишер Отақўзиев, Ҳамид Исмоил, Холида Анорбоева, Раъно Азимова ҳатто баъзи асарларни бевосита ўзбек тилидан таржима қилганлар. Шунга қарамай, бу ишда изчиллик, давомдорлик йўқ. Бизнинг адабиётимиз буюк адабиёт, мамлакатимиз мустақилликка эришиб, ҳар хил соҳалар (спорт, тасвирий санъат, мусиқа) жаҳонга чиқаётган бир паллада, адабиётимиз ҳали ўзининг бўй-бастини кўрсата олгани йўқ. Эсласангиз, севимли газетамизда босилган сўнгги суҳбатларидан бирини Шукур Холмирзаев “Жаҳонбоп асар ёза оламан, лекин…”, деб номлаган эди. Бу суҳбатда раҳматли Шукур ака ўкиниб, шундай деган эди: “Дунё адабиётининг машҳур асарлари билан бўйлашадиган асарларни кўзда тутаябсиз… Масалан, дунёга донғи кетган, Нобел мукофотини олган ёзувчиларнинг ҳам асарларини бундай салмоқлаб кўрсангиз, ўн-ўн бешта яхши ҳикоя чиқади. Шу маънода, ишонч билан айта оламанки, жаҳонбоп асар ёза оламан, лекин… Дунёга татийдиган ҳикоялар ўзимиздан, дейлик, Ўткир Ҳошимовдан ҳам, Учқун Назаровдан ҳам, Мурод Муҳаммад Дўст ва Эркин Аъзамовлардан ҳам чиқади. Ҳикоячилигимизга тамал тошини қўйган Абдулла Қаҳҳорнинг, лоф бўлса ҳам, эллик фоиз ҳикояси дунёга машҳур ҳикоялар билан бўйлашади…”.
Носир ҚАМБАРОВ: — Шу ўринда мен таржима муаммоларининг назарий масалаларига эътиборингизни қаратмоқчиман. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг чет тилларидан ўзбек тилига ва, аксинча, ўзбек тилидан чет тилларига таржима қилишга қизиқиш анча ортди. Ҳукуматимиз профессионал ва юқори малакали таржимонлар тайёрлашга катта аҳамият бермоқда. Таржима назарияси ва амалиёти таълим йўналиши ҳамда мутахассислиги бўйича Давлат таълим стандарти қабул қилиниб, шу соҳа фанларига доир намунавий дастурлар тасдиқланди. Республикада ягона Жаҳон тиллари университетида таржимонлик факултетига талабалар қабул этила бошланди. Бу, ўз навбатида, таржимон мутахассислар тайёрлашда бизга улкан вазифаларни юклайди.
Шу муносабат билан, юқори малакали таржимонлар тайёрлашда қандай назарий ва амалий муаммоларни ҳал қилишимиз лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.
Бизда чет тилларидан ўзбек тилига таржималар шу пайтгача, асосан, воситачи тил — рус тили орқали амалга ошириб келинган. Бунга асосий сабаб, менинг фикримча, таржима назариясининг етакчи масалаларидан бири — чет тилларидан ўзбек тилига таржиманинг назарий муаммолари тўлиқ ёритилмаганида, бу соҳада номзодлик ва докторлик диссертациялари кам ёқлангани, дарслик ва қўлланмалар ёзилмаганидадир. Бу — диссертациялар, қўлланма ва дарсликлар ёзишга материал йўқ, дегани эмас.
Сўнгги пайтлари Жаҳон тиллари университетининг таржимонлик факултети таржима назарияси ва амалиёти кафедраси ўқитувчилари томонидан “Синхрон таржима”, “Таржима тарихи”, таржимонлик факултети талабалари учун “Инглиз тили” дарсликлари ёзилди. Бироқ оғзаки ва ёзма таржимадан, чет тилидан ўзбек тилига ва ўзбек тилидан чет тилига таржима, матбуот таржимаси бўйича ҳали қўлланмалар ёзилмаган.
Ўзбекистонда чет тиллардан мутахассислик сифатида ўргатиладиган тилларни инобатга олсак, шу пайтгача инглиз, француз, немис ва испан тилларидан ўзбек тилига таржиманинг лингвистик асослари ишлаб чиқилмаган. Тўғри, бу соҳада маълум ютуқларимиз бор, лекин бу чет тилларидан ўзбек тилига таржима қилиш асосларини яратиш учун етарли эмас. Кўплаб назарий фикрлар ҳали умумлаштирилмаган. Бевосита чет тилларидан ўзбек тилига таржима қилинган асарлар таржима нуқтаи назаридан таҳлил этилмаган. Мавжуд таҳлиллар диссертация ёқланган ташкилотлардан нарига ўтмайди.
Амалга оширилган таржима асарлар таҳлил қилинмаётганлиги боис, нашр этилган аксарият луғатларда сўз маънолари, уларнинг маъно нозикликлари эътибордан четда қолиб кетаётир.
Бадиий таржима, ижтимоий-сиёсий матнлар ва илмий-техник таржималарда ҳам ҳозир айтилган муаммолар мавжуд.
Аббос ИРИСҚУЛОВ: — Таржима ҳақида гап борганда мен доим универсал, ҳамма жанрни бир хилда пухта биладиган, бу жанрлардаги асарларни профессионал даражада таржима қиладиган таржимон йўқ ва бўлиши мумкин эмас, дейман. Чунки ҳар қайси жанрнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Қолаверса, ҳатто таржиманинг умумий назариясини ҳам яратиш мумкин эмас.
Авваламбор, яхши таржима деганда нимани тушуниш керак? Асар муаллифи ўз олдига қандай мақсад ва вазифа қўйган бўлса, таржимон шу мақсад билан боғлиқ асл маънони ўқувчига тўла-тўкис етказиб бера олса, буни яхши таржима, деймиз. Гап шундаки, муайян жанрга хос бўлган матн таржима жараёнига ўз таъсирини ўтказади. Масалан, инглиз ва ўзбек тилларидаги илмий-техник матнларни олсак, инглиз тилида кесимлар кўпроқ пассив даражада ишлатилади. Бу хусусият ўзбек тилига хос эмас. Демак, бир хил жанрга хос бўлган икки тилдаги матн бир-биридан кўп жиҳатдан лисоний нуқтаи назардан фарқланиши мумкин.
Илмий-техник матнлар таржимасида таржимон шу соҳага оид истилоҳларни мукаммал билиши лозим. Бундан ташқари, илмий-техник матнлар ким томонидан, қачон ёзилгани, қачон таржима қилинаётгани, қайси контекстдалиги таржима натижасига таъсир кўрсатмайди. Ижтимоий-сиёсий матнлар таржимаси эса, илмий-техник матнлар таржимасидан айрим жиҳатларига кўра фарқланади. Бундай матнлар таржимасида таржимондан муайян сўзнинг муқобилини — таржима қилинаётган тилдаги синонимик қатордан ҳар жиҳатдан мос сўзни топиш талаб этилади.
Бадиий матн таржимаси айтиб ўтилган ҳар иккала матн турларидан тубдан фарқ қилади. Бадиий асар таржимони турли воситалардан, хусусан, лексик-стилистик трансформациялардан тўғри фойдалана олиши зарур. Бундай трансформациялар бадиий матн асосидаги маъно, мазмун, ғоя ва адабий услубларни сақлаб қолган ҳолда, ўқувчи эътиборига етказади.
Баҳодир ЭРМАТОВ: — Мен шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, чет тилларни ўргатишга ва ўрганишга қизиқиш бизда, асосан, мустақиллик йилларида кучайди. Бу соҳадаги ўзгаришлар ҳам айнан шу даврда юзага чиқди. Бугун инглиз, немис, француз, испан ва бошқа тилларда бемалол сўзлашаётган ёшларни кўриб кўз қувонади.
Республикамизнинг барча университетларида ҳамда Самарқанд давлат чет тиллар институти ва Андижон тиллар институтида талабалар махсус факултетларда бакалавриат ва магистратура йўналишларида жаҳон тилларини қунт билан ўрганмоқдалар. Мазкур даргоҳларда юқори малакали чет тиллар мутахассислари тайёрланмоқда. Бу борада Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида олиб борилаётган ишлар эътиборга лойиқ. Жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика ва таржимонлик факултетларида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур факултетлар Европанинг таржимонлар тайёрловчи олий ўқув юртлари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Улар орасида Франциянинг Марк Брон номидаги университети (Страсбург) ва Белгиянинг Олий таржима мактаби бор. Бу университетларнинг етакчи профессорлари Тошкентга келиб, университет талабалари ва ўқитувчилари иштирокида семинарлар ўтказишмоқда. Яқинда Халқаро таржимонлар федерацияси (ФИТ) раҳбарияти билан ҳам алоқа ўрнатилиб, федерация президентининг ёрдамчиси юртимизга келиб кетди.
Бу ҳаракатлар, албатта, ўз самарасини бераётир. Масалан, университетнинг таржимонлик факултетини 2000 йили битирган Улуғбек Жўраев Руи Гонсалес де Клавихонинг “Буюк Амир Темур тарихи” китобини бевосита ўрта асрлар испан тилидан ўзбек тилига таржима қилди. Китоб шу йили “Зарқалам” нашриётида чоп этилди. Университет халқаро журналистика факултети талабаларининг чет тилларидан қилган таржималари ҳам “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталиги ва “Жаҳон адабиёти” журналида босилиб турибди. Университет талабаси Алишер Отабоев машҳур инглиз адиби Сомерсет Моэмнинг бир неча ҳикоясини ўзбек тилига аслиятдан таржима қилди.
Ўзбекистон Миллий университетининг хорижий филология факултетида ҳам талабаларга малакали профессор-ўқитувчилар дарс ўтаётир. Моҳир таржимон, филология фанлари номзоди Иброҳим Ғафуров факултет магистратурасининг таржима назарияси ва амалиёти бўлими талабаларига таржима маҳоратидан сабоқ бермоқда. Факултет магистратурасини бу йил битирган талабалар — Салоҳиддин Нуриллаев ва Гулчеҳра Миришова XX аср француз адабиётининг таниқли вакили Раймон Радигенинг “Шайтон васвасаси” номли романини ўзбек тилига аслиятдан таржима қилдилар. Ҳозир бу китоб нашрга тайёрланмоқда.
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ: — Бундай олганда, чет эл адабиётини таржима қилиш ҳозир роса кучайиши керак. Негаки, авваллари, олмон ё хитой тилидан ўгириш тугул, ҳатто қозоқчадан ҳам рус тили орқали таржима қилар эдик-да. Эндиликда бадиий асарларни чет тиллардан ағдариш йўлидаги тўсиқлар олиб ташланди, қолаверса, хорижий тилларни ўрганувчилару ўргатувчилар сони камида икки баравар ортди. Хўш, натижа қандай? Зўрми? Мақтансак бўладими?
Йўқ, албатта. Ғафур Ғулом айтганидек: “Ишни қойил қилиб қўйиб, сўнг мақтанса ярашар”. Бизда эса босилиб чиқаётган таржима китоблар сони кескин камайиб кетди, уларнинг тиражи ҳақида гапирмай қўя қолай. Бунга китоб нашрини ишлаб чиқариш соҳасига, яъни ўзини ўзи кўтарадиган, бунинг устига, солиқ тўлаши керак бўлган соҳалар сирасига ўтказилгани сабаб бўлди. Шунинг учун таржима китобларининг юз-икки юз минг нусха босилиши ўтмишга айланиб, минг-икки минг нусха китоб чиқариш ҳам катта гап бўлиб қолди. Таржимачиликни сақлаб қолишнинг битта йўли бор — китоб, хусусан, чет тиллардан таржима қилинган китобларни босиб чиқаришни давлат ўз ҳомийлигига олиб, дотация ажратишига эришиш керак. Ахир, қайси таржимон бирон романни қон бўлиб ўзбек тилига ўгиргач, эвазига гонорар олиб рўзғорини бутлаш ўрнига нашриётга беш-олти миллион сўм тўлаб китоб чиқаради? Шу масала ҳал этилмаса, ҳамма гап оғизда айтилиб, қоғозда қолиб кетаверади.
Бу ерда таржимон кадрлар тайёрлаш борасида фикрлар айтилди. Бу масалага менинг қарашим бошқачароқ. Менингча, аксар чет тили мутахассислари тилмоч бўлади, аммо улар орасидан бадиий таржима устаси етишиб чиқиши амри маҳол. Киши бирон чет тилини яхши билгани билан таржимон бўлиб қолмайди-да. Мутаржим олдига қўйиладиган биринчи шарт чет тилини билиш эмас, балки она тилида ижод қила олиш; таржимон — аввало ижодкор. Шу боис, чет тилини ўргатадиган университетлардан “Даёш, таржимон!”, деб талаб этиш жилла ўринли эмас. Эътибор берсангиз, ҳозирга қадар таржимонлар асосан университетнинг филология ё журналистика факултетини тамомлаганлар орасидан етишиб чиққан. Менингча, айни факултетлар бундан кейин ҳам таржимон кадрлар етказиб берадиган асосий маскан бўлиб қолаверади.
Нега энди чет тили мутахассислари орасидан яхши таржимонлар чиқмаяпти, деган саволга жавобим шуки, бунга шароит етарли эмас. Хорижий тил факултетларида ўқув режаларининг тузилиши шундайки, талабаларга асосан инглиз ё испан тилининг грамматикаси ҳижжалаб ўқитилади, ўшанда ҳам кўп жойларда ўзбек тилига қиёсан эмас, инглизча-русча, ё испанча-русча таржима жараёни мисоллари билан ўқитилади. Таржимадан дарс соатлари эса жуда кам. Ўзбек тили ва адабиёти эса улар учун, нари борса, “факултатив предмет”. Ҳолбуки, булар ҳам ўзбек тили мутахассиси, филолог бўлиб чиқади…
С.МЕЛИ: — Шубҳасиз, таржима соҳасида олдимизда турган вазифалар талай. Жаҳон адабиётининг дурдона асарлари она тилимизга таржима этилиб, ўзбек китобхонининг бадиий дидини шакллантиришда хизмат қилаётганини назарда тутган ҳолда, галдаги вазифалар нималардан иборат эканини аниқ белгилаб олишимиз лозим.
Менингча, аввало, жаҳонда асрлар давомида тан олинган, севиб ўқиб келинаётган асарларнинг барчаси ўзбек тилига таржима қилиниши зарур. Одатда, шу ҳақда гап кетганда: “Рус тилида бор-ку”, деб қўя қоламиз. Бир азалий ҳақиқатни англашимиз даркор: ҳар қандай асар она тилимизда жарангламагунча бизнинг маънавий мулкимиз бўлолмайди. Антик адабиётдан бошлайдиган бўлсак, бу жабҳада ҳам изчиллик, тартиб йўқлигига гувоҳ бўламиз. Ҳомернинг “Илиада”си нашр этилгани ҳолда, ҳали “Одиссея”нинг таржимаси йўқ (устоз таржимонимиз Қодир Мирмуҳамедов улуғ достон таржимасини тугатганлиги ҳақида гап-сўз юради, холос). Қадимги юнон трагиклари Эсхил, Софокл, Эврипид ва комедиянинг отаси Аристофанлардан фақат “Занжирбанд Прометей” (Асқар Қосимов таржимаси) ва “Шоҳ Эдип” (Асқад Мухтор таржимаси) ўзбекчалаштирилган, холос. Бу ҳам театрнинг талаб-эҳтиёжи туфайли. Қадимги Рим адабиётидан деярли ҳеч нима (айрим антологияларни айтмаганда) таржима қилинмаган. Оврупо Уйғониш давридан ёлғиз Шекспирнинг омади чопган. Лекин ҳануз ўзбек тилида тўлиқ Шекспир йўқ. Ваҳоланки, кўпчилик маданий миллатлар аллақачон Шекспирни тўлиқ ўз мулкига айлантиришган.
“Инсон қўли билан яратилган энг буюк романлардан бири” (Луначарский) сифатида эътироф этилган Сервантеснинг ўлмас “Дон Кихот” асари ҳам тилимизга тўлиқ ўгирилган эмас. Сотиболди Йўлдошев таржимасидаги “Дон Кихот” рус олими ва адиби Б.М.Энгелгардт болалар учун қисқартиб қайта ишлаган нашрдан ўгирилган. Минг саҳифадан ортиқ бу икки жилдли муаззам роман ўз таржимонини кутмоқда.
Дантенинг “Илоҳий комедия” асари таржимаси ҳақида икки оғиз гапирсам. Атоқли шоиримиз Абдулла Орипов уч қисмдан иборат асарнинг биринчи қисми “Дўзах”ни ўтган асрнинг етмишинчи йиллари маромига етказиб таржима қилгани маълум. Мураккаб қофия системасига, ўзига хос тасвир-ифода йўсинига эга бу улуғ асарнинг қолган икки қисми “Аросат”(баъзан “Аъроф” ҳам деб юритилади) ва “Жаннат” ҳамон моҳир таржимон шоиримизни кутмоқда. “Аросат”дан бир неча қўшиқ таржима ҳам қилинган, гап фақат ишни якунига етказишда қолган, холос. Гап шундаки, агар шоиримиз таржимани чала қолдирадиган бўлса, “Илоҳий комедия” яна кўп йиллар ўзбекча тўлиқ жарангламаслиги тайин. Яна қачон Абдулла Орипов даражасидаги поэтик сўз устаси туғилади-ю, унинг шундай мураккаб асарга тиши ўтиб, Дантени ўзбекчада муносиб сўзлата олади.
Ҳозирги замон чет эл адабиёти ҳақида гап кетганда, айтиш жоизки, нимани таржима қилиш ва нимани тарғиб қилишни ҳам билиш керак, шекилли. Ғарбда бестселлар бўлган асар бизда ҳам шундай бўлади, деб ўйлаш хато. Бундан ташқари, бестселлер ва чинакам бадиий асар сифат-савия жиҳатидан бошқа-бошқа ҳодиса экани ҳам бор гап. Бири оммавий, иккинчиси — бадиий ҳодиса! Оммавий ҳодиса бадиий, бадиий ҳодиса оммавий бўлмаслиги мумкин. Айтайлик, Пауло Коэлонинг “Алхимик”ка ўхшаш асарларининг шов-шувли мақтовига жўр бўлиш танқидчилик обрўйига путур етказади, китобхон дидини чалғитади. Устига устак, бу адабий кучларнинг исроф бўлишига олиб келмайдими? Бу ўринда мен “Алхимик”нинг бир йўла уч таржимон томонидан ўзбекчага ағдарилганини назарда тутаяпман. Менингча, “Алхимик”нинг лўнда баҳоси — адабий компиляция.
Н.ҚАМБАРОВ: — Албатта, бестселлер китобларнинг ҳам ишқибозлари кўп. Айни пайтда жиддий прозадан кўра, саргузашт-детектив асарларнинг харидори бисёр. Бозор иқтисодиёти шароитида бу, албатта, ўз таъсирини ўтказади. Нима бўлганда ҳам таржима савиясини таъминлайдиган энг асосий нарса луғат ҳисобланади. Ҳозирги пайтда нашр қилинган луғатлардан кўра электрон луғатларга талаб ортиб бормоқда. Бундан эндиликда чоп этилган луғатларга эҳтиёж бўлмайди, деган фикр туғилмаслиги керак. Замонавий талабларга жавоб берадиган луғатлар тузиш ҳам долзарб муаммолар сирасига киради. Бу ишга малакали мутахассисларни жалб этиш зарур.
Таржима соҳасида деярли эътибор берилмаётган соҳалардан яна бири, бу — таржима таҳлили асослари. Чет тилларидан ўзбек тилига таржима қилинган матнлар таҳрири бўйича бирорта ҳам қўлланма ёзилмаган.
Бу каби вазифаларни ижобий ҳал этиш, бир томондан, малакали мутахассислар тайёрлаш имконини берса, иккинчи томондан, таржима назарияси муаммоларини илмий жиҳатдан чуқур ўрганадиган олимлар сонини кўпайтириш имконини беради.
А.ИРИСҚУЛОВ: — Юртимиз мустақил тараққиёт йўлига кирганига 15 йилдан ошди. Бошқа барча давлатлар қатори Ўзбекистонимиз ҳам глобаллашув жараёнининг бевосита иштирокчиси сифатида жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини топиб олди. Таржима, таржима муаммолари тўғрисида гапирганимизда юртимиз олимлари, ёзувчи, шоирлари томонидан ҳозиргача яратилган ва бугун — истиқлол даврида яратилаётган асарлар дунё ҳамжамияти эътиборига қай даражада етказилаётибди, деган масала тўғрисида ҳам ўйлаб кўришимиз керак. Шу билан бирга, хорижлик прогрессив ёзувчилар, шоирларнинг янги асарлари, адабиёт, тил илмидаги энг кейинги ютуқлар, тадқиқотлар ўзбек тилига ўз вақтида ўгирилаётибдими, деган саволни ўзимизга бериб кўришимиз ҳам, фикримча, ўринлидир. Минглаб хорижликлар юртимизга келаётгани ҳаммага маълум. Лекин, афсуски, улар хорижий тилларга ағдарилиб, ўзимизда чоп этилган ўзбек турмуш тарзини, бой тарихимиз ва маданиятимизни, урф-одатларимизни акс эттирган китобларни ўзлари билан юртларига олиб кета олмаётибди. Чунки бундай китобларни етарли даражада таржима қилмаяпмиз. Бу асарлар юртимизни, ундаги содир бўлаётган янгиланиш, ўзгаришларни тарғиб қилишнинг йўлларидан биридир. Бу масала ўта жиддий бўлиб, уни тезда амалга ошириш йўлларини қидириш лозим.
О.МУХТОР: — Таржима қилинмаган йирик насрий асарлар баробарида, таржима этилганларидан ҳам қаноат ҳосил қилолмайсиз. Ана, биз юксак қадрлаган Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи. Русча таржимасини аслига қиёсласангиз, хафа бўлиб кетасиз. Бизда насрдан ҳам кўра назм шуҳратли. Рангин, бой. Ўзбек шеърияти кенгроқ тарқалган ҳам. Бироқ ҳали ҳатто буюк Алишер Навоий асарлари, ғазаллари бирон тилга кўнгил тўладиган даражада таржима қилинмаган. Бир томондан, шарқона шеър, айниқса, мумтоз шеъриятни таржима қилиш қийин. Навоийнинг биргина: “Дўстлар, мен телба аҳволига йиғланг зор-зор” сатрини таржимон қандай таржима қилади?! Рус тилида, мисол учун: “Я сума сошёл, друзья, плачьте за меня”, дейдими?! Мана, қўлимда икки жилд таржима китоб. Таржимонлар ҳар уч-тўрт ғазалдан бирида: “кровю облился” деяверади. Афтидан, “қон ютаман дам-бадам”, деган гапни ўшандай ўгирган. Ҳолбуки, “қон ютиш” аниқ ҳол эмас, туркий ибора. Аксар тасвирлар хира, зиддиятли, мавҳум. Лутф, бўрттириш, киноя, бутун тагмаънолар сезилмайди. Умуман, Шарқ оламини билмаслик кўриниб турибди.
Гапнинг индаллоси, бу дунёда ўз қадрини ўзи билмаса, четдан биров билмас экан. Жаҳонда мамлакат борки, адабиётни тарғиб қилиш орқали эътибор топиш, мавқе эгаллашга уринган. Афанди Капиев деган киши Доғистонда бўлган авар, лазги ва бошқа тиллар билимдони эканлиги-ю, рус тилини ҳам “сув қилиб ичгани”дан Сулаймон Сталский, Ҳамзат Цадаса, Расул Ҳамзатовларга йўл очган эди. Ўз халқимиз ичидан билимли таржимон йигит-қизлар тарбияланиб чиқмагунича ўзбек адабиётидаги энг сара асарлардан жаҳон китобхони бехабар қолаверади.
С.МЕЛИ: Умуман олганда, ҳозирги кунда таржимонларнинг янги авлодини етиштириш долзарб вазифага айланди. Аксарият соҳада бўлганидек, таржимачиликда ҳам катта ва ўрта авлод билан ёш авлод ўртасида узилиш пайдо бўлди. Бадиий таржима билан фаол шуғулланаётган ижодкорларнинг ёши 50 билан 70 оралиғида, 30-40 ёшдаги таржимонлар бармоқ билан санарли. Шундай экан, бадиий таржиманинг келажаги учун заминни ҳозирдан тайёрламоқ керак.
Юқорида таржима таҳлили эътибордан четда қолаётгани, таржима асарлар таҳририга доир бирорта қўлланма ёзилмагани айтилди. Бу жуда ўринли айтилган долзарб муаммо. Кўплаб шеърлар ўзбекчага таржима қилинса-да, таржима мутахассис баҳосини олмаса — бу ҳам нормал ҳолат эмас. Ҳозир-ку, оригинал бадиий асар ҳақидаги тақризлар камдан-кам чиқади, таржима асарлар таҳлилига йўл бўлсин! Афсус билан бизда таржимашунослик илмий йўналиш сифатида йўқ бўлди, дея қайд этиш мумкин. Авваллари, Республика Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги (у пайтлари институт Пушкин номида эди) Тил ва адабиёт институтида махсус таржимашунослик бўлими мавжуд бўлиб, унда мазкур соҳанинг турли муаммолари тадқиқ қилинарди. Ҳозирга келиб кўплаб илмий йўналишлар — диалектология, нутқ маданияти, туркий тилларни қиёсий ўрганиш, экспериментал фонетика қатори таржимашунослик ҳам ўз-ўзидан йўқолиб кетди. Мавжудлари ҳам абгор аҳволда. Ачинарлиси шундаки, институт раҳбарияти бундай илмий йўналишларни тиклаш ҳақида ўйлаётгани ҳам йўқ. Мазкур соҳаларда ўзининг илмий ечимини кутаётган муаммолар эса қалашиб ётибди.
Бадиий таржима ва таржимашунослик қиёсий адабиётшунослик, компаративистиканинг нони, десак янглишмаймиз. Қиёсий адабиётшунослик маънавият равнақига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган мамлакатимизни жаҳон бадиий ва интелектуал майдонида ўзлигини тиклашда, тайин этишда муҳим восита. Буюк файласуф Ҳегелнинг “Ҳуқуқ фалсафаси” китобида шундай фикр бор: “Халқнинг ўз-ўзини англаши жиддий суратда ўзини бошқа халқлар қаторига қўйиб мушоҳада қилишидан иборат. Бунинг учун у ўзини мустақил халқ эканлигини исботлаши зарур. Руҳ фақат ўзаро таъсир жараёнида намоён бўлади”.
Миллий адабиётимиз даҳоси Алишер Навоий ижодини жаҳон бадиий ва илмий контекстида ўрганиш пайти келди. Қиёсий адабиётшунослик аспектида Шарқда — Лао-сзи, Конфуций, дзен-буддизм, Низомий, Хусрав Деҳлавий, Румий ва бошқалар, Ғарбда — Ҳомер, Платон, Аристотел, Плотин, Данте, Шекспир, Пушкин, Достоевский, Толстой ижоди билан ҳазрат Навоий асарлари қиёсан тадқиқ этилиши зарур. Бу илмий ва интеллектуал самара бериши тайин.
Ҳегел юқорида келтирилган асарида ёзганидек, “Руҳ (ўзбек руҳи деб ўқинг — С.М.) фақат ўзаро таъсир жараёнида намоён бўлади”. Айрим сиртга боқувчилар ўзаро таъсирни юзаки тушунишлари мумкин. Бундаги ўзаро таъсир субъекти — ғоя-идеялар, уларнинг бадиият қобиғидаги талқинлари бўлиб, улар қиёсланганда (юзлаштирилганда) янада кучайишлари тайин. Бу қиёсий адабиётшуносликда кузатилган, ўз тасдиғини топган қонуният бўлиб, бадиий таржима назарияси ва амалиётига бевосита тааллуқлидир.
ТАҲРИРИЯТДАН: “Давра суҳбати” иштирокчиларининг фикр-мулоҳазаларидан аён бўлганидек, бадиий таржима соҳасида қувонса арзигулик ютуқларимиз бор. Албатта, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ҳам кам эмас. Бу биздан ҳам ташкилий, ҳам амалий томондан астойдил меҳнат қилишни, ижодий изланишларни фаоллаштиришни, ёш таржимонлар авлодини етиштириш борасида изчил иш олиб боришни талаб этади.
Ўйлаймизки, суҳбат доирасида кўтарилган муаммолар, тилга олинган долзарб масалалар адабий жамоатчиликда, биринчи галда, таржимонларда, ёзувчи-шоирларда, адабиётшуносларда, қолаверса, кўпмингсонли газетхонларимиз ва китобхонлар оммасида қизиқиш уйғотади. Биз уларнинг фикр-мулоҳазаларини кутамиз. Газетамизнинг “Таржима — юксак санъат”, “Акс-садо” рукнлари остида бадиий таржима назарияси ва амалиётига бағишланган эътиборли мақолаларни, таклиф ва мулоҳазаларни мунтазам эълон қилиб борамиз.
Давра суҳбатини М.Саъдий ва А.Отабоев тайёрлади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 13-сонидан олинди.