Шерали Турдиев. Улуғ маърифатпарвар зот (2007)

ХХ аср бошларида Туркистоннинг ҳар томонлама мустақиллигини орзу қилган ва бу йўлда тинимсиз кураш олиб борган, Ватан озодлиги учун жонини ҳам қурбон қилган ил­ғор маърифатпарвар истиқлолчи Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875-1919) истиқлолимизнинг чинакам фидойиси, қўрқмас курашчиси бўлган дейишимиз мумкин.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср бошларида ўз ғоявий маслакдош дўстлари Мунаввар қори Абдурашидов, Убайдулла Хўжаев ва бошқалар билан бирга жаҳолат ва қолоқлик, диний фанатизм ва чор мустамлакачилик зулмига қарши ўлканинг иқтисодий-сиёсий ва маданий тараққиёти учун тинмай кураш олиб борди.  Туркистонда миллий мустақил давлатчилик, давлат тили қонунлари, демократик йўл билан ўтказиладиган парламент сайловлари ва бунда ҳамма миллат ва элатларнинг тенг ҳуқуқли эркин иштироки масалаларини шу қадар дадиллик ва инсонпарварлик позитсияларидан туриб кўтарганки, беихтиёр Маҳмудхўжа Беҳбудий бугунги мустақиллик кунларимизни ўшандаёқ башорат қилганлиги кишини ҳайратлантиради. Бу жиҳатдан, айниқса, унинг мазкур даврда ёзган “Эҳтиёжи миллат” (1909), “Жамияти хайрия” (1913), “Марказий шўромизга”, “Иттифоқ керак”, “Баёни ҳақиқат” (1917), “Қозоқ қариндошларимизга очиқ хат” (1918 йил, январ) каби мақолалари ва 1918 йил августда Тошкентда ўтказилган “Туркистонда давлат лисони” масалалари бўйича чақирилган кенгашдаги нутқлари характерлидир. Масалан, у 1917 йил 12 июнда Тошкентда чиқиб турган “Улуғ Туркистон” газетаси саҳифаларида эълон қилган “Баёни ҳақиқат” номли мақоласида ҳали ўлкада Туркистон мухторияти ғалаба қилмасдан бир неча ой аввал бу хусусда фикр юритиб башорат ва зўр орзу ила шундай деб ёзган эди: “Биз мусулмонлар, хусусан, Туркистон мусулмонлари истаймизки, ҳеч бир киши бизнинг дин ва миллатимизга зулм ва таҳдид қилмасин ва бизнинг ҳам бошқаларга таҳдид қилмоққа асло фикр ва ниятимиз йўқ. Зотан, динимиз-да бунга монедирки, Туркистон яҳудийларининг 1300 саналик ҳоли бунга шоҳиддир. Биз истаймизки, бутун Русия мусулмонлари мухторият (федератсия) усули юзасидан тириклик қилсунлар. Русия мусулмонларининг ҳар бир шўъбаси муҳит жуғрофий ва мамлакатларини ҳудуди тарбияси бўйинча айрим бўлакларга бўлиниб, ўз тарафларидан ўз ҳуррият ва одатларига мувофиқ идора қилинса… Биз истаймизки, Туркистон ҳукумати таъсис этсак, ўзимизнинг парламентимиз бўлса. Туркистон мусулмонлари ўз шариат ва одатларига, ўз закон ва динларига мувофиқ тириклик қилсунлар… бора-бора тадрижий суратда аскарларимиз бўлсун, …ул… миллий аскарларимизнинг вазифасини, қиёфат ва шаклини, либос ва тарз майишатини ўзимиз тайин қилурмиз. Мана, бизнинг олдимизда энг катта ишлар турибдир… Такрор арз қилурмизки, ёш ва катталар бир бўлиб ишламоқ керак. Вале, бизга на ҳуррият ва на-да мухторият берилур”.

Лекин муваққат ҳукумат ўрнига келган болшевиклар бутун Россияда бўлгани каби Туркистондаги демократик ўзгаришлар ва миллий мус­тақил давлат ҳокимиятини (Туркистон мухториятини) ҳам ағдариб ташлади. Маҳмудхўжа Беҳбудий норозиликларини халқаро ташкилотларга арз қилиш мақсадида 1919 йил бошларида сафарга чиқади. Мартда Бухоро амирлиги чегарасидан ўтаётганида қўлга олиниб, Қарши шаҳрида Бухоро амири жаллодлари ва болшевик айғоқчилари томонидан ваҳшийларча қурбон қилинади. Унинг бу даҳшатли ўлими шогирдлари, маслакдош дўстлари қалбларини ларзага солади. Улар Беҳбудийни ўлдирган золимларга лаънатлар ёғдириб шеър­лар, мақолалар ёзадилар. Жумладан, Садриддин Айний ўзининг “Беҳбудий руҳига итҳоф” (шаби ҳижрон ҳавосиға, 1920 йил апрел) марсиясида бу ҳақда шундай дейди:

“Сенинг кўксунг чўкулганму,  санинг белинг букулганму?
Санинг қонинг тўкилганму?”
Мун(нг) ҳеч ким сўролмасму?
Бошингни кесдуран қотил, у бадният, у сангин дил,
Худодан гар эса ғофил, халойиқдан уялмасму?
Ватан авлоди ёд этди, сени ҳурмат-ла шод этди.
Ва лекин интиқомингни ололурму, ололмасму,
Жаҳонда зулмдур зоҳир,  жаҳон хунхўр, жаҳон жобир,
Жаҳондан бир замон охир  ситамгарлик йўқолмасму?

Беҳбудий номи унинг вафотидан кейин Туркистон (бугунги Ўзбекистон) тарихига ўчмас зарҳал ҳарфлар билан ёзилди. У Туркистоннинг ХХ аср бошидаги биринчи маърифатпарвари ва драматурги, истиқлол курашчиси сифатида фахр билан тилга олина бошланди. Жумладан, Беҳбудийнинг кичик замондоши Лазиз Азиззода ўзининг “Беҳбудий” (1926) мақоласида унинг Туркистоннинг чоризм давридаги ижтимоий-сиёсий, маданий ва маърифий тараққиёти тарихидаги ўрни ва аҳамиятига катта баҳо бериб, ўлкамиз тарихидаги хизматларини франтсуз маърифатпарварлари — Жан Жак Руссо, рус демократлари Чернишевский, Добролюбов, татар ва озарбайжон маърифатпарварлари — Шаҳобиддин Маржоний, Қаюм Носирий, Мирза Фатали Охундов, Нажафбек Вазировлар билан бирга қўйди. Шунинг учун Ўзбекистонда Навоий, Улуғбек каби буюк зотлар билан бирга Беҳбудийга ҳам ҳайкал ўрнатиш кераклиги таклифи билан чиқди.

Халқимизнинг бу улуғ фарзанди номи ўтган асрнинг 20-йиллари бошларидаёқ  ўлкамизнинг бир қанча шаҳар ва вилоятларида кўчалар, мактаблар, театрларга қўйила бошлади. У ўз замондошлари ва кейинги авлодларининг Туркистон (Ўзбекистон) мустақиллиги йўлидаги курашида ҳамиша маънавий мададкор бўлиб хизмат қилди ва ҳамон хизмат қилиб келмоқда.

Шерали ТУРДИЕВ

“Ҳуррият” газетасидан олинди.