Тўлқин Эшбек. Қирқинчи довон (2007)

Қирқ рақами мўъжизакор сон экани ҳақида кўп ривоятлар бор. Ёз ва қишнинг қирқ кунлик чилласида об-ҳаво ўзгача бўлади. Удумга кўра, келин-куёв қирқ кунлик чиллага амал қилиши шарт. Чақалоқлар ҳам қирқ кунлик муддатдан сўнг бир қадар улғайганини кўриб қувонасиз.   Эртакларда тўйлар қирқ кечаю қирқ кундуз бўлиши, баҳодирлар қиличи қирқ газ экани замирида ҳам рамзий маъно мужассам. Қирқ қиз ва қирқ йигит афсоналари, шу кунга қадар улар номи билан аталадиган жойлар ҳам ана шу соннинг мўъжизакорлигини тасдиқлаётгандек… Буни қарангки, кўплаб журналист кадрларни етиштирган жонажон ўқув масканимиз – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факултети ташкил топганига ҳам қирқ йил тўлибди!

У дастлаб 1949 йили университетнинг филология факултети қошида журналис­тика бўлими сифатида ташкил этилган. Ҳукумат қарори билан 1967-1968 ўқув йилидан журналистика факултетига айлантирилган. Бўлимга дастлаб тарих фанлари доктори, профессор Тўғон Эрназаров раҳбарлик қилган. Бу амалиётчи журналист ва зукко олим 1965 йилда Ўзбекистон журналистикаси тарихида биринчи фан доктори бўлган эди. Фидойи устоз раҳбарлик қилган даврда факултет  шаклланди, журналистика илмининг мустаҳкам пойдеворига асос солинди.

Анвар Шомақсудов, Тоҳир Пидаев, Феликс Нестеренко, Бекир Мамутов, Сайди Умиров, Омонулла Мадаев, Ҳамидулла Акбаров, Файзулла Мўминов каби мураббийлар турли йилларда факултет декани бўлганлар. Тарих фанлари доктори Қудрат Эрназаров 2001 йил феврал ойидан буён шу лавозимда самарали фаолият кўрсатмоқда.

Узоқ йиллар факултетимизнинг кечки ва сирт­қи бўлимлари ҳам фаолият кўрсатган. Турли даврларда Неъмат Ёқубов, Сайди Умиров, Воҳид Абдуллаев, Абдулла Сайфутдинов, Бойбўта Дўстқораев, Рамзиддин Абдусатторов, Абдуваҳоб Муслимовлар унга масъул бўлганлар.

Республикамизда халқаро журналист кадрлар тайёрлаш ҳам дастлаб факултетимизда бошланган. 1993 йилда Халқаро журналистика кафедраси ташкил этилиб, унга турли даврларда Файзулла Мўминов ва Қудрат Эрназаровлар мудирлик қилишди. 1999 йилда ЎзДЖТУ таркибида халқаро журналистика факултети ташкил этилиши муносабати билан мазкур кафедра фаолиятини тўхтатди.

Бу қутлуғ даргоҳда таҳсил олиб камолга етган талабалар орасидан юзлаб етук журналистлар, газета, журнал, китоб нашриётлари, телерадио муҳарририятлари, ахборот агентликлари бош муҳаррирлари, матбуот котиблари, шоир ва адиблар, давлат ва жамоат арбоблари етишиб чиқди. Улар Тўғон Эрназаров, Очил Тоғаев, Озод Шарафиддинов, Адҳам Акбаров, Ориф Саидов, Лазиз Қаюмов, Расул Муҳаммадий, Ғайбуллоҳ ас-Салом, Ирисали Тошалиев, Фатҳиддин Насриддинов сингари раҳматли устозлардан, Мухтор Худойқулов, Назира Абдуазизова, Нажмиддин Комилов, Абдуғафур Расулов, Феликс Нестеренко, Ҳамидулла Акбаров, Файзулла Мўминов, Фотима Мўминова каби фан доктори ва профессорлардан, Анвар Шомақсудов, Тоҳир Пидаев, Анвар Каримов, Бойбўта Дўстқораев, Воҳид Абдуллаев, Абдулла Сайфутдинов, Фатхулла Лутфуллаев, Омонулла Мадаев, Адҳам Эргашев, Юсуф Ҳамдамов, Мирботир Ҳусанов, Шавкат Миралимов каби жонкуяр устозлардан сабоқ олганлари ҳақида фахрланиб сўзлайдилар. Шу қутлуғ даргоҳдан етишиб чиққан ўнлаб ёш журналист олимлар айни вақтда устозлар изидан дадил бораётганлари қувончли ҳолдир.

Факултетнинг биринчи қалдирғочларидан бири – умрини матбуот ишига бахш этган таниқли журналист Исмоил Сулаймонов «Мен журналистман» китобида ўқув даргоҳимизда юз берган ғаройиб воқеалар, бу маскандан етишиб чиққан ижодкорлар ҳақида мароқ билан ҳикоя қилган. Дотсент Анвар Шомақсудов эса «Журналист мутахассислар тайёрлаш маскани» рисоласида бу маскан тарихи, босиб ўтилган машаққатли ҳамда шарафли йўл ҳақида сўз юритади.

2005 йили университетимиз таркибида Олий журналистика курси ташкил этилди. Бу йил июн ойида мазкур курс­нинг илк қалдирғочлари қўлларига магистрлик дипломини олдилар.

Ҳозирги кунда факултетда «Матбуот», «Телекўрсатув ва радиоешиттириш», «Оммавий алоқалар ва реклама», «Услубият ва таҳрир» ҳамда «Интернет журналистикаси» каби ихтисослик кафедралари фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 августда «Оммавий ахборот воситалари соҳасида кадр­лар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш давлат дастури тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Бунга мувофиқ факултетда сиёсий шарҳ, ОАВ иқтисодиёти ва менежменти,  ОАВ сотсиологияси, ОАВ психологияси, ахборот-психология хавф­сизлиги масалалари мутахассисликлари бўйича магистратура бўлимлари очиш, университет базасида ўқув-нашриёт комплексини барпо этиш, уни ўқув-методик адабиётлар нашр этиш учун замонавий матбаа ва нусха кўпайтириш техникаси билан жиҳозлаш, шунингдек, «Журналис­тика масалалари» ихтисослаштирилган илмий алманахини таъсис этиш режалаштирилган.

Очиғи, бир пайтлар она тилимизда журналистика назарияси, бу соҳа сирларини мукаммал ўргатадиган дарсликлар, ўқув қўлланмалар йўқ эди. Ўтган йиллар мобайнида, айниқса, юртимиз истиқлолга эришганидан буён соҳага доир ўқув қўлланмалари, назарий рисолалар нашр этилди. Бу борадаги изланишлар, тадқиқотлар изчил давом этмоқда.

Журналистикани амалиётсиз тасаввур этиш қийин. Сўнгги йилларда бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Республика газета ва журналлари таҳририятларида, телерадио муҳарририятларида, қатор ташкилотларнинг матбуот хизматларида тажрибали журналистлар билан ҳамкорликда «Ижодий устахона»лар ташкил этилган. Бундан ташқари факултетнинг «Журналистика» ўқув газетаси, «Ўзбекистон Миллий университети» кўп нусхали нашри ҳам талабалар учун ўзига хос амалиёт мактаби бўлмоқда.

Мунтазам ижодий машқ ва изланишни талаб этадиган бу нозик соҳа сирларини ўргатиш борасида ЎзМУ журналис­тика факултетида жуда кўп хайрли ишлар қилингани таҳсинга лойиқ. Лекин журналистика факултетида замонавий оммавий ахборот воситаларига муносиб кадрлар етказиб туриш борасида ҳали жуда кўп ишлар қилиниши зарурлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Қирқ йил мобайнида бир неча журналистлар авлодини етиштирган жонажон факултетимиз айни қирчиллама ёшида янада камол топиб, илмий ва ижодий салоҳияти ортмоқда. Унинг истиқболи қанчалик порлоқ бўлиши эса азиз устозлару зукко талабаларимизнинг саъй-ҳаракатларига боғлиқ.

Тўлқин ЭШБЕК,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетинингахборот хизмати раҳбари.

«Ҳуррият» газетасидан олинди.