Ўзбек мумтоз адабиёти шундай ғаройиб оламки, бу оламга тадқиқотчи сифатида кирмоқчи бўлган киши Навоий, Бобур, Машраб сингари улуғ шоирларнинг муборак асарларини ўқиш, таҳлил қилиш, улар бўйича илмий изланишлар олиб бориш машаққатига тайёр бўлиши лозим. Шу соҳада самарали изланишлар олиб борган Бертельс, Ойбек, Ғафур Ғулом, Порсо Шамсиев, Шайхзода, Воҳид Зоҳидов, Воҳид Абдуллаев, Ғулом Каримов, Ҳамид Сулаймон, Натан Маллаев, Абдуқодир Ҳайитметов сингари забардаст олимлар мумтоз адабиётимизнинг буюк сиймолари ижодини ўрганишга улкан ҳисса қўшдилар. Ана шу порлоқ номлар қаторидан ўрин олишга муносиб яна бир ном бор. У филология фанлари доктори, профессор Абдуғафур Абдурашидовдир.
Абдурашид ака 75 йил аввал Тошкентдаги Қозикўча маҳалласида мумтоз адабиётга ихлоси баланд оилада дунёга келди. 1953 йили ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факултетини битириб, 1954 — 1957 йилларда Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти қошидаги аспирантурада таҳсил олди ва умрининг сўнгги кунига қадар шу даргоҳда хизмат қилиб, катта илмий-ижодий йўлни босиб ўтди.
Камина узоқ йиллар Абдурашид ака билан бирга ишлаб унинг ўз соҳасига вужуди билан берилган, мумтоз адабиёт намояндалари ижодининг янги қирраларини ўрганиш истаги билан яшаган, ўзига ва бошқаларга ўта талабчан олим эканига иқрор бўлганман. У шу фазилатлари билан адабиётшуносликда ўчмас из қолдирди.
Олимнинг илмий фаолиятини асосан уч қисмга бўлиш мумкин. У узоқ йиллар матншунослик бўйича самарали изланишлар олиб бориб, мумтоз адабиётимиз намояндалари меросини тўплаш, ўрганиш ва нашр этишга алоҳида эътибор берди. Унинг жонбозлиги билан Машрабнинг “Танланган асарлар” (1980, рус тилида), “Дилим дарёи нурдир” (2004), Нодиранинг “Жон тасаддуқинг” (1993), Бобурнинг “Девон” (1994), Огаҳийнинг “Ишқ аҳлининг тумори” (1999), Мирза Шоҳийнинг “Девон” (2001) каби асарлари кириш сўз, шарҳ ва луғатлар билан эълон қилинди. Бу сирадаги барча асарларнинг, айниқса, Султон Масъуд Мирза Шоҳий “Девон”ининг илк бор нашр этилиши нафақат матншунослик тараққиётига, балки мумтоз адабиётимиз уфқларини янги номлар билан бойитишга ҳам муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Олим илмий фаолиятининг асосий қисмини тадқиқотчилик ишлари ташкил этади. У ўзбек мумтоз адабиёти тарихини ўрганишга киришган вақтда Алишер Навоийдан ташқари, асосан Муқимий ва Фурқат ижодлари бўйича муайян ишлар амалга оширилган, чунончи, шоир ва олим Холид Расулнинг Фурқат ижодига бағишланган рисоласи эълон қилинган эди. Давр шу ва бошқа мумтоз шоирлар ижодининг ижтимоий аҳамиятига доир тадқиқотлар яратишни талаб этар эди. Мафкуравий мезонлар устуворлик қилган тарихий шароитда А.Абдуғафуров дастлаб Фурқат, кейинчалик Навоий ижодларида ижтимоий масалаларнинг талқин этилишини ўрганди. “Навоий ижодида сатира” мавзуидаги докторлик диссертацияси ҳамда шу диссертацияга асос бўлган “Навоий сатираси” (1966) ва “Навоий ижодида сатира” (1977) монографияларининг пафоси асосан буюк шоир асарларида золим подшолар, адолатсиз амалдорлар, риёкор руҳонийларнинг фош этилишига қаратилди. Аммо 60 — 70-йиллардаги муайян муҳит таъсирида олимнинг илмий изланишлари доираси кескин ўзгарди. У шу даврдан бошлаб Навоий ҳаёти ва ижодининг номаълум саҳифаларини ўрганиш билан бирга Фурқат ва Машрабнинг ижодий фаолиятига янги нуқтаи назардан ёндашиб, қатор китоб ва мақолалар эълон қилди. Бобур, Огаҳий, Амирий, Нодира, Увайсий, Комил, Муқимий ижодининг ўрганилмай келган қирраларига эътиборни қаратди. Унинг “Зокиржон Фурқат” (1959, 1977), “Эрк ва эзгулик куйчилари”, “Машраб шеърияти” (1979), ”Буюк бешлик сабоқлари” (1995), “Қалб қаъридаги қадриятлар» (1998), “Муҳаммад Ризо Огаҳий” (1999) сингари китоб ва ўнлаб мақолалари ўзбек мумтоз адабиёти тарихини ўрганишга катта ҳисса бўлиб қўшилди.
Сир эмас, ҳозир илм-фан муҳитига кириб келаётган айрим ёшлар ўзларига қадар яратилган илмий ишлар асосида диссертация ва китобларни тезкорлик билан ёзиб ташламоқдалар. Агар илм-фанга кириб келаётган авлод шу йўлдан боришда давом этса, адабиётшунослик ҳам, бошқа фанлар ҳам тараққиётдан тўхташи ҳеч гап эмас. А. Абдуғафуров қайси шоир билан қизиққан бўлса, унинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида янги гапни айтишга интилди. Шу мақсадда унинг адабий меросини ва у ҳақдаги манбаларни қунт билан ўрганди. Ҳатто адабиётшуносликда барқарорлашган қатор адабий факт ва ҳодисаларга танқидий назар ташлаб, шу факт ва ҳодисалар талқинига аниқлик киритишга эришди.
Улуғ шоиримиз Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаро тахтни эгаллаганидан сўнг, 1469 йилда Ҳиротга қайтган. Унинг Ҳиротга қайтиши кимнинг ташаббуси билан рўй бергани ҳақида навоийшуносликда ягона фикр бўлмаган. Агар айрим манбаларда Навоийнинг Ҳусайн Бойқаро томонидан чақириб олинганлиги қайд этилган бўлса, бошқа манбалардан Ҳиротга қайтиш ташаббуси унинг ўзидан чиққанлиги англашилиб туради. Эҳтимол Навоий мавзуидан узоқ кишилар учун мазкур ташаббуснинг кимдан чиққанлиги масаласи мутлақо аҳамиятсиздир. Аммо мазкур фактга аниқлик киритиш шоир билан подшо муносабатларига доир нозик масала бўлганлиги сабабли А.Абдуғафуров унинг ечимини “Вақфия”нинг муқаддима қисмидан топган. Навоийнинг ёзишича, Хуросон тахтига эндигина ўтирган Ҳусайн Бойқародан ўзининг номига келган ёрлиқ-мактубда унинг Ҳиротга — саройга келиши таклиф этилган эди. “Навоийнинг ёзишича, — деб уқтиради олим, — у то Ҳусайн Бойқаро тахтни қўлга киритгунига қадар ўлканинг сиёсий-ижтимоий ҳаётига аралашиш, бирор мансабда хизмат этиш ниятида бўлмаган, бундай ишларга ўзида мойиллик қўрмаган”.
А.Абдуғафуров мазкур кичик бир масалага ойдинлик киритиш орқали Навоий ҳаёти ва ижтимоий фаолиятида рўй берган катта ўзгаришларнинг султон Ҳусайн Бойқаро билан узвий боғлиқ эканлигини яна бир бор тасдиқлади.
Маълумки, Навоийнинг лирик мероси тўрт девондан иборат “Хазойин ул-маоний” асаридан ўрин эгаллаган. Аммо бу факт улуғ шоирнинг барча лирик шеърлари шу куллиётда жамулжам бўлганини англатмайди. Профессор Ҳамид Сулаймон улуғ шоирнинг мазкур куллиётга кирмай қолган 24 ғазал, 8 қитъа, икки рубоий ва фардларини топиб, “Фавойид ул-кибар” девонининг 1960 йилги нашрига илова тарзида эълон қилган. А.Абдуғафуров изланишларни давом эттириб, шу пайтгача Ҳусайн Бойқарога нисбат бериб келинган етти бандли тахмиснинг Навоий қаламига мансуб эканлигини аниқлади. Бундан ташқари, Навоийнинг турли асарларида бир-икки байти келтирилган, шунингдек, шоир шеърларига боғланган мухаммаслар асосида унинг топилмаган ғазаллари миқдорини белгилаб берди. Навоийнинг дастлабки “расмий девони” — “Бадое ул-бидоя”нинг тузилиш санасига равшанлик киритиб, унга 1478 — 1479 йилларда тартиб берилганини илмий жиҳатдан асослади. Шунингдек, “Хазойин ул-маоний”даги қатор жумбоқларни ечишга муваффақ бўлди.
Олимнинг Ҳусайний, Бобур, Машраб, Огаҳий, Муқимий сингари мумтоз адабиёт намояндаларининг ҳаёти ва ижоди юзасидан олиб борган тадқиқотлари ҳам алоҳида эътиборга молик. Аммо унинг ўзбек адабиётшунослиги олдидаги энг катта хизмати аввало Фурқат ҳаёти ва ижодига бағишланган тадқиқотлар билан белгиланади. У мураккаб ижтимоий-тарихий шароитда яшаган забардаст шоир ҳаёти ва ижоди билан бутун умри давомида шуғулланиб, фурқатшуносликни миллий адабиётшуносликнинг етакчи тармоқларидан бири даражасига кўтарди.
Фурқат ижоди, номи юқорида тилга олинган Холид Расулдан ташқари, М.Шайхзода, В.Зоҳидов, Ғ.Каримов, М.Юнусов, С.Мирвалиев, Ҳ.Воҳидов сингари олимларнинг ҳам диққат-эътиборини ўзига жалб этган. Айтиш мумкинки, А.Абдуғафуров шу олимлар билан бир вақтда жаҳонгашта шоирнинг она ватани ҳамда хориждаги ҳаёти ва ижодий фаолиятини мукаммал ўрганишга ҳаракат қилди. Унинг шу йўналишда олиб борган тадқиқотлари “Зокиржон Фурқат” (1977) монографияси ҳамда “Зокиржон Фурқат ҳақида янги маълумотлар” (“Қалб қаъридаги қадриятлар” тўпламида, 1998) мақоласида ўз тажассумини топди. Олимнинг илмий изланишлари сўнгги йилларда Ш.Юсупов ва Н.Жабборовнинг Фурқат даври, ҳаёти ва ижоди бўйича эълон қилган китоб ва мақолалари билан бирга бу улкан шоир номи билан боғлиқ қатор жумбоқларнинг ҳал этилишига катта имконият яратди.
Олим илмий фаолиятининг учинчи қисми Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти томонидан нашр этилган ўзбек тилидаги 5 жилдлик ва рус тилидаги 2 жилдлик “Ўзбек адабиёти тарихи”нинг яратилиши ва шу институтда мумтоз адабиёт бўйича докторлик ва номзодлик диссертациялари ҳимоясидаги фаол иштирокидир.
Агар умр бевафолик қилмаганида, Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори, филология фанлари доктори, профессор А.Абдуғафуров шу йил муборак 75 ёшга тўлган ва касбдош биродарларининг қутлов сўзларини қабул қилган бўларди. Афсуски, у 2005 йили, айни илми ва ижоди кучга тўлган бир вақтда ёруғ дунё билан хайрлашди. Аммо адабиётшунослигимиз равнақига қўшган катта ҳиссаси боис олимнинг муборак номи ҳамиша эъзоз билан тилга олинади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 1-сонидан олинди.