Устоз олимнинг маданиятимиз ва фанимиз тараққиётига қўшган катта улуши, биринчи навбатда, унинг ўзбек таржимашунослиги мактабини асослаб, бу илм соҳасини ҳам назарий жиҳатдан пухта ишлаб чиққани, ҳам уни таҳсил-таълим жараёнига амалий татбиқ этганидир. Профессор Ғайбулла Саломовнинг бу борадаги дастлабки тадқиқотлари ҳали Самарқанд университетида таҳсил олаётган йиллари бошланган эди. Унинг “Мақол, матал ва идиомлар таржимаси”, “Бадиий таржиманинг лексик-фразеологик масалалари”, “Рус тилидан ўзбек тилига мақол-маталлар таржимаси” рисолалари чоп этилди, сал ўтмай “Тил ва таржима”(1964) номли салмоқдор монографияси “Фан” нашриётида босилиб чиқди. Шу йиллари у луғатчилик ва қомусчилик масалаларига доир етук илмий ишлар ёзди. Кейин кетма-кет “Таржимон маҳорати”, “Дўстлик кўприклари”(ҳаммуаллифликда), “Бадиий таржима ва адабий таҳрир проблемалари”, “Таржима ташвишлари”, “Адабий анъана ва бадиий таржима проблемалари”, “Таржима назариясига кириш”, “Таржима назарияси асослари” номли монография ва дарсликлари чоп этилди. Унинг бевосита раҳбарлиги остида “Таржима маҳорати” тўпламининг олти китоби босилиб чиқди. Бу ишларда бадиий таржима назарияси, қиёсий адабиётшунослик ва таржима, тил, адабиёт ва таржима, таржимон маҳорати ва таржима санъати, миллий колорит ва таржима аниқлиги, давр руҳи, услуб ва таржима борасида изчил ва тоза назарий фикрлар баён этилган, бир неча тилда яратилган адабиётлар, таржималарни қиёслаб ўрганиш асносида долзарб илмий муаммолар ечилган.
Шуни қайд этиш ўринлики, ХХ аср ўрталарида собиқ иттифоқ ҳудудида таржимага эътибор катта бўлган эди. Шу билан боғлиқ таржимашунослик ва таржима танқиди ҳам ривожланди. Ўзбек адиблари рус ва жаҳон адабиётининг кўплаб нодир асарларини таржима қилдилар. Бу катта маънавий-маданий бойлик эди.
Ўша йиллари мамлакат олимлари орасида таржимашунослик илмига турли қарашлар шаклланди: бир гуруҳ олимлар таржимани фақат лисоний (тил) ҳодисаси деб ўрганар, бошқалари буни инкор этиб, бадиий таржимани адабий-эстетик ҳодиса сифатида тадқиқ қилардилар. Таржима услуби, таржимон маҳорати масалалари ҳам баҳсли эди.
Профессор Ғайбулла Саломов биринчилардан бўлиб бу икки йўналишни қўшди, яъни таржима ҳам лисоний, ҳам бадиий ҳодиса эканини илмий исботлади. Таржима жараёни асосини услуб ташкил этади. Услуб эса кенг маъноли, унда ҳам тил ҳодисалари ва ҳам ижодкорлик, санъат ифода топади, таржима — ижод, ижод бўлганда ҳам тил ижодкорлиги, туйғу ва тафаккур ижодкорлиги, бу жараёнда миллий анъаналар, тарихийлик, китобхон идроки ўз таъсирини ўтказади деб чиқди олим. Натижада таржимашунослик кенг майдонда олиб қараладиган соҳага айланди, унда миллий адабиётлар, удум-одатлар, тарихий-маданий тараққиёт ҳисобга олинадиган бўлди. Шундай қилиб, таржимашунослик — икки тилдаги матнни чоғиштириш ёки бир тилдаги маънонинг иккинчи тилда акс этишини аниқлашгина эмас, балки ўзбек тилининг салоҳияти, бойлигини кўрсатиш, жаҳон адабиётини миллий заминда қайта яратиш экани тан олиниб, таржимашунослик шу жараённи умумфилологик аспектда тадқиқ қиладиган фан эканлиги аниқланди. Таржима ватан адабиётини бойитиш, ўзаро маънавий қадриятлар, фикр-ғоялар алмашиш воситаси, таржимон эса чинакам ижодкор адиб деб қараладиган бўлди.
Профессор Ғ.Саломов илмий мактабидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:
1. Таржима ва халқаро адабий алоқа, қиёсий адабиётшунослик бирга ўрганилиши лозим.
2. Бунда қиёсий тилшунослик ютуқларига суяниш, тил ва адабиёт ҳодисалари биргаликда олиб қаралиши шарт.
3. Таржимашуносликда услублар чоғиштирилади, муаллиф услуби ва таржимон услуби тўқнаш келади, ёзувчи услуби таржимон услуби орқали реаллашади.
4. Таржима — кенг маънодаги ижодкорлик, аммо у асарни ўзгартирадиган ижодкорлик эмас. Бу “ўзгалар орқали ўзини ва ўзи орқали ўзгаларни намоён этиш” санъатидир.
5. Бадиий таржимада ички шарҳ — интерпретация бўлиб туради, бироқ бунда меъёрни сақлаш лозим.
6. Таржимашунослик — умумфилологик илм, уни бир соҳа билан чегаралаб қўйиш ноўрин.
Ғ.Саломовнинг кўпйиллик меҳнати туфайли қирғин-қатағон қилинган А.Қодирий, С.Сиддиқ, Чўлпон, М.Исмоилий, Миртемир, Шайхзода, Ғ.Ғуломнинг таржима мероси ўрганилди ва бу адибларнинг тарихий хизмати муносиб тақдирланди.
Ғайбулла Саломов 1970 йилдан умрининг охиригача ТошДУда (ҳозирги ЎзМУ) ташкил этилган таржима назарияси ва амалиёти кафедрасида мудирлик қилди. Кафедра олдин журналистика факултетида иш бошлаган бўлса, кейин филология, рус филологияси факултетларида, сўнгра хорижий филология факултетида фаолият олиб борди. Кафедра ҳозир ҳам шу факултетда фаолият кўрсатмоқда.
Бу собиқ иттифоқда шу номдаги ягона кафедра эди, шу боис кафедра атрофида ҳар хил гап-сўзлар кўпайди, ҳатто уни ёпиш ҳаракатида юрганлар ҳам чиқиб қолди. Аммо Ғ.Саломовнинг тинимсиз ишлаши, дастурлар, ўқув қўлланмалари ва дарсликлар яратилиши, бундан ташқари, университет раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши кафедранинг сақлаб қолинишига сабаб бўлди.
“Таржима тарихи”, “Таржима услубияти”, “Таржима назарияси асослари” деган курсларни ишлаб чиқиб, дастурлар тузди ва иккита дарслик ёзиб нашр эттирди. Бу дарсликлардан ҳозир ҳам республика олий ўқув юртларида фойдаланиб келинмоқда.
Ғ.Саломов — ҳақиқий устоз эди. Унинг дарслари талабаларни оҳанрабодай ўзига тортар, ўзи шавқу завққа тўлиб-тошиб дарс берарди. Табиатан ижодкор бўлган, она тилининг бутун гўзаллигини ҳис қилган домла сўзнинг турфа маъноларини, ифодавий имкониятларини очиб кўрсатар, ёшларнинг ўз адабиёти, она тилига муҳаббатини оширарди.
Ҳозирги пайтда тарғиб этилаётган “интерактив” усул дейиладиган таълим тури профессор Саломов кафедрасида ўша пайтлариёқ жорий қилинган эди. Чунки дарслар фақат жонли суҳбатлар, ижодий баҳс руҳида ўтарди.
Профессор Ғ.Саломов республикада энг кўп фан номзоди тарбиялаган заҳматкаш олимлардан. Биргина “Бобурнома” таржималари бўйича 6 киши номзодлик ва битта докторлик диссертацияси ёзиб, ёқлади. Умуман, домланинг илмий раҳбарлиги остида 57 киши фан номзоди, 5 киши фан доктори бўлди. Улар орасида мамлакатимизнинг кўзга кўринган фан ва маданият ходимлари, жамоат арбоблари бор.
Ғайбулла ас-Салом мунаққид, публицист ва шоир ҳам эди. Юртимизда содир бўлаётган воқеалар, адабий ҳаётда кечаётган жараёнлар, маънавият масалалари уни бефарқ қолдирмасди. У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бадиий таржима кенгашининг раҳбари бўлиб иш олиб борди, кўплаб бадиий таржималар муҳокамаси орқали ёш ижодкорларнинг ўсишига ёрдам берди. Мақолаларида эса аксар ўзбек тили, сўз қудрати, миллий маънавият муаммолари қаламга олинган. Шу асосда домланинг “Эй, умри азиз”, “Армон”, “Ваҳийдан келар бир садо”, “Толибнома”, “Эзгуликка чоғлан, одамзод”, “Ҳалоллик бозорда сотилмайди” каби миллат дарди билан ёзилган китоблари чоп этилди. Бу китобларда Ўзбекистонда илм-фан, маданиятни ривожлантиришда улкан ҳисса қўшган устозлар, маънавияти юксак оддий одамлар хислатлари, домланинг ўз бошидан ўтказган ибратомуз воқеалар ҳикоя қилинади.
Профессор Ғ.Саломов фақат ўзбек таржимашунослик фанини асослаган йирик олим сифатида эмас, балки жаҳон таниган ва тан олган тадқиқотчи сифатида машҳур эди. Уни Москвада, Санкт-Петербургда, Киевда, Душанба, Олмаота, Боку ва Ереванда танирдилар. Бу шаҳарларда кўп дўстлари, ҳамкасблари бор эди. Бу шаҳарларда кетма-кет ўтказиладиган илмий анжуманларда иштирок этарди, маъруза қиларди. Мақолалари бир қанча хорижий тўплам ва журналларда босилган. У собиқ СССР Ёзувчилар уюшмаси бадиий таржима секцияси аъзоси эди. Тилак Жўра, Н.Комилов, К.Жўраев каби шогирдларини ҳам олиб борарди, шу анжуманларда “пишсин”, дер эди домла. Бундан ташқари, домла Ғ.Саломовнинг илмий ишлари Словакия, Франция, Булғория, Туркия, Югославияда маълум эди. У ўтган асрнинг саксонинчи йиллари Чехословакия, Булғория, Югославия, Украинага бориб илмий маърузалар қилди. Словакиялик олим — қиёсий адабиётшунослик фани бўйича йирик мутахассис Диониз Дюришин Ғ.Саломов таклифига асосан 80-йилларининг ўрталарида Тошкентга келиб маърузалар ўқиди.
ЎзМУ таржима назарияси кафедрасида қиёсий адабиётшунослик ва таржима бўйича бир қанча мавзулар белгиланган эди. Чунончи, “Қуръон ва жаҳон адабиёти”, “Бобурнома”нинг дунё тилларига таржимасини қиёсий ўрганиш” шундай мавзулардан эди. Профессор Л.Бархударов, профессорлар — С.Иванов, М.Левин(Санкт-Петербург), профессор М.И.Османов(Москва), профессор Ғ.Алиев, Т.Тоирбеков(Боку) Ғайбулла Саломовнинг доимий алоқада бўлган ҳамкасблари, дўстлари эди. Ғ.Саломов рус, тожик, озарбойжон тилларида ёза олар, шу тилларда мақолалари чоп этилган эди.
У кўзга кўринган йирик олим, илм-фан ривожига камарбаста, ёшларнинг меҳрибон ва талабчан устози, фидойи инсон эди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 41-сонидан олинди.